ЎЛАКСАНИ ЕЙИШДАН ҲАМ ШИДДАТЛИ ГУНОҲ

42150Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Асламий деган бир саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига келиб ҳаромга юриб зино қилиб қўйганини тан олди. Расулуллоҳ унга эътибор қилмадилар. У яна жанобимизнинг олдига келиб қилмишига иқрор бўлди. Бу ҳолат бир неча марта такрорланди. Охир оқибат Расулуллоҳ унга: “хўп, нима истайсан ўзи?”—дедилар. У: мени поклаб қўйишингизни истайман, деди. Расулуллоҳ уни тошбўрон қилишларини амр қилди ва ҳукм ижро этилди.

Худди ўша жараёнда икки киши ўзаро қуйидагича суҳбат қурар эди:

“Бу одамнинг эси борми ўзи. Аллоҳ таоло уни айбини яшириб қўйган бўлса-ю, у шукр қилмасдан ўзини ошкор қилиб ўтирибди. Мана оқибати ит каби ўлиб кетди…”.

Бу суҳбат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қулоғига чалиниб қолган эди. Аммо уларга ўша ҳолда индамаган эдилар. Бироз ўтиб Расулуллоҳ жаноблари оёқлари осмондан бўлиб ётган эшак ўлаксаси олдидан ўтиб қолдилар ва: “фалончи билан пистончи қани?”—деб сўрадилар. Ҳалиги икковлари лаббай ё Расулаллоҳ, шу ердамиз, деб кўриниш беришди. Шунда уларга: “Мана шу эшакни гўштидан енглар” деб буюрдилар. Улар: Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизни кечирсин, эшак ўлаксасини еганимиз нимаси?!—дейишди. Шунда Расулуллоҳ: “Боя ҳалиги кишини обрўсини тўкиб гапирганда орттириб олган гуноҳларинг, мана шу ўлаксани еб топадиган гуноҳдан кўра шиддатлироқдир! Жонимнинг эгаси бўлган Зотга қасам, у хозир жаннат анҳорлари бўйидадир”—дедилар. (Ал-Иълам биҳурмати аҳлил-илм вал-ислам).

Хулоса шуки, мўмин мусулмонлар ўзаро ака-укадирлар. Бир-бирларининг молига, жонига, обрўсига дахл қилишлари ҳаром бўлади. Мўминнинг моли ҳам, жони ҳам, обрўси ҳам Аллоҳнинг ҳимояси остидадир. Аммо минг таассуфки бу ҳақларнинг айримларини жуда кўпчилигимиз тан олмай қўйдик. Бировнинг молини алдов, фириб йўллари билан ейиш, ортидан иғво-бўҳтон қилиб обрўсини тўкиш каби шариатда қаттиқ ман этилган ишлар табиий одатлар тусига кириб кетди. Ва ҳолбуки бу ишлар ҳаром ўлиб сасиб кетган ўлакса гўштини ейишдан ҳам жирканчроқ гуноҳ экан.

Ойбек РАҲИМОВ

Андижон тумани “Қорабош ота” жоме масжид имом хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *