НАФРАТ АЛДАБ ҚЎЙМАСИН

695-1Ҳамма нарсада шаръий меъёр белгилаб берган Раббимиз таоло Қуръони каримда Расулуллоҳ жаноблари орқали шундай таълим беради:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُونُواْ قَوَّامِينَ لِلّهِ شُهَدَاء بِالْقِسْطِ وَلاَ يَجْرِمَنَّكُمْ شَنَآنُ قَوْمٍ عَلَى أَلاَّ تَعْدِلُواْ اعْدِلُواْ هُوَ أَقْرَبُ لِلتَّقْوَى وَاتَّقُواْ اللّهَ إِنَّ اللّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан харабдор зотдир. (Моида сураси/8).

Аслида бу ерда кофир-мушрикларга нисбатан нафратда ҳаддан ошиб, зулм йўлига ўтиб кетганларга танбеҳ берилмоқда. Аллоҳни инкор этган кофирларгаки адоват ва нафратда ҳадни билишга чақирган Аллоҳ бугунги кунда ҳасад балоси туфайли ҳавойи нафсларига берилиб мусулмонларга, айниқса аҳли илмларга буғзу адоватда чегарадан чиқиб кетган мутаассиб фитначиларни қандай оғир жавобгарликка тортар экан-а…

Улар ўзларича “биз дин ҳомийларимиз, дин ғамида бир инсонни бадном қилса бўлаверади, биз одамларни огоҳлантиряпмиз аслида” деган ҳомҳаёллар билан ўзларини овутишлари мумкин. Аммо, бу нафсоний баҳоналарга таяниб амалга ошираётган адолатсизликлари, мусулмонлар обрўсига золимона дахл қилишликлари, туҳмат ва бўҳтонларини қиёматда – Аллоҳнинг хузурида нима билан изоҳлаб беришар экан?!

Аслида чин мўминман деган одам марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари айтганидек, ўзи учун ёки оиласи, қавми-қариндоши, миллати ёки бошқа эътиборлар учун эмас, фақат Аллоҳ учун ҳақда туриш керак. Бу осон иш эмас. Шунингдек, кези келганда ўзига қарши, ҳатто ота-онаси, бола-чақасига қарши адолатли гувоҳ бўлишга ҳам тўғри келади. Бундай мўъжизасифат ишлар фақат иймоннинг таъмини тотган, Исломнинг ҳақиқатини англаган кишилардангина содир бўлади.

Шундай экан, азизлар ҳамиша ҳаддимизни билайлик! Ёмон кўрган шахсиятларимизга нисбатан адолатсизлик қилмайлик! Зеро Аллоҳ золим қавмни ёқтирмас!!!

Абдуллаев ЎКТАМЖОН

Андижон шаҳар “Мирпўстин ота” жоме масжид ноиб имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *