ИСЛОМ ШИОРЛАРИНИ МАСХАРА ҚИЛИШ ҲУКМИ

image.phpАллоҳнинг дини, шариат аҳкомларини билдириб турувчи ҳар бир амал, хоҳ у фарз бўлсин, вожиб, суннат ё мустаҳаб бўлсин уларнинг ҳаммасига “Ислом шиори” дейилади. Масалан: намоз, рўза, закот, ҳаж, никоҳ, қурбонлик каби Исломда жорий ҳукмларнинг ҳаммаси шаръий истилоҳда “Ислом шиори” деб юритилади.

Ислом шиорларини амалда бажариш бир ибодат бўлса, уни алоҳида қадрлаш, улуғлигини тан олиш алоҳида ибодат саналади. Ўзини мусулмон ҳисоблаган ҳар бир шахс ислом шиорларини ҳурмат қилиши вожиб бўлади. Мусулмонлар модомики ўзини ислом доирасига мансуб ҳисоблар экан тилларини ислом шиорларини масхара қилиш, устидан кулиш, аския қилиш? кўзга илмаслик каби шаръан жирканч ишлардан тилларини тийишлари вожиб бўлади.

Ислом умматининг салафию халафидан иборат жамики уламолар Аллоҳни, Расулини, Китобини, шариъат аҳкомларини, Ислом шиораларини устидан масхаралаб кулган, истиҳзо қилган, аския қилган масхарабозларнинг ийонидан қуруқ қолиб кофир бўлишлари ҳақида бировоздан ижмоан фатво берган. Бу ҳақда фатво тўпламларида батафсил ўқиш мумкин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:

وَلَئِن سَأَلْتَهُمْ لَيَقُولُنَّ إِنَّمَا كُنَّا نَخُوضُ وَنَلْعَبُ قُلْ أَبِاللّهِ وَآيَاتِهِ وَرَسُولِهِ كُنتُمْ تَسْتَهْزِئُونَ

Агар улардан сўрасангиз, албатта: «Биз фақат ўзимизча гап қилиб ўйнаётган эдик, холос», дерлар. Сиз:«Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» деб айтинг.

لاَ تَعْتَذِرُواْ قَدْ كَفَرْتُم بَعْدَ إِيمَانِكُمْ

Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз. (Тавба /65-66).

Шу ояти каримада Аллоҳни, Расулини ва Аллоҳнинг оятларини устидан кулиб масхара қилганларнинг иймонидан ажрашига сароҳатан далил бор.

Иймондан кейинги куфр энг катта мусибатдир. Боласидан айрилган онанинг мусибати ҳам, ота-онасидан айрилган мурғак боланинг мусибати ҳам иймондан кейинги куфрчалик оғир мусибат бўла олмайди. Имом Муҳаммад Ходимий раҳматуллоҳи алайҳ “Бариқа”да шундай деган: куфр (Аллоҳ ҳар биримизни сақласин) инсоннинг олдин қилиб ўтган жамики савобларини ўчириб ташлайди. Никоҳни бузади. Ҳаж қилган бўлса, ҳажи ҳам бекор бўлади. Мабодо тавба қилиб қайта мусулмон бўлса бошқа ҳаж қилиши фарз бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳидоятда, иймонда собитқадам қилсин!

Ойбек РАҲИМОВ

Андижон тумани “Қорабош ота” жоме масжид имом хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *