МУТАШОБИҲ ИСМ ВА СИФАТЛАРДА ТАФВИЗ ВА ТАЪВИЛ

Lotin alifbosida

ТАФВИЗ ВА ТАЪВИЛТАҚДИМ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо жаноби олийларига дуруду саловатлар бўлсин!

Қуръони каримда маънолари очиқ-ойдин бўлиб, зоҳиридан ўзга маънога буриб бўлмайдиган, эҳтимолий маънолардан йироқ оятларни муҳкам оятлар дейилади. Лафзи бошқаларга ўхшашу аммо асл маъноси унга мухолиф бўлган, зоҳирий маъноси Аллоҳнинг зотига номуносиб ўхшашликларни келтириб чиқарувчи, асл кўзда тутилган мазмунни англаб идрок қилиш қийин бўлган оятларни эса муташобиҳ оятлар деб айтилади. Муташобиҳ оятларга изоҳ бериш масаласида аҳли сунна жамоасининг икки хил қараши мавжуд. Тафвиз ва таъвил.

Охирги вақтларда муташобиҳотга тафвиз йўлидан бориб изоҳ берганларни ҳам, таъвил йўлидан бориб изоҳ берганларни ҳам кескин танқид остига олувчи тоифалар фаоллашиб кетди. Уларнинг наздида аҳли тафвизлар жаҳмий, аҳли таъвиллар эса таҳрифчи эмиш. Аллоҳ уларга инсоф берсин!

Мақолада аҳли сунна жамоаси уламолари тафвизни ҳам, таъвилни ҳам ўзларидан ихтиро қилмагани, балки салафи-солиҳлардан мерос олиб умматга қолдирганларини ишончли мисоллар билан исботлашга ҳаракат қилинди.

ТАФВИЗ

Бир гуруҳ аҳли сунна олимлари, асосан салафи-солиҳлар жумҳури муташобиҳот изоҳида тафвиз йўлидан бориб, Аллоҳ таолога айни сифатнинг аслини исбот қиладилар, унинг васфи яъни, кайфияти хусусида эса аниқ бир маъно айтмасдан, Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилиб тафвиз қиладилар. Масалан Аллоҳнинг Яд сифати бор ва у махлуқотнинг қўлига асло ўхшамайди. Унинг кайфияти эса бизнинг тасаввуримизга сиғиш даражасидан олийдир. Унинг қандайлигини Аллоҳнинг Ўзи билади—деган мазмунда изоҳлайдилар.

Мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам муташобиҳот масаласида шу фикрда бўлганлар. Ул зот “ал-Фиқҳ ул-акбар”да шундай деган:

فما ذكره الله من ذكر الوجه و اليد و النفس فهو له صفات بلا كيف و لا يقال إن يده قدرته او نعمته لان فيه إبطال الصفة و هو قول اهل القدر و الإعتزال

Қуръони каримда Аллоҳ таоло зикр қилган “Яд”, “Важҳ” ва “Нафс” кабилар Аллоҳнинг кайфиятсиз сифатларидир. Аллоҳнинг “Яд”и унинг қудрати ё неъмати, дейилмайди. Чунки бунда мавжуд сифатларни йўққа чиқариш бўлиб, у қадария ва мўътазилаларнинг фикридир. (Имом Аъзам Абу Ҳанифа. Ал-Фиқҳ ул-акбар).

Имом Абу Ҳанифа ҳазратларининг ақидавий таълимотини Ислом оламига ёйишда етакчилик қилган Ватандошимиз Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ҳазратлари ҳам муташобиҳот масаласида Имом Аъзам каби тафвиз йўлига мойиллик билдирганлар. (Қаранг: Имом Мотуридий. Тавҳид. 138 – Б. Мактабат ул-иршод. Истанбул).

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ ҳам муташобиҳотда тафвизни ихтиёр этганлар. У киши ўзининг эътиқод мавзуида битган “ал-Фиқҳ ул-акбар фит-тавҳид”  номли рисоласида илмда росих бўлмаганларнинг муташобиҳот маъносига чуқур киришишлари шубҳа ва ташбиҳга олиб боришини айтиб, Имом Моликнинг зажрини важ қилиб кўрсатганлар. Имом Молик муташобиҳ насслар маълум ва собит аммо унинг кайфияти бизга номаълум, буни суриштирмоқ эса бидъат—деган мазмунда муташобиҳотга чуқур киришдан қайтарганлари машҳур. (Қаранг: Имом Муҳаммад Ибн Идрис аш-Шофеъий. “ал-Фиқҳ ул-акбар фит-тавҳид”. 11-Б).

Салафи солиҳлар танлаган тафвизнинг қисқа ва лўнда маъноси қуйидагича: Аллоҳ таолонинг “Яд”, “Важҳ”, “Нафс” каби муташобиҳ сифатлари аслида бор! Аммо унинг васфи биз бандаларга номаълум. Яъни, бу сифатларнинг асли маълум кайфияти эса муташобиҳдир.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа ишора қилган мўътазилалар муташобиҳ исм ва сифатларни аслини ҳам васфини ҳам буткул рад этишган. Уларнинг фикрича бу сифатларни Аллоҳга қадим деб исбот этиш қадим ва азалий нарсаларни кўпайтириб юборади. Қадим эмас ҳодис дейишлик эса Аллоҳнинг зоти ҳодис нарсаларга маҳал бўлиши мумкинлигини келтириб чиқаради, шундай экан, васфи номаълум сифатларнинг ўзи ҳам аслида йўқдир — деб, Аллоҳнинг бир қанча муташобиҳ сифатларини йўққа чиқаришган ва муъаттила бўлиб кетишган.

Ўша даврдаги мўътазилар билан мотуридийлар орасида ер-смонча фарқ бор. Буни хозирги салафийлар англаб олишсин!

ТАЪВИЛ

Аҳли суннанинг яна бир гуруҳ олимлари эса, қисман салафи солиҳлар ва кўпроқ халафлар зоҳирига эътиқод қилинганда Аллоҳ таолонинг Олий Шаънига номуносиб тушунчалар келиб чиқишини эътиборга олиб, муташобиҳ нассларни аслини ўз ҳолича исбот қилган ҳолда унинг кайфияти ва васфида зоҳиридан таъвил қилиб тушунтирганлар. Масалан Яд сифати луғатан “қўл” маъносини англатсада, бундан мурод махлуқотнинг қўлларига ўхшаган қўл эмас, балки Аллоҳнинг ўзига хос Яд сифатидир. Унинг кайфияти ва васфи эса  қувват, қудрат маъноларидадир. Аҳли сунна ақидавий йўналишида иккинчи йирик етакчи устоз — имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ шу йўналишни танлаганлар. (Қаранг: Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Фуврак. Мақолотуш-шайх Абулҳасан ал-Ашъарий. 45 — Б).

Тафвиздан кўра таъвилни танлашга мажбур қилган сабаб: муташобиҳ исм ва сифатларни тушунишда авом қатлам орасида ташбиҳ ва тажсим каби бузуқ ақида шаклланиб қолиш хавфи бўлган. (Қаранг: Шарҳу фиқҳ ил-акбар. Мулла Али ал-Қори. 34 — Б).

ТАНБЕҲ!

Энди, шу ўринда бир нуктага диққатингизни тортиш бугунги кун учун ўта долзарб деб ўйлаймиз.

Аҳли сунна аталмиш катта жамоанинг икки етакчи мутакаллими Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий ва уларнинг тобеларини жаҳмий таътилчи, таҳрифчи деб қоралаб юрган баъзи бир қибладошларимиз ҳам йўқ эмас. Улар эътиқодда ўзларини Имом Мотуридийга ҳам, Имом Ашъарийга ҳам мансуб ҳисоблашни ор санашади. Улар Салафийлардир! Ва улар бугунги кун виртуал оламида жуда фаоллашиб кетди!

Салафийлар шуни яхши билиб олсинларки, муташобиҳ нассларда тафвиз йўлини ихтиёр этган салафи солиҳлар ва Имом Мотуридий ҳазратлари бирорта ҳам муташобиҳ исм ва сифатни буткул номаълум деган эмас! Уларнинг наздида муташобиҳ исм ва сифатлар маълум ва Аллоҳнинг зотида қоимдир! Уларнинг кайфиятини, васфи қандай эканлигини тасвирлаш мавзусига чуқур кирилмайди ва кайфиятини Аллоҳнинг Ўзига ҳавола этилади. Худдики Аллоҳ Ўзи таълим берганидек:

وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلاَّ اللّهُ وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِّنْ عِندِ رَبِّنَا

…Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар…(Оли Имрон / 7).

Шунингдек, Имом Ашъарий ва у киши каби таъвил йўлини танлаган халафлар ҳам Аллоҳнинг муташобиҳ исм ва сифатларини аслини таъвил қилмаганлар. Балки асли муташобиҳ Аллоҳнинг Ўзига маълум ҳолида собит бўлиб, унинг васфи авомунносни ташбиҳ ақидасидан эҳтиётлаш учун таъвил қилинади — деганлар!

Салафийлар эса, Мотуридийларни таътилчи жаҳмийликда, Ашъарийларни эса таҳрифчиликда айблашмоқда! Инсоф қилинглар!!!

Аслида, тафвиз ва таъвил таълимоти салафи-солиҳлардан кейинги умматга узатилган соф ва энг тўғри таълимотдир. Сиз салафийлар ҳаёл қилгандек бидъат ва залолат эмас!

ТАФВИЗГА ТАМСИЛ

Сҳоба ва тобеинларнинг деярли ҳаммалари асл сифатни Аллоҳга исбот этган ҳолда васфини ҳам Аллоҳнинг Ўзига ҳавола этганлар. Юқорида келтириб ўтилганидек Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Фиқҳ ул-акбар”даги иборалари, шунингдек, имом Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳнинг:

الإستواء معلوم و الكيف غير معقول و السوال عنه بدعة

“Истиво маълум, унинг кайфияти эса бизга номаълум, уни суриштириб титкилаш эса бидъатдир!”—деган машҳур сўзларини салафи тафвизга мисол қилиб келтириш мумкин.

Ҳофиз Заҳабий ҳам “Сияр”да имом Моликнинг муташобиҳлар ҳақида:

امرها كما جاءت بلا تفسير

“тафсир қилмасдан, шундайича ўтиб кетаман”—деган сўзларини нақл қилган. (Қаранг: Имом Заҳабий. Сияри аълам ун-нубала. 8 – Ж. 105 — Б).

Шофеъий мазҳаби муассиси Имом Шофеъий ҳазратларининг ҳам “истиво” ҳақида:

يمر بها كما جاءت و لا يبحث عنها و لا يتكلم فيها

муташобиҳ насслардан шундайича қолдириб ўтиб кетилади, уларнинг маъноси борасида баҳс қилинмайди ва ортиқча сўз юритилмайди”— деб айтган сўзлари салафлар даврида муташобиҳотнинг аслида эмас аксинча унинг васфида тафвиз бўлганини исбот этади. (Қаранг: Имом Муҳаммад Ибн Идрис аш-Шофеъий. “ал-Фиқҳ ул-акбар фит-тавҳид”. 11-Б).

ТАЪВИЛГА ТАМСИЛ

Аслида муташобиҳотни таъвил қилишга Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам очиқ-ойдин кўрсатмаларни учратиш мумкин. Қолаверса бу икки услубга саҳоба ва тобеъинлар тарафдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин:

1-Мисол

Аллоҳ таоло “Тавба” сурасида мунофиқларнинг бир қанча сифатларини санаб, қаторда шундай дейди:

نَسُواْ اللّهَ فَنَسِيَهُمْ

Зоҳирий ташқи маъноси: “мунофиқлар Аллоҳни унутишди, бас, У ҳам уларни ҳам унутди”. (Тавба  сураси, 67-оят).

Шунингдек яна “Сажда” сурасида осийларнинг қиёмат кунги ачинарли  ҳолларини баён қилиб, уларга айтилажак маломат ҳақида шундай хабар қилади:

فَذُوقُوا بِمَا نَسِيتُمْ لِقَاء يَوْمِكُمْ هَذَا إِنَّا نَسِينَاكُمْ

Ташқи маъноси: Бас, тотиб кўринглар, ушбу кунингиздаги учрашувни унутганингиз туфайли Биз ҳам сизни унутдик…”. (Сажда / 14).

Энди эътибор қилинг! Шу оятларда Аллоҳ таоло Ўзига “унутувчилик” сифатини мансуб қилмоқда. Бунинг ташқи маъносига суяниб, таъвилдан қочиб: “Аллоҳ таолонинг бандаларникига ўхшамайдиган бўлса-да,  НИСЁН деган сифати бор, у ҳам унутувчидир. Ҳамма маълумотларни хотирасида сақлаб қола олмайди. Қиёмат кунида осий ва мунофиқлар Аллоҳнинг ёдидан чиқиб кетади”—деб айтиш мумкинми?! Асло! Мумкин эмас! Исломий мантиққа зид бу хатарли гапни айтган одам ҳеч тараддудсиз иймонидан ажрайди! Негаки Аллоҳ таолонинг Ўзи Ўз зотидан нисён сифатини нафий қилиб, қатъан шундай деган:

وَمَا كَانَ رَبُّكَ نَسِيّاً

“Раббингиз унутувчи бўлмаган!” (Марям / 64).

Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ “Марям” сурасида келган “وَمَا كَانَ رَبُّكَ نَسِيّاً” оятининг тафсирида  ушбу ҳадисни келтиради:

و أخرج البزار و ابن المنذر و ابن ابى حاتم و الطبراني و ابن مردويه و البيهقي في «سننه» و الحاكم و صححه عن ابي الدرداء، رفع الحديث قال: ما احل الله في كتابه فهو حلال، و ما حرم فهو حرام، و ما سكت عنه فهو عافية، فاقبلوا من الله عافيته! فإن الله لم يكن لينسى شيا! ثم تلا: وَمَا كَانَ رَبُّكَ نَسِيّاً

Баззор, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим, Тобароний, Ибн Мардувайҳ, Байҳақий (Сунанида), Ҳоким (саҳиҳ деган)лар Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят чиқаришган, у киши ҳадисни Расулуллоҳгача кўтарган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Аллоҳ китобида нимани ҳалол қилган бўлса, бас, у ҳалолдир! Ва нимани ҳаром қилган бўлса, бас, у ҳаромдир! Ва ҳукми ҳақида сукут қилган нарсалар эса, бас, офиятдир! Бас, Аллоҳдан Унинг офиятларини қабул қилинг! Бас, албатта, Аллоҳ ҳеч нарсани унутгувчи бўлмаган”.  Кейин тиловат қилдилар: “وَمَا كَانَ رَبُّكَ نَسِيّاً” (“Раббингиз унутувчи бўлмаган!”). (Қаранг: Имом Суютий. ад-Дурр ул-мансур фит-тафсир бил-маъсур. 10-Ж. 107-Б).

Ҳа, Аллоҳ таоло ҳеч бир маълумотни асло унутмайди! Аллоҳ азза ва жалла ноқислик белгиси бўлмиш унутувчиликдан Олий ва Покдир! Шундай экан, юқоридаги икки оятда Аллоҳ таолога нисбат қилинган унутиш сифатларини зоҳирича Аллоҳга нисбат қилмоқ “Марям” сурасида келган оятга очиқча зид бўлади! Демак, Тавба ва сажда сураларида келган муташобиҳ нассларни таъвил қилишдан ўзга чора йўқ!

Энди яна эътибор қилинг!

Юқоридаги “Тавба” сурасининг 67-оятида келган “нисён” сифати буюк тафсирчи саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу тарафдан шундай таъвил этилган:

أخرج إبن أبي حاتم و أبو الشيخ عن إبن عبباس في قوله « نَسُواْ اللّهَ فَنَسِيَهُمْ» قال: تركوا الله فتركهم من كرامته و ثوابه

Ибн Абу Ҳотим ва Абу Шайх икковлари Абдуллоҳ ибн Аббосдан Аллоҳ таолонинг “نَسُواْ اللّهَ فَنَسِيَهُمْ” деган қавлида “мунофиқлар Аллоҳни тарк этишди, Бас, У ҳам уларни каромат ва савобидан тарк этди”—деб ривоят чиқаришди. (Қаранг: Имом Суютий. ад-Дурр ул-мансур фит-тафсир бил-маъсур. Тавба. 67).

Шунингдек “Сажда” сурасида келган “إِنَّا نَسِينَاكُمْ” ояти ҳам “تركناهم” деб зоҳиридан буриб таъвил ила тушунтирилган. (Ўша манба. 11-Ж. 689-Б).

Энди, Абдуллоҳ ибн Аббосни эсланг! У киши салафларданми ё халафлар авлодиданми?!

Тавба сурасида келган Аллоҳнинг унутмоқлигини Расулуллоҳдан “Эй Аллоҳ, унга”

2-Мисол

Имом Муслим саҳиҳ тўпламида қуйидаги ривоятни келтиради:

حدثنا محمد ابن حاتم ابن ميمون حدثنا بهز حدثنا حماد ابن سلمة عن ثابت عن ابي رافع عن ابى هريرة قال: قال رسول الله صلى الله عليه و سلم:

إن الله عز وجل يقول يوم القيامة يا ابن آدم مرضت فلم تعدني. قال يا رب كيف أعودك وأنت رب العالمين. قال أما علمت أن عبدي فلانا مرض فلم تعده أما علمت أنك لو عدته لوجدتني عنده يا ابن آدم استطعمتك فلم تطعمني. قال يا رب وكيف أطعمك وأنت رب العالمين. قال أما علمت أنه استطعمك عبدي فلان فلم تطعمه أما علمت أنك لو أطعمته لوجدت ذلك عندي يا ابن آدم استسقيتك فلم تسقني. قال يا رب كيف أسقيك وأنت رب العالمين قال استسقاك عبدي فلان فلم تسقه أما إنك لو أسقيته لوجدت ذلك عندي

Бизга Муҳаммад ибн Ҳотим ибн Маймун ҳадси айтди. Бизга Баҳз ҳадис айтди. Бизга Ҳаммод ибн Салама Собитдан ҳадис айтди. У Абу Рофедан ривоят қилган. У Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, у айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳуалайҳи ва саллам айтганлар:

Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни айтади:

Эй Одам боласи, мен бемор бўлдим сен зиёрат қилмадинг.

Банда:

Эй Раббим, Сени қандай бориб кўраман, во ҳолбуки оламларнинг Раббиси бўлсанг?!—дейди.

Аллоҳ таоло:

Билмадингми?! фалончи бандам бемор бўлди. Сен уни бориб кўрмадинг. Биласанми, агар уни зиёрат қилганингда, унинг олдида мени топган бўлардинг… . Эй Одам боласи, сендан таом сўрадим, бас, менга таом бермадинг…—дейди.

Банда:

Эй Раббим, Сени қандай таомлантираман, во ҳолбуки оламларнинг Раббиси бўлсанг?!—дейди.

Аллоҳ таоло:

Билмадингми?! фалон бандам сендан таом сўради, бас, унга таом бермадинг. Биласанми, агар унга таом берганингда, уни менинг олдимда топган бўлардинг… . Эй Одам боласи, сендан сув сўрадим, бас, менга сув бермадинг…—дейди.

Банда:

Эй Раббим, Сенга қандай сув бераман, ва ҳолбуки Сен оламларнинг раббиси бўлсанг?!—дейди.

Аллоҳ таоло:

Сендан фалончи бандам сув сўради, бас, унга сув бермадинг. Агар унга сув берганингда уни мени олдимда топган бўлардинг…—дейди. (Саҳиҳи Муслим. 13- Ж. 256 – Б).

Бу ҳадиси шарифнинг зоҳирига кўра, Аллоҳ таолога беморлик, таомланиш, ташналик сифатларини исбот этиш мумкинми? Асло! Аллоҳ таолога нисбатан у ҳам бемор бўлади, таом ейди, сув ичади, лекин бизникига ўхшамайди—деб айтган одам ҳеч тараддудсиз иймонидан ажралади! Демак бу ерда ҳам таъвилга эҳтиёж бор.

Имом Муслим жомеига шарҳ битган Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳадисга тушунтириш бераркан шундай дейди:

قال العلماء انما اضاف المرض إليه سبحانه و تعالى و المراد العبد تشريفا للعبد و تقريبا له. قالوا و معنى وجدتنى عنده اى وجدت ثوابي و كرامتي و يدل عليه قوله تعالى في تمام الحديث لو أطعمته لوجدت ذلك عندي، لو أسقيته لوجدت ذلك عندي اى ثوابه و الله اعلم

Уламолар айтади: Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мараз (беморлик) сифатини Ўзига нисбат қилди ва ҳолбуки ундан банда кўзланганди, бунинг сабаби банданинг шарафини кўтариш ва мақомини яқинлаштиришдир.

Уламоларнинг сўзларига кўра, Аллоҳ таолонинг “وجدتنى عنده” (унинг олдида мени топардинг), деган сўзининг маъноси: “савобим ва икромимни топардинг”дир. Бу таъвилнинг тўғрилигига ҳадис сўнггида келган Аллоҳ таолонинг: “لو أطعمته لوجدت ذلك عندي، لو أسقيته لوجدت ذلك عندي” (Агар унга таом берганингда, уни менинг хузуримда топардинг, Агар унга сув берганингда уни менинг хузуримда топардинг.. яъни сув берганинг ва таом берганинг савобини мендан олардинг)—деган сўзлари далолат қилади. (Шарҳи саҳиҳи Муслим. Нававий. 16 – Ж. 231 – Б.).

3-Мисол

Аллоҳ таоло “Зарийот” сурасида айтади:

وَالسَّمَاء بَنَيْنَاهَا بِأَيْدٍ وَإِنَّا لَمُوسِعُونَ

Зоҳирий маъноси: Осмонни Ўз қўлимиз ила бино қилдик. Албатта, Биз кенг қилувчимиз. (Зарийот / 47).

Оятда келган “ايد” (айд) калимаси “يد” (яд) калимасининг кўплик шакли бўлиб, “кафт, қўл” аъзоларини англатади. Ушбу оятда худди ўз маъносида қўлланган:

أَلَهُمْ أَرْجُلٌ يَمْشُونَ بِهَا أَمْ لَهُمْ أَيْدٍ يَبْطِشُونَ بِهَا

“Ёки уларнинг оёқлари бормики, юрсалар; ёки қўллари бормики, ушласалар…” (Аъроф / 195).

Бу ояти каримда келган Яд сифатини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу “қувват” деб таъвил қилганлар.

Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ шундай келтиради:

أخرج ابن جرير و ابن المنذر و ابن ابي حاتم و البيهقي في «الاسما و الصفات» عن ابن عباس في قوله « وَالسَّمَاء بَنَيْنَاهَا بِأَيْدٍ وَإِنَّا لَمُوسِعُونَ » قال: بقوة

Ибн Жарир, Ибн Мунзир, Абн Абу Ҳотим ва “ал-Асмо вас-сифаат”асарида Байҳақийлар улуғ саҳоба Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Аллоҳ таолонинг “وَالسَّمَاء بَنَيْنَاهَا بِأَيْدٍ وَإِنَّا لَمُوسِعُونَ” оятида “қувват билан” деган—деб ривоят чиқаришган.

و أخرج آدم ابن أبي إياس و البيهقي عن مجاهد في قوله « وَالسَّمَاء بَنَيْنَاهَا بِأَيْدٍ» قال: يعني بقوة

Одам Ибн Абу Ийос ва Байҳақий тобеийларнинг улуғларидан – Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳдан Аллоҳ таолонинг “وَالسَّمَاء بَنَيْنَاهَا بِأَيْدٍ” оятида “яъни, қувват билан” деган—деб ривоят чиқаришган. (Қаранг: Имом Суютий. ад-Дурр ул-мансур фит-тафсир бил-маъсур. 13-Ж. 686-Б).

Аҳли сунна имоми Имом Ашъарийни муташобиҳот бобида таъвил қилгани учун у кишини залолатга нисбат қилган “салафийлар” Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг саҳобалиги ва Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳнинг тобеъий мақомида эканлигини яхши билишади. Аммо саҳоба ва тобеъинлар йўлидан бориб таъвилни танлаган Имом Ашъарийни таҳрифчи деб айблашади. Уларда қани инсоф?!…

Ундан ташқари ҳанбалий мазҳаби муассиси Имом Аҳмад Ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳдан ҳам баъзи муташобиҳ оятларни таъвил қилгани тўғрисида саҳиҳ санадлар билан ривоятлар бор. Масалан Ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирди Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ “ал-Бидая ван-ниҳая” асарида имом Аҳмад Ибн Ҳанбалнинг “Фажр” сурасида келган “و جاء ربك” (Ва Раббингиз келса..) оятидаги Аллоҳнинг келишини Аллоҳнинг Ўзи эмас балки, савоб келиши деб таъвил қилганини ривоят қилган. (Қаранг: Ҳофиз Ибн Касир. Ал-Бидая ван-ниҳая. 2 –Ж. 1616 — Б).

Шунингдек, яна ўша манбада ҳикоя қилинишича, Имом Аҳмад Ибн Ҳанбалга ўз давридаги адашган фирқа жаҳмийлар тарафдан “Қуръон махлуқ ё ғайри махлуқ” мавзусидаги бир баҳсда қуйидаги оят ҳужжат қилиб келтирилади:

مَا يَأْتِيهِم مِّن ذِكْرٍ مَّن رَّبِّهِم مُّحْدَثٍ إِلَّا اسْتَمَعُوهُ وَهُمْ يَلْعَبُونَ

“Қачон Роббиларидан янги (пайдо бўладиган) эслатма (зикр-оятлар) келса, фақат уни ўйнаётган ҳолларида тингларлар.” (Анбиё / 2).

Шунда Имом Аҳмад ибн Ҳанбал бу оятда келган зикрдан мурод Аллоҳнинг каломининг айнан ўзи эмас, балки биз бандаларга нозил бўлиши ёки Қуръондан бошқа эслатмалар бўлиш эҳтимоли ҳам бор—деб, лафзни зоҳиридан бошқа эҳтимолий маъноларга буриб таъвил қилган. (Қаранг: Ҳофиз Ибн Касир. Ал-Бидая ван-ниҳая. 2 –Ж. 1616 — Б).

Имом Аҳмад Ибн Ҳанбал шу оятни нега зоҳирича олмасдан, эҳтимолий маънога йўналтирди? Чунки, зоҳирига кўра, Аллоҳнинг каломи ҳодис деган нотўғри ақида келиб чиқар эди. У киши шу бузуқ ақидадан эҳтиёт учун зоҳиридан таъвил қилдилар!

Шунингдек, ҳадис илмининг султони ҳисобланмиш Имом Бухорий ҳазратларидан ҳам узун бир ҳадисда қиёмат куни Аллоҳнинг “Зеҳк” кулишини раҳмат – деб таъвил  қилгани ривоят қилинган. (Қаранг: Байҳақий. Асмо вас-сифаат. 2 – Ж. 402 — Б).

ТАТМИМ

Сўзимизни якунлар эканмиз, хулоса қилиб айтамизки аҳли сунна аталмиш катта жамоат тарафдан муташобиҳот масаласида илгари сурилган тафвиз ҳам, таъвил ҳам асло залолат ва ихтиро этилган бидъат эмас! Бу сўзни айтганлар аҳли суннага бўҳтон қилибди!

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, аҳли сунна вал-жамоанинг асосий қисми ҳисобланмиш мотуридийлар ҳам, ашъарийлар ҳам муташобиҳ исм ва сифатларнинг асл маъносича Аллоҳга исбот этадилар. Масалан Аллоҳнинг Яд деган сифати бор ва у махлуқотнинг қўли кага асло ўхшамайди, шунингдек махлуқотнинг қўли ҳам Аллоҳнинг Яд сифатига асло ўхшамайди. Булар лафзий жиҳатдан бир-бирига ўхшасада маънан мутлақо бошқа-бошқа нарсалардир! Илло ашъарийлар авомнинг этиқодида бузуқ ақида шаклланиб қолиш эҳтимоли туфайли муташобиҳотнинг аслини ўз ҳолича Аллоҳга исбот қилиб, васфи ва кайфиятини эҳтимолий маънолар билан изоҳлайдилар! Бу ҳам аслида зарурат юзасидандир!

Аллоҳ Каъбаи муъаззамани қиблам деб тан олган ҳар бир аҳли қиблани Ўзи ҳидоят қилсин! Тўғри йўлда собитқадам қилсин! Омин.

Ботиржон қори

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *