Машҳур ҳанбалий олимини қубурий ёки мушрик дейсизми?!

Lotin alifbosida

Egypt, Cairo, Sultan Hussan Mosque at sunset

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Ваҳҳобий ва салафийларнинг энг асосий хусусиятларидан бири қабрларга ва зиёратчиларга душман эканидир. Улар хуруж қилиб чиққан илк давридан бошлаб қабрларни, мақбараларни вайрон қилиб, текислаб ташлаганлар. Ҳатто Мадинадаги машҳур “Бақеъ” қабристонидаги мақбараларни ҳам теп-текис қилиб ташлашган. Ҳаттоки, улар ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари зиёратини ният қилиб уйдан чиқишни ҳаром ва бидъат деб эътиқод қиладилар. Уларнинг зиёрат жойларни “ширк маконлари” деганларини бот-бот эшитган ёки ўқиган бўлсангиз ҳам керак. Шу билан бирга, уларнинг аксарияти ўзларини ҳанбалий мазҳабига мансуб деб айтиб келадилар.

Биз келтирмоқчи бўлган янги бир маълумот ваҳҳобий ва салафийларнинг қабрларга ва зиёратчиларга душманлик қилувчи эътиқоди нодуруст эканликларини яққол кўрсатиб беради:

Тарихда Ҳофиз Тақийуддин Абу Муҳаммад Абдулғани ибн Абдулвоҳид ал-Жаммоъилий ас-Солиҳий ал-Ҳанбалий ал-Мақдисий (541-600 ҳ./1146-1203 м.) раҳимаҳуллоҳ деган зот яшаб ўтганлар. У зот қироат илмини, ҳадис фанини мукаммал эгаллаганлар. Доим рўза тутувчи, ҳар куни эрталабки дарсларидан бўшагандан кейин то пешингача 300 ракъат намоз ўқувчи обид кишилардан бўлганлар. У зот: “Мен Аллоҳдан Имоми Аҳмаднинг ҳолини беришини сўрагандим, менга у кишининг намозини ҳам берди”, деган эканлар. Ҳар пайшанба куни Дамашқ жомеъсида оммага ҳадисдан сабоқ берар, бутун халқ ҳар пайшанба жомеъни тўлдириб юборар экан.

Абу Абдуллоҳ Шамсиддин аз-Заҳабий (673-748 ҳ./1274-1348 м.) раҳимаҳуллоҳ “Тазкират ал-Ҳуффоз”да уни “ислом муҳаддиси” деб таърифлаб, кўп ҳадисларни ривоят қилгани, ҳадис фани бўйича гўзал асарлар битганини ёзганлар. Бир киши Абу Муҳаммад Абдулғани ал-Мақдисий ал-Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳнинг олдига келиб, “Фалончи Сизни 100 минг ҳадис ёдлаган; агар ёдламаган бўлса, хотиним талоқ!”, деб юборди, деганида, у зот: “Агар бундан кўпини айтганида ҳам хотини талоқ бўлмасди!”, деб жавоб берган эканлар.

Абу Муҳаммад Абдулғани ал-Мақдисий ал-Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳнинг ҳадисга оид 48 жуздан иборат “ал-Мисбоҳ” номли асарлари шуҳрат қозонган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан етиб келган барча ҳадисларни жамлашга уруниб, “Ниҳоят ал-мурод” номли асар битибдилар. Ушбу буюк асар 200 жуздан иборат бўлган экан. Ҳукмга тааллуқли ҳадисларни тўплаб, 9 жузли “ал-Аҳком ал-кубро” номли асар битганлар, яна уни қисқартириб, “ал-Аҳком ас-суғро” деган китоб тузганлар. Бундан ташқари, “ар-Равза” 4 жуз, “ат-Таҳажжуд” 2 жуз, “Мушкил ал-алфоз” 2 жилд, “Ҳикоятлар” 100 жуз, “Дурар ал-асар” 9 жуз, “ал-Камол фий асмоъ ар-рижол” 10 жилд бўлган экан. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари тўғрисида “ад-Дуррат ал-музийя” номли асар ҳам ёзганлар. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ва Имом аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолларига оид рисолалар ҳам битганлар.

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ унинг асарларини санаб бўлиб, “Мен уни ҳадис илмида амир ал-мўъминин” бўлган, деб айтаман!”, деганлар ва олимларнинг: “Имом Дорақутнийдан кейин Ҳофиз Абдулғани ал-Ҳанбалийга ўхшаш муҳаддис бўлган эмас!”, деганларини келтирганлар.

Машҳур олим, “Саҳиҳи Бухорий”га “Фатҳ ал-Борий” номли ўзининг кўп жилдли муҳим асари билан танилган Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (773-852 ҳ./1372-1449 м.) раҳимаҳуллоҳ эса “ал-Камол” ҳақида: “Бу асар ёзилишидан олдин ҳеч ким бунга ўхшаш китоб битмаган. Ундан кейин эса бу мавзудаги барча асарлар унга боқимандадир!”, деганлар. Абу Муҳаммад Абдулғани ал-Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳнинг мазкур “ал-Камол” китоби олтита саҳиҳ ҳадислар тўплами бўлмиш “ас-Сиҳоҳ ас-ситта”даги ровийларнинг таржимаи ҳолларига бағишланган жуда муҳим асар ҳисобланади. Зотан, ушбу асар ёрдамидагина ҳадисларнинг саҳиҳ, заиф ва мавзуъ каби даражаларини аниқлаштириб олиш мумкин.

Абу Муҳаммад Абдулғани ал-Мақдисий ал-Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ тариқатда Абдулқодир ал-Жийлоний (471-561 ҳ./1078-1166 м.) қуддиса сирруҳудан, фиқҳда машҳур фароиз – мерос ҳуқуқи олими, “ар-Раҳабия” асари муаллифи Муҳаммад ибн Али ар-Раҳабий (497-577 ҳ./1104-1182 м.) раҳимаҳуллоҳ кабилардан таҳсил олганлар. У зот Бағдодга ўз холаваччаси, машҳур ҳанбалий мазҳаби олими, “ал-Муғний” асари муаллифи Муваффақуддин ибн Қудома (541-620 ҳ./1146-1223 м.) раҳимаҳуллоҳ билан бирга шерик бўлиб келиб, илм таҳсил қилган эканлар.

Абу Муҳаммад Абдулғани ал-Мақдисий ал-Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ салафи солиҳинлар йўлидан бориб, Аллоҳнинг муташобеҳ сифатларини таъвил қилмасдан, балки тафвиз йўлини тутган эканлар. Унинг аҳли суннат ва жамоатнинг салафи солиҳинлари ақидасини тўплаб, “ал-Иқтисод фи-л-Эътиқод” деган асар ёзгани маълум. Унинг арабча матни бир неча марта нашр қилинган. Ушбу масалалар бўйича, султон олдида Дамашқ уламолари ҳузурида имтиҳон ҳам қилинган эканлар. Сўнг Мисрга, ундан Исфаҳонга ўтганлар. Исфаҳонда бозордан ўтсалар, ҳамма саф тортиб, унинг билан кўришиб қолишга урунар экан.

Хуллас, Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ўз устозидан нақл қилишича, аҳли суннатдан ҳар бир олим уни яхши кўрган ва уни мадҳ қилгандир!

Ҳофиз Абу Муҳаммад Абдулғани ал-Мақдисий раҳимаҳуллоҳнинг укаси ва яқин шогирди Ҳофиз Зиёуддин ал-Мақдисий ад-Димишқий раҳимаҳуллоҳ ҳисобланади. У Абу Абдуллоҳ Зиёуддин Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ал-Мақдисий (569-643 ҳ./1174-1245 м.) раҳимаҳуллоҳдир. У зот ҳам таниқли муҳаддис ва муаррих бўлиб, Дамашқдаги “Зиёийя” номли “Дор ал-ҳадис” мадрасаси унга атаб бино қилинган. Бу зот у ерда бош мударрис бўлганлар, умрининг охирларида барча китобларини мазкур мадрасага вақф қилиб топширганлар. Унинг 3 жузли “ал-Аҳком”, 90 жузли “ал-Аҳодис ал-мухтора” номли ҳадислар тўплами каби ўндан ортиқ асарлари борлиги маълум.

Зиёуддин ал-Мақдисий раҳимаҳуллоҳ “ал-Ҳикоёт ал-мансура” ёки “ал-Ҳикоёт ал-муқтабиса” деб аталадиган асар битганлар. Унда авлиёлар ва солиҳ зотларнинг кароматлари зикр қилинган. Ушбу асарнинг қўлёзма нусхалари Дамашқдаги “Зоҳирия” кутубхонасида (ёки “Мактабат ал-Асад”) сақланади. Унда қуйидаги ҳикоят келтирилади. Мазкур ҳикоят Ҳофиз Абу Муҳаммад Абдулғани ал-Мақдисий раҳимаҳуллоҳнинг энг яқин қариндоши ва шогирдларидан бирининг ўз устози оғзидан эшитган нақли бўлиб, унинг бўлиб-ўтганига асло шак-шубҳа йўқ:

سمعت الإمام الشيخ الإمام العلم الحافظ أبا محمد عبد الغنى بن عبد الواحد بن على المقدسى يقول: كان خرج فى عضدى شئ يشبه الدمل و كان يبرأ ثم يعود و دام بذلك زمانا طويلا فسافرت الى إصبهان و عدت الى بغداد و هو بهذه الصفة فمضيت الى قبر الإمام أحمد بن محمد بن حنبل رضى الله عنه و أرضاه و مسحت به القبر فبرأ و لم يعد

“Имом, шайх, имом, билимдон, ҳофиз, Абу Муҳаммад Абдулғани ибн Абдулвоҳид ибн Али ал-Мақдисийнинг бундай деганларини эшитдим:
“Билагимга чипқон ёки сўгалга ўхшаган нарса чиққан эди. Бир битиб кетар, сўнг яна қайталанар эди. Узоқ вақт шундай давом этди. Исфаҳонга сафар қилиб, Бағдодга қайтиб келдим. Чипқон (сўгал) ўшандай ҳолатда чиқиб турган эди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг қабрлари олдидан ўтдим ва уни (чипқон ёки сўгал чиққан қўлимни) қабрга суртдим. Тузалиб кетди, чипқон (ёки сўгал) қайтиб чиқмади”.
(“ал-Ҳикоёт ал-мансура”. Қўлёзма. 112-варақ).

  Мазкур ҳикоятни ўқиб, салафий ва ваҳҳобийлар уни ёлғонга чиқарадиларми ёки буюк муҳаддис олим Ҳофиз Абу Муҳаммад Абдулғани ал-Мақдисий раҳимаҳуллоҳни қубурий, қабрпараст ёки мушрик дейдиларми?! Ёки у зотнинг бу қилган ишини ширк деб баҳолашадими?! Ҳофиз Абу Муҳаммад Абдулғани ал-Мақдисий раҳимаҳуллоҳни мақтаб, тавсиф-у ташвиқ қилган, унинг асарларидан унумли истифода қилиб, ҳадисшуносликни ривожлантирган Ҳофиз Зиёуддин ал-Мақдисий раҳимаҳуллоҳ, Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ҳамда Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ кабиларни сохта мухлислар деб атайдиларми?! Шундай деб, бечора салафий ва ваҳҳобийлар адашиб юраверадиларми?! Аллоҳнинг ўзи уларни тўғри эътиқодга бошласин!

Биз бу ерда касал ва беморларнинг қабрларга бориб суйкалишларини, қабрларнинг тупроқларидан ташиб кетишларини тарғиб қилмаймиз, асло. Беморлар ўз касалликларига қабристонлардан ва мақбараларнинг остоналаридан эмас, балки шифохона ва касалхоналардан шифо истамоқлари лозим ва зарурдир! Бироқ, биз шундай қилишни ширк деб билмаймиз, бундай иш қилувчи мухлис мусулмонларни ширк қилувчи деб мушрикка чиқармаймиз. Қабрлар олдида тавассул қилиш, Аллоҳдан шифо исташ, қабр тупроғи худди оддий дори-дармон каби айрим касалликларга шифо бўлиши мумкин, деб эътиқод қилиш асло ширк эмас! Сизга етказмоқчи бўлган мақсадимиз ҳам ана шу! Ихлосли мўъмин-мусулмон бўлинг, мўъмин-мусулмонларни айбловчи бўлманг! Салафий ва ваҳҳобийларга ўхшаб ҳар нарсада ширк изларини кўраверманг!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *