Муҳаммад аш-Шайбоний
(132-189 ҳ./749-804 м.)
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний (132-189 ҳ./749-804 м.) раҳматуллоҳи алайҳи ҳанафий мазҳабининг таниқли мужтаҳиди ва фақиҳидир! У зот Ироқнинг Восит шаҳрида туғилганлар. Асли келиб чиқиши Дамашқнинг Ҳарасто қишлоғидан бўлгани боис уни Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳ “ал-Ҳарастовий” нисбаси билан атаган. Айрим олимлар эса унинг ота-боболари Шом яқинидаги Жазира водийсидан бўлган, деганлар. Хуллас, Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг ота-онаси унинг ёшлигида Кўфага кўчиб келадилар. Шу тариқа, у зот илм маркази бўлмиш Кўфада ўсиб-улғаядилар.
Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг отаси илм-фанга қизиқувчи бўлгани боис уни таълим-тарбиясига ёшлигидан катта эътибор қаратади. Бу ҳақида олимнинг ўзи: “Отам менга ўттиз минг дирҳам берди. Мен унинг ўн беш мингини тил ва шеъриятни ўрганишга, қолган ўн беш мингини эса ҳадис ва фиқҳ ўрганишга сарф қилдим!”, деган эдилар. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу давридан халифаликнинг маркази бўлган Кўфа шаҳри ҳақиқий маънода илм-фаннинг ҳам маркази эди. Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг даврида эса Кўфанинг энг машҳур олими шак-шубҳасиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи бўлганлар.
Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ устози Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг олдиларига борганда ҳали ўн тўрт ёшга ҳам тўлмаган эди. Шамс ал-аимма ас-Сарахсий раҳимаҳуллоҳ айтишларича, бир куни Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ устози Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг масжидлари олдидан ўтиб кетаётганларида, у зотнинг: “Ёш бола хуфтонни ўқиганидан сўнг ухлаб, уйқусида эҳтилом бўлиб қолса, уйғонганида ҳали хуфтон вақти чиқиб кетмаган бўлса, ғусл қилиб хуфтонни қайта ўқийди”, деяётган гапларини эшитиб қоладилар. Ўша кечаси Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг бошига ушбу ҳолат тушади. У уйғониб бориб, масжидда хуфтонни қайта ўқиётганида, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи уни кўриб қоладилар. Ярим тунда қандай намоз ўқиганлигини сўрайдилар. У эшитган масаласига амал қилганини гапириб беради. Табиийки, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи жуда хурсанд бўлиб кетадилар ва унга “Эй, бола! Илм дарсимизга келиб қўшилгин, сен нажот топасан!”, деб башорат қиладилар.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўз дарс ҳалқасига келиб қўшилган Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳдан бир масала бўйича фикрини сўрайдилар. У зот қониқарли жавоб айтадилар. “Бу фикрни бошқа олимдан эшитдингми ёки ўзинг шу фикрга келдингми?”, деб сўрайдилар. У ўзи шундай ўйлаганлигини айтадилар. Шунда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: “Сен дарсларда ана шундай ўз фикрингда қолавер!”, деганлар.
Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ устози Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг олдиларида тўрт йилча ўқиганлар, холос. У зот вафот қилганларидан сўнг қозилар қозиси Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳузурларида фиқҳ дарсларини тўлиқ тугаллайдилар. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳанафийликда иккинчи шайх ҳисобланади. Яъни, у зот Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг энг катта шогирдидир. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ исломда илк бор қозикалон – қози ал-қузот мансабида бутун ислом оламидаги қозиларнинг раҳбари бўлганлар. “ал-Харож” ва “ал-Асор” асарлари шуҳрат қозонган.
Бу вақтга келиб, Мадинаи мунавварада Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг жаҳоншумул асарлари “ал-Муватто”ни ёзиб бўлган, уни муаллифнинг олдида ўқиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларини Мадина олимидан эшитиш мақсадида дунёнинг турли томонларидан минг-минглаб шогирдлар Мадинаи мунавварага оқиб келаётган эди. Зотан, Имом аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳ “ал-Муватто”ни Қуръони каримдан кейинги энг саҳиҳ китоб, деган эдилар. Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ ўзининг учинчи устози Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларида уч ярим йилча сабоқ оладилар ва “ал-Муватто”ни тўла равишда шахсан муаллифнинг ўзларидан ўқиб эшитадилар.
Шу ерда айтиш ўринлики, бугунги кунда “ал-Муватто”нинг энг машҳур ривояти Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг шогирди Яҳё ал-Лайсий раҳимаҳуллоҳ томонидан қилинган ривоят варианти ҳисобланади. “ал-Муватто” деганда Яҳё ал-Лайсий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган “ал-Муватто” тушуниладиган бўлиб қолган. Бироқ, у муаллиф олдида тўла ўқиб эшитилган эмас. Унинг охирги учта боби муаллифнинг вафоти туфайли бошқа шогирдлари орқали ўқиб эшитилган. Шу маънода, Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган “ал-Муватто” энг ишончли ва энг мақбули ҳисобланади. Ана шунинг учун, кейинги даврларда Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Муватто”си ҳанафийлар орасида дарслик сифатида ўқитилган. Жумладан, мовароуннаҳрлик машҳур ҳанафий олими Абу Ҳафс ан-Насафий раҳимаҳуллоҳ ўз устози Абу Мансур ал-Ҳорисий раҳимаҳуллоҳ орқали “ал-Муватто”ни эшитиб, ўқигани маълум. Бугунги кунда ҳам Покистон ва Ҳиндистонда ҳанафийлар ўқув даргоҳларида Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ ривоятидаги мазкур “ал-Муватто” расмий равишда ўқитилиб келмоқда.
Имом Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг тўртинчи устозлари маккалик буюк муҳаддислардан бири, 20 (йигирма) йил “Масжиди ҳаром”дан чиқмасдан эътикоф қилиб, ибодат ва илм билан машғул бўлган Ҳарам шайхи, табъа тобеъинлардан бўлмиш Ибн Журайж ал-Маккий раҳимаҳуллоҳ эди. Имом Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ ундан Маккада ва Басрада таълим олганлар.
Имом Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ Кўфага қайтиб келиб, бир муддат у ерда яшаганларидан кейин, ўша даврда ислом пойтахти бўлмиш Бағдодга кўчиб кетадилар. Унинг бутун фикри-зикри илм ва таълим бўлиб қолади. У зотнинг шогирдларидан Муҳаммад ибн Симоъа раҳимаҳуллоҳ айтишларича, Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ ҳатто оиласидагиларга ҳам “Менга дунё ташвишлари ва оила эҳтиёжларидан гапирманглар. Нима керак бўлса, вакилимга айтаверинглар. Менинг қалбим ва бутун ғам-ташвишим илм бўлмоғи керак!”, деган эканлар. Ватандошимиз Бурҳониддин аз-Зарнужий раҳимаҳуллоҳ “Таълим ал-мутааллим” асарларида айтишларича, Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ кечалари китоб дафтарларини олдига қўйиб қўяр, улар ёнида бир коса муздек сув турар, уйқуси келганда, сувдан юзларига суртиб уйқусини қочирар, “Уйқу ҳароратдандир”, деб қўяр эканлар. Ҳамиша шогирдлари билан бирга бўлишга ҳаракат қилар ва “Ким бизнинг илмимиздан бирор соат бўш қолмоқчи бўлса, илмимиздан бир соат тарк қилган бўлади. Бизнинг бу ишимиз эса бешикдан то қабрга киргунгача давом этади!”, дер эканлар.
Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ юқорида санаб ўтилган тўрт нафар асосий устозларидан ташқари Мисъар ибн Кидом раҳимаҳуллоҳ, Имом ал-Авзоъий раҳимаҳуллоҳ, Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ, Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ, Довуд ат-Тоий қуддиса сирруҳу, Қосим инб Маън раҳимаҳуллоҳ каби ўз даврининг таниқли олимларидан ҳам таҳсил олганлар. Ўз навбатида Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ ўз шогирдлари орқали ҳанафийлик мазҳабининг оламга ёйилишида беқиёс ҳисса қўшганлар. Бу шогирдлар орасида буюк мазҳаббоши Имом аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳни алоҳида эслаш жоиз.
Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг ҳанафийлик мазҳабини Мовароуннаҳрга таратган энг катта шогирди Абу Сулаймон ал-Жузжоний раҳимаҳуллоҳ ҳисобланади. У Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ, Абдуллоҳ ибн ал-Муборак раҳимаҳуллоҳ кабиларнинг ҳам шогирди бўлиб, уларнинг барчасининг илмини Самарқандга олиб келиб, қадим Мовароуннаҳрга тарқатганлар.
Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг ҳанафийлик мазҳабини Мовароуннаҳрга таратган иккинчи шогирдлари эса Абу Ҳафс ал-кабир раҳимаҳуллоҳдир. У зот Бухорода яшаб, Мовароуннаҳрда уламолар шайхи сифатида ҳанафийликнинг мустаҳкам илдиз отишида жуда улкан ҳисса қўшганлар.
Имом Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг ёзган асарлари ҳанафийлик мазҳаби фиқҳининг асосини ташкил қилади. Улар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг фиқҳий қарашларини акс эттиради. Шунингдек, Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг асарлари шофеъийлик мазҳаби фиқҳи манбаларининг шаклланишига ҳам катта таъсир ўтказган.
Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг асарлари даражада бир-бирига баробар эмас. Улар уч даражага бўлиб ўрганилади:
- “Зоҳири ривоят” китоблари деб аталади. Улар 6 (олти) та асардан иборат. “ал-Мабсут” ёки “ал-Асл”, “ал-Жомеъ ал-кабир”, “ал-Жомеъ ас-сағир”, “ас-Сийар ал-кабир”, “ас-Сийар ас-сағир” ва “аз-Зиёдот” номли асарлардир. Улар “ал-Усул” китоблари, яъни “Асосий китоблар” ҳам деб аталади. “Зоҳири ривоят” деб аталишининг сабаби эса улар Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг энг ишончли шогирдлари орқали машҳур ва мутавотир йўл билан ривоят қилиниб, аниқлиги ва ишончлилик даражаси собит ва муқаррар қилинганлигидир.
- “Зоҳири ривоят” китобларига қўшилмаган, лекин улар даражасидаги асарлари. Мазкур асарларнинг алоҳида хусусияти, уларда ҳанафийлик фиқҳига оид аҳком ҳадиси шарифлар жамланганидир. Улар “Муваттои Муҳаммад”, “ал-Ҳужжат ъала аҳл ал-Мадина” ва “Китоб ал-Асор” китобларидир. Буларнинг барчаси нашр қилинган.
- “Ғайри зоҳири ривоят” китоблари. Яъни, юқоридаги “зоҳири ривоят” китобларига киритилмаган бошқа асарлари. Улар “зоҳири ривоят” китоблари каби ишончли равишда ривоят қилинмагани боис унчалик шуҳрат қозонмаган. Уларнинг ёзилган жойига ёки бағишланган кимсага кўра номланган: “ал-Кайсониёт”, “ал-Журжониёт”, “ар-Раққиёт”, “ал-Ҳоруниёт” каби китоблар шулар жумласидандир. Улар топилиб нашр қилинган эмас. Шунингдек, “Зиёдот аз-Зиёдот”, “Китоб ал-Касб” ва “Китоб ан-Наводир” каби асарлар ҳам шу тоифага киради.
Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг ҳар бир китобига ўнлаб шарҳлар битилган. Жумладан, унинг “ал-Жомеъ ал-кабир” асарига илк бор аҳли суннат ва жамоат таълимоти тарғиботчиларидан бири, ақоид имоми Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ шарҳ битганлар. “ал-Жомеъ ал-кабир”га 35 нафардан ортиқ фақиҳлар шарҳ битгани аниқланган.
Ўзида 1532 (бир минг беш юз ўттиз икки) та масалани қамраб олган “ал-Жомеъ ас-сағир” фиқҳий матн китоби устози Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг топшириғига кўра ёзилган. Унга қирқдан ортиқ шарҳлар битилган. Уларнинг аксарияти ҳақида Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “ан-Нофеъ ал-кабир” асарларида маълумот берганлар.
Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг аксар асарларига бизнинг бобокалон аждодларимиз, улуғ аллома юртдошларимиз, буюк фақиҳ олимларимиз шарҳлар битганлар. Мовароуннаҳрда мелодий IX-XII асрларда Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг асарларига шарҳ битиш фақиҳлик белгиси ҳисобланган.
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан: “Бу нозик ва дақиқ масалаларни қаердан олдингиз?” деб сўралганида, у зот: “Уларни Муҳаммад ибн ал-Ҳасаннинг китобларидан ўргандим”, деган эканлар.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ ҳанафийлик мазҳабининг энг улуғ олимларидан бўлиб, унинг асарлари ҳанафийлик мазҳаби ривожига катта ҳисса бўлиб қўшилган. Унинг асарларини ўқиб-ўрганиш бугунги кунда ҳам ўз аҳамияти ва долзарблигини йўқотмаган.
Ҳамидуллоҳ Беруний