Хокий домла ижодидан

way-of-sufizm-neponyatnoe.ru_

ОХИРАТ ЎЙЛАРИ

Борар манзилимга анча кўп, узоқ,

Мусибат, беморлик, қарилик, фироқ.

Бу бошда не ёзуқ, тағин билмайман,

Балки…жон берарман, айни дам, шу чоқ?…

 

Ўлим олди бошим узра савдолар,

Ва қабрим ётарда қанча ғавғолар,

Ўлиб қутуларман…балки қутулмам?

Ортимдан қилингай қанча иғволар…

 

Хашр Куни ҳолим не қилсанг, Аллоҳ!

Кошкийди, амаллар-холисан лиллоҳ?

Сирот кўпригидан яшиндек ўтмоқ,

Насиб қилгаймикан, Қудратли Аллоҳ?…

 

Аллоҳим, нолимам дарддан, аламдан,

Ўлмайман бандангдан келган ситамдан.

Сабру тўзим бер-у, амонда сақла,

Тақдир-у азални ёзмиш қаламдан!

 

Уқбони ўйласам, охирим-войдир,

Юзим шувут, гўё чапланган лойдир.

Гуноҳим кеч Эгам, хузуринг менга,

Яккаю-ягона борилмиш жойдир!

 

Тупроқ мисолиман, забунман-хорман,

Ғуфрону раҳмингга интиқман-зорман!

Гуноҳдан ўзга ҳеч дастурхоним йўқ,

Хохласанг йўқман-у, хохласанг-борман…

 

Сенга етакловчи Йўлдан оздирма!

Дунёдан қалбимни навмид бездирма!

Охирги нафасни осон айла-ю,

Хаттоки жон берсам…асло сездирма!

 

Тонг-ла Махшар кунда Жамолинг кўрсат!

Ўзингни суйдир-у, Ўзингга ўргат!

Ҳаддимдан ўздирма, Ўзингдан қўйма:

Жамолинг кўрсат-у, Қошингда тўхтат!

 

Устоз Неъматулло Иброхимнинг ғазалларига ожизона мухаммас

 

Ақли ожизларга ишқин авж этар оҳ-во керак,

Лайлисин ишқида ёнган Мажнунга «во-вайло!» керак,

Бу жунун боғбонларига хушсухан Анқо керак,

Ўзни хуш этмоқ учун бу дилга хуш ҳулво керак,

Ул сумансо, ул суманбўй, ул гули раъно керак!

 

Юзтубан урган фиғоним жолаи афлок этар,

Етти қат ер қаърини тубдан чавақлар-чок этар,

Қанчайин кўп йиғласам, Халлоқни қалб идрок этар,

Чун тариқатким маним руҳимни дундин пок этар,

Поклигин билмоқ учун ул зарга бу кимё керак!

 

Икки елкамда адашмай ёзгучи котиб жўшар,

Водариғ, қилган гуноҳим яхши ёзуқдин ошар,

Бу кўнгил айтгин, қачон хою хаваслардин бўшар?

То у Маҳшар иккилик-иймон ила Тоғут яшар,

Имтиҳон қилмоқ учун Уқбога бу Дунё керак!

 

Тобакай қалбим Сенинг ишқингга тўлмас-бўш турар?

Дуняга хирсим ошиб, ҳою хаваслар жўш урар,

Водариғ, хатто юрак «дунё» деса қўш-қўш урар,

Хақ ила тавхид топиб,қонимни ишқим жўштирар,

Хайқирай Халлож каби…Бағдод эмас, саҳро керак!

 

Хақни зикрин қилмадик, гўёки гунг бир қумримиз,

Кам итоатлик сабаб, фарзанд эшитмас амримиз,

Кечалар йиғлаб сўраш йўқ, зарра йўқдир сабримиз,

Кундузи минг бир тааллуқ ичра кечгай умримиз,

Йиғласак, ёнсак куйиб зикр ичра…у Ялдо керак!

 

Сизга арзим, эй ёронлар, тавбага аҳд айлангиз,

Ҳиммати паст бўлмангу, Ҳақдин сўранг-шаҳд айлангиз,

Охират уйида зўр заррин гўзал тахт айлангиз,

Маъсиятдин покланиб кетмоқ учун жаҳд айлангиз,

Умр ўзи ҳикмат эрур, Дунё ўзи…илло керак!

Хокий

(Андижон шаҳар “Эски гумбаз” жоме масжид муаззини)

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *