ТИРИКЧИЛИК ЙЎЛИДА ШАҲИД КЕТГАН ЮРТДОШЛАРИМГА

6174e05ab429e5b6e892c5271930bfe9_720x480Ризқ излаб йироқ юрт юзланган болам,

Тек турмай, минг чора изланган болам,

Алпқомат келбатинг кўзланган болам,

Ортингдан бутун юрт бўзланган болам,

«Тирикчилик» – дея изланган болам!

 

Ҳали туғилмаган фарзандинг қолди,

Келинчагинг қора рўмолин солди,

Азроил жонингни иложсиз олди,

Билаклар ҳаққингга дуодан толди,

«Тирикчилик» – дея изланган болам!

 

Сенсиз ҳам мардлари кам эди  элни,

Тириклик кўйига боғладинг белни,

Парвога илмадинг бўрону-селни,

Ўзингдан қолдирдинг…бир ҳовуч кулни,

«Тирикчилик» – дея изланган болам!

 

Бўй етган синглингга сеп қилмоқчийдинг,

Тўйингга бир нима жамғармоқчийдинг,

Отангга машина миндирмоқчийдинг,

Наҳот жонфидолик билдирмоқчийдинг?

«Тирикчилик» – дея изланган болам!

 

Наҳот шуни… «Ўзбекчилик»-дея аталса?

Эркаклик охири…шунга қадалса?

Топгани  тўйгаю, «сеп»га аталса?

Ўзбек шулар билан инсон саналса?

«Тирикчилик» – дея изланган болам!

 

Ўзинг боласан-ку, «болам»лаб ёндинг,

Жонинг керакмасми, ўйламай тондинг?

Ҳаёт лаззатига қачон, айт, қондинг?

Охири шу йўлда тўпланиб, ёндинг!

«Тирикчилик» – дея изланган болам!

 

Беванг ғамин емаса, ўзбек — ЎЗБЕКмас!

Номи ҳам «Қул» бўлар, мутлақо «Бек» мас!

Етимларинг асрасак, мингга бир тенгмас!

Бу халқ тушкунликка ҳеч бўйин эгмас!

«Тирикчилик» – дея изланган болам!

Хокий

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *