ҲАНАФИЙЛИКДА ҲАДИСНИНГ ЎРНИ

Lotin alifbosida

545468542Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Исломдаги аҳли суннат ва жамоат таълимотига эргашувчи амалдаги тўрт мазҳаб – ҳанафийлик, моликийлик, шофеъийлик ва ҳанбалийликнинг ҳар бирининг асосини Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар ташкил қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифлари ҳар бир мазҳаб фиқҳига асосий манба бўлиб хизмат қилади. Улардан ҳеч бири ҳадиси шарифдан ташқари чиқмайди, ҳадиси шариф турганда, ўз раъйлари ва ўз фикрларини илгари суришмайди. Бу, айниқса, ҳанафийлик мазҳабида ёққол ўз ифодасини топган. Бироқ, афсуски, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўзларининг шогирдлари билан бирга ҳанафийлик мазҳабини таъсис қила бошлаган даврдан буён то ҳозирги кунларимизгача ушбу мазҳаб аҳлига “аҳли раъй” деган тамға босилиб келади. Бу, асосан, салбий маънода ишлатилади. Яъни, дин ва мазҳаб душманлари: “Ушбу мазҳаб вакиллари ўз фикрларини оят ва ҳадисдан устун қўядилар; улар ҳадис турганда, уни олмасдан, ўз раъй-фикрларига эргашадилар; ҳадисни олмасдан Имоми Аъзамнинг гапини оладилар”, деганга ўхшаш ботил, пуч, бекор, туҳмат ва бўҳтонни айтиб келадилар.

Таниқли муҳаддис олим, шофеъий фақиҳи Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг маноқиблари тўғрисида бир рисола ёзган бўлиб, унда бундай сатрлар мавжуд: “Билгинки, уламоларнинг Абу Ҳанифа ва унинг шогирдларини “асҳоби раъй” дейишларидан мақсад уларни камситиш, уларни ўз раъйларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан ва у зотнинг саҳобаларининг гапларидан устун қўяди, деб нисбатлаш эмаслигини тушунмоғинг лозим! Чунки, улар бундан холидирлар!”. (Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий. Ал-Хайрот ал-ҳисон. – Миср, Саодат, 1906. – Б. 30).

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳаётини ёритган тадқиқотчилар у зотнинг 4000 (тўрт минг) нафар устози – шайхи бўлганлигини қайд қилганлар. Зотан, у зот ўз даврида илм марказларидан бири ҳисобланган Кўфада яшаб, илму ирфонга эга бўлганлар. Бу хилдаги устозлар ҳузурида, илм марказида ҳадисларсиз ўз мазҳабини шакллантириб, уни бутун дунёга тарқалишига сабабчи бўлиш асло мумкин эмаслиги ўз-ўзидан маълум. Агар ҳар бир устозидан биттадан ҳадис ўрганиб ёд олган тақдирда ҳам, 4000 та ҳадисни ёдлаган бўлиб чиқади. Ҳолбуки, усул ал-фиқҳга оид манбалардан маълумки, 3000 (уч минг) атрофидаги шаръий ҳукм олинадиган “аҳком ҳадислар” мавжуд, холос. “Кашф ал-асрор”да мингдан ортиқ “аҳком ҳадислар” бор дейилган (Қаранг: Абдулазиз ал-Бухорий. Кашф ал-асрор. 2-жилд. – Миср: Амирия, 1898. – Б. 170; Мулла Жеван ал-Ҳанафий. Нур ал-анвор // “Кашф ал-асрор” билан бирга. – Б. 169).

Ҳақиқат шуки, бизнинг ҳанафий мазҳабида бошқа мазҳабларга нисбатан ҳадисга эргашиш ортиқроқдир, ҳаммадан кўра бу мазҳаб соҳиблари ҳадислар маъносини чуқурроқ ва мукаммалроқ тушуниб етадилар. Ҳанафийликнинг асосий манбаси Қуръони каримдир. Ундан сўнг ҳадиси шарифлар энг асосий манба ҳисобланади. Ҳатто, ҳанафий мазҳаби тадқиқотчи олимларидан бири Мавлоно Али ал-Қори раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Мирқот ал-мафотиҳ” асарларида бундай деганлар:

أنّ مذهبهم القوى تقديم الحديث الضعيف على القياس المجرد الذى يحتمل التزييف

“Албатта, ҳанафийларнинг кучли мазҳаби заиф ҳадисни сохталик эҳтимоли бўлган қуруқ қиёсга устун қўйишдир!”. (Али ал-Қори. Мирқот ал-мафотиҳ. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 1994. – Б. 35).

Ҳанафийлик мазҳабида заиф ҳадис турганда қиёсга, раъйга ўрин йўқ, заиф ҳадисга амал қилинади. Бу ҳанафий мазҳабининг бошқа мазҳаблардан кўра устунлигини кўрсатади. Улар қанчалик ҳадисга амал қилишни даъво қилсалар ҳам, бирор бир масалага заиф ҳадисдан бошқа далил бўлмаса, унга амал қилмасдан ўз раъй-фикрларига кўра қиёс қилиб ҳукм чиқарадилар. Ҳанафийликда эса ундоқ эмас. Бирор бир масалага заиф ҳадисдан бошқа далил бўлмаган тақдирда, заиф ҳадисга амал қилинади, раъй-фикрга суяниб қиёс қилинмайди. Хуллас, ҳанафийликда заиф ҳадис барча турлари билан мужтаҳиднинг ёки бирор бир фақиҳнинг гапидан устун ҳисобланади. Ҳатто, ҳанафийликда саҳобанинг гапи қиёс ва раъйдан муқаддам тутилади!

Ҳанафийликда “мурсал” ҳадис барча турлари билан ҳужжат ҳисобланади. Яна Мавлоно Али ал-қори “Шарҳ ан-Ниқоя”да бундай деганларини келтириш ўринли:

إعلم أن علماؤنا رحمهم الله تعالى أكثر إتباعا للسنّة من غيرهم و ذلك أنهم اتبعوا السلف فى قبول المرسل معتقدين أنه كالمسند فى المعتمد مع الإجماع على قبول مراسيل الصحابة من غير النزاع

“Билгинки, бизнинг уламоларимиз бошқалардан кўра суннатга кўпроқ эргашувчироқдирлар! Шунинг учун, улар салафи солиҳинларга мурсални қабул қилишда эргашганлар. Уни ишонч жиҳатдан муснадга ўхшаш деб эътиқод қилувчидирлар. Ҳеч қандай низосиз саҳобанинг мурсаллари қабул қилишга ижмоъ мавжуддир!”. (Али ал-Қорий.Фатҳ боб ал-иноя. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-арқам, 1997. – Б. 32).

“Мурсал” – тобеъиннинг ҳадисни қайси саҳобадан эшитганини зикр қилмасдан,тўғридан-тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар, деб ҳадис айтишидир. Муҳаддислар жамоаси бундай ҳадисларга заиф ва мардуд деб қараганлар. Саҳобанинг “мурсал”и эса унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини шахсан эшитмаганлиги ёки феълларини шахсан ўзи кўрмасдан ривоят қилганлигидир. Саҳоба кичик ёшда бўлган бўлиши ёки бирор гапни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айнан оғизларидан эшитмай қолган ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бирор ишни қилганлигининг гувоҳи бўлмай қолган бўлиши мумкин. Бу ҳолатларнинг барчаси ҳанафийларда далил қилинади.

Катта ёшли тобеъинлардан бири агар саҳобалар даврида фатво бериш билан шуғулланган бўлса, унинг гапи ҳанафийларда албатта инобатга олинади. Унинг гапи турган жойда бошқа далил бўлмаса, қиёсга йўл қўйилмайди. Шунингдек, кичик ёшли тобеъин бўлишларига қарамасдан Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳнинг гаплари ва ривоятлари қиёсдан устун ҳисобланади. Чунки, у зот мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг бобокалон устозлари ҳисобланади (Зафар Аҳмад ал-Усмоний. Қавоид фий улум ал-ҳадис. “Эъло ус-сунан” таркибида. – Байрут: Дор ал-фикр, 2001. – Б. 8927-8928).

Тобеъинларнинг энг улуғи Саъид ибн ал-Мусайяб раҳимаҳуллоҳ Мадина фақиҳларининг забони бўлса, Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ Кўфа фақиҳларининг забонидир! Шундай экан, Кўфада шаклланган ҳанафийлик мазҳабида Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳнинг гаплари ва фатволари сўзсиз инобатга олиниши шак-шубҳасиздир.

Бу ҳақиқатларни билмаганлар, тушунмаганлар эса ҳанафийлик мазҳабига таъна-дашном қилаверадилар. Ҳанафийлик мазҳаби фиқҳини, усулий қоидаларини яхши билган одамларга бу ҳақиқатлар маълумдир.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳдан ва унинг Расулидан келган нарсаларни бош-у кўз устига қабул қиламиз! Саҳобадан келган нарсаларнинг эса энг яхшисини танлаб эргашамиз! Уларнинг гапларидан ташқари чиқмаймиз! Тобеъинлардан келган нарсалар борасида эса биз ҳам илм одамларимиз, улар ҳам илм одамлари! Тобеъинларнинг имомлари агар саҳобалар даврида фатво берган бўлсалар, фатво жиҳатдан уларга мурожаатлар қилинган бўлса, уларга ижтиҳод қилишга рухсат берилган бўлса, мен уларга иқтидо қиламан! Жумладан, Қози Шурайҳ, Масруқ ва Алқама раҳимаҳумуллоҳ кабилар”, деганликлари у зотнинг таржимаи ҳоли ёритилган барча манбаларда тилга олинади.

Ҳанафий мазҳабига кўпроқ таъна қилувчиларнинг маънавий раҳнамоларидан бири Ибн ал-Қаййим раҳимаҳуллоҳ “Эълом ал-мувқеъин” асарида бундай деганлар. Унинг мазкур эътирофидан ҳанафий мазҳабида ҳадислар раъй ва қиёсдан устун ҳисобланиши ва муқаддам тутилиши аниқ бўлади:

و أصحاب أبى حنيفة رحمه الله مُجمِعون على أنّ مذهب أبى حنيفة أنّ ضعيف الحديث عنده أولى من القياس و الرأى و على ذلك بنى مذهبه كما قدم حديث القهقهة مع ضعفه على القياس و الرأى و قدم حديث الوضوء بنبيذ التمر فى السفر مع ضعفه على الرأى و القياس و منع قطع السارق بسرقة اقلّ من عشرة دراهم. و الحديث فيه ضعيف و شرط فى إقامة الجمعة المصر و الحديث فيه كذلك و ترك القياس المحض فى مسائل الآبار لآثار فيها غير مرفوعة فتقديم الحديث الضعيف و آثار الصحابة على القياس و الرأى قوله و قول الإمام أحمد

“Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари шунга иттифоқ қилганларки, унинг мазҳабида заиф ҳадис қиёс ва раъйдан кўра яхшироқдир. Унинг мазҳаби шунга кўра бино қилинган. Чунончи, “қаҳқаҳа ҳадиси» заиф бўлишига қарамасдан қиёс ва раъйга муқаддам қилинган. Сафарда хурмо шарбатига таҳорат қилиш ҳақидаги ҳадисни эса заиф бўлишига қарамасдан раъй ва қиёсга устун саналган. Ўн дирҳамдан озроқ нарсани ўғирлаш билан ўғрининг қўли чопилмайди. Бу тўғридаги ҳадис ҳам заифдир. Ҳайз муддатининг энг кўпини ўн кун деб олинган. Бу ҳақидаги ҳадис ҳам заифдир. Жумъани барпо қилиш учун шаҳар бўлишини шарт қилинган. Шу хилда бу тўғридаги ҳадис ҳам заифдир. Марфуъ ҳадис бўлмаса-да, заиф ҳадис борлиги учун қудуқлар тўғрисидаги масалаларда ҳам аниқ қиёсни тарк қилинган. Хуллас, заиф ҳадисни ва саҳобаларнинг гапларини Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг гапида қиёс ва раъйдан устун қўйилган. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг ҳам гапи шундай”. (Ибн Қаййим ал-Жавзия. Иълом ал-муваққиъин. 2-жилд. – Риёз: Дор Ибн ал-Жавзий, 2002. 1-жилд. – Б. 145-146).

Эски зоҳирийларнинг катта олимларидан Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ ўзларининг 8 жилдлик “ал-Иҳком фий усул ал-аҳком” номли асарларидан бундай деганлар:

و قال أبو حنيفة الخبر المرسل و الضعيف عن رسول الله صلى الله عليه و سلم أولى من القياس و لا يحلّ القياس مع وجوده

“Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан етиб келган мурсал ва заиф хабар қиёсдан кўра яхшироқдир! У мавжуд пайтда қиёс ҳалол бўлмайди!”, деганлар”. (Ибн Ҳазм. ал-Иҳком фий усул ал-аҳком. 7-жилд. – Байрут: Дор ал-афоқ ал-жадида, 1979. – Б. 54).

Демак, тўртта мазҳабнинг ҳеч бир таъсисчиси ҳадиси шарифдан ташқари чиқмаган, ҳадиси шариф турганда, ўз раъйлари ва ўз фикрларини илгари суришмаган. Ким уларга ҳадисни қўйиб, ўз раъй-фикрига эргашган деса, уларга нисбатан жуда катта туҳмат ва бўҳтон қилган бўлади. Хусусан, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳанафия мазҳабида ҳадисларга жуда катта эътибор қаратилади. Улар ҳар томонлама пухта текширилади, ровийлар силсилалари, матн мазмуни қайта-қайта кўриб чиқилади. Бошқа ҳадисларнинг ровийлари ва матнлари билан қиёсий таҳлил қилинади. Бир мавзудаги битта ҳадисга амал қилиб кетилавермайди, балки шу мавзудаги барча ҳадислар кўриб чиқилади, солиштирилади, мувофиқлаштирилади, ўзаро қарама-қарши кўринган ҳадислар мазмуни текширилади. Ҳадисларнинг мазмуни Қуръони карим оятларининг мазмуни билан ҳам солиштириб чиқилади. Ҳадислар заиф ёки мурсал бўлган тақдирда, агар улардан бошқа далил бўлмаса, раъй ва қиёсга ҳам йўл қўйилмайди, балки ушбу ҳадисларга амал қилинаверади. Шу жиҳатдан, ҳанафийлик мазҳаби бошқа мазҳаблардан устунлик касб қилиб туради. Уни билмаган кишилар шофеъийлик ёки ҳанбалийликда ҳадисларга амал қилинади-ю, ҳанафийлар ҳадисларни олмайди, деб ўйлашади. Агар масала чуқур кўриб чиқилса, уларнинг ўй-фикрлари аксинча бўлиб чиқади. Шунинг учун, ҳанафийликка дарҳол таъна қилмасдан улар нимага шу масалада бу ҳадисни олмаган-у, у ҳадисни олган, деган саволга жавоб излаш керак бўлади. Умуман олганда, ҳанафийлик ҳадисни ўз раъй-фикрлари ва қиёсларидан устун санайдиган мазҳаб эканини унутмаслик даркор!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *