САЙЙИД ҚОСИМ ИБН АБДУЛЖАББОР АНДИЖОНИЙ

mechet_gami

Саййид Қосим Андижоний 1885 йили Андижон шаҳри яқинидаги Бўтақора қишлоғида туғилган. Дастлаб қишлоқ мактабида савод чиқарган. Сўнгра Андижондага машҳур «Жомеъ» мадрасасида ўқиган. Мулла Холиқберди Охун домла, Юнус Охун домла каби таниқли мударрислар қўлида таҳсил олди. Сўнгра отаси уни олдин Хўжанд, кейин Тошкент ва Бухоро мадрасаларига ўқишга юборди.

Мадрасани битирган йигирма олти яшар йигит 1911 йили Ҳиндистонга кетди ва «Дорул улум Девбанд»да беш йил таҳсил олди. Сўнг 1916 йили яна Андижонга келиб, она қишлоғи Бўтақорадаги кичик мадрасада дарс берган, ваъз-насиҳат ва тадрис ишлари билан шуғулланган. Коммунистик тузум қабоҳати ва зуғуми сабабли юртидан чиқиб, Афғонистон, Ҳиндистон ва ниҳоят Ҳижозга борган. Маккада ҳадис, тафсир ва фиқҳдан дарс берган. Қўлида бир неча талабалар таълим олган. Улардан бири масжиди ҳарам имоми Абдуззоҳир Абус Самҳ.

У яна Мадинаи мунавварада «Дорул улумиш шаръийя», «Дорул айтамил қарийба»да ҳам дарс берган. Ҳижрий 1356 йили Масжиди набавийга мударрис этиб тайинланган. Айрим ҳалқаларида дарс ўзбек тилида бўлган. Талабаларига «Сиҳоҳи ситта» китобларидан дарс айтиб, ижозалар берган.

Унинг араб тилида «ал-Мисбоҳ фий усулил ҳадис» китоби 380 саҳифали. Бундан ташқари яна «ал-Ақийдатул холиса» ва «ал-Иқтисод фий масоилил эътиқод» номли арабча китоблари ҳам бор.

Аллома «Фатҳур Раҳмон фий тафсирил Қуръон» номли ўзбек тилида тафсир ёзган. Унинг бундан бошқа мухтсар шаклда битилган Қуръон тафсири ҳам мавжуд.

«Шарҳул ақийдатул холиса» номли ўзбек тилидаги 530 саҳифали китоб, «Ислом йўли», «Лозим вазифалар», «Муҳаммад ибн Қосим», «Мухтасарул жомиъил усул фий аҳодисир Расул» ва шу каби ўзбек тилидаги асарлар унинг қаламига мансуб.

У халқи бир кун келиб мустақиллик эришганида мазкур китоблар асқотишини ўйлаб, уларни ўз она тили, яъни ўзбек тилида ёзган.

Аллома Саййид Қосим ҳижрий 1393 йил 19 муҳаррамда охират сари риҳлат қилган ва Бақийъ қабристонига дафн этилган. (Аллоҳ раҳматига олсин).

Интернет маълумотлари асосида Андижон шаҳар «Абу Ҳурайра» жоме масжид имом хатиби:

Ш. МУСАБОЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *