ЗАКОТГА БИРИНЧИ ҲАҚДОРЛАР

bratstvo002Ақли расо, ҳур ва балоғатга етган кишининг белгиланган нисоб миқдорида маблағи бўлиб, қамарий ҳисобда бир йил ўтса, қирқдан бирини фақирларга закот тариқасида бериши вожиб бўлади. Закот Ислом арконларидан бири бўлиб, китоб суннат ва ижмоъ билан фарздир. Аллоҳ Қуръони каримда закот оладиган ҳақли кишиларни алоҳида бир оятда баён қилган:

إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاء وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللّهِ وَابْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِّنَ اللّهِ وَاللّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгилларини улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўл ўғлиларига берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир.

«Садақалар» деганда «закот» назарда тутилгандир. Демак, садақаларни ҳар ким ҳам олавермайди, балки Аллоҳ таоло Ўзи тайинлаган кишиларгина оладилар. Бошқаларга закот олиш ҳаромдир. «Кўнгилларини улфат қилинадиганлар». Яъни, баъзи кишиларнинг кўнгилларини Исломга моил қилиш учун ҳам закотдан тушган молдан берилади. «қарздорларга»–турли сабабларга кўра қарз бўлиб қолган одамга уни узиш учун ёрдам тариқасида закотдан берилади.«Аллоҳнинг йўли»–энг аввало, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилаётганларни, қолаверса, дину диёнат, мусулмонлар оммаси фойдаси учун бўладиган ишларни ичига олади.«йўл ўғли»–яъни, сафарда, ватанидан узоқда оғир ижтимоий ҳолга тушиб қолган шахс. (Тафсири ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф).

Закот тарқатиш буларнинг ичида энг биринчи кимдан бошланади? Закот берувчи бойнинг ақраболаридан бошлаш афзал ҳисобланади. Яъни қуйидагилар:

  • Кишининг қондош ака-укалари ва опа-сингиллари ичидаги фақирлар;
  • Кейин уларнинг болалари орасидаги фақирлар;
  • Кейин кишининг фақир амаки ва аммалари;
  • Кейин уларнинг болаларидан муҳтожлар бўлса ўшалар;
  • Кейин кишининг хола ва тоғалари ичидаги фақирлар;
  • Кейин уларнинг камбағал болалари;
  • Кейин булардан кейинги фақир қариндошлар;
  • Кейин қўшниларнинг фақирлари;
  • Кейин маҳалласидаги фақир-мискинлар;
  • Кейин ҳамшаҳарлари орасидаги фақирлар.

Закот берувчи бойлар мана шу тартиб бўйича садақот улашса янада савоблик бўлади. Чунки кишининг ўз яқин қавми қариндоши туриб бошқаларга закот бериши макруҳ бўлади. Халқимизда “Аввал ҳеш, кейин дарвеш” деган нақл бежизга айтилмаган. Киши закотини ўз қавми қариндошига бериш билан орадаги қариндошлик ришталарини ҳам мустаҳкамлаган бўлади. Мана шу ҳикмат учун ҳам яқинларга аввал беришга тарғиб этилади.

Элмурод ҚЎЗИЕВ

Андижон Тумани “Холдарбой Хожи” жоме масжид имоми

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *