ҲАЙИТ КУНИ

Muslim children greet each other after offering prayers during Eid al-Fitr in Allahabad, India, Saturday, Sept. 11, 2010. Eid al-Fitr festival marks the end of the Muslim holy fasting month of Ramadan. (Foto:Rajesh Kumar Singh/AP/dapd)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб борганларида Мадина аҳли йилнинг икки кунида ўйин кулги, кўнгилочар тадбирлар ўтказар экан. Расулуллоҳ: “бу қандай кун”—деб сўрайдилар. Улар: жоҳилят давримизда худди шу кунларнни байрам қилар эдик—деб жавоб беришади. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:

إن الله قد ابدلكم بهما خيرا منهما يوم الاضحى و يوم الفطر

Аллоҳ таоло ўша икки кунингизни ундан яхшироқ бошқа икки кунга алмаштирди: Қурбон ҳайити куни ва Фитр ҳайити куни.  Абу Довуд ва бошқалар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Бу воқеа ҳижратнинг иккинчи йилидан бўлган эди. Шундан бошлаб Ислом оламида Рамазон ва Қурбон ҳайитлари катта байрам сифатида нишонлаб келинади. Бу кунларда ўтиб кетган мусибатларни ёдга олиб азадорлик билан ўтказиш Ислом таълимотига тескари одатдир. Бу кунларда ҳатто рўза тутиш ҳаром қилинган. Негаки, бу кунлар байрам бўлгани учун нафсларга ором бериб жасадни роҳатлантиришга амр қилинганмиз.

Ҳайит куни ҳайит намозини ўқиш бизнинг мазҳабимизда вожиб дейилган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайит намозини узлуксиз ўқиб келганлар. Ундан юз ўгириш залолат дейилган.

Рамазон ҳайит куни тонг саҳарда бирор таом еб намозга бориш мустаҳаб бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар Рамазон ҳайитига кетишдан олдин тоқ сонда хурмо истеъмол қилиб кейин борар эканлар. Шунга кўра камида уч дона хурмо еб кейин жамоатга бориш суннат бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу ану шундай ривоят қилган.

Тишларни мисвак билан тозалаб ювмоқ, ғусл қилиб покланмоқ ҳам ҳайит кунининг хос одобларидан саналади. Фокиҳ ибн Саъд Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай одатларини ривоят қилган.

Бу кунда чиройли кийимларни кийиб ясаниш ҳам Расулуллоҳнинг суннатларидан.

Фақир мискинлар ҳайит намозидан қайтишда уйларига совға саломлар билан қайтишлари учун бойлар фитр садақасини намоздан олдин беришлари яна бир суннатдир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоятига кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар намозгоҳга боришдан аввал фитр садақаларини беришга буюрган эканлар.

Фитрни адо қилгач кейин намозгоҳга борилади. Намозгоҳда ҳайит намозига қадар бирорта нафл намоз ўқимайди. Бомдоднинг суннати ва фарзидан кейин ҳайит намозигача нафл ўқиш мумкин эмас.

Ҳайит намозининг вақти қуёш найза миқдорича кўтарилгандан кейин то заволигачадир. Намозда биринчи ракатда санодан кейин уч марта такбир айтилади. Иккинчи ракатда эса рукуъдан олдин уч марта қўшимча такбир айтилади. Такбир айтишда қўллар қулоқлар баробаригача кўтарилади. Имом намозни тугатганидан кейин намоз тамом бўлади, улгурмаганлар қазо қилиб ўқиша олмайди.

Ҳайит намозига улов минмасдан, яёв борса савоби кўпроқ бўлади. Масжидда имомнинг ваъзини ва хутбасини яхши эшитмоқ учун имкон қадар минбарга яқин ерга ўтирмоқ, намоздан қайтишда борган йўлидан бошқа йўл билан қайтмоқ ҳам шу куннинг одобларидан. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайит намози учун борган йўлидан бошқа тараф билан қайтар эдилар. Хизматкор ва болаларига, аҳлияларига ҳайит кунини байрам қилиб кўнгилочар жойларга боришига ва ўйин-кулгу қилишга рухсат бермоқ, ҳайитлик совға-саломлари билан сийламоқ керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам хузурида Оиша онамиз икки жориялари билан Қурбон ҳайити куни чилдирма чалиб ўйин қилиб турганларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу келиб қоладилар ва Оиша онамизни койиб берадилар. Шунда Расулуллоҳ соллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр Сиддиққа: “ қўяверинг, эй Абу Бакр. Бугун уларнинг байрами…” дейдилар;

Ҳайит кунида қилинадиган амалларимиз қисқача шулардан иборат.

Азиз диндош қардошлар! Кириб келаётган муборак Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Мавлоно Мулла Али ал-Қорининг “Фатҳу баб ал-иная” асари асосида

Мусабоев ШАРОБУДДИН

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *