ҚОРИЛАР ҚАДРЛАНГАН ЮРТ ФАҚАТ ОБОД БЎЛАЖАК!

180113194852

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев жаноби олийларининг ўтган йил сентябрь ойида Ҳазрати Имом масжиди зиёрати чоғи муфтий ҳазратларига Қуръон мусобақаси ўтказиб, Қуръони каримни гўзал овозларда тиловат қиладиган қориларни саралаш ва уларни тақдирлаш ҳақидаги таклифлари асосида юртимиз бўйлаб кенг кўламда ҳофизи Қуръонлар мусобақаси ташкил этилди. Айни дамда водийнинг гўзал гўшаси қорилар юрти бўлмиш Андижонда давом этаётган мусобақага бориб олам-олам таассуротлар билан қайтдик.

Биринчи куни мусобақа очилиш жараёнида вилоятимиз бош имом хатиби Нуриддин домла Холиқназаров сўзга чиқиб, ушбу хайри тадбирнинг бош ташаббускори бўлмиш ҳурматли Президентимизга бутун вилоят аҳли номидан алоҳида миннатдорчилик изҳор этди ва барча иштирокчиларга муваффақият тилаб дуо қилиб бердилар.

Кейин Вилоятимиз ҳоким муовини Равшан Турғунович сўзга чиқиб барча қатнашчилар ва меҳмонларга ўз табригини йўллади. Қориларга омда тилаб, уларнинг тиловатлари шаҳримизга нур олиб келишини таъкидладилар.

Сўнгра мусобақанинг ташкилий ишлар раиси Абдулҳаким домла сўзга чиқдилар. Домла сўз бошида Андижон Қуръон мактаби ҳақида алоҳида тўхталиб Андижон қориларининг куллий устозлари бўлмиш Мубин қори дада ва Рўзи қори домла алайҳир-роҳмаларни эслаб ўтдилар. Сўнгра мусобақа ҳакамларини, шунингдек, табаррук меҳмон сифатида таклиф этилган Андижонимиз улуғлари Зокиржон домла, Неъматуллоҳ қори домла, Абдулжалол қори домла, Сирожуддин қори домла, Раҳматуллоҳ қори домла ҳафизаҳумуллоҳни барча иштирокчи ва тингловчиларга таништирдилар.

Шуни алоҳида эсга олиш ўринлики, Абдулҳаким домла ҳафизаҳуллоҳ Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг сизу-биз Қуръон шайдоларига омонат хушхабарларини етказдилар. Яъни, ҳар бир вилоятда биринчи ўринни олган қориларга (18-25 ёш ҳифз ва тиловат йўналишида 2 нафар. 25-40 ёш ҳифз ва тиловат йўналишида икки нафар. Эркак ва аёллардан ҳам шундай жами 8 нафар) шу йил умра сафарига ота-оналари билан бирга бепул бориш имкони берилишини. Ундан ташқари ҳар бир биринчи ўринни олган қори ўз вилоятидаги диний билим юртда имтиёзли талаба бўлиш имконига эга бўлишини, агар республика босқичигача кўтарилиб унда ҳам совринли ўринларни олса, шахсан Президентимиз томондан қимматбаҳо автомобил билан тақдирланишини айтганда залдаги барча иштирокчилар баралла овозда Аллоҳга ҳамдлар айтиб шод бўлдилар.

Абдулҳаким домла қориларимизнинг барчасига Аллоҳдан омад тилаб, Қуръон аслида дунёвий мато учун эмас Аллоҳнинг ризолиги учун ўқилиши лозимлигини, шунда ҳам дунёвий ҳам ухровий саодатга эга бўлиниши ҳақида қориларимизга эслатма бериб сўзларини тамомладилар.

Сўнгра, ташкилий ишларда Абдулҳаким домланинг бош ёрдамчилари устозимиз Ҳасанхон қори Яҳё Абдулмажид ҳафизаҳуллоҳ сўзга чиқиб, мусобқа тартиби ва баҳолаш тизими ҳақида тушунчалар берди.

Қуръон мусобақаси Тошкентдан ҳакам сифатида келган ҳофизи Қуръон Жасур қори ҳафизаҳуллоҳнинг гўзал қироати билан очилди. Аллоҳ саломат қилсин, Ўзбекистонимизда дунёда фахрланишга арзигулик қориларимиз бор экан. Жасур қорининг хушовоз тиловати, тиловат жараёнида ўзини тутишлари, ҳотиржамлик ва виқор билан ўқишларини кўриб, тўғриси қалбларимиз эриб кўзларимиздан ёшлар қалқиб чиқди.

Мусобақа учун шаҳримиздаги икки катта иншоотга эга “Андижон” тўйхонаси танланган эди. Ўзида мингдан зиёд одам сиғдира оладиган ҳар бир бино ҳам юртимиз Қуръон шайдолари учун тўғриси торлик қилиб қолди. Қориларнинг гўзал қироатларини эшитиш мақсадида минглаб Қуръон мухлислари ташриф буюрди. Бинонинг пастки қавати қолиб иккинчи қаватларда ҳам юзлаб тингловчилар муҳаббат ва одоб билан қориларнинг тиловатларини бутун вужудлари ила қулоқ солишларини кўриб, беихтиёр Қуръонни қадрлаган юрт асло хароб бўлмас, қорилар қадрига етган халқ ҳамиша фаровон бўлгай деб юборасиз. Ҳурматли президентимиз айтган Қуръонни эшитиш, эшита билиш маънавияти тингловчиларимизда тўлиқ акс этиб турарди.

Мусобақа ҳифз йўналишида 18-25 ёшли қорилардан бошланди. Ҳар бир қорининг ўзига яраша файзи, таровати бор. Ҳар бир қорида ўзига хос гўзал совт ва услуб айниқса, Президентимиз айтган Қуръонни эшиттира олиш санъатига гувоҳ бўласиз. Уларнинг бир-бирларидан ёқимли тиловатларини эшитиб, ҳаммаси олий совринларга муносиб, ҳаммаларининг ота-оналари умра ва ҳаж зиёратларига бепул борса арзийди, ҳаммалари қимматбаҳо уйлару автомобилларга муносиб, деб юборасиз. Зеро, ҚОРИЛАР ҚАДРЛАНГАН ЮРТ ФАҚАТ ОБОД БЎЛАЖАК!

Аллоҳ таоло қориларимизга муваффақиятлар берсин. Мусобақа давом этади…

Андижон шаҳар «Абу Ҳурайра» жоме масжид имом-хатиби: Ш. Мусабоев ва Ботиржон қори

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *