Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳга қилинган таъналар

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Имом ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Муҳаммад ибн Исмоил ҳазратлари ҳ.194-256/м.810-870 йилларда яшаган ҳадис илми соҳасида мўъминлар амири бўлиб, унинг саҳиҳ ҳадислар тўплами Қуръони каримдан кейинги энг тўғри ва ишончли манба деб ҳисобланган. Бундан ташқари унинг 20 (йигирма)дан ортиқ асарлари бор, аксарияти нашр қилинган. Саҳиҳ ҳадислар тўплами бўлмиш «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» – «Саҳиҳи Бухорий» асарига 150 (бир юз эллик)ка яқин шарҳлар битилган. «Саҳиҳи Бухорий» ўзбек тилига икки марта тўлиқ таржима қилинган.

Ушбу буюк ватандошимиз, улуғ муҳаддис олимимиз Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳам «такфир»нинг, яъни, муайян шахсни кофирга ва бидъатчига чиқаришнинг оғир тошларига рўпара бўлмасдан қолмаган. Бу ҳақида маълумот бериш учун ўша даврда юз берган ҳодиса ва воқеаларни батафсилроқ ёритишга тўғри келади.

Исломда энг йирик фирқалардан бирини мўътазилийлар ташкил қилади. Улар Аббосий халифалар Маъмун (813-833), Мўътасим (833-842) ва Восиқ (842-847) давридагина сиёсий жиҳатдан устунликка эришди. Бу устунлик озгинагина, атиги 15 (ўн беш) йилгина умр кўрди, яъни, Мутаваккил (847-861) даврида мўътазилийлик тамоман рад қилинди. (Қаранг: Муътазилийлар // Ислом энциклопедияси. – Тошкент: «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2004. – Б. 171-172).

Мўътазилийликнинг ўша пайтда юзлаб, минглаб олимларнинг бошини еган масалаларидан бири Қуръоннинг махлуқ эканлиги, яъни Аллоҳнинг каломи яратилган ва кейин пайдо бўлган, деган ақидаси эди. Ушбу ақида натижасида Аллоҳ таолонинг сифатлари азалий эмас, балки ўша сифат қўлланилаётган пайтда вужудга келади (ҳодис), деган носоғлом мафкура пайдо бўлади. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, бу Аллоҳ таоло аввал яратувчи эмас эди, нарсаларни яратаётган вақтда унинг яратувчилик сифати пайдо бўлган, Аллоҳ азалда гапирувчи эмас эди, масалан, фаришталарга ёки Мусо алаҳиссаломга гапираётган вақтда Аллоҳнинг калом сифатида пайдо бўлган, деган ақидадир. Аҳли сунна ва-л-жамоа ақидаси эса бундай: Аллоҳ таолонинг ўзи азалий бўлгани каби унинг сифатлари ҳам азалийдир. Кейин пайдо бўлган эмас. Шу жумладан, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг азалий каломи сифатида азалийдир, кейин пайдо бўлган эмас!

Бу ақида Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ даврида ҳам кўтарилган, лекин ул зотнинг қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли бу масала ёпиқлигича қолган эди. Ибн Қутайба раҳимаҳуллоҳ «ал-Ихтилоф фи-л-лафз» асарида ул зотнинг бу ишини миннатдорчилик билан эслаган. (Ибн Қутайба ад-Динаварий. Ал-Ихтилоф фил-л-лафз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1985. – Б. 47-50).

Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ «Аллоҳда бор нарса махлуқ эмас, халқда бор нарса эса махлуқ», деган ўз қарашини билдирган. Шундай бўлса-да, Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мўътазилийларнинг ушбу ақидасига раддия сифатида илк бор «ал-Фиқҳ ал-акбар» асарида қайта-қайта тўхтаб ўтишга мажбур бўлган:

«Аллоҳнинг феъли махлуқ эмас. Аллоҳнинг сифатлари азалда қадимийдир, махлуқ эмасдир. Ким Аллоҳнинг сифатларини махлуқ ёки янгидан пайдо бўлган деса ёки бунга бетараф бўлса ёки Аллоҳнинг сифатларига шубҳаланса, у Аллоҳни инкор этган кофирдир… Қуръон мусҳафларда битилган, қалбларда ёдланган, тилларда ўқилган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган. Қуръонни талаффуз қилишимиз, уни ёзишимиз ва ўқишимиз махлуқдир. Қуръон махлуқ эмас… Аллоҳ таоло сўзлайди. Сўзлаши бизнинг сўзлашимизга ўхшамайди. Биз воситалар (аъзолар) ва ҳарфлар ёрдамида сўзлаймиз. Аллоҳ таоло восита ва ҳарфларсиз сўзлайди. Ҳарфлар махлуқдир. Аллоҳнинг каломи – махлуқ эмасдир…». (Имоми Аъзам. Асарлар. Ал-Фиқҳ ал-акбар / Таржимон ва нашрга тайёрловчи: А.Баҳромов. – Т.: Movarounnahr, 2003. – Б. 78-79).

Қуръони карим махлуқ – яратилган ва кейин пайдо бўлган, деган гапни илк бор ал-Жаъд ибн Дирҳам, ундан сўнг Жаҳм ибн Сафвон айтиб ўтган. Уларга Бишр ибн Ғиёс ал-Мурисий эргашган. ал-Жаъд ибн Дирҳам 118/736 йилда зиндиқликда айбланиб ўлдирилган. Жаҳм ибн Сафвон ҳам 128/745 йилда подшоҳга қарши чиққани учун қатл қилинган. Бишр ибн Ғиёс ал-Мурисий эса 218/833 йилда етмиш ёшларида вафот қилган.

Мўътазилийлар кучайишининг аввалида халифа Маъмун махсус жазо муассасаси – «меҳна» ташкил қилиб, уламо ва фақиҳ, илоҳиятчи ва қози, ҳатто оддий муаллим ва муаззинларни синаб кўра бошлади. Бу ҳолат кейинги халифалар даврида ҳам тўхтамай давом қилди. Бундай мажбурий чораларга қарамасдан, мўътазилийлик таълимоти ва унинг қарашлари бутун Ислом оламида умуман тан олинмади. Буюк имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳга эргашган сунний уммат, мўътазилийларнинг кутган натижаларини барбод қилдилар.

Лекин ушбу ўн беш йиллик фитна асрларга татигулик таъсир кўрсатди. Ўша даврдаёқ одамлар қўрққанидан мўътазилийлар фикрига қўшилганлар, бетараф бўлиб жим турганлар, ўз фикридан қайтмасдан соф ақидада мустаҳкам бўлганлар тоифалари вужудга келди. Кейинчалик «Қуръоннинг яратилган ёки яратилган эмас»лиги ҳақидаги масала, минг таассуфлар бўлсинки, одамлар бир-бирларини айблайдиган, муҳаддислар, каломчилар, фақиҳлар бир-бирларига туҳмат тошлари отадиган, бир-бирларини ишончсиз – «ғайри сиқа»га чиқарадиган, ҳадисшуносликда «жарҳ ва таъдил» қоидасига жуда катта таъсир қиладиган бўлиб қолди. Бу ҳолатда зулм, душманлик, адолатсизлик ва «такфир» фитнаси бош кўтарди: исломнинг таниқли шахсларини «бу Қуръонни махлуқ, деган», деб уни илмда ишончсиз шахсга чиқаришлар кўплаб юз берди. Ана шундай таъна тошларига Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳдек зот ҳам гирифтор бўлди. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Фатҳ ал-Борий»нинг муқаддимаси «Ҳадй ас-сорий»да Абу Абдуллоҳ ал-Ҳоким ан-Найсобурий раҳимаҳуллоҳнинг «Тарихи Найсобур» асаридан қуйидаги нақлни келтирган (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Ҳадй ас-сорий муқаддима «Фатҳ ал-Борий». 1-2 жилдлар. – Риёз: Дор Тийба, 2005. – Б. 1311-1313):

Имом Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ Нишопурга ташриф қилганида, унинг келишига ҳурмат юзасида Нишопур ҳокими ва олиму уламоси ҳамда бутун аҳоли шаҳардан икки ёки уч марҳалага чиқиб кутиб олганлар. Ўша даврда Нишопурнинг энг катта олими Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва ўша даврнинг қарийб барча кўзга кўринган муҳаддисларининг устозларидан бири, таниқли ҳадисшунос, ҳадис ривоятларида жуда ишончли ровий, ҳадис илмида амир ал-мўъминин, деб васф қилинган зотлардан бири Муҳаммад ибн Яҳё аз-Зуҳалий раҳимаҳуллоҳ бўлган. У: «Мен эртага Муҳаммад ибн Исмоилни кутиб олишга чиқаман. Ким шундай қилмоқчи бўлса, мен билан юрсин», деган. Натижада Нишопурдаги аҳли илмнинг барчаси Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ истиқболига чиққанлар. Айтишларича, пой-у пиёда, эшак-хачирда чиққанлардан ташқари отда чиққанларнинг сони 4000 (тўрт минг)дан ошиб кетган. (Тожиддин ас-Субкий. Табақот аш-шофиъият ал-кубро. 2-жилд. – Ҳалаб: Дор ал-кутуб ал-арабий, 1964. – Б. 225).

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ Нишопурда бухороликлар карвонсаройига тушганлар. Имом аз-Зуҳалий раҳимаҳуллоҳ одамларни: «Имом ал-Бухорийдан каломга оид саволлар сўраманглар, агар бизнинг фикрларимиздан бошқача жавоб берса, ораларамиз бузилиб юрмасин», дея огоҳлантирган эди. Уч кунгача карвонсарой одамлардан бўшамайди. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳни зиёрат қилгани келган одамлар билан карвонсаройнинг ҳовлисию, томларигача тўлиб кетади. Шунда бир нодон кимса: «Қуръоннинг лафзи махлуқ – яратилганми ёки махлуқ эмасми?», дея савол бериб қолади. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ унга: «Бизнинг феълларимиз яратилган махлуқ, лафзларимиз эса феълларимиздандир», дея жавоб беради. Яъни, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ бу ерда: «Қуръони каримнинг асли махлуқ – яратилган эмас, лекин уни талаффуз қиладиган бўлсак, лафзимиз махлуқ – яратилган бўлади», деган маънода жавоб берган эди. Аслида бу юқорида иқтибос келтирилган, Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтган фикрнинг айнан ўзгинаси эди. Бироқ, одамлар буни тушунмадилар, ғала-ғовур бошланди. Айримлар: «Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ Қуръоннинг лафзини махлуқ деди», десалар, бошқалар: «Йўқ, ундай демади», дедилар. Орада ҳар хил тортишувлар бошланди. Натижада «такфир» санъатига маҳлиё бўлган уламо ва оломон Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳни карвонсаройдан ҳайдаб чиқарадилар.

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ каби энг буюк муҳаддисларга устозлик қилган Муҳаммад ибн Яҳё аз-Зуҳалий раҳимаҳуллоҳ қизишиб кетганидан: «Қуръон Аллоҳнинг каломидир, у махлуқ эмас. Кимки Қуръоннинг лафзи махлуқ, деса, у бидъатчидир. У билан ўтирилмайди, у билан гаплашиб бўлмайди. Бундан кейин ким Муҳаммад ибн Исмоил олдига борса, у муттаҳамдир. Чунки, унинг мазҳабидаги одамгина унинг олдига йўлайди», деб юборади. Тожиддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ унинг бу гапини ҳасаддан бўлган, дейди. (Тожиддин ас-Субкий. Табақот аш-шофиъият ал-кубро. 2-жилд. – Ҳалаб: Дор ал-кутуб ал-арабий, 1964. – Б. 228-229).

Фитнанинг натижаси шу бўлдики, ҳадис фанида амир ал-мўъминин бўлган Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ «жарҳ ва таъдил» соҳасида ҳадис бўйича ишончсиз, деб топилди. Ё, Аллоҳ! Бу нимаси?! Жумладан:

1) Ибн Абу Ҳотим раҳимаҳуллоҳ ўзининг «ал-Жарҳ ва-т-таъдил» асарида Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолида ёзади: «У 250 ҳижрий йилда Райга ташриф буюрганида менинг отам ва Абу Зуръа раҳимаҳуллоҳ ундан ҳадислар ёзиб олган эди. Бироқ, Муҳаммад ибн Яҳё ан-Найсобурий раҳимаҳуллоҳ бизга уларнинг олдида Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ Қуръонни талаффуз қилиш махлуқ, деб айтганини мактуб орқали билдирганидан кейин ундан ёзиб олган нарсаларнинг ҳаммасини тарк қилдилар». (Ибн Абу Ҳотим. Китоб ал-Жарҳ ва-т-таъдил. 1086-рақам. 7-жилд. – Байрут: Эҳё турос ал-арабий, 1952. – Б. 191).

2) Ҳофиз аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Девон аз-зуафо ва-л-матрукин» асарига Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг номини ҳам киритиб, Ибн ал-Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг уни каззоб, деганини келтиради ва «У «лафз масаласи» сабабли гап-сўздан саломат қолмади, ҳар ҳолда, ана шу сабабли икки нафар розийлик, яъни Абу Зуръа раҳимаҳуллоҳ ва Абу Ҳотим раҳимаҳуллоҳ уни тарк қилганлар ва аз-Зуҳалий раҳимаҳуллоҳ ундан юз ўгирган», деган. (Шамсиддин аз-Заҳабий. Девон аз-зуафо ва-л-матрукин. – Мадина, 1973. – Б. 342-343).

Қуръон лафзининг яратилган-яратилмаганлиги борасида келиб чиққан фитна туфайли Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳдан ташқари унинг икки буюк устозлари Али ибн ал-Мадиний раҳимаҳуллоҳ ва Яҳё ибн Маъин раҳимаҳуллоҳ кабиларнинг ҳам ҳадислари тарк қилингани манбаларда ёзиб қолдирилган. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ билан Ҳусайн ал-Каробисий раҳимаҳуллоҳ эса бир-бировларидан ажралмас дўст эдилар, мана шу масала қўзғалгандан кейин иккови бир-бирини кўра олмайдиган душманга айланганлар. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: «Ким Қуръонни махлуқ деса, у жаҳмийдир. Кимки Қуръонни Аллоҳнинг каломи, деб туриб, уни махлуқ эмас, деб айтмаса, у воқифийдир. Кимки Қуръонни талаффуз қилиш махлуқ деса, у мубтадеъдир», деган. Унинг бу гапини эшитиб, ал-Каробисий раҳимаҳуллоҳ: «Оббо, бу йигитни нима қилсак экан?! Қуръонни махлуқ десак ҳам бидъатчига чиқаряпти, Қуръонни ғайри махлуқ десак ҳам бидъатчига чиқаряпти», деган экан. (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. 2-жилд. – Ҳайдаробод: Матбаа мажлис доират ал-маориф ан-низомия,1325. – Б. 361).

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ «Тазкират ал-ҳуффоз»да бир воқеани келтирган: Абу-л-Валид ан-Найсобурий раҳимаҳуллоҳнинг отаси ундан нима иш қилаётганини сўрабди. У эса Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ҳадисларини тўплаб, ўрганиб, ёзиб ўтирганини айтибди. Шунда отаси унга қараб: «Сен Бухорийни қўй, Имом Муслимнинг китобини ўзингга лозим тут. Унда барака кўпроқ. Имом ал-Бухорий эса лафзга нисбат қилинган, яъни, Қуръоннинг талаффузи махлуқ, дейишда айбланган», дебди. (Шамсиддин аз-Заҳабий. Тазкират ал-ҳуффоз. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1955. – Б. 895-896).

Энг қизиғи, Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу ақидада Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ билан мувофиқ бўлган. (Байҳақий. «ал-Асмо ва-с-сифот», 2/591).

Мана шу ерда «такфир»нинг жирканч кўриниши бўй кўрсатган, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ Нишопурда тура олмадилар. Минг-минглаб одамлар унинг ташрифидан қувониб, истиқболига қарши чиққан бўлса, орадан бир ҳафта ҳам ўтмасдан Нишопурда унга салом ҳам берадиган одам топилмади. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳдан ҳатто шогирдлари ҳам юз ўгириб кетди, фақат икки киши: Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ва Аҳмад ибн Салама раҳимаҳуллоҳ унинг ёнида қолди. Муҳаммад ибн Яҳё аз-Зуҳалий раҳимаҳуллоҳ: «Имом Бухорий шаҳарда турмасин!», дегани боис тезда шаҳардан уч кимса ёлғизоёқ чиқиб кетдилар. Бироқ, бу воқеа Имом Муслим раҳимаҳуллоҳга жуда қаттиқ таъсир қилди, икки устозидан қайси бирининг ёнини олишни билмай қолди. У Имом аз-Зуҳалий раҳимаҳуллоҳдан ёзиб олган, бир эшакка юк бўлгудек ҳадис ва хабарларнинг ҳаммасини унинг ўзига қайтариб юборди. Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ саҳиҳ ҳадислар тўпламини тузар экан, Имом аз-Зуҳалий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам номини ва ривоятларини киритмади. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг муборак ривоятлари унинг саҳиҳ ҳадислар тўпламига кирмай қолганининг бош сабаби мана шу эди. Имом аз-Зуҳалий раҳимаҳуллоҳ номи эса «Саҳиҳи Муслим»дан бошқа барча ҳадис китобларига киритилган. (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. 9-жилд. – Ҳайдаробод: Матбаа мажлис доират ал-маориф ан-низомия,1325. – Б. 512).

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг буюклиги, улуғлиги, қалби дарё мушфиқлиги, кечиримли зот бўлгани шу ердаки, Муҳаммад ибн Яҳё аз-Зуҳалий раҳимаҳуллоҳнинг Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳга нисбатан Нишопурда ва у ердан чиқиб кетганидан кейин ҳам қилган ҳатти-ҳаракатлари, гап-сўзларига қарамасдан Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ унинг номини ва ривоятларини «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» – «Саҳиҳи Бухорий» асарига киритган ва роппа-роса 34 (ўттиз тўрт) ривоятни у орқали олганини қайд қилган. Мазкур саҳиҳ ҳадислар тўпламида Муҳаммад ибн Яҳё аз-Зуҳалий раҳимаҳуллоҳ номи турли кўринишда келади. (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. 9-жилд. – Ҳайдаробод: Матбаа мажлис доират ал-маориф ан-низомия,1325. – Б. 516).

Юқорида келтирилган мисоллар инсонни – мусулмонни ўйлашга ундайди. Наҳотки, бир масала сабабли бир-бировни айблаб, уни кофирга чиқариб, айниқса, дунё тан олган имомларни, олимларни ёмонотлиққа чиқариш мумкин бўлса! Наҳотки, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ каби зотларни матрук – ҳадислари қабул қилинмайди, дейилса! Наҳотки, унинг ақидасида бўлган Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ каби минглаб зотларни тарк қилинса! Ҳа, фитна бўлганидан кейин унга аралашиб қолмасдан илож йўқ, «такфир»нинг домига тушиб қолмасдан илож бўлмай қоларкан. Имом ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Тадриб ар-ровий» асарида «Фойда» сарлавҳаси остида бидъат ва «такфир» билан маломат қилинган, шу билан бирга саҳиҳ ҳадислар тўпламларига ривоятлари киритилган улуғ зотларнинг исмларини, роппа-роса 78 (етмиш саккиз) нафар шахснинг номларини бирма-бир келтирган. Шунингдек, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ҳам «Ҳадй ас-сорий»да Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг кишилари, яъни, «Саҳиҳ ал-Бухорий»даги ровийлардан бидъат ва «такфир» билан айбланган ҳадисчилардан 69 (олтмиш тўққиз) нафар кимсанинг номларини алифбо тартибида зикр қилиб ўтган. Агар ушбу бирма-бир келтирилган зотларнинг «бидъатчи»лигига ёки «куфр»ига ишониладиган бўлса, «Саҳиҳи Бухорий» энг заиф ҳадислар тўплами бўлиб чиқади. Мана сизга «такфир»нинг аянчли оқибати!

Бундан ташқари Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ Бухоронинг ўзида ҳам бир қанча азиятлар чеккан. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ Бухорода туғилиб-ўсган, у ерда бошланғич таълимни олган эди. Бу пайтда Бухоронинг энг катта олими Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирди Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳдан таълим олиб қайтган Абу Ҳафс ал-кабир Аҳмад ибн Ҳафс ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи (150-216/768-832) ҳисобланарди. Унинг шарофати туфайли Бухоро «Қуббат ул-ислом» («Ислом динининг гумбази») номини олган. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ унинг олдида бир қанча ҳадиси шариф тўпламлари, фиқҳий манбалардан сабоқ олган. Ўн олти-ўн етти яшарлигида таҳсил олиш учун бошқа мамлакатларга сафар қилиб то эллик ёшларидан ўтиб кетганидан сўнг Бухорога қайтиб келган. Бу пайтда Бухоронинг етакчи олими Абу Ҳафс ал-кабир раҳимаҳуллоҳнинг ўғли Абу Ҳафс ас-сағир раҳимаҳуллоҳ ҳисобланган. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг Бухородан қувилиш воқеаси мана шу кичик Абу Ҳафс ас-сағир раҳимаҳуллоҳ даврида содир бўлган. Бироқ, манбаларда янглиш равишда воқеа катта Абу Ҳафс ал-кабир раҳимаҳуллоҳ даврида рўй берган, деб зикр қилинаверади. Ҳолбуки, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ таҳсил ва устозлик даври тугаб, Бухорога қайтиб келганида, Абу Ҳафс ал-кабир раҳимаҳуллоҳ оламдан ўтган эди. Шунингдек, Абу Ҳафс ас-сағир раҳимаҳуллоҳнинг Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Бухорога қайтиб келганидан сўнг қўзғалган ақидавий масалаларга бағишланган «ар-Радд ъала ал-Лафзийя» ва «Китоб ал-Иймон»номли асарлари борлиги маълум. Ушбу икки асарни муаллиф Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳга раддия сифатида битган, деб тахмин қилсак бўлади.

Бухорода воқеалар бу тарзда давом этган:
Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзи мужтаҳид ва аҳли ҳадис бўлгани боис ўз ижтиҳодига кўра фатво берарди. Табиийки, ҳанафийликка асосланган Бухоро аҳли ва уламолари амалиётига унинг фикрлари тўғри келмай қолади. Орада ҳар хил тушунмовчиликлар юз бергани ҳам табиий. Жумладан, шундай масалалардан бири сифатида аслида бир-бирига бегона бўлган ўғил-қизнинг орасида эмикдошлик собит бўлиши учун бир онани эмган бўлишлари кераклиги масаласи қайд қилинган. Агар улар бир сигирнинг ёки бир қўйнинг сутини эмган бўлса, эмикдошлик собит бўлмайди. Фиқҳий манбаларда келтирилишича, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ бир сигирнинг ёки бир қўйнинг сутини бир-бирига бегона ўғил-қиз эмсалар ёки ичсалар, ораларида эмикдошлик собит бўлиб, улар бир-бирларига ака-сингил бўлиб қоладилар, деган эмиш. Бу ҳақида илк бор ҳанафийларнинг буюк фақиҳи Шамс ал-аимма ас-Сарахсий раҳимаҳуллоҳ ўзининг машҳури жаҳон бўлган «ал-Мабсут» асарида зикр қилган. Кейинги давр фақиҳлари унинг ушбу хабарини такрорлаганлар:

و لو ارضع الصبيان من بهيمة لم يكن ذلك رضاعا و كان بمنزلة طعام اكلاه من اناء واحد و محمد بن اسماعيل صاحب الاخبار رحمه الله تعالى يقول يثبت به حرمة الرضاع فانه دخل بخارى فى زمن الشيخ الامام ابى حفص رحمه الله تعالى و جعل يفتى فقال له الشيخ رحمه الله تعالى لا تفعل فلست هنا لك فابى ان يقبل نصحه حتى استفتى عن هذه المسئلة اذا ارضع صبيان بلبن شاة فافتى بثبوت الحرمة فاجتمعوا و اخرجوه من بخارى بسبب هذه الفتوى

«Агар гўдаклар бир жониворни эмсалар, мана шулар бир-бирига эмикдош бўлмайди, бу таомни битта идишдан еган ўрнидадир. Хабарлар муаллифи Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ эмикдошлик ҳаромлиги собит бўлади, деб айтади. У Абу Ҳафс раҳимаҳуллоҳ даврида Бухорога кирган ва ўша фатвони бера бошлаган. Шайх унга: «Бу ишни қилма, бу борада сен фиқҳий салоҳиятга эга эмассан», деган. У бунинг насиҳатини қабул қилмасдан ушбу масала бўйича фатво бераверган. Қачон гўдаклар бир қўйнинг сутини эмсалар, улар бир-бирларига ҳаром бўладилар, деган фатвони бераверган. Шунда олимлар унга қарши тўпланганлар ва ушбу фатво сабабли уни Бухородан чиқарганлар». (Шамсиддин ас-Сарахсий. Ал-Мабсут. 5-жилд. – Байрут: Дори маърифат, 1989. – Б. 139-140).

Машҳур «ал-Ақоид ан-насафия»нинг муаллифи Абу Ҳафс ан-Насафий раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Машореъ аш-шореъ» асарида буни ҳам қайд қилиб ўтган:

و لا يثبت بلبن البهيمة عند الجمهور خلافا لمحمد بن اسماعيل البخارى رحمه الله

«Жумҳур олимлар фикрича ҳайвоннинг сути билан эмикдошлик собит бўлмайди, бунга Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ хилоф қиладилар». (Абу Ҳафс ан-Насафий. Машореъ аш-шореъ // Матлаъ ал-улум ва мажмаъ ал-фунун. ШҚМ қўлёзмаси, № 1462. – В. 71а).

Яна «Тафсири Насафий» муаллифи Абу-л-Баракот ан-Насафий раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзининг «ал-Кофий шарҳ ал-Вофий» номли асарида бу ҳақида айтиб ўтган:

و لو شرب صبيان من بهيمة لم يتعلق به التحريم لان الحرمة انما يثبت بطريق الكرامة و ذا يختص بلبن الآدمية دون البهيمة و شبهة الحرمة لا يثبت بين الآدمي و البهيمة بشرب لبنها و كذا بين الآدميين بشرب لبنها و كان محمد بن اسماعيل صاحب الحديث رحمة الله عليه يفتى بثبوت الحرمة و اخرج من بخارا بسببه

«Агар гўдаклар бирор жонивордан сут ичсалар, у сабабли ҳаромлик боғланиб қолмайди. Чунки, ҳаромлик мукаррамлик йўли билан собит бўлади. Бу эса одамзотнинг сути билан хосланади, ҳайвоннинг эмас. Ҳаромликнинг шубҳали бўлиши одамзот билан ҳайвон орасидан унинг сутини ичиш билан собит бўлмайди. Худди шунга ўхшаш одамларнинг орасида ҳам унинг сутини ичиш билан эмикдошлик юз бермайди. Ҳадислар тўпловчиси Муҳаммад ибн Исмоил раҳимаҳуллоҳ ҳаромлик собит бўлишига фатво берган экан. Унинг сабабидан уни Бухородан чиқарилган». (Абу-л-Баракот ан-Насафий. Ал-Кофий шарҳ ал-Вофий. ШҚМ қўлёзмаси, № 9245. – Б. 190а-б).

Таниқли ҳанафий олими Акмалуддин ал-Бобуртий раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб «ал-Иноя шарҳ ал-Ҳидоя»да ушбу воқеа бу тарзда зикр қилинган:

و اذا شرب صبيان من لبن شاة لم يتعلق به التحريم لانه لا جزئية بين الآدمى و البهائم و الحرمة باعتبارها و ذكر فى المبسوط فى هذا حكاية و هى ان محمد بن اسماعيل البخارى صاحب الاخبار كان يقول تثبت به حرمة الرضاع فانه دخل بخارى فى زمان الشيخ ابى حفص الكبير و جعل يفتى فقال له الشيخ لا تفعل فانك لست هناك فابى ان يقبل نصحه حتى استفتى عن هذه المسئلة فأفتى بثبوت الحرمة فاجتمعوا و اخرجوه من بخارى

«Агар болалар бир қўйнинг сутидан ичсалар, у билан ҳаромлик собит бўлмайди. Чунки, одамзот билан ҳайвонлар орасида жузъий бўлаклик йўқ. Ҳаромлик эса у билан эътиборлидир. «ал-Мабсут»да бу ҳақида бир ҳикоя зикр қилинган. У шуки, хабарлар тўпловчиси Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ у билан эмикдошлик собит бўлади, дер экан. У зот Абу Ҳафс ал-кабир раҳимаҳуллоҳ даврида Бухорога кирганида ўша фатвосини айта бошлаган. Шайх унга: «Бундай қилма, бу борада сен фиқҳий салоҳиятга эга эмассан», деган. У зот эса унинг насиҳатини қабул қилмасдан ушбу масала тўғрисида фатво бераверган. Ҳаромлик собит бўлади, деб фатво берган. Олимлар унга қарши жамланганлар ва уни Бухородан чиқарганлар». (Акмалуддин ал-Бобуртий. Ал-Иноя фий шарҳ ал-Ҳидоя. 3-жилд. – Миср: Амирия, 1316. – Б. 16).

Камолиддин ибн ал-Ҳумом раҳимаҳуллоҳ «ал-Ҳидоя»нинг энг машҳур шарҳи ҳисобланадиган «Фатҳ ал-қадир» номли асарида қуйидагиларни айтади:

و نقل انّ الامام محمد بن اسماعيل البخارى صاحب الصحيح أفتى فى بخارى بثبوت الحرمة بين صبيين ارتضعا شاة فاجنمع علماؤها عليه و كان سبب خروجه منها و الله سبحانه اعلم و من لم يدقّ نظره فى مناطات الاحكام و حكمها كثر خطؤه و كان ذلك فى زمن الشيخ أبى حفص الكبير و مولده مولد الشافعى فانهما معا ولدا فى العام الذى توفى فيه ابو حنيفة و هو عام خمسين و مائة

«Нақл қилинганки, Имом Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ – «Саҳиҳ» муаллифи Бухорода икки гўдак бир қўйни эмсалар, ораларида ҳаромлик собит бўлади, деб фатво берган. Шунда, у ернинг уламолари унга қарши жам бўлганлар. Бухородан чиқарилишига шу сабаб бўлган. Яна Аллоҳ билгувчироқ. Кимнингки назари ҳукмлар маноти (асл сабаби)да диққатли бўлмаса, унинг ҳукмларида хато кўп бўлади! Бу воқеа Абу Ҳафс ал-кабир раҳимаҳуллоҳ даврида бўлиб ўтган. Унинг туғилган вақти билан Имом аш-Шофиъийнинг туғилган вақти бир хилдир. Улар иккови биргаликда Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ вафот қилган йилда туғилганлар. У бир юз эллигинчи йилда юз берган». (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 3-жилд. – Миср: Амирия, 1316. – Б. 16).

Ҳанафий мазҳаби тадқиқотчилари Мавлоно Али ал-Қори раҳимаҳуллоҳ ва Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ бу ҳикояни зикр қилар эканлар, ушбу воқеанинг бўлиб ўтганлигига шубҳа билдирганлар. Зотан, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ буюк муҳаддис бўлиши билан бирга фиқҳий салоҳияти ҳам ундан кам бўлмаган, албатта. Унинг фаҳми, диққат-назари фиқҳий масалалар борасида ҳам ўткир бўлганлигига шак-шубҳа йўқ. (Али ал-Қори. Ал-Асмор ал-жания фий табақот ал-ҳанафия. – Ҳинд: Худобахш, 2002. – Б. 148; Абдулҳай ал-Лакнавий. Ал-Фавоид ал-баҳия. – Қозон, 1902. – Б. 22).

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзининг саҳиҳ ҳадислар тўпламида эмикдошлик масаласи бўйича бир қанча ҳадиси шарифлар ривоят қилган бўлиб, муаллифнинг ўзи уларга амал қилган, албатта:

لا تحلّ لى يحرم من الرضاع ما يحرم من النسب

«Менга ҳалол бўлмайсан, худди насабда ҳаром бўлганидек эмикдош ҳам ҳаром бўлади-ку?!». (Бухорий, 3/2645).

الرضاعة تحرم ما يحرم من الولادة

«Эмикдошлик туғишганликда ҳаром қилган нарсани ҳаром қилади». (Бухорий, 3/2646).

Ушбу ҳадиси шарифлардан ва уларга ўхшаганлардан эмикдошлик албатта инсонлар орасида инсонларнинг сутини эмган ҳолатда содир бўлишини англатиб туради.

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ Бухорода учраган иккинчи қаршиликлари имон масаласида эди. Таниқли ҳанафий олими Абдурраҳим Шайхзода раҳимаҳуллоҳ «Назм ал-фароид ва жамъ ал-фавоид» асарида шу ҳақида тўхталиб ўтган. Унинг айтишича, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ имон махлуқ, яъни яратилган, деган ақидавий қарашда бўлган. (Абдурраҳим Шайхзода. Назм ал-фароид ва жамъ ал-фавоид. – Миср: Адабия, 1317. – Б. 43-44).

Ҳанафийларнинг жумҳури, хусусан, Бухоро уламолари имон махлуқ эмас, яъни ҳодис – яратилган эмас, деган қарашдадирлар. Улар буни худди Қуръони каримга ўхшатганлар. Чунки, имон Аллоҳ таолонинг тавфиқи ва ҳидояти бўлиб, тавфиқ бериш ва ҳидоятга йўллаш Аллоҳ таолонинг сифати ҳисобланади, яъни у ҳам калом сифатига ўхшашдир. Аллоҳнинг сифатлари эса унинг ўзи каби азалийдир. Бинобарин, шунга кўра, имон ҳам азалий сифатдир.

Бироқ, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ бу ақидада аҳли сунна ва-л-жамоанинг катта бир қисмини ташкил қилувчи ашъарийларга мувофиқ фикр юритган. Али ал-Қори раҳимаҳуллоҳнинг айтишича, Самарқанд уламолари, ашъарийлар жумҳури ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ имон азму қарор қилиш, яъни, у инсоннинг қабул қилиши натижасида юзага келгани боис уни махлуқ – яратиладиган нарса деб топганлар. (Али ал-Қори. Шарҳ «ал-Фиқҳ ал-акбар». – Миср: ат-Тақаддум, 1906. – Б. 128).

Агар шу жиҳатдан олиб қаралса, бу Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳам ақидасига мувофиқ келади. Жумладан, у васиятларининг бирида бундай деган:

نقر بان العبد مع جميع اعماله و اقراره و معرفته مخلوق فلما كان الفاعل مخلوقا فافعاله اولى ان تكون مخلوقة

«Биз ҳар бир банданинг жами амаллари, иқрори ва маърифати махлуқ эканлигига иқрормиз. Модомики, иш-ҳаракатни бажарувчи махлуқ экан, унинг амаллари ҳам махлуқ эканлигида шубҳа бўлиши мумкин эмас». (Имоми Аъзам. Асарлар. Васоё / Таржимон ва нашрга тайёрловчи: А.Баҳромов. – Т.: Movarounnahr, 2003. – Б. 34 ва 80).

Абу-л-Муин ан-Насафий раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Баҳр ал-калом» асарида имоннинг махлуқ ёки ғайри махлуқ эканлиги борасида батафсил тўхталган ва қуйидаги хулосаларга келган:

«Имон Рабнинг ҳидояти билан бўладиган банданинг феълидир. Биз имонни махлуқ ёки махлуқ эмас, деб айтмаймиз. Балки, бандадан тил билан қирор қилиш ва қалб билан тасдиқлашдир, Аллоҳ таолодан эса ҳидоят ва тавфиқдир… Айтамизки, имон банданинг феъли бўлиб, у Рабнинг ҳидояти билан бўлади. Таъриф Аллоҳ таолодан, маърифат ва унга эга бўлиш бандадан; ҳидоят Аллоҳ таолодан, ҳидоятланиш ва ҳидоятни талаб қилиш бандадан; тавфиқ Аллоҳ таолодан, жидду жаҳд, азму қарор ва қасд бандадан; икром ва ато Аллоҳ таолодан, қабул эса бандадандир. Бас, Аллоҳ таолодан бўлган нарса махлуқ эмас, бандадан бўлган нарса эса махлуқдир. Чунки, Аллоҳ таоло жами сифатлари билан ғайри махлуқдир, банда эса жами сифатлари билан махлуқдир. Кимки Аллоҳ таолонинг сифатларини банданинг сифатларидан ажрата олмаса, демак у залолатга кетган бидъатчидир». (Абу-л-Муин ан-Насафий. Баҳр ал-калом. – Миср: Курдистон ал-илмия, 1911. – Б. 6-7).

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳаётида икки марта Қуръоннинг талаффузи ва имон келтириш махлуқ – яратилган ёки ғайри махлуқ – яратилмагани ҳақидаги масалада таъна ўқларига гирифтор бўлиб қолганларидан сўнг «Халқ афъоли ибод» («Бандаларнинг феълларининг яратилгани») номли асар битишга мажбур бўлганлар.

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ учраган учинчи қаршилик Бухоро амири билан бўлиб ўтган. Бу воқеа машҳурдир. Ҳадис фанидан дарс ўтиш учун Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳни саройга таклиф қилинади. Ул зот саройга боришдан бош тортади. Натижада, ул зот билан амир орасига совуқчилик тушиб қолади. (Уватов У. Бухорий // Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 2-жилд. – Т.: «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2001. – Б. 279; Уватов У. Имом ал-Бухорий // Маънавият юлдузлари. – Т.: А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001. – Б. 66-67; Уватов У. Ҳадис илмининг султони. – Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази, 2009. – Б. 38-43; Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий. 1-жилд. – Т.: «Hilol-nashr», 2012. – Б. 69).

Албатта Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳдек ўша даврдаёқ бутун Ислом оламига танилиб улгурган буюк муҳаддиснинг таклифга жавоб бермагани сабабли амирнинг уни бадарға қилиб, бутунлай воз кечиб қўя қолишига ишониш қийин. Бу амирнинг кимлигини биласизми? У Холид ибн Аҳмад ас-Судусий аз-Зуҳалий раҳимаҳуллоҳ бўлиб, Бухоронинг улуғ амирларидан ҳисобланади. У олими раббоний, ҳадис фанида олим ва муҳаддис зотлардан бири эди. Унинг саройи ҳадис ва бошқа илмлардан илмий баҳс-мунозаралар ва ўқиш-ўқитиш ишлари бўладиган «мадраса» бўлган. Муҳаддислар ва олимлар унга атаб асарлар битганлар. Амир 269/882 йили ҳажга отланиб, ўша ерда ҳибс қилинади ва маҳбусликда вафот этади. Албатта амир ҳам бошқа асил ва ишонувчан мусулмонлар каби ўша даврда ёмонотлиқ қилинган Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳақидаги фитнанинг оддий қурбони эди.

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ «Сияр аълом ан-нубало» асарида ёзишича, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ Қуръоннинг махлуқ ёки махлуқ (яратилган) эмаслиги борасидаги масала бўйича Нишопурдан қувилганидан кейин Бухорога келади. Шунда юқорида номи тилга олинган Муҳаммад ибн Яҳё аз-Зуҳалий раҳимаҳуллоҳ Бухоро амирига ва уламоларига унинг эътиқоди бўйича мактуб йўллайди. Шундан сўнг Бухоро амири жуда хафа бўлади ва Абу Ҳафс ас-сағир раҳимаҳуллоҳ воситасида уни Бухородан кетказишга эришади. Мана шу «Сияр аълом ан-нубало»да айтилишича, Самарқанд уламолари ҳам уни Самарқанд шаҳрига киришга қўйишмайди, натижада ўша туриб қолган қишлоғида вафот қилади. (Шамсиддин аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. 12-жилд. – Байрут: Муассасат ар-Рисола, 1983. – Б. 617).

«Сияр аълом ан-нубало»даги мана шу маълумот тўғри бўлса керак. Чунки, Муҳаммад ибн Яҳё аз-Зуҳалий раҳимаҳуллоҳ Райга ҳам Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳни ёмонлаб мактуб йўллаганини Ибн Абу Ҳотим раҳимаҳуллоҳнинг «ал-Жарҳ ва-т-таъдил» асарида зикр қилинганини юқорида келтириб ўтган эдик. Демак, мана шу машъум мактуб сабабли Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ номи ўз ватани Бухорода ҳам ёмонотлиққа чиққани туфайли у ерда тура олмай қолган эди. Хуллас, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ Бухородан бадарға қилинди, шу ҳолатда Самарқандга кетаётганида, Самарқандга ҳам кира олмасдан, Хартанг қишлоғида вафот этади.

Кўриниб турибдики, бу ерда ҳам «такфир»нинг жирканч шарпаси яхши ва туппа-тузук одамлар орасида ўзининг ҳукмини ўтказган. Дунё тан олган олимларни айблаш, уларни ёмонотлиққа чиқариш, бидъатчиликда ва кофирликда айблаш фитнаси мана шундай оғир ноинсоний кўринишларни номоён қилади. Қадим Бухорода ҳам олимлар «такфир»га алданиб қолишдан сақланиш мақсадида Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳдек буюк алломадан воз кечиб қўя қолишга мажбур бўлганлар.

Бундан огоҳ бўлмоқ лозим ва бу хилдаги фитнага аралашиб, қўшилиб қолишдан сақланиш даркор! Бировни, айниқса, олимларни ёмон кўришдан, уларни бидъатчиликда, золимликда, билимсизликда айблашдан, «такфир»га мубтало бўлиб кофирга чиқаришдан сақланиш лозим!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *