Пайғамбаримизнинг таваллуд кунлари

Lotin alifbosida

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллуд топган саналарининг айрим тафсилотлари борасида тарихчи ва сийратчи олимлар ўртасида турлича фикрлар юзага келган. Баъзилар, У зотни ўнинчи рабийъулаввалда туғилганлар деса, бошқалар тўққизинчи рабийъулаввалда дейди, саккизда дейдиганлар ҳам бор, иккинчи Рабийъулаввалда туғилганлар деган сўзлар ҳам учрайди. Шунингдек, ўн еттинчи рабийъулаввалда туғилганлар деганлар ҳам бор. Туғилган ойлари ҳақида Рабийъул аввалда туғилганлар, Рамазон ойида туғилганлар ва Сафар ойида туғилганлар деган ривоятлар бор. Лекин, сийрат ва тарих олимларининг аксарияти ва жумҳури Ул зотни Рабийъулаввал ойининг ўн иккинчисида, душанба куни туғилганларини айтадилар. Набий алайҳиссалом туғилган саналарининг (сана деганда унинг луғавий маъноси бўлмиш «йил»ни назарда тутмаяпмиз) тафсилоти борасида бундай ихтилоф вужудга келиши табиий ҳамдир. Чунки, Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган вақтларида ўша пайтда яшаб турган одамлар бу инсон келажакда тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган буюк ишларни қилиши, балки, ўз қўллари билан тарих йўналишини ўзгартириб юборишини билмаганлар. Бинобарин, у зотнинг туғилган кунлари, ва у аслида тунмиди, кундузмиди, қайси ой эди, ойнинг айнан қайси куни эди, милодий бўйича айнан қайси йил эди, 570-йилмиди, 571-йилмиди, деган кучли эътибор билан ёзиб қўймаганлар. Балки, ҳамма туғилган гўдаклар сингари оддий қараганлар. Аммо, кейинчалик, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга нубувват тожи кийдирилиб, оддий бир инсоннинг қўлидан келиши амри маҳол бўлган буюк ишларни амалга оширгач, одамлар У зотнинг таваллуд санаси борасида ўз хотираларида сақланиб қолган маълумотларни қайта ёдга олиб, эсларида қолган ва эшитган нарсалари бўйича маълумотлар ёзганлар. Юқоридаги айрим фарқлилик шундан келиб чиққан. Аммо, муаррих ва сияр уламолари икки нарсада иттифоқ қилганлар. У ҳам бўлса, Набий алайҳиссаломнинг туғилган йиллари ҳамда туғилган кунларидир. Туғилган йиллари деганимизда Абраҳа ал-Ашрам ал-Ҳабаший Каъбаи муаззамани вайрон қилиш учун баҳайбат филни олдига солиб, Маккага қўшин тортиб келган йил яъни фил йили назарда тутилмоқда. Туғилган кунлари деганда ҳафтанинг душанба куни назарда тутилган. Баъзи саҳиҳ санадли ҳадисларда Набий алайҳиссаломнинг ўзлари душанба куни туғилганларини очиқ айтганлар. Жумладан, Абу Қатода ал-Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирилган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан душанба кунининг (нафл) рўзаси ҳақида сўрашди. Ул зот дедилар: «бу — Мен туғилган кун ва(пайғамбар сифатида) юборилганим кун ёхуд менга (ваҳий) туширилган кун» (Имом Муслим ривояти. Ҳадис тартиби: 1162).

Фил йили эса 571 (ёки 570) милодий йилга тўғри келади. Мана шу маълумотлар яъни фил йили деб аталган йилда ва ҳафтанинг душанба кунида туғилганликлари уламолар иттифоқ қилган нарсадир. Йил ва ҳафта кунидаги мазкур миқдорга хилоф келган ривоятларнинг барчаси, ақл ҳам, нақл ҳам қабул қилмайдиган даражада мантиқсиз ва санад жиҳатидан ҳам саҳиҳ ҳисобланмайдиган ривоятлардир. Кўплаб мусулмон ва Европа шарқшунослари олиб борган замонавий тадқиқотлари ҳам фил йили 571 (ёхуд 570) йилга тўғри келганлигини кўрсатади.

Набий алайҳиссаломнинг туғилган кунлари яъни ойнинг қайси куни эканлиги борасидаги қайсидир маънода қувватли ҳисобланувчи яна бир сўз бу рабийъулаввал ойининг тўққизинчи куни, душанба куни туғилганликлари ҳақидаги ривоятдир. Бу эса 571 милодий йил, апрел ойининг йигирманчисига тўғри келади. Замондош сийрат ёзувчиларидан Профессор Муҳаммад Хузарий (р.ҳ.) ва Сафийю-р-Раҳмон Муборакфурий ушбу фикрга мойил бўлганлар. Муҳаммад Хузарийнинг ёзишича, мисрлик машҳур фалакиётчи олим Маҳмуд Пошо (вафоти: 1885м) ўтказган тадқиқот Пайғамбаримизнинг таваллуд кунлари Рабийъулаввал ойининг тўққизинчи куни, душанба тонгида бўлганлигини кўрсатади. Бу эса 571 милодий йил, нийсон (найсон) яъни апрел ойининг йигирманчисига тўғри келади (Қаранг: Нурул яқин: 9 бет).

Аммо, Набий алайҳиссаломнинг туғилган кунлари ҳақидаги турли ривоятларнинг энг рожиҳи ва жумҳур уламолар илгари сурадиган фикр бу Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг 571 милодий йилга тўғри келувчи фил йили, рабийъулаввал ойининг 12-сида, душанба куни туғилганликларидир. Мана шу масаламиздаги энг кучли қавл ҳисобланади. Ибн Абу Шайбанинг «мусаннаф»ида Жобир ва Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинган қуйидаги хабар ҳам шу фикрни тасдиқлайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фил йилида, душанба кунида, Рабийъул аввалнинг ўн иккинчисида туғилганлар, шу кунда пайғамбар қилиб юборилганлар, шу кунда меърожга кўтарилганлар, шу кунда (мадинага) кўчиш қилганлар ва шу кунда вафот топганлар».

Баъзи тадқиқотчилар айрим математик алгоритмлар орқали ушбу фикрнинг тўғрилигини тасдиқлайдиган қўшимча маълумотларни келтирадилар. Уларнинг бири қуйидагича. Набий алайҳиссалом милодий 571 йилда туғилганлар ва бу санага Қуръони карим сураларининг тартибида билвосита ва зимний ишора мавжуд. 571 рақами математикада туб сон (prime number) ҳисобланади. Албатта, Қуръони каримда 571 рақамли сура йўқ. Лекин, ушбу рақамни ўзида сақлайдиган рақамга ишора бор. У ҳам бўлса 105 сонидир. Нима учун 105? Чунки, 105 сони 571 рақамининг туб сонлар рўйхатидаги тартиб рақамидир. Набий алайҳиссаломнинг туғилган йили бўлмиш фил йилидаги воқеаларага ишора қилувчи фил сурасининг Қуръони каримдаги тартиби ҳам 105 дир. Набий алайҳиссаломнинг пайғамбарлик даврларини ўз ичига олувчи яна бир сон бор, у ҳам бўлса 23 дир. 23 ҳам туб сон ва унинг туб сонлар рўйхатидаги тартиби 9 дир. Ажабланарлиси шундаки, 105 га 9 ни қўшса, Қуръон сураларининг умумий сони 114 келиб чиқади.

Алишер Рихсиддин ўғли

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *