ДАСТЛАБКИ БЕШИНЧИ МУСУЛМОН

2019_2_7_0_43_32_773Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қавмини иймонга даъват этиш вазифаси юклатилгач, амри илоҳийни адо этишга бел боғладилар. Аммо қадимдан буд-санамларга топиниб келган Қурайш мушрикларига Расулимиз келтирган “янги” дин маъқул келмади. Ораларида омонатдорлиги, тўғрисўзлиги, хушхулқи билан ҳурмат-эътибор қозонган, ўз қавмининг энг ишончли одамларидан бўлган Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бир зумда  уятсизларча ёлғончига чиқаришди.

Исломнинг аввалида Пайғамбаримизга ўта оғир бўлди. Муносабатларга чек қўйиб алоқаларини узиб яккалаб қўйишди. Аммо Аллоҳ азиз қиламан деган бандасини дунё аҳли бирлашиб хор қиламан деса ҳам, мақсадларига ета олмаслиги Расулуллоҳда воқеан тасдиқланди. Ул зоти шариф келтирган динни қабул қилган, ул зот учун жонини фидо қилишга тайёр ҳамроҳлар топилди. Дастлаб Хадижа онамиз иймон келтирди, кейин Абу Бакр Сиддиқ ва яна бошқа бир қанча инсонларга Исломда собиқлик бахти насиб этди. Ўшалардан бири Жундуб ибн Жунода розияллоҳу анҳу эди. Уни қавми Абу Зар куняси билан чақиришар эди.

Маккадан ташқарида “Ваддон” деб номланувчи водий бўлиб, у ерликларни Ғифорийлар дейиларди. Абу Зар худди шу Ғифор қабиласидан бўлган. Абу Зар ғифорликларга ўхшамас эди. Унинг дунёқараши кенг, тафаккури мантиқли, ёғоч ва тошлардан ясалган будларга сиғинишни ақлсизлик деб ҳисоблар эди. Қавмининг қилмишида юраги сиқилар, будларни илоҳ сифатида асло қабул қила олмас эди.

Маккада Муҳаммад исмли бир киши одамларни янги динга даъват этаётганидан хабар топган Абу Зар Маккага йўл олди. Қурайш мушриклари янги даъватчини сиқув остига олганини билгач, маккаликлардан мақсадини сир тутиб Каъба атрофида ўтирарди. Али ибн Абу Толиб бу мусофирни уйига олиб бориб уч кунгача меҳмон қилди. Учинчи куни мақсадини, нега келганини сўради. Сирини ҳеч кимга айтмаслик шарти билан Абу Зар Муҳаммад исмли шахсни излаб келганини айтди. Али ибн Абу Толиб шод бўлиб кетди ва тонг саҳар уни Расулуллоҳнинг хузурига етаклаб борди.

Абу Зар ўта кучли ички ҳис-ҳаёжон билан инсониятни ҳидоятга чорловчи зотнинг хузурига кириб борди ва “Ассалому алайка Ё Расулаллоҳ!”—деди. Абу Зарнинг шу саломи Ислом тарихида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган биринчи исломий салом эди. Абу Зар бошлаб берди кейин бу тарзда саломлашиш оммалашди.

Абу Зар Ғифорий Расулимизга дастлаб иймон келтирган мусулмонлар ичида бешинчиси бўлди. Унга Расулуллоҳ ўз қавми орасига қайтишни амр қилди. Қачонки Расулуллоҳ Мадинага ҳижрат қилгач, Абу Зар ҳам ҳижрат қилди ва Мадинада Исломни тўлиқ ўргана бошлади. У Расулуллоҳнинг сўнгги дамигача ёнларида бўлди. Расулимиз алайҳиссалом олиймаконга риҳлат қилганларидан кейин Абу Зар Ғифорий Расулуллоҳсиз қолган Мадинада туришга бардош қилолмай қолди. Шом диёрлари томон кўчиб кетди. Усмон ибн Аффон Халифа этиб сайлангач Абу Зарни Мадинага чақиртиради, лекин у Мадинада кўп тура олмади. “Робза” номли четроқ қишлоққа кўчиб кетди, дунё ва унинг аҳлидан йироқда зоҳидликда ҳаёт кечира бошлади.

Бир куни Абу Зарникига қўшниси кирди. Кўрдики, уйда бирор уй анжоми йўқ. Уй анжомларингиз қаерда?—деб сўради. Шунда Абу Зар: Мени охират диёрида ҳам ҳовлим бор, уй анжомларимни ўша уйга жўнатганман—деб жавоб берди.

Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумларнинг халифалик даврида мусулмонларнинг диний муаммоларига ечим топишда фатво бериб дин ўргатарди. Абу Зардан жуда кўплаб саҳоба ва тобеинлар ривоятлар қилишган. Уларнинг ичида энг машҳурларидан Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Анас ибн Молик, Абдураҳмон ибн Абу Лайло, Ато ибн Ясор ва бошқалар бор.

Абу Зар тақво, садоқат, илм ва амалда йўлбошчи, ҳақни қўрқмай айта оладиган мард, ҳақиқатни юзага чиқаришда бандасининг маломатидан чўчимайдиган жасур инсон эди. Мушриклар мусулмонларни таъқиб остига олган дастлабки қийин даврларда Каъбанинг олдига келиб иймон калимасини бор овози билан айтишга ўзида журъат топа олган, будпараст оломон остидан чалажон чиқиб иймонида собитқадам тура олган ҳам шу жасур қаҳраман Ғифорлик Абу Зар эди.

Ҳижратнинг 32 йилида Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳу боқий дунё сари ҳақ сафарга отланди. Аллоҳ Абу Зар розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!

Лутфуллоҳ ХЎЖАМБЕРДИЕВ

Андижон тумани “Қилич Бурҳонуддин ота” жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *