ДИНИМИЗДА ИСНОДНИНГ ЎРНИ

eabdb222-25a1-4a28-be91-f0619f9a4f47Иснод – бу киши айтган сўзини ўзидан бошқа кимгадир нисбат беришига айтилади. Ҳадисшунослар истилоҳида “менга фалончи фалончидан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан…” деб ривоят айтишига иснод дейилади.

Динимиз ҳар бир инсондан айтаётган сўзининг асли кимга бориб тақалишини исбот этувчи иснодини талаб қилади. Ислом уламолари иснод билан гапиришга тарғиб этади. Иснод жамики пайғамбарларнинг суннати ва уммати муҳаммадиянинг хусусиятидир. Исноднинг мавқифи ҳақида Ислом уламолари қуйидагича сўзларни келтирган:

“Иснод диндандир! Иснод бўлмаганида ҳар ким хоҳлаганини гапираверар эди. Динини иснодсиз ўрганган одам мисоли самога нарвонсиз чиқмоқчи бўлган одамдир!” Абдуллоҳ ибн Муборак.

“Иснод бу мўминнинг қуролидир. Киши қуролсиз қандай жанг олиб боради?!” Суфён Саврий.

“Иснодсиз ҳадис ўрганмоқчи бўлган киши тунда ўтин термоқчи бўлган одам билан бир хилдир!” Имом Шофеъий.

“Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгандан буён жамики умматлар ичида бирор уммат ўз пайғамбарларининг сўзларини исноди ила соғлом сақлай олмаган магар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммати мустасно” Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Идрис ар-Розий.

Ҳа, шундай! Иснод биз—сўнгги умматнинг фазилатимиздир. Динимизда муаккад суннатлардандир. Собиқ умматларнинг қадимида ҳам, кейингиларида ҳам шариат аҳкомларини ўз пайғамбарларигача улаб берадиган иснодий силсилалари йўқ. Уларнинг қўлида аслидан ўзгартиб юборилган саҳифалари бор холос.

Бизнинг динимизда Қуръон ҳофизларида ҳам, ҳадисшуносларда ҳам, фуқаҳоларда ҳам ҳар бир айтилган оят, ҳадис ва фиқҳий ҳукмнинг асл эгасига бориб уланувчи соғлом исноди бор. Иснодсиз айтилган ҳар қандай хабар қадрсиз ҳисобланади.

Лутфуллоҳ ХЎЖАМБЕРДИЕВ

Андижон тумани “Қилич Бурҳонуддин ота” жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *