ҚАРҒИШ ҲАҚИДА

odinochestvo

Доно халқимизда “яхши гапга ҳам ёмон гапга ҳам фаришта омин дейди”—деган нақл бор. Бу аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан олинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида шундай дейди:

لَا تَدْعُوا عَلَى أَنْفُسِكُمْ إِلَّا بِخَيْرٍ فَإِنَّ الْمَلَائِكَةَ يُؤَمِّنُونَ عَلَى مَا تَقُولُونَ

Ўзингизни ўзингиз қарғаманг, чунки фаришталар сиз айтган дуоларга омин деб туради… (Муслим ривояти).

Мусулмон киши ўзининг ҳаққига ҳам, бошқа мусулмон биродарининг ҳаққига ҳам дуои бад қилиб қарғамоғи шаръан яхши эмас. Ижтимоий одоб-ахлоқ мавзусида қалам тебратган уламолар бу иллатни инсон тилига илашган маънавий касаллик деб баҳолайдилар. Айниқса, оиласи ё болалари ҳаққига қарғиш ўқиши оғирроқдир. Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:

لَا تَدْعُوا عَلَى أَنْفُسِكُمْ وَلَا تَدْعُوا عَلَى أَوْلَادِكُمْ وَلَا تَدْعُوا عَلَى أَمْوَالِكُمْ لَا تُوَافِقُوا مِنْ اللَّهِ سَاعَةً يُسْأَلُ فِيهَا عَطَاءٌ فَيَسْتَجِيبُ لَكُمْ

Ўзингизни қарғаманг, болаларингизни ҳам қарғаманг, молингизни ҳам қарғаманг! Аллоҳ таолодан сўралган нарса сўссиз бериладиган вақтга мувофиқ келиб қолиб, дуоингиз ижобат бўлиб қолмасин тағин… (Муслим ривояти).

Ҳар кунимизда бизга номаълум шундай фурсатлар борки, ўша вақтда банда Аллоҳдан нима сўраса албатта беради. Бу дуо ижобат бўладиган ғанимат вақтдир. Инсон Шайтоннинг сўзига кириб ўзигами ё бошқагами дуои бад қилиши ўша фурсатга мос келиб қолса, дуоси ижобат бўлиб оғзидан чиққани воқеликда амалга ошса, кейин ўзи афсус қилиб қолади. Аммо вақт ўтган, кеч бўлган бўлади.

Қарғишларнинг энг ёмони бирор мусулмонни кофир бўлиб ўлишини тиламоқдир. Баъзи уламолар бундай қарғиш эгасининг ўзи иймонидан ажралади, чунки у куфрни иймондан афзал билмоқда деганлар. Мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ “бировнинг куфрига рози бўлмоқ куфрдир”—деганлар. (Баззозия).

Инсон золим-ситамкор бўлмаса, унинг ҳаққига куфрдан бошқа балолар тилаб қарғиш ўқиш ҳам ҳаром саналади. Агар золим бўлса, у ҳолда унинг зулмига яараша дуои бад қилиш мумкин холос, ҳаддан ошиш жоиз эмас. Шундай бўлса ҳам энг аълоси ҳатто золимни ҳам қарғамасликдир. Балки, сабр қилмоқ ва уни кечириб гуноҳидан ўтмоқ, унинг ишини Аллоҳга ҳавола этмоқ яхшидир. Ҳадисда шундай келган:

من دعا على من ظلمه فقد إنتصر

Кимки унга зулм қилган одам ҳаққига қарғиш ўқиса, бас, унга ёрдам бериб юборибди.

Имом Абдурауф Муновий бунинг шарҳида айтади: яъни, золимнинг гуноҳидан бир қисмини ўзига бўлишиб олибди, мазлумга бериладиган савобни эса икига бўлиб бир қисмини золимга ажратиб берибди.

Раҳимов Ойбек

Андижон тумани “Қорабош ота” жоме масжид имом хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *