ИМОМЛИККА КИМ ҲАҚЛИ

22ee31c8d0db22a15ffb40370b05e28e

Ҳанафий мазҳабимизнинг энг катта ҳимоячиларидан бири Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ меҳробга чиқиб мусулмонларга намоз ўқиб берадиган имом қандай сифатларга эга бўлиши керак? Ёки қандай одамлар меҳробга ўтиб имом бўлишга шаръан лаёқатли ҳисобланади? Деган саволларнинг жавобида қуйидаги маълумотларни келтиради:

Ҳанафий мазҳабимиз фуқаҳолари: намозда имом бўлишга Аллоҳнинг китоби – Қуръони каримни тажвидга мувофиқ тўғри ўқийдиган ва суннати набавияни яхши биладиган олимлар ҳақли деб уқтириб келади. Агар юқоридаги шартлар икки одамда теппа-тенг мавжуд бўлса, ёши каттароғи ўтади. Ёшлари ҳам тенг бўлса тақвоси кучлироғи имом бўлади, дейилган.

Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ: “салафи солиҳлар давридаги қориларнинг ҳаммаси фақиҳ ва олим бўлганлар, шунинг учун у даврларда имомликка Қуръонни яхши ўқийдиганлар ўтади – деб айтилар эди” – деганлар.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ: жамоатга  ёш бўлишига қарамасдан, тақволироқ олим ўтади, деган. Моликийларга “ёши каттароғи Қуръонни яхши билсачи?” – деб савол қилинганда, жавобида: “йўқ, тақвосиз кишилар ҳам баъзида Қуръонни яхши ўқийди”—деб айтилган.

Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳ: Қуръоони яхши ўқийдигани имом бўлади. Агар бу сифатда тенг бўлишса, суннатни яхши биладиганроғи, унда ҳам тенг бўлса ҳижратда биринчиси, унда ҳам тенг бўлса, ёши каттароғи ўтади деган.

Имом Авзаъий раҳматуллоғҳи алайҳ эса Аллоҳнинг динини яхши тушунадиган фақиҳроғи деган.

Лайс раҳматуллоҳи алайҳ: хайрлироғи, фазилатлироғи имом бўлади деган.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: Қуръонни яхши ўқийдиган ва фақиҳроғи имом бўлади. Агар бу сифатлар бир одамда жамлашмаган бўлса, фақиҳроғи намозга етарли даражада Қуръон ўқий олса, ўшани имом бўлгани яхши. Намоз илмларидан етарлича хабари бўлса, Қуръонни яхши ўқийдиган қориси ўтса,  уҳам яхши. Бу иккови яъни, фақиҳ ва намозга етарли даражада Қуръон биладиган киши билан, фақиҳ эмас Қуръонга моҳиру аммо намозга яраша фиқҳ илмидан хабардор киши икковлари ёши катталардан олдинга чиқарилади. Агар Қуръонда ҳам, фиқҳда ҳам тенг бўлиб қолишса ёши каттаси имом бўлади, унда ҳам тенг бўлишса насаби олийроғи имом бўлади.

Абу Қубайл Уббода ибн Сомитдан ривоят қилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам деганлар: “Катталаримизни улуғламаган, кичикларимизга раҳмли бўлмаган, олимларимиз қадрини билмаганлар биздан эмас!”. (Ҳоким).

Имом Абу Жаъфар Таҳовий. Мухтасару ихтилаф ил-улама. 1/Ж. 227-228 Б.

Намоз энг улуғ ибодатлардан биридир. Шунга кўра, унинг аҳкомлари – вожиблари, суннатлари, муфсид, макруҳларини яхши билиш ҳар бир намозхонга лозим илмдир. Жамоат намозига имом бўлган киши, ортидан эргашганларнинг намозига жавобгар бўлишини яхши англаши керак. Имомлик ўта масъулиятли иш бўлиб, тўғри келган одамнинг жамоат олдида меҳробга чиқиб намоз ўқиб бериши тўғри эмас. Балки имоматга муносиб, меҳроб масъулиятини ҳис қиладиган, виждонли, Аллоҳдан қўрқадиган  парҳезгор одамлар ўтиши керак. Бу тўрт фиқҳий мазҳаб мужтаҳидларининг алоҳида эътибор берган муҳим масалаларидан биридир!

Абдуллаев Ўктамжон

Андижон шаҳар “Мирпўстин ота” жоме масжид ноиб имоми

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *