ҚАБР ЗИЁРАТИ

_102294500_vodiymedia.uz

Саййид Ализода раҳматуллоҳи алайҳ “Ширъат ул-ислом”да қабр зиёрати ҳақида шундай дейди: “мусулмонларнинг қабристонини зиёрат қилмоқ Ислом суннатларидандир”.

Имом Ғаззолий “Иҳё”да айтади: “Қабрларни зиёрат қилмоқ мустаҳаб бўлади. Зиёратдан мақсад инсон ўзига насиҳат олиши, қабрдаги одам билан ўз ҳолини бир таққослаб ибратланмоқ бўлиши керак. Солиҳлар қабрини эса, табаррук учун зиёрат этилади. Зиёратчи қалбида қабрдаги инсоннинг ҳолини кўз олдига келтириб тасаввур қилиши лозим. Унинг Мункар ва Накир фаришталарга ҳисоб бериши қандай бўлди, ёлғиз ҳолида унга қайси амаллари ҳамроҳлик қилди, қабр азобига қандай бардош беряапти ва ҳоказоларни ўйлаб тафаккур қилиши керак бўлади”.

Ҳотам ал-Асом айтган экан: “Кимки қабристондан ўтиб тафаккур қилмаса, марҳумлар ҳаққига дуо қилмаса, ўзига ҳам қабристондаги маййитларининг ҳққига ҳам хиёнат қилибди .”

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Илгари сизларни қабрларни зиёрат этишдан қайтарардим, энди зиёрат қилаверинглар”.

Аксар шориҳларнинг фикрига кўра, бу ҳадис эркакларга айтилган. Хотинларнинг қабристонга бориши масаласида Расулуллоҳдан “Қабр зиёрат қилувчи хотинларга лаънат айтилди”—деган мазмунда ҳадис бор. Лекин баъзи уламолар хотинларга ҳам кейин рухсат этилган, бу ҳадис ўша рухсатдан олдин айтилган—деб изоҳ беришган. Олимлар ичида аёллар бесабр ва дод-вой солиб йиғлашга мойил бўлишгани учун, уларни  қабристонга боришдан қайтарганлари ҳам йўқ эмас.

Жанозага эргашиш масаласига келсак, хотинларга рухсат йўқ. “Зайн ул-араб”да шундай дейилган. Агар ёши бир жойга бориб, бошқаларни мафтун қилмайдиган кекса аёллар шовқин-сурон кўтариб дод солмасдан, таъмирлаш, дуо қилиш, ибрат олиш учун қабристонга боришса бўлади. Аёллар ҳақида айтилган наҳй бу кампирларга тегишли эмас. Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қизи Фотима розияллоҳу анҳо бир йилда бир марта отасининг қабрига келиб, уни атрофини супуриб-сидириб, қабрни тузатиб кетар эди. Ҳадисда шундай дейилган: “Кимки ота-онасининг қабрини ҳар жума куни зиёрат қилса, гуноҳлари кечирилади ва “ота-онасига яхшилик қилувчи” деб рўйҳатга олинади”.

Абудуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтган экан: кимки ота-онаси ё иккисидан бирининг қабрини зиёрат қилса, гўёки бир (нафл) ҳаж қилганнинг савобини олади. Ота-онасини тириклигида зиёрат қилганларни эса фаришталар зиёрат қилади.

Имом Муҳаммад ибн Бирали Биргивийнинг “Расоили Биргивий” тўплами, “Қабр зиёрати” бобидан таржима қилинди.

Ойбек РАҲИМОВ

Андижон тумани “Қорабош ота” жоме масжид имом хатиби

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *