ВАТАН ҲИМОЯСИ ШАРАФЛИ ВА САВОБЛИ БУРЧ

1493392638_590354e99b035Аллоҳ таоло барчаларимизга беҳисоб неъматлар берган. Мана шу неъматлар ичида энг улуғларидан бири —  албатта, тинчлик ва осойишталик неъматидир. Тинчлик ва хотиржамлик бўлган юртда ривожланиш ва ўсишлик бўлади. Ҳаммаларимизга маълумки сизу бизларни яратган Раббимиз Аллоҳ таоло юртимизни мана шу неъмат билан ҳам сийлаб, мамлакатимизни самовий ва арозий бало-офатлардан ҳифзу-ҳимоя қилиб турибди. Эътирофла айта оламизки, бунда юрт қўриқчилари — ҳарбийларнинг ўрни катта. Ватанпарвар, элсевар мард ўғлонлар юрт тинчлигидек масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этишга бел боғлаганлар. Аллоҳ уларга ҳамиша Мададкор бўлсин!

Муқаддас Ислом шариати Ватан ҳимоясига камарбаста бўлган мард ўғлонларни алоҳида қадрлайди. Уларнинг беқиёс хизматлари эвазига улкан ажр-савобларни ваъда қилади. Ҳанафий мазҳабимизнинг йирик олими имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳ қаламига мансуб “ас-Сияр ул-кабир” асарида шундай дейилган: Макҳул раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинди:

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Форс еридаги қалъада чегарачилик қилиб турган Шураҳбил ибн Симат билан учрашганда унга деди:

— Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган бир ҳадисни айтиб берайми, у сени янада руҳлантиради деб умид қиламан?

— Шураҳбил: майли айтиб бера қолинг—деди.

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман. Ул зот айтар эдилар: “Бир кун чегарада пойлоқчилик қилиш бир ой кундузи рўза тутиб кечаси намоз ўқиб чиққандан яхшироқдир! Кимки чегарачилик жараёнида ҳалок бўлса, қабр азобидан омон бўлади! Унинг амали(га берилажак савоб) то қиёматга қадар кўпайиб туради!”.

Яна Макҳул раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинди:

Чегарачилардан бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига келиб деди:

— Мен тоғда бир ғорни кўрдим. Унга кириб тинимсиз ибодат билан машғул бўлсам, то ўлгунимча намоз ўқисам дейман, шунга нима дейсиз Эй Аллоҳнинг Расули?

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ йўлида бир кун пойлоқчилик қилишларинг ўз аҳли орасида олтмиш йил намоз ўқиганидан хайрлироқдир!”. (“ас-Сияр ул-Кабир”. 1-Ж. 6-Б).

Демак, ушбу ҳадислардан маълум бўладики, юртни, Ватанни қўриқлаш жуда қийин ва масъулиятли вазифа бўлиши билан бир қаторда, ўзига яраша катта ажр-савобли иш ҳамдир. Бундан ташқари киндик қони тўкилган Ватанни шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб авайлаш инсон учун гўё ўз оиласи, ор-номуси, шани, иймон-эътиқодини химоя қмлиш кабидир.

Яратган Раббимиз юртимизни ҳар хил бало офатлардан Ўз панохида сақласин, Ватанимизнинг тинчлиги учун ўз жонларини гаровга қўйган ҳар бир Ватан посбонларини умрларини узун, ризқларини кенг ва тану-жонларини саломат сақласин. Омин!

Шаробидин МУСАБОЕВ

Андижон шаҳар «Абу-Ҳурайра» жоъме масжиди  имом хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *