САБАБЛИ ДУНЁ

17243Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳар бир нарсанинг пайдо бўлиши ва юзага чиқиши учун сабаблар яратгандир. Бинобарин, ҳар бир нарсанинг сабабларидан сўрамоқ лозим бўлади. Унга бир қанча мисоллар келтирамиз:
1) Ақлнинг комиллиги инсоний қувватларнинг мўътадиллигидан ҳосил бўлади;
2) Ҳар ким билан муроса-ю мадорода бўлмоқ ақл билан ҳосил бўлади;
3) Дунёда тинчлик ва тириклик қилмоқ муроса-ю мадоро билан ҳосил бўлади;
4) Иззат қаноат билан ҳосил бўлади;
5) Ҳожатларнинг раво бўлмоғи иффат, яъни, парҳезгорлик билан ҳосил бўлади;
6) Иффат ношаръий нарсалардан кўз юммоқ билан ҳосил бўлади;
7) Сир ва асрорларнинг махфий қолмоғи бошқаларнинг сирларини махфий тутмоқ билан ҳосил бўлади;
8) Ризқу рўз талаб этмоқ билан ҳосил бўлади;
9) Неъматнинг зиёда бўлиши шукрона билан ҳосил бўлади;
10) Неъматнинг заволга учраши ношукрлик билан ҳосил бўлади;
11) Мақтовга сазовор бўлиш саховат билан ҳосил бўлади;
12) Ошно-оғайнигарчилик очиқ юзлилик билан ҳосил бўлади;
13) Жудолик кўп таъна-маломат қилиш билан ҳосил бўлади;
14) Муҳаббат ҳадия, совға-салом билан ҳосил бўлади;
15) Душманлик ваъдага хилофлик билан ҳосил бўлади;
16) Ғафлат нафснинг ножоиз хоҳиш-истакларини амалга оширавериш билан ҳосил бўлади;
17) Фисқу фужур, гуноҳга ботмоқ уни енгил санашлик билан ҳосил бўлади;
18) Фақир ва камбағаллик исроф билан ҳосил бўлади;
19) Хорлик тама билан ҳосил бўлади;
20) Маҳрумлик дангасалик билан ҳосил бўлади;
21) Гина-кудурат бадхўйлик билан ҳосил бўлади;
22) Ғазаб жаҳолат билан ҳосил бўлади;
23) Жаҳолат енгилтаклик билан ҳосил бўлади;
24) Улуғлик ва баланд мартабалик камтарлик ва тавозеълик билан ҳосил бўлади;
25) Камтарлик ҳилм, юмшоқ табиатлилик билан ҳосил бўлади;
26) Ҳилм эса андишалик билан ҳосил бўлади;
27) Узоқни кўра билиш эса илм билан ҳосил бўлади;
28) Илм касб – ўқиб-ўрганиш билан ҳосил бўлади;
29) Касб ростлик, тўғрилик билан ҳосил бўлади;
30) Ростлик эса саодат ва нажотга сабабдир.
31) Ёлғончилик шафоват ва азобга боисдир.
32) Дин ва дунёнинг зиёнати одоб-ахлоқ билан ҳосил бўлади;
33) Одоб-ахлоқ эса Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқ ва фазилатларини ўзлаштириш билан ҳосил бўлади.

Уламолар сабабли дунёда тажриба қила-қила, ҳақиқатини кўриб-билиб, сўнгра қуйидагича васият қилиб кетганлар:
1) Агар сирларингни душманга зоҳир бўлмаслигини хоҳласанг, уларни дўстингга айтмагин!
2) Агар ўзингга одамларнинг хайрихоҳликларини хоҳласанг, бошқаларга хайрихоҳ бўлгин!
3) Агар меҳнатингнинг зойеъ бўлмаслигини хоҳласанг, одамларнинг меҳнатларини зойеъ қилмагин!
4) Агар беғам бўлмоқни хоҳласанг, ҳасад қилгувчи бўлмагин!
5) Агар хафаликдан узоқ бўлмоқни хоҳласанг, қўлингдан чиқиб кетган нарсага ғам қилмагин!
6) Агар обрўманд бўлмоқни хоҳласанг, камтарлик ва виқор – оғир-босиқликка одат қилгин!
7) Агар алданиб қолмасликни хоҳласанг, қилмаган ишни қилган деб ҳисобламагин!
8) Агар ҳамма одамларни ўзингга дўст ва ошно бўлмоқларини хоҳласанг, ҳеч кимнинг гина ва адоватини кўнглингда сақламагин!
9) Агар халойиққа кулгу бўлмасликни хоҳласанг, юриш-туришингни яхши қилгин!
10) Агар зийрак ва донолардан бўлмоқни хоҳласанг, ўз суратингни бошқаларнинг «ойна»ларида кўргин!
11) Агар одамларнинг энг яхшиси бўлмоқни хоҳласанг, мол-дунёнгни мумкин қадар одамлардан дариғ тутмагин!
12) Агар мартаба ва қадрингни баланд бўлмоғини хоҳласанг, бошқаларнинг қадрини билгин!
13) Агар озод (эркин) бўлмоқни хоҳласанг, бежо тамагирликдан узоқ бўлгин!
14) Агар арз сўрагувчилардан бўлмоқни хоҳласанг, қўл остингдагиларни азиз тутгин!
15) Агар комил инсон бўлмоқни хоҳласанг, ўзингга лойиқ кўрган нарсани бошқаларга ҳам лойиқ ва муносиб кўргин!
16) Агар кўнглингга ҳеч бир жароҳат етмасликни хоҳласанг, нодон ва жоҳиллар билан баҳс ва мунозара қилмагин!
17) Агар тилингни «узун» бўлмоғини хоҳласанг, қўлингни «қисқа» қилгин!
18) Агар одамларнинг ораларида мақбул бўлмоқни хоҳласанг, карам ва эҳсон қилувни ихтиёр этгин!

(Абдурраҳмон Сайёҳ Тошкандий. Танвир ул-аҳдоқ фий макорим ал-ахлоқ. – Тошкент, 1913. – Б. 76-80).

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *