ТАКФИРГА ШОШИЛМАНГ

exclamation-markБизни мусулмон қилиб, ҳазрати Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга уммат қилиб яратган Аллоҳга беҳисоб ҳамдлар бўлсин! Умматларининг бирдамлиги йўлида куюниб яшаган, фирқаланиб кетишларидан қаттиқ қайтарган “Мўмин – мўминнинг ака-укасидир”, деб бир-бирларимизга нисбатан яқин қариндошдек муносабатда бўлишга чақирган Пайғамбаримизга саловат ва саломлар бўлсин!

Охирги пайтларда мусулмонлар орасида ўзаро нафрат, буғзу адоват, арзимас айблар билан такфир қилиш одати кенг тус олиб бормоқда. Туппа-тузик аҳли илмлар мустаҳаб даражасида бўлган масалалардаги ихтилофлари туфайли бир-бирларини залолат ва куфрда айблаб ётишибди. Айниқса, илмсизлар тарафдан илм эгаларига отилаётган таъна тошларининг чеки йўқлиги ачинарли ҳол. Буни том маънода уммат бошига тушган фожиа деб аташ мумкин.

Ҳанафий мазҳабимизнинг кўзга кўринган йирик олимларидан бири Шайҳ Мулла Али ҳазратлари “фиқҳ ал-акбар”га ёзган иловасида бир қанча фуқаҳоларнинг такфирга шошилмаслик ҳақида айтган танбеҳларини нақл қилади. Жумладан:

Имом Ҳаскафий “Дурр ал-мухтор”да айтади: куфр тўрт турлидир:

  • Аллоҳни батамом инкор этувчилар. Даҳрийлар мисол.
  • Аллоҳнинг ягоналигини инкор этувчилар. Мушриклар мисол.
  • Аллоҳнинг ягоналигини тан оладию, лекин пайғамбарларни инкор этувчилар.
  • Аллоҳ ва пайғамбарларни тан оладию лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини тан олмайди.

Шуни билиб қўйинг, бирор мусулмонни – агар унинг гапини яхши гумон билан таъвил қилиш имкони бўлса, ёки унинг кофирлигида – гарчи заиф ривоят билан бўлсада, хилоф бўлса уни кофир деб фатво бериб бўлмайди! (Родд ал-мухтор 3 –Ж. 287 — Б).

Муҳаммадамин Ибн Обидин айтади:

Фуқаҳоларнинг сўзларига кўра, мусулмоннинг динини ҳақорат қилган кишини кофир деб ҳукм қилинмайди. Чунки буни таъвил қилиш мумкин. Масалан, унинг айнан динини эмас балки разил хулқи ва фосиқлигини назарда тутган бўлиши мумкин, деб. (Родд ал-мухтор 3 –Ж. 219 — Б).

Ибн Нужайм Мисрий айтади:

Мен ўзимга ўзим сўз бердим: уламолар ихтилоф қилган биронта ҳам масалада ҳеч кимни кофир деб ҳукм қилмайман! (Ал-Баҳр ур-роиқ).

Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ айтади:

Кимки куфр сўзини гапирса, уни шахсан ўзидан нима ниятда шундай деганини аниқ сўраб билмасдан туриб, унга кофир бўлди деб ҳукм қилинмайди. Агар ундан сўралганда очиқчасига куфр маъносини ният қилганини айтса, кофир бўлди деб ҳукм қилинади. Лекин бошқа мақсадда айтган эдим, деса уни кофир бўлди дейилмайди. Бизнинг шофеъий имомлаимиз сароҳатан шундай деганлар. (ал-Фатава ал-кубро 4/239).

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади:

Салаф ва халаф уламоларидан кўпчилигининг наздида энг тўғри йўл: залолат ва бидъат аҳлини истилзомий гаплари билан куфрда айбламасликдир. Модомики улар сароҳатан куфр сўзни айтишмаса! (Мишкоти шарифда Мулла Али нақл қилган).

Шиҳоб Хафожий раҳимаҳуллоҳнинг сўзига кўра, имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ бидъатчи ва ҳаво аҳлини асло кофир демас эканлар. Ҳанафий ва шофеъийлар бу масалада имом Ашъарийга эргашганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак куфр калимасини гапирган одамнинг ўзи билан очиқча гаплашмасдан, унинг мақсади ва муродини аниқ билмасдан туриб уни кофир бўлди деб эълон қилиш аҳли сунна жамоасига хилоф ишдир. Минг таассуфки бугун ақида илмидан бехабар, мусулмонни куфрда айблашнинг оқибатини билмайдиган чаласаводлар ижтимоий тармоқларда аҳли илмларни кофирликда айблаб қони ва молини ҳалоллаб фатво эълон қилиб ётишибди. Аллоҳ уларга инсоф берсин!

Шарбидин МУСАБОЕВ

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *