МАСЖИД ИЧИДА БАВЛ ҚИЛИШДАН ҲАМ БАТТАРРОҚ ИШ (ЁКИ ИЖТИҲОДГА ШОШИЛМАНГ!)

exclamation-markФиқҳ бу — чуқур фаҳм ва идрок, дақиқ масалаларни тушуниш демакдир. У Аллоҳнинг марҳамати бўлиб, ўзи истаган бандасига беради. Фиқҳий китобларни мутолаа қилишнинг ўзи билан киши том маънода фақиҳ бўлиб қолмаслиги мумкин. Истилоҳда эса шаръий, амалий ҳукмларни далиллари билан билиш дея таърифланади.

Шунга кўра, фақиҳ бу — ўзида чуқур идрок ва басират ташиган инсон бўлиб, у тафсилий далиллардан олинган шаръий аҳкомлардан хабардор бўлади.

Демак, фиқҳ аслида фақиҳ инсонда мавжуд бўлиши керак бўлган сифатдир. Бироқ, кейинчалик, фиқҳий китоблар ўз ичига олган масалаларга ҳам «фиқҳ» номи берилган. Бу бирор нарсани унинг лозими билан номлаш бобидан эди. Негаки, фиқҳий китоблар ўз ичига олган масалалар мужтаҳид уламоларимиз ва уларга эргашган катта олимларимиз ва машойихларимизнинг Аллоҳ берган тафаккурни ишга солиб, шаръий далилларга назар солиб чиқарган ҳукмлари эди. Мазкур ҳукмлар мужтаҳидларимизнинг далилларга чуқур назар солиш ва уларни фаҳмлашларидан келиб чиққан. Шунинг учун ҳам фиқҳий масалаларга ёки мазкур масалаларни ўзида жамлаган китобларимизга «фиқҳ» номининг берилиши бирор нарсани унинг лозими билан аташ бобидан бўлган деб айтмоқдамиз.

Фиқҳи бўлмаган, фиқҳий билими чуқур бўлмаган кишиларнинг бошқа-бошқа нарсаларни бир-бирига қиёслаб, ўзларича шаръий ҳукм чиқаришлари жуда ҳам номақбул ишлар сирасига киради.

Вакийъ ибн Жарроҳ айтади: Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг: «масжидда бавл қилиш баъзи-бир қиёслардан яхшироқдир», — деганларини эшитдим (نزهة الفضلاء تهذيب سير أعلام النبلاء).

Негаки, ўхшаш нарсаларни бир-бирига қиёслаб, ҳукм чиқариш ўта юқори маҳорат, иқтидор, фаҳм, идрок ва илм талаб қилади. Зеро, қиёс ижтиҳод шартларининг асосини ташкил этади.

Кишида араб тилини мукаммал билиш, унинг энг дақиқ жойларигача англаш, сариҳу мужмални, ҳақиқату мажозни, ому хосни, мутлақу муқайядни билиш шунингдек, барча ҳукм оятларини билиш, ижмоий ва хилофий масалаларни билиш, носиху мансухни билиш, ҳадис билимларидан хабардор бўлиш жумладан, ровийлар аҳволи ҳақидаги илмни билиш, саҳиҳу сақимни ажрата олиш ва қиёсни билиш, усулул фиқҳ билимини ўзлаштирган бўлиш каби асосий ижтиҳод шартлари мавжуд ва мутаваффир бўлмаса, унинг ижтиҳоди дуруст бўлмайди.

Баъзи олимлар юқоридаги шартларга қўшимча равишда мантиқ ва калом илмидан хабардорликни ҳам қўшадилар. Шунингдек, киши ижтиҳод қила олиш даражасига етиши учун юқоридаги барча шартлар ўзида мужассам бўлгани ҳолда кўплаб фиқҳий китобларни, ҳадис шарҳларига оид асарларни, фатвога оид асарларни мутолаа қилган бўлиши шарт. Чунки, бусиз кишида фиқҳий малака ҳосил бўлмайди.

Агар ким-ки, шу даражага етган бўлса, у ўз ижтиҳодига кўра ўзи амал қилса бўлади. Чунки, унда ижтиҳодга майдон бўлган айрим масалаларда ва янги чиққан масалаларда ўзига ато этилган билим, тафаккур ва изланиш ёрдамида маълум ҳукмга эришиш имконияти мавжуд.

Аммо, бордию, бу даражага етмаган бўлса, илми чала бўлса, арабчаси мукаммал бўлмаса, юқоридаги малакаларни эгалламаган бўлса, ундай инсоннинг қиёси бузуқ қиёс бўлади. Бундай қиёслар билан у динга зарар етказади.

Ҳеч нарсани билмайдиган оми бир аъробийнинг масжид саҳнида бавл қилиши бундай динбузарликдан албатта яхшироқдир. Зеро, бавлни осонгина ювиб ташлаш мумкин. Бироқ, ҳақсиз равишда мужтаҳидлик даъво қилувчи нимча мулланинг дин устига қиладиган «бавли»ни эса ювиш амримаҳол ишдир. Ахир, бежизга халқимиз «бузуқ арава йўл бузар, чала мулла дин бузар», демаган. Хатми кутуб қилмаган, диний билими яккам-дуккам бўлган инсон агар фатволар бера бошласа, ўзи билмаган ҳолда динга зарар етказиб қўяди.

Ҳатто маълум маънода илми бўлса ҳам киши нозик хатога йўл қўйиши, қайсидир маънода адашиши мумкин экан, умуман диний билим таҳсил қилмаган кишиларнинг бу соҳага аралашишлари бениҳоя ажабланарлидир.

Дарвоқе, ижтиҳоднинг яна бир шарти қолиб кетди. У ҳам бўлса адолат шарти. Яъни, юқоридаги барча билимлардан хабардор кимса, адолатли бўлмаса, аксинча, Аллоҳдан қўрқмайдиган, нафсининг ҳавосига қул, фосиқу фожир бўлса, ундан кишининг ҳам ижтиҳоди дуруст эмас, валлоҳу аълам.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *