ИБОДАТЛАРДА ЖАМОАТЧИЛИК ОДАТИНИНГ ЎРНИ

FB_IMG_1547562863260Ҳар бир жамиятнинг ўз урф-одати, анъаналари бўлади. Анъанавий одатга хилоф ишлар жамият тарафдан рад этилади ёки яхши қабул қилинмайди. Бу исбот талаб этмайдиган табиий ҳол. Мўмин заковатли хушёр бўлиши керак. Ҳар бир қавмнинг урфини билиб олиши, унга кескин хилоф иш қилмаслиги керак. Чунки жамият урфига қарши чиқиш йўқ ердан бошга бало орттириб олиш демакдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша онамизга шундай деганлар:

لولا حدثان قومك بالكفر لهدمت البيت و لرددته على قواعد إبراهيم

“Агар қавмингиз куфрга қайтиб кетиш хавфи бўлмаганида, Каъбани бузиб Иброҳим пойдеворига қайтарган бўлардим…” (Имом Аҳмад /24297. Имом Бухорий /1585. Имом Муслим /1333).

Эътибор қилинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбани бузиб Иброҳим алайҳиссалом дастлаб қўйган пойдевор бўйича қайта қуришни истаган. Аммо Макка аҳлининг Каъбага бўлган муҳаббатини эътиборга олган, агар шу ҳолатидан бошқа ҳолатга ўзгартирилса одамлар орасида норозилик келиб чиқиши ва ҳатто диндан қайтишгача боришлари мумкинлигини ҳисобга олиб ўз истакларини амалга оширмаганлар.

Аслида Расулуллоҳ бир ишни хоҳласа у албатта шариатга мувофиқ бўлади. Расулуллоҳ ножоиз ишни асло хоҳлаган эмаслар, шундай бўлсада жамоатчиликни ҳисобга олиб Каъбани бузиб қайта қурдирмаганлар.

Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ тафсирида ўзи шоҳид бўлган қизиқ воқеани ҳикоя қилади. У кишининг устозларидан Абу Бакр ал-Феҳрий деган шайҳ бўлиб, у киши намозда рукуга боришдан олдин ва рукудан кейин икки қўлини худди такбири таҳримада кўтаргандек кўтариб қўяр эканлар. Бу моликийларда, шофеъийларда ва шиаларда бор одат.

Ибн Шавво қўриқхонасида менинг дарсхонам бўларди. Ёнида масжид ҳам бор эди. Бир куни шайҳим Абу Бакр ал-Феҳрий қўриқхона деразасидан чиқиб  масжидга кириб келди ва олди сафга ўтирди. Мен орқа қаторда денгизга яқин жойда ўтиргандим. Ёнимда денгиз кучлари бошлиғи Абу Самана деган одам бир қанча дўстлари билан намозни кутиб ўтиришганди.

Шайхим намозга туриб қўлларини руку чоғи кўтарган эди Абу Самана уни кўриб шерикларига: “Манави машриқликни кўринглар, масжидга қандай кирдию намоз ўқишиничи… Туринглар, ўлдириб денгизга улоқтириб юборинглар!”—деб бақирди. Қўрқиб кетдим.

— Субҳаналлоҳ! Бу замонанинг энг фақиҳ олимку—дедим. Улар:

— Нега қўлини кўтариб намоз ўқияпти?—дейишди.

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар. Имом Моликдан мадина аҳли шундай ривоят қилган—дедим.

Одамларни тнчлантириб, шайҳни уларнинг орасидан олиб чиқиб кетдим. Қўрқихонага ўтдик ранггим бир аҳволда эди. Чунки одамлар қаттиқ ғазабда шайҳни бир нима қилиб қўйишдан ҳам тойишмас эди. Шайҳ эса лолу ҳайрон. Мендан: уларга мен нима ёмонлик қилдим?! — деб таажжубланарди.

Шайҳга тушунтирдим: бу ер аҳолиси намозда “рафъ ул-ядайн” қилмайди. Сиз рукудан олдин ва кейин қўл кўтаришингиз уларга ғалат туюлди. Сизни бидъатчи деб ўйлаб жонингизга қасд қилишмоқчи бўлди. Бу ҳудудларда сизга “рафъ ул-ядайн” қилиш дурустмас. Агар яна такрорласангиз сизни ўлдиришгача боришади, дедим. Шайҳ, бир суннатни ортидан ўлиб кетишимни қаёқдан билибман?! – деб ҳайрон бўлди ва гапни бошқа мавзуга бурди. (Тафсири Қуртубий. 22 – Ж. 176 – 177 Бетлар).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир намозхон қаерда намоз ўқиётган бўлса ўша ернинг одати ва анъанасини, мазҳабини ҳисобга олсин. Акс ҳолда ҳато иш қилган бўлади. Гарчи унинг амали суннатда бор бўлса ҳам.

Буни бугунги кунда бизнинг ўлкада ҳанафийлар жамоатига хилоф кўринишда, бошқа мазҳаблар кўрсатмасига мувофиқ намоз ўқийдиганлар яхши билиб олиши керак. Чунки айнан уларнинг янгича қилиқлари ортидан жамоат орасида турли фитналар пайдо бўляпти. Аллоҳ ҳаммамизни Ўзи ҳидоятдан тойдирмасин.

Шаробидин МУСАБОЕВ

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имоми.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *