ҲАЖ Ё УМРАГА БОРИШ УЧУН ҚАРЗ ОЛИШ ҲУКМИ

kaaba_78Авом халқ орасида бир масала бор: “Маккатиллога қарз олиб борса бўмайди!”. Умуман икки ҳарамга катта ҳаж ё кичик ҳаж (умра) ниятида сафар қилмоқчи бўлган одам бировдан қарз олмасдан бориш керак, агар қарз олиб борса ибодати қабул бўлмайди деган эътиқодда айтиладиган гап бу. Андижон халқи орасида шу масалага шахсан мен гувоҳман. Ҳатто телеграмдаги @ahlisnna_uz каналида сўровнома ташкил қилиб жамоатчилик фикри билан ҳам қизиқиб кўрдим. Ўйлаганимдек кўпчилик “ҳаж ё умрага қарз олиб бориш мумкинмас” деб эътиқод қилар экан. Сўровномада иштирокчиларнинг 11% “ҳаж ё умрага бориш учун қарз олиш мумкин”, деб тўғри жавоб берди. 41 фоизи нотўғри жавоб берди. 48% билмайман, билишни истайман, деб жавоб берди.

Аслида бу саволнинг тўғри жавоби қандай? Келинг шу масалани илмий жиҳатдан таҳлил қилиб кўрамиз:

Жумҳур аҳли сунна наздида ҳажга бориш учун қарз олиш ҳеч кимга вожиб бўлмайди. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай деган:

لا يجب عليه استقراض مالٍ يحج به، بلا خلاف

«Ҳажга бориш учун керакли маблағни қарз олиш вожиб бўлмайди. Бу масалада фуқаҳолар иттифоқ қилган». (ал-Мажмуъ шарҳ ул-муҳаззаб. 7/76).

Бу шуни англатадики, ҳаж ё умрага бориш учун етарли маблағи бўлмаган кишига бировдан қарз олиб сафарга чиқишни шариат юкламайди. Демак, мусулмон бу масалада ўз ихтиёрига эга. Қарз олиб ҳаж қилишга мажбур эмас. Шу билан бирга юқоридаги ижмоъда муқаддас зиёрат учун қарз олишдан ман этишлик маъноси мавжуд эмас. Хоҳласа қарз олиб ҳажга бориши мумкин. Бунга қуйидаги ривоятни далил қилишмумкин: Ибн Абдулбар раҳматуллоҳи алайҳ “Тамҳид”да Суфён Саврийга иснод бериб қуйидагини ривоят қилган:

لا بأس أن يحج الرجل بدَينٍ إذا كان له عُرُوضٌ إن مات ترك وفاءً، وإن لم يكن للرجل شيءٌ ولم يحج فلا يعجبني أن يستقرض ويسأل الناس فيحج به، فإن فعل أو آجر نفسه أجزأه مِن حجة الإسلام

“Бўйнида қарзи бор кишининг, ўлиб қолса қарзини тўлашга етарли моли бўлса  қарздор ҳолида ҳажга бориши мумкин.

Ҳеч вақоси йўқ киши умрида умуман ҳаж қилмаган бўлса, одамлардан қарз сўраб ҳажга борса буни ажабланарли жойи йўқ (мумкин). Агар қарз олса, ё мардикорлик қилиб борса Исломдаги ҳаж фарзини адо қилган бўлади”. (Тамҳид 9/135).

Лекин, салафи солиҳлардан баъзилари қарз олишдан қайтарганлари тўғрисида ривоятлар бор. Масалан: Абдуллоҳ ибн Абу Авфа розияллоҳу анҳунинг ушбу ривояти:

أنه سُئِلَ عن الرجل يَستقرض ويحج؟ قال: «يَسْتَرْزِقُ اللهَ وَلَا يَسْتَقْرِضُ»، قال: وكنا نقول: «لا يَستَقرِضُ إلا أَن يَكُونَ له وَفاءٌ»

Абдуллоҳ ибн Абу Авфа розияллоҳуга савол берилди: “Қарз олиб ҳаж қилиш мумкинми?” У киши жавоб берди: “Аллоҳдан сўралади, бандасидан қарз олинмайди. Лекин тўлаш имкони бўлса қарз олиши мумкин. Биз шунақа ҳукм қилардик”. Имом Шофеъий, ибн Абу Шайба, Байҳақийлар ривоят қилган.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги ривоятларга таянган ҳолда, тўлашга етарли моли бор одам бировдан керакли маблағни қарз олиб ҳажга бориши мумкин. Аммо тўлашга етарли моли ҳам, имкони ҳам йўқ одам қарз олиб ҳажга бориши мумкин эмас. Бу шофеъий мазҳабининг фатвоси!

Бизнинг ўлка аҳолиси асосан ҳанафийлардан иборат. Шунинг учун бизга ҳанафий мазҳаби фуқаҳоларининг фатвоси муҳим. Ҳанафий мазҳабида бу мавзуда нима гап бор?

Имом Ҳаскафий шундай деган:

و قالوا: لو لم يحج حتى اتلف ماله وسعه ان يستقرض و يحج ولو غير قادر على وفائه و يرجى ان لا يؤاخذه الله بذلك. اى لو ناويا وفاء إذا قدر كما قيده فى الظهيرية

«Фуқаҳолар айтадики, агар (ҳаж қилишга қодир одам) молини (сарфлаб юборди ё бошқа сабаб билан) қўлдан чиқарса, гарчи тўлашга қодир бўлмаса ҳам қарз олиб ҳаж қилиши мумкин. Ва Аллоҳ уни бу ишига муохаза қилмайди, деб умид қилинади. Яъни қодир бўлганда тўлашни ният қилган бўлса. Зеро, “Заҳирийя”да шундай қайдлаб қўйган». (Дурр ул-мухтор. 155 -Б).

Ҳанафий муҳаққиқларининг сўнггиси Шайҳ Ибн Обидин юқоридаги ибора ҳошиясида қуйидаги маъноларни қўшимча қилади:

Баъзи уламолар тарафдан ( ҳажга мавжуд имкониятдан фойдаланмасдан, бормади ва имконни қўлдан бой берди) бу одам қарз олиши вожиб бўлади, дейилган. Мен айтаманки, киши имконига қарайди. Агар, қарзини тўлашга имкон топилишига кўзи етса қарз олиб ҳажга боради. Агар умри давомида тўлаш имкони туғилишига кўзи етмаса, у қарз олмагани афзал. (Радд ул-мухтор. 3 –Ж. 455- Б).

Хулоса қилиб айтамиз:

  • Бизнинг хозирги шароитда ҳукумат тарафдан белгиланган тартиб бўйича ҳаж ё умрага навбати келган одам молиявий жиҳатдан ҳам имкони бўлса мавжуд имкониятдан фойдаланиб ҳаж ё умрага бориши лозим.
  • Агар рўйҳат бўйича навбати келдию аммо айни дамда маблағи йўқ. Бу одамўз ҳолатига қарайди, кейинроқ керакли маблағни топишга имкон топишига кўзи етса қарз олиб бўлсада навбати келган чоғда имкониятдан фойдаланиб ҳаж ё умрага бориши керак.
  • Рўйҳат бўйича навбати келди лекин, иқтисодий имкони йўқ, келажакда ҳам бўлмайди (масалан боқувчиси йўқ, қариядир. Ёки нафақахўр ногирондир ва ҳоказо) бу одамга қарз олиб ҳажга боргандан кўра, бормагани афзал. Агар шу ҳолатда ҳам, кейинроқ бирор имкон бўлса тўларман деган ният билан қарз олиб ҳажга кетворса ва қарзни тўлай олмасдан қазо қилса, уни Аллоҳ жазога тортмайди деб умид қилинади.

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имом ноиби.

ТИИ сиртқи бўлим, иккинчи босқич талабаси

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *