МУҲАДДИСлик осон эмас, МУЖТАҲИДлик имконсиздир!

Рисолани .pdf  форматда юклаб олиш

Lotin alifbosida

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Аллоҳга ҳамду санолар, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга солавотлар, у зотнинг асҳобларига саломлар, ўтган уламоларга ташаккурлар бўлсин!

Кириш

XIX асрда, аниқроғи, бемазҳабликни тарғиб қилувчилар зуҳур қилганидан кейин ислом оламига мана бу бўлмағур ва ушбу асос эътибори билан ботил гап тарқатилган: “Ҳар бир мусулмон Қуръон оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларидан ҳукмни ўзи олмоғи лозим. Динда бировга тақлид қилиш мумкин эмас. Ҳар бир мусулмон ижтиҳод қилиш ҳуқуқига ва муҳаддислик мартабасига ҳақлидир. Ҳар ким истаса, мужтаҳид бўла олади ва бу осондир; бошқалардан ҳадис илмини яхшироқ била оладиганни эса муҳаддис деса бўлади”. Замонамизда ҳам бу асоссиз фикр ҳар хил шаклда, турли ибораларда учраб туради. Бироқ, ана ўша гапни айтаётганлар нима учун V ҳижрий аср (мелодий XI аср)дан буёғида бирорта мужтаҳид чиқмагани, ҳеч ким ўзини мужтаҳид деб аташга журъат қилмагани сабабига ёки IX ҳижрий аср (мелодий XV аср)дан буёғида бирорта ҳадисшуносни муҳаддис дея ростакамига улуғланмагани боисига қараб кўришни исташмайди?! Нима учун улар бутун дунё уламолари “Мужтаҳидлик эшиклари ёпиқдир!” деган қарорга келганларини ҳамда бунга барча бирдек рози ва қойил бўлганларини ўйлаб кўришмайди?! Эски зоҳирий уламоларидан Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ ҳамда ислом файласуфларидан Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ иккови: “Ҳар ким ўзи ижтиҳод қилиши керак, тақлид мумкин эмас. Ижтиҳод эшиклари ёпилмаган”, деб қўйган гаплари учун бутун дунё мусулмонлари ва уламолари томонидан кулгига ва нафратга сазовор бўлиб келганларини билишмайди?!

Ваҳҳобийларнинг раҳбари Ибн Абдулваҳҳоб: “ал-Усул ас-ситта” асарида: “Оят ва ҳадисни мужтаҳидгина тўла англаб ета олади”, деган гапни шайтоннинг васвасаси, деб даъво қилади (Қаранг: Солиҳ ибн Фавзон. Силсилату шарҳ расоил. Усул ас-ситта. – Риёз: Мактабату Малик Фаҳд, 2003. – Б. 47-48).

Бемазҳабликнинг тарғиботчиларидан бири Саййид Собиқ “Фиқҳ ас-сунна” асари муқаддимасидаёқ “ижтиҳод эшиги ёпилган” деган гапни хурофот, мазҳабларда мустаҳкам туришни эса таассуб ва бидъат, деган. У яна “Уммат мазҳабларга таассуб ва тақлид қила бошлаганидан бери китоб ва суннатдан ҳидоятланиш йўқолди, “ижтиҳод эшиклари ёпиқ”, деган янги гап пайдо бўлганидан бошлаб эса шариат фақиҳларнинг гапи бўлиб қолди”, деган даъвони қилади. Бошқа ўринда эса: “ижтиҳод эшиклари ёпиқ” деган гап умматни бало ва ёмонликка ташлади, дея қўрқитади (Саййид Собиқ. Фиқҳ ас-сунна. 1-жилд. – Қоҳира: Дор ал-фатҳ, 1999. – Б. 4-8).

Бу фикрни кейинчалик бемазҳабларнинг “муҳаддис”и Носир Албоний давом эттирди ва “Ҳеч шак-шубҳасиз, ижтиҳод эшиклари очиқ қолган!”, дея оламга жар солди (Қаранг: Силсилат ал-аҳодис ас-саҳиҳ // ал-Мактабат аш-шомила. Исдори солис, 2006. – Б. 6/102).

Ваҳҳобийларнинг муфтийси Бин Боз ўзининг фатволарида тўрт мазҳаб имомларига ҳам, бошқа бирорта имомга ҳам тақлид қилиш вожиб эмас, вожиб дейиш хато дейди, бунинг ўрнига Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳни “мужтаҳидларнинг энг олими”, деб даъво қилади. Айрим ўринларда эса баъзи бир олимларни, ҳатто толиби илмларни ижтиҳод қилишлари мумкинлигини қайд қилади. Бир жойда эса озроқ илми бор-у, айрим маълумотларни билмайдиган, иштибоҳ қилиб турган одам ижтиҳод қилса, икки савоб олаверади, деб даъво қилади (Қаранг: Мажмуъ фатово Ибн Боз // ал-Мактабат аш-шомила, исдори солис, 2006. – Б. 3/52; 7/313; 25/268).

Ваҳҳобийларнинг уламоларидан Ибн Усаймин ҳам “ал-Қавл ал-муфид” асарида ижтиҳод эшиклари ланг очиқлиги, уни “ёпиқ” деганларнинг ва “мазҳабларга тақлид қилиш лозим”, деганларнинг гаплари нотўғрилиги ҳақида сўз юритади (Ибн Усаймин. ал-Қавл ал-муфид ъала китоб ат-тавҳид. 2-жилд. – Риёз: Дору Ибн ал-Жавзий, 1996. – Б. 492-493).

Аслини олганда, улар айтганчалик муҳаддислик осон эмас, мужтаҳидлик эса мутлақо имконсиздир! Мақоламиз шу ҳақида:

МУҚАДДИМА

Аввало шуни айтмоқ керакки, аҳли суннат ва жамоат уламолари ҳам назарий жиҳатдан мужтаҳидлик мумкинлиги, ижтиҳод эшиклари тақа-тақ бекитилиб, қулфланиб қўйилган эмаслигини айтадилар. Уларнинг бемазҳаблардан фарқи шуки, ижтиҳод қилишни, айниқса, ҳар ким ижтиҳод қилиши мумкинлигини тарғиб қилмайдилар. Аҳли суннат ва жамоат олимлари ҳамда тақлидчилари орасида ҳар ким ўз ҳаддини, ўз имкониятини яхши билади. Чунки, мужтаҳидлик ва муҳаддислик қилиш бугун фақатгина назарий жиҳатдан тўғри бўлиши мумкин, холос. Амалда эса мутлақо мумкин эмас!

Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ “Мирқот ал-мафотиҳ” асарида бундай деганлар:

 ولا ينسد باب الاجتهاد على أهل العلم والاستنباط وإلحاق الفروع بالأصول

“Ижтиҳод ва истинбот ҳамда усулга фуруъни боғлаш эшиклари аҳли илмларга ёпилмайди” (Али ал-қори. Мирқот ал-мафотиҳ. 10-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 1994. – Б. 312).

Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ “ан-Нофеъ ал-кабир” асарида ҳозирда мужтаҳид бўлиши мумкин-мумкин эмаслиги ҳақида баҳс юритиб, хулосада бундай дейдилар:

و الحاصل ان من إدّعى بأنه قد انقطعت مرتبة الإجتهاد المطلق المستقل بالأئمّة الأربعة انقطاعاً لا يمكن عوده فقد غلط و خبط. فإنّ الإجتهاد رحمة من رحمة الله سبحانه و رحمة الله لا تقصر على زمان دون زمان و لا على بشر دون بشر. و من إدّعى إنقطاعها فى نفس الأمر مع امكان وجودها فى كلّ زمان فان أراد انه لم يوجد بعد الأربعة مجتهد اتفق الجمهور على اجتهاد و سلموا استقلاله كاتفاقهم على اجتهادهم فهو مسلم

“Хуллас, кимки мутлақо мустақил ижтиҳод мартабасини тўрт нафар имом (тўрт нафар мазҳаббошилар) билан узилган, унинг қайтиши мумкин эмас, деб даъво қилса, унинг гапи хато ва нотўғридир. Чунки, ижтиҳод Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг марҳаматларидан бир раҳматдир. Аллоҳнинг раҳмати эса бирорта замонга ва бирорта инсонга чекланиб қолмайди. Энди, кимки ижтиҳоднинг узилганини ҳар бир замонда вужудга келиши мумкинлигини айтгани ҳолда, тўртта имомдан кейин ижтиҳодига барча уламолар иттифоқ қилган ва мустақиллигига таслим бўлган бирорта мужтаҳид чиқмаган, деган маънода гапирган бўлса, унда бу гапга (унинг рост гап эканига) таслим бўлинади!” (Абдулҳай ал-Лакнавий. ан-Нофеъ ал-кабир ли-ман йутолеъ “ал-Жомеъ ас-сағир” // Мажмуату расоил ал-Лакнавий. 3-жилд. – Карочи: Идорат ал-Қуръон, 1998. – Б. 299).

Биз назарий жиҳатдан мужтаҳид ва муҳаддис бўладими ёки йўқми, деган масалани муҳокама қилмоқчи эмасмиз. Балки, ҳозирги кунда ва бундан кейин то қиёматгача мужтаҳид ва муҳаддисларнинг амалда чиқиши мумкин эмаслиги борасида учта ўта муҳим мулоҳаза ва далилни кўрсатиб ўтмоқчимиз. Хуллас, ҳозирда ва бундан сўнг мавжуд ҳадисларни ёд олиш, ўрганиш, таҳлил ва таҳқиқ қилиш, шарҳлаб-изоҳлаш мумкин, ўтган мужтаҳидларнинг ижтиҳодларини таҳқиқ ва тадқиқ қилиб ўрганиш мумкин, шарҳлаб-изоҳлаш  мумкин, бироқ, том маънодаги муҳаддис ва мужтаҳид бўлиш мумкин эмас! Биз ҳадис илми билан ва далилларни бир-бирига солиштириш билан шуғулланмаслик керак, деган даъводан жуда узоқдамиз. Бироқ, керилишнинг кераги йўқ, эътирозга асло ўрин йўқ, аччиқланиш ярамайди. Аллоҳнинг фазли марҳамати ва тақдирига рози бўлмоқ керак, холос.

Ҳадис ва ҳадис айтувчининг даражаси

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари давомида айтган гаплари ҳамда қилган ишлари “ҳадис”дир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “шамоил”лари – хулқ-атвори ҳамда тузулишлари ҳақидаги гап-сўзлар ҳам “ҳадис”дир. Ул зоти шарифнинг ҳаётлари ва умрлари давомидаги воқеа ва ҳодисалар – “сийрат”лари ҳам “ҳадис”дир. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “тақрир”лари – бошқалар айтган ёки қилган ишларини ул зоти шариф маъқуллаган бўлсалар, унга бирорта фикр билдирган ёки умуман билдирмаган бўлсалар, бу ҳам “ҳадис”дир. Яна, эътибор беринг, ул зоти шарифдан кейинги саҳобаи киромлар ва энг катта тобеъинларнинг гап-сўзлари – “асор”лар, буларнинг барчаси “ҳадис” деб аталади. Улар ҳадис китобларига жуда катта эътибор ва диққат билан киритилган бўлади. Албатта, буларнинг ҳаммаси “ҳадис”дир, лекин, уларнинг ҳаммаси “суннат” эмас, уларнинг барчаси ҳам уммат бажариши керак бўлган шаръий ҳукмлар эмас. Уларнинг орасида амалдан қолган, бутун бошли уммат амалга оширмаётган, ҳукми бекор қилинган ёки маълум бир ҳолатга қайд қилинган ҳадислар ҳам бўлиши мумкин.

Хуллас, ҳадис илми билан шуғулланувчилар “муҳаддис” деб аталади. Луғавий маъноси “ҳадис айтувчи” бўлса-да, бироқ, улар фақат ҳадиснинг матнини ёзиб олиб ёки қуруқ айтиб қўявермайдилар. Ҳар бир ҳадисни таҳлил қилиб чиқадилар. Таҳлил эса бу тариқа бўлади: ҳар бир ҳадисни “саҳиҳ” (“тўғри”-“соғлом”), “заиф” (“шубҳали”-“касал”) ва “мавзуъ” (“сохта”-“тўқима”) даражаларга ажратиб чиқилади. Бу учта даражани яна бир неча турларга бўлиб, ўрганиб чиқилади. Ҳар бир ҳадиснинг “иснод” ёки “санад” деб аталган ровийлари – ривоят қилувчилари силсиласини батафсил ўрганилади, ҳар бир шахс ҳақидаги шахсий маълумотларни текширилади, энг муҳими ёдда сақланади. Ровийлар силсиласи –ҳадисни айтаётган одам билан то Пайғамбар алайҳиссаломгача бўлган мазкур ҳадисни ривоят қилувчилар занжири кетма-кетлигини эсда тутилади, бир-бири билан аралаштириб юборилмайди. Мана шунча маълумотларни ёзиб қўйиш шарт эмас, балки, ҳаммасини ёдда сақлаш муҳимдир. Демак, ана шунча маълумотларни билиш ва ёдида сақлашга қараб ҳадис айтувчиликнинг – “муҳаддис”ликнинг даражалари белгиланган:

ТОЛИБ – илм талаб қилувчи талаба. Ҳадис фанига қизиқиб, ҳадис китобларини устозлари олдида мутолаа қилиб, илм ўрганаётган толиби илм. 10 000 (ўн минг) ҳадисгача ёд билиши мумкин.

МУҲАДДИС – “муҳаддис”ликнинг энг паст даражаси бўлиб, юз минг ҳадисгача ёд билиши лозим бўлади. Муҳаддис бўлиш учун ҳадисшуносликдаги усул ал-ҳадис соҳасини мукаммал ва муфассал билмоғи керак бўлади. Ибн Саййид ан-Нос раҳимаҳуллоҳ: “Бизнинг давримизда “муҳаддис” деб ҳадиснинг ривояти (нақл қилиш) ва дирояти (тушуниш, мазмунини англаш) билан шуғулланадиган, ровийларни биладиган, ўзининг давригача ривоят қилиб келган ровийларнинг кўпчилигини биладиган, уларни дастхатидан ажрата оладиган, ўзининг ёд олиш қобилияти билан танилган, устози ва устозининг устози халқ орасида таниқли бўлган кимсага айтса бўлади. Шунда ҳам биз 20 000 (йигирма минг) ҳадисни устози олдида ёзиб, ёдлаб ўтказмаган бўлса, уни ҳадис аҳли дея олмаймиз”, деганлар (Иқтибос бундан: Жалолиддин ас-Суютий. Тадриб ар-ровий фий шарҳ “Тақриб” ан-Нававий. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1996. – Б. 15).

Исмоил ибн Айёш раҳимаҳуллоҳдан 10 000 (ўн минг) ҳадисни ёддан билган муҳаддис бўла оладими, деб сўралганда, у “Йўқ!”, деб жавоб берган ва “Ўн минг-ўн минг-ўн минг бўлса бошқа гап!”, деганлар.

Язид ибн Ҳорун раҳимаҳуллоҳ: “Мен 25 000 (25 минг) ҳадисни ёддан биламан. Лекин бу билан фахрлана олмайман. Шомликларнинг ўзидан йигирма минг ҳадисни ёдлаганман”, деганлар.

ҲОФИЗ – юз минг ҳадисдан кўпроқ ёд олган бўлиши лозим. “Тафсири Жалолайн” соҳиби Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Тадриб ар-ровий” асарида айтишларига қараганда, ҳофиз ҳадис иснодларини, аксар ровийларнинг исмлари ва таржимаи ҳолларини билиши шарт. Шунингдек, у кўпгина ҳадис тўпламларини, жумладан, олтита саҳиҳ ҳадислар тўпламини (“ас-Сиҳоҳ ас-ситта”), Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ муснадини, Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ “ас-Сунан” асарини, Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳнинг “Мўъжам”ини тўла устоз олдида ўқиб чиққан ва ёд олган бўлиши керак. Бунга қўшимча равишда минглаб ҳадис жузъларини (тўпламларини) кўриб чиққан бўлмоғи лозим. Шунда у ҳофиз даражасига эришади (Жалолиддин ас-Суютий. Тадриб ар-ровий фий шарҳ “Тақриб” ан-Нававий. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1996. – Б. 14).

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳга “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарини ёзишга ундаган устози Исҳоқ ибн Роҳвайҳ раҳимаҳуллоҳ бир ўтирганларида 70 000 (етмиш минг) ҳадисни ёддан айтиб туриб, шогирдларига имло қилиб ёздирганлар. Таниқли муҳаддис Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ эса бир ўтиришда шогирдларига ёддан 100 000 (юз минг) ҳадисни имло қилиб ёздирганлар. Сўнгра уни текшириб кўрилганда, фақат етмиш ўринда чалкашликка йўл қўйилган экан, холос. Абу-л-Аббос ибн Уқда раҳимаҳуллоҳ: “Юз минг ҳадисни матни ва иснодлари билан ёд олганман. Уч юз минг ҳадис бўйича эса бемалол музокара олиб бора оламан!”, деганлар.

ҲУЖЖАТ – уч юз мингдан ортиқ ҳадиси шарифларни ёд олган бўлиши керак. Уч юз мингдан ортиқ ҳадисни ёд билган олимни “Ҳужжат” деб аталгани борасида уламолар иттифоқ қилганлар. Бу ўтган даврдаги барча энг таниқли муҳаддисларга насиб қилган шарафли номдир. Асосан ислом ақоиди, фиқҳи ва тасаввуфи билан шуғулланган Имом ал-Ғаззолий раҳимаҳуллоҳни ҳам барча даврларда “Ҳужжат ал-ислом” (“Исломнинг ҳужжати”) деб улуғланган. У зотни ҳадис илмида бўш бўлган дегувчилар, бу гапларини ўйлаб гапирмоқлари керак бўлади!

ҲОКИМ – ривоят қилиниб юрган, ҳадис аҳли китобларида ёзма ҳолатда сақлаб келган жами ҳадисларнинг матнини, санадини, журҳ ва таъдиллари билан бирга ёд олган бўлиши керак.

АМИР АЛ-МУҲАДДИСИН – бир миллион ҳадис, балки ҳадис деб аталган барча ривоятларни ёддан биладиган одамга айтилади. Шу билан бирга қарийб барча ровийлар тўғрисидаги маълумотлар қувваи ҳофизасида сақланган бўлмоғи лозим. Бу хилдаги муҳаддислардан Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва унинг устозлари Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ, Ибн ал-Мадиний раҳимаҳуллоҳ, Шўъба раҳимаҳуллоҳ, Суфён ибн Уйайна раҳимаҳуллоҳ, Яҳё ибн Маъин раҳимаҳуллоҳ кабиларнинг муборак номларини келтириш мумкин.

Хуллас, энди қаранг: Абу Зуръа раҳимаҳуллоҳ 100 000 (юз минг) ҳадисни: “Ҳар бир инсон “Қул ҳуваллоҳу аҳад” (Ихлос) сурасини ёддан билганидек ёдимда сақлаганман!”, деганлар. Бир одам “Абу Зуръа икки юз минг ҳадисни ёддан билмаса, хотиним талоқ!”, деганида, “Агар у уч юз мингни айтганида ҳам хотини талоқ бўлмасди!”, дейилган. Унинг 700 000 (етти юз минг) ҳадисни ёддан билишига одамлар шахсан гувоҳ бўлганлар.

Абу-л-Аббос Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: “Оиламнинг ўзига 300 000 (уч юз минг) ҳадисни ёдлатганман!”, деганлар. Оиласи шунча ҳадисни ёдлаган бўлса, ўзлари қанча ҳадисни ёд олган экан-а?!

Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ ўз “Муснад”ларини 700 000 (етти юз минг) ҳадис орасидан танлаб олиб ёзганлар. У зот 1 000 000 (бир миллион) ҳадисни ёддан билганлар. У зот саҳиҳ ҳадислар сонини 700 000 (етти юз минг)дан ошиб кетади, деганлар.

Яҳё ибн Маъин раҳимаҳуллоҳ: “Ўз қўлларим билан 1 000 000 (бир миллион) ҳадисни ёзиб олганман”, деганлар. У зот ҳам 1 000 000 (бир миллион) ҳадисни ёддан билганлар.

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўсмирлик пайтидаёқ: “Мен 100 000 (юз минг) саҳиҳ ҳадисни, 200 000 (икки юз минг) саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёддан биламан”, деганлар. У зот ўзларининг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарларини 600 000 (олти юз минг) ҳадис орасидан танлаб олиб ёзганлар. У зот ҳам 1 000 000 (бир миллион) ҳадисни ёддан билганлар.

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ўзининг саҳиҳ ҳадислар тўпламини ўзи эшитган 300 000 (уч юз минг) ҳадис орасидан танлаб олиб ёзганлар.

Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ эса ўзларининг шоҳ асарларини биз “Алҳамду”ни ёд билгандек ёд олган 400 000 (тўрт юз минг) ҳадис ичидан танлаб олганлар.

Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ эса 500 000 (беш юз минг) ҳадис орасидан ўз асаридаги ҳадисларни танлаб олганлар.

Муҳаддислар ана шундай бўлади!

Ҳозирда ҳадислар сони қанча?

Энди, ҳозирги пайтда нашр этилиб оммага тақдим этилган ҳадисга оид манбалардаги ҳадиси шарифлар қанчалигини бир назардан ўтказсак. «Сиҳоҳи ситта» — «Олтита саҳиҳ ҳадислар тўплами» деб аталадиган олтита номдаги олти нафар муҳаддис томонидан тўпланган ҳадислар ва уларга қўшимча равишда «Сиҳоҳи тисъа» — «Тўққизта саҳиҳ ҳадислар тўплами» деб аталадиган ҳадис китоблари ўзбек тилида «Олтин силсила» рукнида 50 жилд қилиб нашрга тайёрланиши режалаштирилган эди ва унинг аввалги 5 жилди нашрдан чиқди. Демак, ана шу 50 жилдли ҳадис тўпламини муҳаддис бўлмоқни қасд қилган шахс биринчи навбатда тўла ёд олиши керак бўлади. Бу ҳам муҳаддисликнинг энг-энг паст даражаси ҳисобланади, агар ҳисобланса:

«Сиҳоҳи ситта» ва «Сиҳоҳи тисъа» ҳадислари сони

Муаллиф номи Асар номи Асардаги ҳадислар сони Такрорсиз ҳадислар сони

(тахминий)

1. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (р.ҳ.) «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» («Саҳиҳ ал-Бухорий») 7 563 та 4 000 та
2. Муслим ибн ал-Ҳажжож ал-Қурайший ан-Найсобурий (р.ҳ.) «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» («Саҳиҳ ал-Муслим») 7 479 та 3 033 та
3. Абу Довуд Сулаймон ибн ал-Ашъас ас-Сижистоний (р.ҳ.) «ас-Сунан» («Сунан Абу Довуд») 5 276 та 4 800 та
4. Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (р.ҳ.) «ал-Жомеъ ас-сунан» («Сунан ат-Термизий») 3 956 та 3 500 та
5. Абу Абдурраҳмон Аҳмад ибн Шуайб ан-Насоий (р.ҳ.) «ас-Сунан ас-суғро» («ал-Мужтабо») 5 758 та  5 000 та
6. Муҳаммад ибн Язид ибн Можа ал-Қазвиний (р.ҳ.) «ас-Сунан» («Сунан Ибн Можа») 4 341 та 4 000 та
7. Молик ибн Анас (р.ҳ.) «Муватто» 1 843 та 1 500 та
8. Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ад-Доримий (р.ҳ.) «ас-Сунан» («Сунан ад-Доримий») 3 465 та 3 000 та
9. Абу Ҳотам Муҳаммад ибн Ҳиббон ал-Бустий (р.ҳ.) «ас-Саҳиҳ» («Саҳиҳ Ибн Ҳиббон») 7 491 та 7 096 та

          Тўққизта саҳиҳ ҳадислар тўпламларидаги

жами ҳадисларнинг сони:

47 172 та 35 929 та

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ривоят қилган жами ҳадислари сонини Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ 9882 (тўққиз минг саккиз юз саксон икки) та ҳадис, такрорларини олиб ташласак, 2623 (икки минг олти юз йигирма уч) та ҳадис қолади, деганлар. «Сиҳоҳи ситта»нинг таркибига Имом Насоий раҳимаҳуллоҳнинг ўзида 11770 (ўн бир минг етти юз етмиш) ҳадисни жамлаган «ас-Сунан ал-кубро» асари кирмайди, балки «ас-Сунан ас-суғро» ва «ал-Мужтабо» номли кичик ҳадис тўплами киради. Унда эса атига 5758 (беш минг етти юз эллик саккиз) та ҳадис мавжуд.

Юқорида рўйхати берилган «Сиҳоҳи тисъа» — «Тўққизта саҳиҳ ҳадислар тўплами»ни тўла ёд олган тақдирда ҳам такрорлари билан қўшиб ҳисоблаганда 50 000 (эллик минг)тага етмаган ҳадисларни ёд олган бўлиб чиқади. Ҳадис ёд олишнинг энг паст даражасидаги муҳаддис эса 100 000 (юз минг)га яқин ҳадисни ёд билиши керак эди. Шунинг учун муҳаддис бўлишни орзу қилган толиб бошқа ҳадис тўпламларидаги ҳадисларни ҳам кўриб чиқиши ва ёд олиши зарур бўлади. Нашр қилинган энг машҳур ҳадис тўпламларидаги ҳадислар сони ҳам, афсуски, 50 000 (эллик минг)тага етмайди:

Энг кўп ҳадис тўпланган машҳур асарлардаги ҳадислар сони

Муаллиф Асар номи Хадислар сони
1. Абдуллоҳ ибн Али ибн ал-Жоруд ан-Найсобурий (р.ҳ.) «ал-Мунтақо» 1 114 та
2. ал-Ҳорис ибн Муҳаммад ат-Таймий (р.ҳ.) «ал-Муснад» 1 124 та
3. Абулқосим Сулаймон ибн Аҳмад ат-Табароний (р.ҳ.) «ал-Мўъжам ас-сағир» 1 198 та
4. Муҳаммад ибн Абдулҳодий ал-Ҳанбалий (р.ҳ.) «ал-Муҳаррар» 1 304 та
5. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (р.ҳ.) «ал-Адаб ал-муфрад» 1 322 та
6. Абу Бакр Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр ал-Қураший ал-Ҳумайдий (р.ҳ.) «ал-Муснад» 1 337 та
7. Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳорун ар-Рўёний (р.ҳ.) «ал-Муснад» 1 531 та
8. Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофиъий (р.ҳ.) «ал-Муснад» 1 815 та
9. Абу Закариё Яҳё ибн Шараф ан-Нававий (р.ҳ. «Риёз ас-солиҳин» 1 896 та
10. Исҳоқ ибн Роҳвайҳ (р.ҳ.) «ал-Муснад» 2 425 та
11. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий (р.ҳ.) «Таҳзиб ал-асор» 2 444 та
12. Абу Абдуллоҳ Убайдуллоҳ ибн Муҳаммад Ибн Батта (р.ҳ.) «ал-Ибонат ал-кубро» 2 643 та
13. Абу Довуд ат-Таёлусий (р.ҳ.) «ал-Муснад» 2 890 та
14. Саид ибн Мансур (р.ҳ.) «ас-Сунан» 2 978 та
15. Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма ас-Сулламий ан-Найсобурий (р.ҳ.) «ас-Саҳиҳ» 3 079 та
16. Абулқосим Сулаймон ибн Аҳмад ат-Табароний (р.ҳ.) «Муснад аш-Шомиййин» 3 637 та
17. Ҳусайн ибн Масъуд ал-Бағавий (р.ҳ.) «Шарҳ ас-сунна» 4 422 та
18. Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн ал-Байҳақий (р.ҳ.) «ас-Сунан ас-суғро» 4 478 та
19. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (р.ҳ.) «ал-Матолиб ал-олия» 4 627 та
20. Али ибн Умар ад-Дорақутний (р.ҳ.) «ас-Сунан» 4 836 та
21. Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салама ат-Таҳовий (р.ҳ.) «Мушкил ал-асор» 5 407 та
22. Валийуддин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хатиб ал-Умарий ат-Табризий (р.ҳ.) «Мишкот ал-масобеҳ» 6 285 та
23. Абу Авона Яъқуб ибн Исҳоқ ал-Исфароиний (р.ҳ.) «ал-Мустахраж» 7 041 та
24. Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салама ат-Таҳовий (р.ҳ.) «Шарҳ маоний ал-асор» 7 467 та
25. Абу Яъло Аҳмад ибн Али ат-Тамимий ал-Мавсилий (р.ҳ.) «ал-Муснад» 7 555 та
26. Абу Авона Яъқуб ибн Исҳоқ ал-Исфароиний (р.ҳ.) «ал-Муснад» 8 718 та
27. Ҳоким Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ан-Найсобурий (р.ҳ.) «ал-Мустадрак ъала ас-Саҳиҳайн» 8 864 та
28. Абу Бакр Аҳмад ибн Амр ал-Басрий ал-Баззор (р.ҳ.) «ал-Муснад» 9 018 та
29. Абу Шужоъ Шерўя (Шеравайҳ) ад-Дайламий (р.ҳ.) «ал-Фирдавс» 9 056 та
30. Абулқосим Сулаймон ибн Аҳмад ат-Табароний (р.ҳ.) «ал-Мўъжам ал-авсат» 9 489 та
31. Маждуддин Муборак ибн Муҳаммад Ибн ал-Асир (р.ҳ.) «Жомеъ ал-усул мин аҳодис ар-Расул» 9 523 та
32. Жалолиддин ибн Абу Бакр ас-Суютий (р.ҳ.) «ал-Жомеъ ас-сағир фий аҳодис ал-Башир ан-Назир» 10 031 та
33. Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн ал-Байҳақий (р.ҳ.) «Шуаб ал-имон» 10 756 та
34. Абу Абдурраҳмон Аҳмад ибн Шуайб ан-Насоий (р.ҳ.) «ас-Сунан ал-кубро» 11 770 та
35. Муҳаммад ибн Идрис ибн Абу Ҳотам ар-Розий (р.ҳ.) «ат-Тафсир» 16 468 та
36. Нуриддин Али ибн Абу Бакр ал-Ҳайсамий (р.ҳ.) «Мажмаъ аз-завоид ва манбаъ ал-фавоид» 18 776 та
37. Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн ал-Байҳақий (р.ҳ.) «Маърифат ас-сунан» 20 881 та
38. Абу Бакр Абдурраззоқ ибн Ҳумом ас-Санъоний ал-Ямоний (р.ҳ.) «ал-Мусаннаф» 21 033 та
39. Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн ал-Байҳақий (р.ҳ.) «ас-Сунан ал-кубро» 21 812 та
40. Абулқосим Сулаймон ибн Аҳмад ат-Табароний (р.ҳ.) «ал-Мўъжам ал-кабир» 22 245 та
41. Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.) «ал-Муснад» 28 414 та
42. Ибн Абу Шайба (р.ҳ.) «ал-Мусаннаф» 38 939 та
43. Жалолиддин ибн Абу Бакр ас-Суютий (р.ҳ.) «Жамъ ал-жавомеъ» («ал-Жомеъ ал-кабир», «Жомеъ ал-аҳодис») 45 757 та
44. Алоуддин Али ибн Ҳусомиддин ал-Муттақий ал-Ҳиндий (р.ҳ.) «Канз ал-уммол фий сунан ал-ақвол ва-л-афъол» 46 624 та
               Барча асарлардаги жами ҳадислар сони: 453 029 та

Ўзи, китобларга ёзилган ҳадислар сони қанча бўлган?

Биз кўрсатган, ҳозирда нашр қилиниб чоп қилинган 44 та асар рўйхатидаги жами ҳадислар сони 453 029 (тўрт юз эллик уч минг йигирма тўққиз) тага «Сиҳоҳи тисъа»даги 47 172 (қирқ етти минг бир юз етмиш икки) тани қўшсак, 500 201 (беш юз минг икки юз бир) та бўлади. Демак, мазҳаббошиларнинг энг кичиги Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, муҳаддис ва мужтаҳид бўлмоқчи бўлган одам ана шунча ҳадисни ёддан билиши шарт. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан: «Инсонга юз минг ҳадисни ёд олиши кифоя қиладими?», деб сўрашган. У зот кифоя қилмаслигини айтганлар. «Икки юз минг ҳадис кифоя қиладими?», деб сўралган. У зот «Йўқ!», деб жавоб берганлар. «Уч юз минг ҳадис кифоя қиладими?», деб сўралган. У зот «Йўқ!», деб жавоб берганлар. «Тўрт юз минг ҳадис кифоя қиладими?», деб сўралган. У зот «Йўқ!», деб жавоб берганлар. «Беш юз минг ҳадис кифоя қиладими?», деб сўралган. У зот «Умид қиламан! Кифоя қилса керак!», деб жавоб берганлар. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ, Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ва Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ кабиларнинг устози Яҳё ибн Маъин раҳимаҳуллоҳ ҳам худди шундай деганлар (Абдулҳай ал-Лакнавий. Зафар ал-амоний. – Ҳиндистон: Чашмаи файз, 1886. – Б. 30-31).

Бироқ, бу ерда битта муаммо бор. Биз кўрсатган рўйхатдаги асарларда мавжуд ҳадислар бир-бирини такрорлаб келган. Аслида, энг кўп ҳадисларни ўзида жамлаган манба, юқорида рўйхатнинг энг охирида кўриниб турганидек, «Канз ал-уммол»дир. Унда эса атиги 46 624 (қирқ олти минг олти юз йигирма тўрт) та ҳадис мавжуд. Барча даврларда муҳаддислар жами ҳадисларни китоб ҳолида сақлаб қолишга ҳаракат қилиб кўрганлар. Жумладан, Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ тўплаб ёзган жами ҳадислар унинг «ал-Мўъжам ал-кабир» асарида мужассам бўлиб, ҳозиргача 25 та жилддан 13, 14, 15, 16 ва 21 жилдлари топилган эмас. Улардан 13 ва 21 жилднинг бир қисми топилган. Нашр қилинган асарда эса жами 22 245 (йигирма икки минг икки юз қирқ беш) та ҳадис мавжуд. Ҳар бир жилдда мингтача ҳадис мавжудлигини эътиборга олсак, унга яна 5 000 (беш минг) тача ҳадис қўшилиши мумкин. Демак, унда 27 000 (йигирма етти минг) атрофида ҳадис бўлган, холос. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ ва Ибн Абу Шайба раҳимаҳуллоҳ кабилар ҳам жами ҳадисларни тўплашга уруниб кўрганлар. Бироқ, улар ҳам 40 000 (қирқ минг)га етмаган ҳадисларни тўплай олганлар, холос. Кейинги уруниш «Тафсири Жалолайн» соҳиби Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ томонидан амалга оширилди. Афсуски, унинг урунишларига умри вафо қилмади, у тўплаган жами ҳадислар сони 45 000 (қирқ беш минг) атрофида бўлган. Ҳадис билан шуғулланувчиларга маълум энг кўп ҳадис тўпланган асар ҳозирча «Канз ал-уммол» бўлиб турибди. Ундан кўп ҳадис тўплаб ёзилган бирорта асар борлигини мутахассислар билишмайди. Тарихда эса энг кўп ҳадис тўпланган манба Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг шогирди Ибн Ваҳб раҳимаҳуллоҳга тегишли бўлган экан. Унинг «Жомеъ»сида 120 000 (бир юз йигирма минг) ҳадис жамланган бўлган. Бизнинг юртдошимиз Ҳасан ибн Аҳмад ас-Самарқандий раҳимаҳуллоҳ «Баҳр ал-асонид» номли асар ёзган бўлиб, унда 100 000 (юз минг) ҳадис бўлган экан. Мана шу икки манбани тарихда ўзида энг кўп ҳадис жамлаган китоб сифатида кўрсатиб келинади.

Демак, барча ҳадислар китобат ҳолида сақланган эмас! Мана шу ҳақиқатни унутманг! Бунинг сабаби, муҳаддис боболаримиз ҳадисларни қувваи ҳофизасида сақланишга аҳамият берганлар. Улар том маънодаги ҳомили ҳадис, ҳофизи аҳодис бўлганлар. Ёзиб қўйишга, ёзиб тарқатишга кўп эҳтимом кўрсатмаганлар. Устозлар ёддан ҳадис айтиб ривоят қилганлар, зеҳни ўткир шогирдлар бир-икки эшитиш билан уни бутун умрга ёдлаб олаверган. Бу ҳозирги кунда бўлиши мумкин бўлмаган ишдек кўринади. Бироқ, муҳаддислар фаолият юритган олтин даврда бу ҳамма вақт барча ерда юз бериб турадиган оддий ҳол бўлган. Бунга Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ёки Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг ҳаёти ва фаолиятини ўқиган ҳар бир инсон гувоҳ бўла олади.

Умуман, ҳадисларнинг барчаси ёзиб олинмаганлигига Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ва бошқа муҳаддисларнинг ривоят қилган саҳиҳ ҳадиси сабаб бўлган кўринади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:     

لا تكتبوا عنى، و من كتب عنى غير القرآن فليمحه

“Мендан ҳадис ёзиб олманглар. Кимки мендан Қуръондан бошқани ёзса, уни ўчириб ташласин!” (Муслим 4/3004; Насоий 5/8008; Доримий 1/458; Ҳоким 1/437; Абу Яъло 2/1288; Аҳмад 3/11100, 11102, 11174, 11362, 11553).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ана шу иршодлари сабабли муҳаддислар зарурат юзасидан ҳадиси шарифларни ёзиб, тўпладилар. Ҳадисларнинг энг-энг муҳимларини китобат қилдилар. Барибир, ҳадисларнинг энг асосий катта қисми ровийларнинг зеҳнида, кучли хотирасида сақланиб қолаверди.

Шунинг учун ҳам, «Тафсири Жалолайн» соҳибларидан бири, муҳаддислар охиргиси, деб аталган зот Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ «Тадриб ар-ровий» асарида: «Муснадлар, жомеълар, сунанлар ва жузълардаги, яъни жами ҳадис китобларидаги такрорсиз ҳадисларнинг барчасини – саҳиҳини ҳам, заифи ва мавзуъсини ҳам тўплаб чиққанда, 100 000 (юз минг) бўлиши мумкин, ёки аниқроғи, 50 000 (эллик минг) ҳадис бўлади», деганлар ва бундай ҳақиқатни зикр қилганлар:

و يبعد كلّ البعد ان يكون رجل واحد حفظ ما فات الأمة جميعهفانه انما حفظه من اصول مشايخه و هى موجودة

“Бир кишининг бутун бошли уммат йўқотган жами ҳадисларни ёд олиши жуда-жуда-жуда узоқдир. Фақат у машойихларидан эшитган, мавжуд ҳадисларни ёд олиши мумкин, холос” (Жалолиддин ас-Суютий. Тадриб ар-ровий фий шарҳ “Тақриб” ан-Нававий. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1996. – Б. 47).

Демак, биз келтирган мазкур рўйхатлардаги жами асарларда келган ҳадисларни тўлиқ ёд олиб чиққан одам ҳам аслида мана шунча – эллик мингга ҳам етмаган ҳадисни ёдлаган бўлиб чиқади. У эса шунчалик зеҳнли бўлишига қарамасдан энг оддий муҳаддислар қаторига ҳам қўшила олмас экан!

Эътибор қилинг, бу гапим муболаға эмас, айни ҳақиқат!

Шунинг учун ҳам, бугун муҳаддисликни ҳам, мужтаҳидликни ҳам даъво қилиб бўлмайди. Чунки, бунинг имкони йўқ! Йўқ нарсани қандай даъво қилиб бўлади?! Аллома Тожиддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳдан бундай деб нақл қилинган:

«Билгинки, замонамиздаги ҳадис илмида назари қосирлар «Машориқ ал-анвор»ни бирров қараб чиқиб ёки ал-Бағавийнинг «Масобеҳ»ини кўриб, муҳаддислар даражасига етиб қолдим, деб ўйлайдилар. Буни улар ҳадисга жоҳилликлари сабабли қиладилар. Агар биров бу икки китобни зоҳир қалбидан тўла ёд олса, бу икковига бир қанча ҳадис матнларини қўшган бўлса ҳам у игнанинг тешигидан туя ўтгунгача муҳаддис бўлиб қолмайди. Замона аҳли «ан-Ниҳоя»гача ўқиганни ўзларича муҳаддислар муҳаддиси, Ибн Асирнинг «Жомеъ ал-усул»и билан шуғулланган кимсани эса Бухорий ал-аср дейдилар ёки бир-бирига шунга ўхшаш ёлғон лақаб-унвонлар қўйиб оладилар. Агар бунга қўшимча равишда у Ибн ас-Салоҳнинг «Улум ал-ҳадис» асарини, ан-Нававийнинг «ат-Тақриб»ини ёд олган бўлса ҳам у муҳаддислар мартабасига етиб борган бўлмайди. Муҳаддис дегани муснадларни, «Илал» китобларини, асмо ар-рижол фанини, олий ва нозил ҳадисларни таниши, шу билан бирга жуда кўп ҳадис матн тўпламларини ёд олиши, олтита саҳиҳ ҳадислар тўпламини ўқиб эшитган, «Муснади Аҳмад”, «Сунан ал-Байҳақий», «Мўъжам ат-Табароний»ларни тўла ўқиб чиққан, бунга қўшимча равишда ҳадис жузларидан мингта миқдордаги жузларни қўшган кимса бўлади. Бу ҳам муҳаддисликнинг энг паст даражасидир. Ана шуларнинг ҳаммасини ёд олиб, бир қанча ҳадисларни даражама-даража ёзиб чиқса, шайхлар-устозлар олдида айланиб юрса, ҳадис иллатлари ва муснадлари борасида гапириб билса, бу энди муҳаддисликнинг бошланғич даражасидир» (Иқтибос бундан: Жалолиддин ас-Суютий. Тадриб ар-ровий фий шарҳ “Тақриб” ан-Нававий. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1996. – Б. 14).

Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ “Мажмуъ ал-фатово” асарларида бундай деганлар: “Ҳадис китобларига эргашиш даъвосига келадиган бўлсак, агар даъвогар саҳиҳни ҳасандан, ҳасанни заифдан, носихни мансухдан ажрата оладиган бўлса, ўтган муҳаддисларнинг даражасида оят ҳамда ҳадис ва асорларнинг маънолари шарҳидан хабардор бўлса, ундан ташқари, ҳадис ва бошқа китобларга тааллуқли бўладиган жами зарурий фанлардан билими етарли бўлса, ундай киши мақтовга сазовордир. Лекин, аниқки, бизнинг замонамизда бундай кимсанинг топилиши анқонинг уруғини топган кабидир” (Абдулҳай Лакнавий. Мажмуат ал-фатово. 1-жилд. – Лакнав: Юсуфий, 1907. – Б. 20-22).

Ҳадисни иснодлари билан ёд олиш машаққати

Юқоридаги рўйхатда келтирилган 50 000 (эллик минг)га яқин, ёки борингки, такрорлари билан 500 000 (беш юз минг) атрофидаги ҳадисни фақат матнини ёд олиш билан муҳаддис бўлиб қолавермайди. Ҳар бир ҳадиснинг «исноди-санади» билан ёд олиш керак бўлади. «Иснод-санад» эса ҳадисни ривоят қилувчи ровийларнинг номлари занжири – кетма-кетлигидир. Яъни, ҳадис ривоят қилувчи муҳаддис билан то Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган даврлардаги ровийлар силсиласи – муҳаддис ўз устозидан эшитган, у эса устозидан, у эса устозидан эшитиб то Расулулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача ровийларнинг номлари айтиб чиқилса, бу ҳадиснинг «исноди-санади» ҳисобланади. Унинг аҳамиятини машҳур тобеъин Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ: “Сизлар тўплаётган бу нарсалар диндир. Шунинг учун сизлар динингизни кимдан олаётганингиз ҳақида ўйлаб кўринг!”, деб кўрсатганлар. Абдуллоҳ ибн ал-Муборак раҳимаҳуллоҳ эса: “Иснод диннинг бир бўлагидир. Агар иснод бўлмаганда, ким нимани хоҳласа, гапираверарди”, деганлар.

Ҳадис ривоят қилувчиларнинг номлари кетма-кетлигини, ўзлари ва ота-боболари, кунялари, нисбалари тизимини ҳам ҳадис матни билан биргаликда ёдда асраш инсондан фавқулодда катта зеҳнни талаб қилади. Буни тушуниш учун Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламидаги биринчи ва энг охирги ҳадис санади ва матнини келтириб ўтсак:

 حدثنا الحميدى عبد الله بن الزبير قال حدثنا سفيان قال حدثنا يحيى بن سعيد الأنصارى قال أخبرنى محمد بن ابراهيم التيمىّ أنّه سمع علقمة بن وقّاص الليثىّ يقول سمعتُ عمر بن الخطاب رضى الله عنه على المنبر قال سمعت رسول الله صلى الله عليه و سلمم يقول

إنّما الأعمال بالنّيّات و إنّما لكلّ امرئ ما نوى فمن كانت هجرته الى دنيا يصيبها او الى امرأة ينكحها فهجرته الى ما هاجر اليه

Бизга ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр ҳадис айтди. У бизга Суфён ҳадис айтди, деган. У эса бизга Яҳё ибн Саид ал-Ансорий ҳадис айтди, деган. У эса менга Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Таймий хабар етказди, деган. Албатта у Алқама ибн Ваққос ас-Лайсийнинг бундай деганини эшитган: Мен Умар ибн ал-Хаттоб разийаллоҳу анҳу минбарда туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, деганини эшитганман, деган. Ул зоти шариф бундай марҳамат қилдилар:

“Албатта амаллар ниятлар биландир. Ҳар бир кимса учун ният қилган нарсаси бўлур. Демак, кимнинг ҳижрати дунёга бўлса, унга етишади, хотинга бўлса, унга уйланади. Бас, ҳижрати ҳижрат учун ният қилган нарсасига кўра бўлур” (Бухорий, 1-рақам).

حدثنى أحمد بن إشكابٍ حدثنا محمد بن فضيل عن عُمارة بن القعقاع عن أبى زُرعة عن أبى هريرة رضى الله عنه قال قال النبىّ صلى الله عليه وسلم

كلمتان حبيبتان الى الرحمن خفيفتان على اللسان ثقيلتان فى الميزان سبحان الله و بحمده سبحان الله العظيم

Менга Аҳмад ибн Ишкоб ҳадис айтди. У эса бизга Муҳаммад ибн Фузайл ҳадис айтди, деган. У Умора ибн ал-Қаъқоъдан, у эса Абу Зуръадан, у эса Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан (ривоят қилган). У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар, деган:

Икки калима бор: Раҳмонга севимли, тилга енгил, тарозида оғир: “Субҳоналлоҳ ва биҳамдиҳи! Субҳоналлоҳи-л-ъазим!” (Бухорий, 7563-рақам).

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган илк ҳадис исноди олти нафар кимсадан иборат: ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр→Суфён→Яҳё ибн Саид ал-Ансорий→Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Таймий→Алқама ибн Ваққос ас-Лайсий→Умар ибн ал-Хаттоб разийаллоҳу анҳу. Энг охирги ҳадис исноди эса беш нафар кимсадан иборат: Аҳмад ибн Ишкоб→Муҳаммад ибн Фузайл→Умора ибн ал-Қаъқоъ→Абу Зуръа→Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг ривоят қилган энг олий иснодли ҳадислари сони атиги 22 (йигирма икки)та бўлиб, “Сулосийёт” (“Учлик”) деб аталади ва улар уч нафар ровийдан иборат. Кўп ровийлари эса тўққиз нафарга етади. Демак, ҳадис иснодларида ўртача беш нафар ровий қатнашган деб оладиган бўлсак, “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”да жами 37 815 (ўттиз етти минг саккиз юз ўн беш) нафар шахс номлари келтирилган бўлиб чиқади. Агар ўша шахсларнинг оталарининг исми билан зикр қилингани ҳам эътиборга олинса, унда бу рақам икки баробар кўпаяди, айримларида боболарининг номлари ҳам келганини назарга олсак, шахс номлари яна ортади. Демак, муҳаддис бўлмоқчи бўлган одам мана шунча шахсларнинг номларини эсида сақлаши, уларни оталари ва боболари билан ҳамда бир-бирларининг нисбаларини алмаштириб қўймаслиги, мана шунча шахс номларининг кетма-кетлигини зеҳнида асраши керак бўлади. Шунингдек, биринчи ҳадис иснодидаги ровийларнинг номлари билан энг охирги ҳадис иснодидаги ровийларнинг номларини ўзгартириб қўймаслиги, чалкаштирмаслиги керак. Бу иккисини, масалан беш юзинчи, мингинчи, уч мингинчи, беш мингинчи ва ҳоказо рақамдаги ҳадисда келган ровийларнинг номлари билан чалкаштирмаслиги лозим. Шунингдек, бу икки ҳадис иснодидаги ровийларнинг номларини бошқа муҳаддисларнинг ривоят қилган минглаб ҳадисларида келган ровийлар силсилалари билан адаштирмаслиги керак. Энг муҳими, мана шунча ровийларнинг силсилаларида келган ҳадис матнларини эсида сақлагани ҳолда, биридаги иснодни бошқасидаги иснод билан адаштирмаслиги лозим. Ана шу номларни ва исмларни адаштириб, чалкаштириб қўядиган кимсаларнинг ривоятлари ҳадис фанида “заиф” деб баҳоланади! Кўрдингизми?! “Сиқа” (“ишончли”) ровий деб сифатланган одамнинг даражаси қандай эканини билдингизми?!

Ана энди, 100 000 (юз минг) ҳадисгача ёд олиши лозим бўлган муҳаддисликни бир тасаввур қилиб кўринг! Энг камида 100 000 (юз минг) ҳадисда беш юз мингта, 1 000 000 (бир миллион) ҳадисда эса беш миллион шахс номи мавжуд! Муҳаддислик осон эмас!

Охирги уруниш: ҳадисларни турларга ажратиш

Энди, муҳаддис ёдлаган ҳадиси шарифларини саҳиҳ, ҳасан, мавзуъ ва бошқа турларга ажратиб олиши керак бўлади. Шунча ҳадисларни ёд олиши унинг ушбу ҳадисларни ўзича ушбу турларга ажратишга ҳуқуқ бермайди. Буюк ҳадисшунос Ибн ас-Салоҳ раҳимаҳуллоҳ: “Ҳозирги замонда ҳадисларнинг саҳиҳ, заиф ва мавзуъ эканини билиш мумкин, бироқ, уларни саҳиҳ, заиф ва мавзуъга ажратиб чиқишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Ажратиб чиқиш эшиклари ҳозирги одамларнинг илми заиф бўлгани учун ёпиб қўйилган. Бу борада жасорат кўрсатмаслик керак!”, деган маънода гап қилганлар (Ибн ас-Салоҳ. Муқаддима Усул ал-ҳадис маъа шарҳиҳи ат-Тақйид ва-л-Ийзоҳ. – Ҳалаб: Илмия, 1931. – Б. 12; Яна қаранг: Жалолиддин ас-Суютий. Тадриб ар-ровий фий шарҳ “Тақриб” ан-Нававий. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1996. – Б. 74).

Бемазҳабларнинг “муҳаддис”и Носир Албоний эса XIII аср бошида яшаб ўтган буюк ҳадисшунос Ибн ас-Салоҳ (577-643/1181-1245) раҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг ана шу: “Бу борада жасорат кўрсатмаслик керак!”, деганларига парво қилмасдан “Сиҳоҳи ситта”ни ва бошқа ҳадис тўпламларида келтирилган ҳадиси шарифларни қайта саҳиҳ, заиф, мавзуъ турларига ўзича ажратиб чиқиб, бутун дунё мусулмонларининг айрим тоифаларининг адашувига сабабчи бўлди! Бунга шак-шубҳа йўқ! Бугун Албонийнинг қилмишлари ва хато ҳаракатлари очиқ-ойдин кўрсатиб берилган раддиялар сонининг ўзи 10 (ўн) жилддан ортиб кетди.

Мужтаҳид салоҳияти: муҳаддисликдан мужтаҳидлик томон

Инсон муҳаддис бўлгани билан, қуруқ ёд олувчи бўлиб қолаверади. Ёд олган ҳадисларини тушуниш, улардан фиқҳий ва эътиқодий ҳукмлар чиқариш иккинчи бир иш бўлиб, ҳадисларнинг маъноларини чуқур идрок қила олиш ёки ҳукм чиқариш малакаси ва қобилияти ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Ҳадислардан фиқҳий ва эътиқодий ҳукмлар чиқаришнинг ва ўзининг мактабини яратишнинг уддасидан фақатгина мужтаҳидлар чиқа оладилар. Мужтаҳидликка билимнинг, илмий салоҳиятнинг ўзи етарли эмас. Мужтаҳидлардан олимроқ, билимдонроқ, ҳадис фанига устароқ олим бўлиш мумкин, бироқ, мужтаҳидликка буларнинг ўзигина кифоя қилмайди. Бу эса Парвардигори оламнинг махсус инояти ва алоҳида лутфу карами билан бўлади, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу борадаги қуйидаги ҳадислари фикримизни яққол тушунтира олади:

نضّر الله إمْرَأ سمع منا حديثا فحفظه حتى يبلغه غيره فرُبّ حامِل فقهٍ الى من هو أفقه منه و رُبّ حامِل فقهٍ ليس بفقيهٍ

“Биздан ҳадис эшитиб, уни ёдлаб то бошқага етказган кимсанинг юзини Аллоҳ ёруғ қилсин! Гоҳида фиқҳни кўтарувчилар ўзларидан фақиҳроқ кимсага етказишади. Гоҳи эса фиқҳни кўтариб юрувчи фақиҳ бўлмайди!” (Термизий, 4/2656-2658; Абу Довуд, 3/3662; Ибн Можа, 1/230-236; Доримий, 1/235; Ибн Ҳиббон, 1/67; 2/680; Аҳмад, 5/21630; Ҳоким, 1/295-297; Табароний, 2/1543; Абу Яъло, 13/7413; Баззор, 2/3416).

Мазкур ҳадиснинг қуйидагича мазмуни ҳам бор:

نضّر الله إمْرَأ سمِع منا شيئا فبلغه كما سمِع فرُبّ مبلغ أوعى من سامع

“Биздан бирор нарса эшитиб, уни эшитганидек етказган кимсанинг юзини Аллоҳ ёруғ қилсин! Гоҳида етказувчи эшитувчидан кўра (ҳадис илмига) тўлганроқ бўлади” (Термизий, 4/2657).

Бир ривоятда: فرُبّ حامل فقه لا فقه له – “Гоҳида фиқҳни кўтарувчининг ўзида фиқҳ бўлмайди!”, дейилган (Доримий, 1/233; Аҳмад, 4/16784; Ҳоким, 1/294; Табароний, 2/1544).

Яъни, муҳаддислар ҳадисларни ёд олиб, уларни бошқаларга етказаверадилар. Кўп ҳолларда эса етказувчидан кўра ҳадисни эшитиб қабул қилиб олувчи кимса фақиҳроқ – ҳадиснинг маъноларини етказувчидан кўра билгувчироқ, теранроқ тушунувчироқ бўлиб чиқади. “Фақиҳ” деган сўз ҳам “теран ва чуқур тушунувчи” деган маънони англатади. Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг: الفقهاء و هم أعلم بمعانى الحديث – “Фақиҳлар – улар ҳадис маъноларини энг билувчилардир!”, деганлари қайд қилинган (Термизий, 1/990 ҳадис ортида).

Бунга иккита мисол келтирсак бўлади:

Ҳадисшунос ва ишончли ровийлардан бири, “Сиҳоҳи ситта”да 1300 (бир минг уч юз) ҳадис ривояти бор зот, Суфён ибн Уйайна раҳимаҳуллоҳ ва Суфён ас-Саврий раҳимаҳуллоҳ каби буюк зотларнинг устози, машҳур тобеъий ал-Аъмаш раҳимаҳуллоҳ олдига бир аёл савол сўраб келибди. У зот жавобини билмасдан даврада ўтирган Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга: “Сиз жавоб беринг-чи?!” дебдилар. Буюк имомимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ унга батафсил ва даврадагиларни ҳам қониқтирадиган жавоб айтибдилар. ал-Аъмаш раҳимаҳуллоҳ ҳайрат билан: “Сиз буларни қаердан билдингиз?”, деб сўрабдилар. У зот эса: “Буларни Сиз бизга айтиб берган ва ўргатган фалон-фалон ҳадислардан олдим”, деб жавоб берибдилар. Шунда ал-Аъмаш раҳимаҳуллоҳ ўзининг машҳур бўлган мана бу ҳикматли гапларини айтибдилар:

نحن الصيادلة و أنتم الأطباء

“Биз доричилармиз, сизлар эса табибсизлар!”.

Яъни, ҳадис аҳли доричи – аптекачилар дори сотганларидек, ҳадисларни ёдлаб етказадилар, холос. Фақиҳлар эса қайси дори қаерга шифо, қайси дори керак ёки нокерак эканини биладиган, ташхис қўйиб даволовчи табиблар кабидир. Ким табибга учрамасдан доричидан дорининг ўзини олиб фойдаланаверадиган бўлса, у билмасдан ўлдирувчи дорини истеъмол қилиб қўйиши ҳам мумкин! Яъни, ҳадислардан билар-билмас фойдаланаман деб урунмаслик лозим. Қаранг:

Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу бир гапдоннинг оят ва ҳадис айтиб турганини эшитиб қолиб, “Носих ва мансух” – ҳукми бекор қилинган оят ёки ҳадисларни биласанми?”, деб сўрабдилар. У билмаслигини айтганда, هلكت و أهلكت – “Ҳалакта ва аҳлакта!” (“Ҳалок бўлдинг ва ҳалок қилдинг!”), деган эканлар (Табароний, 10/10603).

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳам оят ва ҳадис айтиб турган бир қозига худди шундай: هلكت و أهلكت – “Ҳалакта ва аҳлакта!” (“Ҳалок бўлдинг ва ҳалок қилдинг!”), деганлар (Байҳақий, 10/20147; Ибн Абу Шайба, 8/26716; Абдурраззоқ, 3/5407).

Яъни, “Оят ва ҳадисларни ўзингча айтиб, улардан ҳукм ола бошладингми, ҳалокатга йўлиққан бўласан ва бу ишинг билан бошқаларни ҳам ҳалокатга олиб борасан!”, деганлар.

Фақиҳ бўлмоқ керак ёки фақиҳларнинг фиқҳий асарларига боқмоқ керак. Саҳобалардан Ибн Умар разийаллоҳу анҳу басралик фақиҳ тобеъинлардан бирига бундай деганлар:

إنّك من فقهاء البصرة فلا تفت الا بقرآن ناطق او سنّة ماضية فإنّك إن فعلت غير ذلك هلكت و أهلكت

“Албатта сен Басранинг фақиҳларидансан. Бас, шундай экан, фақатгина сўзлагувчи Қуръон билан ёки ўтган (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган) суннат билан фатво бергин. Агар бундан бошқасини қиладиган бўлсанг, ҳалок бўласан ва ҳалок қиласан!” (Доримий, 1/166).

Ҳа, фиқҳий манбаларга қарамасликнинг ва фиқҳий қарашларга эътибор бермасликнинг асло иложи йўқ. Акс ҳолда, ҳадисларнинг ўзининг билиш билан ундаги ҳукмларни билмай қолавериш мумкин. Худди шу хилдаги воқеа яна Имом аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳнинг устози Имом Вакиъ раҳматуллоҳи алайҳидан ҳанафийларнинг улуғ имоми Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ сабоқ олиб юрганида содир бўлган. Ушбу воқеада ҳам бир аёл савол сўраб келади. Имом Вакиъ раҳимаҳуллоҳ унинг жавобини билолмай қоладилар. Шунда даврадагилар жавоб беришлари мумкинлиги тавсия қилинади. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ унга батафсил жавоб қайтарадилар, хотин ҳам жавобдан мамнун бўлиб қайтиб кетади. Имом Вакиъ раҳматуллоҳи алайҳи ҳайратини яшира олмай, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан жавобни қаердан билганини сўрайдилар. У зот мазкур жавобни Имом Вакиъ раҳматуллоҳи алайҳининг ўзлари ўргатган фалон-фалон ҳадислардан олганини тушунтирадилар. Шунда Имом Вакиъ раҳматуллоҳи алайҳи: “Оббо, мен бу ҳадисларни ҳали сен туғилмаган, ҳатто ота-онанг учрашмаган вақтдан бери ёд биламан-ку!”, дейдилар.

Шунинг учун ҳам «Барча мужтаҳидлар муҳаддис бўлади, ҳар бир муҳаддис эса мужтаҳид бўла олмайди», дейилган. Бунга жудда оддий ва ҳақли яна иккитагина мисол келтирсак фойдадан холи бўлмайди:

Айтганимиздек, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳадис илмида «амир ал-муҳаддисин» бўлганлар, Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ унга «Устозлар устози», «Муҳаддислар саййиди» деб мурожаат қилардилар. Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ у зот ҳақларида: «Аллоҳ таоло уни бу умматнинг зийнати қилган!», деган эдилар. Ибн Хузайма раҳимаҳуллоҳ: «Кўм-кўк осмон остида Имом Бухорийчалик ҳадисга доно, ҳадисни ёддан биладиган одам йўқ!», дегандилар. Уламолар ул зот ҳақларида: «Имом Бухорий Аллоҳ таолонинг ер юзида юрадиган тирик мўъжизаларидан биридир!» деганлар. Шундай бўлса-да, 1 000 000 (бир миллион) та ҳадисни ёддан билган Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ мазҳаб туза олмаганлар, ижтиҳод қилиб ўзларининг фиқҳий мактабига асос сола билмаганлар! Ишонаверинг, Бухородан чиқариб юборилишларига ҳам баъзи фиқҳий ва эътиқодий масалаларни айтаверганлари сабаб бўлган. Ижтиҳод даъвосини қилувчилар бу ҳақиқатни бир ўйлаб кўрсалар бўларди!

Яна бир мисол: мақоламиз бошида тилга олинган Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Бидоят ал-мужтаҳид” асарида ҳар ким Қуръон ва ҳадислардан ўзи ижтиҳод қилиши керак, деган бўлса-да, бироқ, ўзи асло ижтиҳод даъвосини қилиб бош кўтармаган. Уни ҳеч ким мужтаҳидлар қаторида санамайди ҳам. Ҳатто унинг ўзи ҳам ўзини моликий мазҳабида деб билган, китобларини моликий мазҳаби фиқҳига кўра битган. Мужтаҳид одамга бирор мазҳабга тақлид қилиш жоиз бўладими?! Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ буюк олим эди, ўз даврининг улуғ фақиҳи эди, фиқҳий қарашларни, шаръий ҳукмларни бошқалардан кўра яхшироқ ва батафсилроқ билар эди. Бироқ, у мутлақ мужтаҳид даражасига ета олмаган эди! Ўзи мужтаҳид бўлишга қодир бўлмаган кимсанинг ижтиҳод қилишни таклиф қилишига нима дейсиз?! Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳнинг ана шу “Бидоят ал-мужтаҳид” асарини ҳам мутлақ оргинал – мустақил деб бўлмайди. У ушбу асарини Ибн Абдулбарр раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Истизкор” асарини қисқартирган ҳолда таълиф қилганлигини мутахассислар аниқлаганлар. Ибн Абдулбарр раҳимаҳуллоҳ моликийларнинг Мағриб диёридан чиққан энг буюк муҳаддиси, энг улуғ фақиҳи ҳисобланади. Шу билан бирга, у зот ҳам мазҳаб туза олмаганлар, мужтаҳидлар қаторида саналмаганлар.

«Мужтаҳид» бу Қуръон ва ҳадислардан керакли ҳукмларни чиқариб берувчи фиқҳ олимидир. Зотан, «фиқҳ» нозик ва дақиқ маъноларни тушуниш бўлиб, мужтаҳидлик амалиётга жорий қилинадиган ҳукм ва қоидаларни исломнинг ана шу бирламчи манбаларидан тушуниб олиш ва чиқариб беришдир. Қуръон ва ҳадислардаги қиссаларни гапириб берувчи, уларда келган эътиқодий масалаларни ўргатувчи, улардаги дуоларни айтиб берувчилар «мужтаҳид» дейилмайди.

Демак, ҳукм олувчи мужтаҳидлар ҳукмларни Қуръон ва ҳадислардаги ҳукм олинадиган махсус оят ва ҳадислардан оладилар. Жумладан, аҳли раъй деб таъна қилинадиган ҳанафийларнинг буюк имоми Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг бундай деганлари нақл қилинган:

اذا جاء الحديث عن النبى صلى الله عليه و سلم فعلى الرأس و العين و الباقى سواء

“Қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис етиб келса, бош ва кўз устига қабул қиламиз. Бошқаларнинг гаплари эса бир-бири билан баробардир!” (Муваффақ ибн Аҳмад ал-Маккий ал-Хоразмий. Маноқиб ал-Имом ал-Аъзам Аби Ҳанифа. 1-жилд. – Ҳайдаробод: Мажлис доират ал-Маориф ан-низомия, 1903. – Б. 77-78, 80-81 ва 83).

Бу гапни “Тафсири Жалолайн” соҳиби Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ ўзининг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга бағишланган “Табйиз ас-саҳифа” номли маноқиб асарида зикр қилганлар:

عجبا للناس يقولون أنى أفتى بالرأى ما افتى الا بالأثر

“Одамларнинг мени раъй билан фатво беришимни айтишларига ажабланаман! Чунки, мен фақатгина асар (ҳадис) билангина фатво бераман!” (Жалолиддин ас-Суютий. Табйиз ас-саҳифа би-маноқиби Аби Ҳанифа. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1990. – Б. 113).

اذا وجدت الأمر فى كتاب الله تعالى او فى سنة رسول الله صلى الله عليه و سلم أخذت به و لم أصرف عنه و اذا إختلفت الصحابة إخترت من قولهم و اذا جاء من بعدهم أخذت و تركت

“Агар Аллоҳ таолонинг китобидан ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан бирор ишни топсам, ўшани олдим, ундан юз ўгирмадим. Агар саҳобалар турли фикр билдирган бўлсалар, уларнинг (фақиҳ бўлганларининг) гапларидан бирини танладим. Улардан кейингиларга келганда эса, олдим ҳам, тарк ҳам қилдим”.

“Ҳар бир нарсада қиёс ўтавермайди!”, деган Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:

و نحن نقيس المسئلة على أخرى لنردها الى اصل من اصول الكتاب او السنة و اتفاق الأمة فنجتهد و ندور حول الإتباع

“Биз масалани бошқаси билан қиёс қилганимизда, Қуръон ёки Суннатга ва умматнинг иттифоғидаги асл манбаларга қайтарамиз. Шундай қилиб ижтиҳод қиламиз ва эргашув атрофида айланамиз!”.

Ҳанафийларнинг қиёсга энг уста олими Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ бўлиб, у бундай деганлар:

لا تلتفتوا الى كلام المخالفين فان أبا حنيفة و اصحابنا لم يقولوا فى مسئلة الا من الكتاب و السنة و الـأقاويل الصحيحة ثم قاسوا بعد عليها

“Мухолифларнинг гапларига қараманглар! Зеро, Абу Ҳанифа ва шерикларимиз бирор масалани фақатгина оятдан ва суннатдан ҳамда саҳиҳ ривоятларга қараб айтганлар. Сўнг, ана шулардан кейингина қиёс қилганлар”.

Ибн ас-Саббоҳ раҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Абу Ҳанифага бирорта масала келса, саҳиҳ ҳадис бўлса унга эргашарди, агар у саҳоба ёки тобеъиннинг гапи бўлса ҳам. Агар бундай бўлмаса, шундагина қиёс қиларди. Қиёси ҳам қандай чиройли бўларди!” (Хатиб Бағдодий. 15-жилд. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 2001. – Б. 466).

Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ эса бундай деганлар: “Мен Абу Ҳанифага бирор нарсада асло хилоф гап айтмадим. Доим ўйланардим, унинг мазҳабини охиратда энг нажотга эришувчи эканлигини топардим. Мен кўпинча ҳадисга мойил бўлардим, ул зот эса мендан кўра саҳиҳ ҳадисни кўпроқ билувчироқ эди!” (Хатиб Бағдодий. 15-жилд. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 2001. – Б. 466).

Ижтиҳод қилинадиган манбалар чекланган

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва унинг саҳобалари олдида Кўфа ва Ироқдаги ривоят қилинган барча ҳадислар мужассам ва муфассал ҳолда мавжуд бўлган. Ул зот ўз шогирдларига ҳар бир муҳаддис юртга ташриф буюрган вақтда:

أنظروا هل عنده شئ من الحديث ليس عندنا

“Қаранглар, унинг олдида бизда йўқ ҳадислар бормикин?”, дер ва ўша муҳаддисдан бор ҳадисларни ўзлаштириб олишларига буюрар эдилар.

Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга бирор масала кўндаланг бўлса, «Бу борада сизларда асар (ҳадис) борми?» дер, агар ҳадис ривоят қиладиган бўлсак, ўз фикрини билдирар, шундан сўнг ўша ҳадисга тўғри келадиган фикрни олинар эди. Тўғри келмайдиган қиёс бўлса, уни тарк этиларди» (Муваффақ ибн Аҳмад ал-Маккий ал-Хоразмий. Маноқиб ал-Имом ал-Аъзам Аби Ҳанифа. 1-жилд. – Ҳайдаробод: Мажлис доират ал-Маориф ан-низомия, 1903. – Б. 96).

Ана шу тарзда, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўз мазҳабини тузишда қирқдан ортиқ шогирдлари билан бирга барча ояти карималар ва ҳадиси шарифларни мукаммал ва муфассал, бирма-бир, илмий таҳлил ва тадқиқ асосида ўрганиб чиққанлар.

Бундай аҳком-ҳукмий оят ва ҳадисларнинг сони эса жуда чекланган. Усул ал-фиқҳга оид манбаларда айтилишича, жумладан, «Нур ал-анвор»да Қуръони каримда 500 (беш юз)та атрофидагина «аҳком оятлар» мавжудлиги, 3000 (уч минг) атрофидаги «аҳком ҳадислар» борлиги қайд қилинган. «Кашф ал-асрор»да эса Қуръонда беш юзта «аҳком оятлари» ва мингдан ортиқ «аҳком ҳадислар» бор дейилган (Қаранг: Абдулазиз ал-Бухорий. Кашф ал-асрор. 2-жилд. – Миср: Амирия, 1898. – Б. 170; Мулла Жеван ал-Ҳанафий. Нур ал-анвор // «Кашф ал-асрор» билан бирга. – Б. 169).

Жумладан, бу соҳада илк бор тасниф қилинган асар Имом аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳга тегишли бўлиб, уни муҳаддис Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ тузиб, қайта ишлаб чиққанлар. Имом аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳнинг «Аҳком ал-Қуръон» асарида такрорлари билан 700 (етти юз) оят зикр қилинган.

Моликийларнинг бу соҳадаги энг эътиборли асари Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳнинг «Аҳком ал-Қуръон» асарида роппа-роса 500 (беш юз)та оят кўриб чиқилган.

Ҳанафийларнинг охирги даврларда истеъмолда бўлиб келган, аҳком оятларга бағишланган Мулла Жеван ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳнинг «ат-Тафсирот ал-аҳмадия» асарида ҳам 500 (беш юз)та оят тадқиқ этилган.

Шунингдек, бир қанча уламолар аҳкомга оид ҳадисларни ҳам тўплашга ҳаракат қилганлар. Жумладан, Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳ бу борада битта асар битган бўлиб, «ал-Илмом би-аҳодис ал-аҳком» деб номланган ушбу тўпламда 1 632 (бир минг олти юз ўттиз икки) та ҳадис мавжуд. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб, аҳком ҳадисларига оид анча машҳур «Булуғ ал-маром мин адиллат ал-аҳком» асарида 1 568 (бир минг беш юз олтмиш саккиз) та ҳадис бор. Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳанафийлик мазҳаби далилларини энг кўп тўплаган манба Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ томонидан тузилган «Эъло ус-сунан» бўлиб, 6 123 (олти минг бир юз йигирма уч) та ҳадис тўпланиб, изоҳланган. Демак, ҳар бир мазҳаб далиллари ана шундай етти мингтадан ошмайдиган ҳадислар асосида тузилган. Бу эса такрор-такрор келтирилган ҳадислар жамланмасидир. Ҳали айтганимиздек, ҳар бир мазҳаб вакиллари ўз далилларини ҳукмлар чиқариладиган уч мингга етмайдиган ҳадислардан олганлар, холос.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг устози Абу Исмоил Ҳаммод ибн Муслим ибн Абу Сулаймон ал-Кўфий (ваф. 119/737) раҳимаҳуллоҳ вафот қилгандан сўнг унинг шогирдлари Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг олдига келганлар. Буюк имом шундан сўнг унинг ўрнига ўтириб, фатво ва дарс бериш ишларини бошлаб юборганлар. У зот устозининг шогирдларига: «Ўн нафарингиз менга зомин – масъул бўласизлар!», дея шарт қўядилар (Муваффақ ибн Аҳмад ал-Маккий ал-Хоразмий. Маноқиб ал-Имом ал-Аъзам Аби Ҳанифа. 1-жилд. – Ҳайдаробод: Мажлис доират ал-Маориф ан-низомия, 1903. – Б. 66).

Яъни, Ҳаммод ибн Абу Сулаймон ал-Кўфий раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари унинг ҳар бир гапи, ҳар бир фатвосини текшириб турганлар. Бундан ташқари, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ўз шогирдлари орасида 40 (қирқ) нафари доимий ёзув-чизув, таҳлил ва текширув билан машғул бўлганлар. Юқорида ҳам айтганимиздек, қирқдан ортиқ шогирдлари билан бирга барча ояти карималар ва ҳадиси шарифларни мукаммал ва муфассал, бирма-бир, илмий таҳлил ва тадқиқ асосида ўрганиб чиққанлар. Тадқиқотчилар унинг шогирдларининг умумий сони 800 нафардан ошиб кетишини айтишса-да, энг асосий ва машҳурлари ўттиз олти нафар эканлигини зикр қиладилар. Шогирдларидан 28 нафари қозиликка лаёқатли, 6 нафари фатво беришга муносиб, 2 нафари эса – Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳамда Зуфар раҳимаҳуллоҳ қози ва фатво арбоби эдилар. Шогирдларини мана шу тартибда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ўзи баён қилиб бергани нақл қилинади. Бу рўйхатга унда 3 (уч) йилдан сал кўпроқ муддатгина таҳсил олишга улгуриб қолган, бироқ, шундай бўлса-да, ҳанафий мазҳабининг энг асосий китобларини тасниф қилган Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳни ҳам қўшадиган бўлсак, буларнинг барчаси билан бирга мазҳаб асослари ва масалалари ишлаб чиқилган, далиллари батамом ўрганиб чиқилган эди. Унинг шогирдлари орасида Абу Юсуф, Имом Зуфар, Ҳасан ибн Зиёд, Муҳаммад аш-Шайбоний, ҳаммаслаклари бўлганлар Лайс ибн Саъд, Имом аш-Шофиъийнинг устози Вакиъ ибн ал-Жарроҳ, ҳадис аҳлидан бўлганлар Абдуллоҳ ибн ал-Муборак, Яҳё ибн Закариё ибн Абу Зоида, Имом Аҳмаднинг устози Яҳё ибн Саид ал-Қаттон, тасаввуф аҳлидан Фузайл ибн Аёз, Довуд ат-Тоий ва Иброҳим ибн Адҳам, даврадош ва доимий суҳбатдошлари орасида эса ўзлари ҳам мужтаҳид ва муҳаддис бўлганлар: Абдурраҳмон ибн Абу Лайло, Суфён ас-Саврий, Суфён ибн Уйайна, Имом ал-Авзоъий, Иброҳим ибн Таҳмон, Имом ал-Бухорийнинг устозлари Яҳё ибн Маъин, Али ибн ал-Мадиний, Маккий ибн Иброҳим ал-Балхий, Яҳё ибн Одам, Мисъар ибн Кадом, Имом Абу Довуд ва ан-Насоийларнинг устози Қосим ибн Маън каби зотлар бор эди. Раҳматуллоҳи алайҳим ажмаъин!

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг шайхи Маккий ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни жуда севар ва ниҳоятда ҳурмат қилар эдилар. Муҳаддислар султони, ҳадис илмининг амири Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг саҳиҳ ҳадислар тўплами бўлмиш “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарларида, айтганимиздек, 7563 (етти минг беш юз олтмиш уч) ҳадис бўлса, шундан атиги 22 (йигирма икки) таси уч иснодлидир. Иснодда фақатгина уч нафар ровийнинг номи қатнашган ҳадислар “Сулосийёт” деб аталади. Исноддаги ровийлар саҳоба, тобеъин ва табаъа тобеъиндан иборат бўлади. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг саҳиҳ ҳадислар тўплами бўлмиш “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарини Аллоҳнинг китоби – Қуръони каримдан кейинги башарият томонидан ёзилган китобларнинг энг тўғриси, энг саҳиҳи ва энг ишончлиси дейилган. Ана шу энг тўғри, энг саҳиҳ ва энг ишончли асардаги энг тўғрироқ, энг саҳиҳроқ, энг ишончлироқ ва энг олий даражадаги ҳадиси шарифлар “Сулосийёт” ҳисобланади. Ана шу атига  22 (йигирма икки) тагина “Сулосийёт” ҳадислардан роппа-роса 11 (ўн бир) тасининг ровийси Маккий ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ бўладилар.

Хуллас, Маккий ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ ҳадисдан дарс бераётганларида, одамлардан бири: “Бизга Абу Ҳанифадан ҳадис айтманг, Ибн Журайждан ҳадис айтинг!”, деб қолади. Шунда Маккий ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ қаттиқ ғазабланадилар ва “Мен аҳмоқларга ҳадис ўргатмайман. Мендан ёзиб олган ҳадисларингни бу ёққа чиқар ва ҳузуримдан чиқиб кет”, деб уни ҳайдаб юборадилар. То ўша кимса чиқиб кетмагунча индамай ўтираверадилар. У чиқиб кетганидан сўнг, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан эшитган ҳадисларини шогирдларига айтиб ёздирадилар (Муваффақ ибн Аҳмад ал-Маккий ал-Хоразмий. Маноқиб ал-Имом ал-Аъзам Аби Ҳанифа. 1-жилд. – Ҳайдаробод: Мажлис доират ал-Маориф ан-низомия, 1903. – Б. 204).

Ана шундай зотлар даврасида ҳар бир оят ва ҳадиснинг мазмуни синчиклаб ўрганилиб, ойлаб баҳс-мунозаралардан кейин ижтиҳодни энг камолига етказилгандан сўнг бирор масалага ҳукм қилинган ва барчаси китобларга қайд қилиб борилган.

Ҳаммод ибн Абу Сулаймон ал-Кўфий раҳимаҳуллоҳ 119 ҳижрий йили, яъни 737 йили вафот қилганлар. Демак, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўшандан бошлаб умрининг охиригача, яъни 150/767 йилгача – роппа-роса 30 (ўттиз) йил фатво ва дарс бериш иши билан машғул бўлганлар.

Энди, қаранг: ўттиз йил давомида тобеъинлар, табаъа тобеъинлар замони – олтин даврлар бўлган вақтда 40 (қирқ) нафардан ортиқ мутлақ олим ва мужтаҳид бўлган, мутлақ муҳаддис ва фақиҳ бўлган, мутлақ тақводор ва зоҳид бўлган даврадош издошлар билан биргаликда 500 (беш юз) тадан сал ошиқроқ бўлган ҳукм олинадиган ояти карималарни ва 3000 (уч минг) тадан сал ортиқроқ бўлган ҳукм олинадиган ҳадиси шарифларни мукаммал ва муфассал ўрганиб чиқилган эди. Ҳа, мукаммал ва муфассал равишда ижтиҳод қилиб бўлинган эди. Ижтиҳод қилиб бўлинган жойда яна нима ижтиҳод қилинади?

Ижтиҳод қилиб кўришга урунишлар бўлди.

Масалан, Имом аш-Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳи янгидан ижтиҳод қилиб, ана шу 500 (беш юз) тадан сал ошиқроқ оятни ва 3000 (уч минг) тадан сал ортиқроқ ҳадис асосида ўз мазҳабини туздилар. Лекин, Бағдодга сафар уюштириб, ўша даврдаги ҳанафий олимлари билан узоқ суҳбатлар қилганларидан сўнг, ўз мазҳабларини тамоман янгидан қайта кўриб чиқишга мажбур бўлдилар ва барча фикрларини тубдан ўзгартирдилар. Шунинг учун ул зоти шарифнинг мазҳаблари қадим (эски) ва жадид (янги) қисмларга бўлиб ўрганилади.

Бошқа мужтаҳидлар ҳам шу тариқа ижтиҳод қилиб кўрдилар. Улар фақат ўзлари эмас, ўз ҳузурларидаги шогирдлар ва ҳаммаслак олимлар билан биргаликда ижтиҳод қилдилар.

Мужтаҳидлар замонида ижтиҳод қилинадиган бирорта оят ёки ҳадис қолгани йўқ, барчаси ижтиҳод қилиниб бўлди!

Энди ўйлаб кўринг: тўрт мазҳабнинг энг охиргиси бўлмиш Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг ҳанбалий деб аталадиган мазҳаби нима учун жуда кам жойга, аниқроғи, фақат Арабистон диёридагина амалда қолди? Зоҳиран олганда, Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ўзларидан олдинги уч мазҳаб соҳиблари – Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ва Имом аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳдан кейин уларнинг ижтиҳодларини ривожлантириб, бойитиб, қайта ишлаб, қайта кўриб чиқиб, энг мукаммал ва энг муфассал мазҳаб яратиши керак эди. Лекин, бундай бўлмади. Тадқиқотчиларга маълумки, унинг мазҳаби энг заиф томони кўп, амалда жорий қилиниши энг қийин мазҳаб ҳисобланади. Бунинг сабаби, янгидан ижтиҳод қилинадиган оят ёки ҳадиснинг ўзи қолмаганлиги эди. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳгача ундан олдинги уч нафар мазҳаббоши ўша чекланган оят ва ҳадисларни қайта-қайта кўриб, ижтиҳод қилинадиган ҳукмларни батамом олиб бўлган эдилар.

Аллоҳ муносиб кўрган зотлар ўз ижтиҳодлари ила мактаб ярата олдилар ва ўз мазҳаблари билан донг таратдилар. Шу тариқа тарихда фақат тўрт мазҳаб сақланиб қолди. Қолган уламолар эса қанчалик урунмасин, изчил равишда янгидан ижтиҳод қилиб, ҳамманинг эътирофига сазовор бўла оладиган ҳукмни истинбот қилиб чиқариб бера олмадилар. Йўл-йўлакай, Довуд аз-Зоҳирий раҳимаҳуллоҳ, Абу Жаъфар ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ кабилар ҳам мазҳаб яратишга уруниб кўрдилар. Лекин, Аллоҳ таолонинг фазли фақат тўрт нафар мужтаҳидда ошкора кўринди. Бугун эса ана шу Довуд аз-Зоҳирий раҳимаҳуллоҳ бир пайтлар тузмоқчи бўлган чалама-чакки мазҳабини – янги зоҳирийлар (улар ўзларини “аҳли ҳадис” деб ҳам аташади, айрим ҳолларда эса янги салафийлар бўлиб кўринадилар) давом қилдиришга уруна бошладилар ва уммати муҳаммадиянинг буткул адашувига сабабчи бўлдилар.

Шунинг учун ҳам, биз Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ бир пайтлар айтган гапни шу хилдаги ижтиҳод қиламан, деб керилган “билармон”ларга баралла айта оламиз: “Ҳой сизлар, мусулмонларнинг энг сара имомлари тузиб кетган, улардан мусулмонлар авлодма-авлод қабул қилиб келган барқарор аҳкомларни ўз ҳолига қўйиб қўйинг-да, ҳали ҳеч бир имом кўриб чиқмаган ва баҳс юритмаган, мусулмонлар оммаси … шикоят қилиб юрган янги пайдо бўлган масалаларда ижтиҳод қилиш учун енг шимаринг! Агар уларда ижтиҳод қилиб, бирор натижага эришсангиз ва улар билан Китоб ва Суннатдаги далиллар ўртасини боғлай олсангиз, улардан аҳкомларни қандай қилиб чиқариб олганингизни кўрсатсангиз, ана шунда … ўз ижтиҳодингиз билан уларнинг ижтиҳодларини насх – бекор қилишингизга йўл қўйиб берамиз ҳамда ҳамма одамларни уларни қўйиб, сизларга эргашишга чақирамиз” (Муҳаммад Саид Рамазон Бутий. Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир. – Тошкент: Hilol-nashr, 2013. – Б. 127).

Лекин, бу хилдаги ижтиҳод қиламан, деб керилган “билармон”лар ҳеч қачон ижтиҳод қила олмайдилар, ҳеч қачон мусулмонлар асрлар давомида рози бўлиб келган тўрт мужтаҳид имомнинг ижтиҳодларидек ижтиҳод қила олмайдилар, мазҳабларидек мазҳаб туза олмайдилар, балки фақат ихтилоф, бузғунлик, вайронкорлик келтириб чиқарадилар, холос.

Мужтаҳидликдаги асосий шарт

Юқорида айтганимиздек, беш юз минг атрофидаги ҳадисларни ёд билган одамни мужтаҳидлар қаторига қўшиш мумкин бўлади. Унда нимага шунча ва ундан анча кўпроқ ҳадисларни ёд билган муҳаддислар мужтаҳид бўла олмадилар?

Чунки, мужтаҳидликда ҳам фиқҳий салоҳият, ҳам валоят – валийлик бўлиши керак!

У ҳолда, ҳадисларни ҳам мукаммал биладиган, ўзи эса энг аъло даражада фақиҳ ҳисобланган олими мутлақлар нима учун мужтаҳид дейилмаганлар?

Чунки, мужтаҳидлик учун биз айтмоқчи бўлган учинчи шарт ҳам бўлиши керак. У эса ҳаммада топилавермайди. У Аллоҳнинг хос марҳамати, махсус лутфу карами бўлиб, сиз хоҳланг-хоҳламанг, уни Аллоҳ таоло фақат ва фақат ўзи хоҳлаган бандасига инъом қилур:

يؤتى الحكمة من يشاء و من يؤتَ الحكمة فقد أوتى خيرا كثيرا و ما يذّكّر الا أولوا الألباب

“У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар” (Бақара, 269).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса саҳиҳдан саҳиҳ ҳадисларида бундай деб марҳамат қилганлар:

من يُرد اللهُ به خيرا يفقهه فى الدين

“Кимга Аллоҳ яхшиликни хоҳласа, уни динда фақиҳ қилиб қўяди!” (Бухорий, 1/71; Муслим, 2/1037; Термизий, 4/2645; Насоий, 3/5839; Ибн Можа, 1/220; Доримий, 1/230; Ибн Ҳиббон, 1/89; Аҳмад, 1/2791; Табароний, 9/8756; Абдурраззоқ, 11/20851; Ибн Абу Шайба, 11/31692).

Оят ва ҳадислар жуда чекланганлигини барча билади. Ҳукм олинадиган оят ва ҳадислар эса ундан ҳам озроқдир. Оят ва ҳадисдан ҳукм чиқариб бериш учун ўша ҳукмни то қиёматгача бўлган барча замонлар ва барча маконларга мослаб, даврнинг энг ақлли, энг билимдон одамлари-да тан оладиган далиллар билан исботлаб бериш керак бўлади. Чунки, Аллоҳнинг дини – ислом энг охирги дин бўлиб, у то қиёматгача боқий қолувчи диндир. Аллоҳнинг китоби – Қуръон эса энг охирги муқаддас манба бўлиб, унинг ҳукмлари бекор қилинмайдиган, то қиёматгача жорий бўлувчи китобдир. Ана шу энг охирги диндаги ушбу энг охирги китобдаги ҳукмларни қиёматгача бўладиган барча даврларга ва барча маконларга мос эканлигини исботлаб ҳукм ишлаб чиқариш керак. Агар билар-билмас ҳукм чиқариладиган бўлса, у маълум бир даврга ёки маълум бир маконга ёхуд жамиятнинг маълум бир қисмига, билимсиз ва дунёқараши тор муайян оломон тўпига оид бўлиб қолади-да, дину шариатнинг, оят-и Қуръоннинг қиёматгача барча даврларга ва барча маконларга мос келиши ҳикмати барбод қилинади. Шунинг учун ҳам, ижтиҳод ҳамманинг қўлидан келавермайди, ҳамма ҳам мужтаҳид бўла олмайди.

Ҳукмнинг “иллат”ини топиш машаққати

Ижтиҳоднинг том маъноси бор. Бунинг учун ҳукм олинаётган ҳар бир оят ва ҳадисдаги бир қанча сабаблар орасидан бош сабабни – усул ал-фиқҳ истилоҳида “иллат” деб номланадиган сабабни топиб бериш лозим. Топилган ана шу бош сабаб “иллат” дейилади, қолган сабаблар эса “ҳикмат” деб аталади. Ҳукмий оят ва ҳадислардаги “иллат”ни топиш барча инсонларга насиб қилавермайди. У танлаб олинган муҳаддислардан хосланган фақиҳларнинг энг махсусларига насиб қилади, холос. Бу оятда айтилганидек Аллоҳнинг фазли карамидир, ҳадисда айтилганидек Аллоҳнинг махсус яхшилигидир. Уни эса фақат оқил қишиларгина тушуниб етадилар. “Иллат”ни топиш барча замонларда айтиб келинган, ҳурмат қилинган, ҳавас қилинган мужтаҳидликдир.

Бу ҳақиқатни тушуниш учун мисоллар келтириб ўтамиз.

Масалан, светофорда тўхташнинг сабаби нима? Бир қанча сабаблар бор. Чироқлар ёниши, қонун устуворлиги, бехатарлик – авария бўлмаслик, бировнинг юриш ҳаққини поймол қилмаслик, ДАН ходимининг қўлига тушмаслик, жаримадан сақланиш, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш – катта машиналарни ёки корчалон ҳамда каттаконларни ўтказиб юбориш ва ҳоказо. Агар шу ерда бош сабабни топиб берилмаса, аҳвол нима бўлади? Қаранг, светофорда тўхташ сабабини махсус ходимнинг қўлига тушмаслик деб белгиланса, ходимнинг кўзини шамғалат қилиб, тўхтамай ўтиб кетавериш керак бўлади. Агар жаримадан сақланиш деб белгиланса, пули кўпларга тўхтамаслик жоиз бўлади. Агар одоб-ахлоқ қоидалари пеш қилинса, корчалон ва каттаконларнинг ўзи ҳеч қаерда тўхтамай ўтиб кетаверишлари керак бўлиб қолади. Агар авария ёки бировнинг ҳаққини поймол қилмаслик деб белгиланса, ярим тунда ҳеч ким йўқ пайтда чорраҳадан тўхтамай ўтиб кетаверишга рухсат бериш лозим бўлиб қолади. Йўқ, светофорда тўхташнинг бош сабаби булар эмас, унинг бош сабаби – “иллат”и қизил чироқнинг ёнишидир! Тамом. Бошқа барча сабаблар тўхташимизнинг “ҳикмат”лари бўлиб қолаверади. Демак, ана шу бош сабаб топиб берилмаса, жамият тизими бузилади, давлат тузуми барбод бўлади. Худди шундай, шаръий ҳукмдаги “иллат” топиб берилмаса, шариат қоидалари бузилади, фиқҳий тузум барбод бўлади. Унга бир мисол келтирсак.

Ароқнинг ҳаром қилинишининг сабаби нима?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтиб ўтган еттита нарсадан тайёрланганими? Унинг суюқ ичимлик эканими? Унинг маст қилувчилигими? Уни ичганларнинг маст бўлиб қолишларими? Уни ичганларнинг ахлоқсиз тўполончи бўлиб қолишларими? Уни ичиш учун нокаснинг ўз мол-давлатини барбод қилишими? Унинг ичувчиларнинг оилалари бузилишими? Уни ичганлар ҳалокатга гирифтор бўлишларими? Ва ҳоказо саволлар бериш мумкин. Ароқнинг ҳаром қилинишининг ҳикмати борасида Аллоҳ таолонинг ўзи Қуръонда бундай деган:

إنّما يُريد الشيطان ان يوقع ببينكم العداوة و البغضاء فى الخمر و الميسر و يصدّكم عن ذكر الله و عن الصلاة فهل انتم منتهون

“Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида, 91).

Бу ерда Аллоҳ таоло ароқнинг ҳаром бўлишига инсонлар ўртасида адоват ва нафрат бўлиши, зикр ва намоздан тўсишини сабаб қилиб кўрсатмоқда. Оятнинг зоҳиридан ана шу сабабларни пеш қилиб, “Ароқ ичганда адоват ва нафрат юзага келмаса ёки намоз ўқишдан тўсмайдиган бўлса, ароқ ичиш мумкин”, деган ҳукм чиқариб бўлмайди! Чунки, шундай ҳолатлар бўладики, сархуш бўлганлар ўртасида адоват ва нафратдан ҳам кўра ошночилик ва дўстлик туйғулари жўш уриб, бир-бирини қучоқлаб, бир-бирига дилдан дардларини тўкиб солиб, бир-бирларига меҳрлари уйғониб ҳам қолади. Ояти каримада адоват-нафрат уйғотади, дейилмоқда, агар у меҳр-муҳаббат уйғотса, ароқ ҳалол бўлиб қоладими?! Ёки, ҳеч ким йўқ жойда ичсам ҳеч кимга зарар бермайман-ку, деб ичиш мумкин бўладими?! Йўқ! Бу ерда Аллоҳ таоло ароқнинг ҳаром қилинишининг биз айтган “иллат”ини айтмаяпти, балки “ҳикмат”ини баён қилиб бермоқда.

Юқоридаги оятдан олдин Аллоҳ таоло ароқни ифлослик – “рижс” деб атаган:

يا أيّها الذين ءامنوا إنما الخمر و الميسر و الأنصاب و الأزلام رجس

“Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосликдир ….” (Моида, 90).

Агар ароқ ифлос қилиб тайёрланмаса, пок-покиза ва яп-янги узилган узумдан ёки буғдойдан тайёрланса, ҳалол бўлиб қоладими?!

Ана шу ерда биз айтган “иллат” топиб берилмаса, нима бўлади? Ҳозиргача: “Ароқнинг ўзи ҳалол, унинг мастлиги ҳаром” деб “иллат” топувчилар мавжуд. Яъни, уларнинг айтишича, ароқни ичса бўлади, уни ичиб олиб маст-аласт бўлиб, тўполон кўтариш ҳаром эмиш. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

ما أسكر كثيره فقليله حرام

“Ниманинг кўпи маст қилса, бас, унинг ози ҳам ҳаром”, деганлар (Термизий, 4/1865; Насоий, 8/5607; Абу Довуд, 3/3683; Ибн Можа, 3/3392; Аҳмад, 2/5648; Ҳоким, 3/5748; Табароний, 4/4149; Байҳақий, 8/17167; Дорақутний, 4/4688).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ана шу иршодлари туфайли фиқҳий манбаларда ароқнинг озгинасини ичганга ҳам жазо таъйинланган, бир томчиси ҳам нажас деб эълон қилинган. У ҳолда, ароқнинг ўзи ҳаромми?

Агар ароқнинг ўзини ҳаром дейдиган бўлсак, ароқдан бошқа маст қилувчи нарсалар унга кирмай қолади. Агар ичимлик суюқ бўлгани учун ҳаром дейдиган бўлсак, наша ёки героинни ундан чиқариб ташлашга туғри келади. Агар мастлиги ҳаром дейиладиган бўлса, бир неча шиша ароқ ичса-да, маст бўлмайдиган пиёнисталарга кун туғади. Агар одоб-ахлоқ қоидаларига боғлайдиган бўлсак, ўзларини зиёли ва маданиятли деб ҳисоблайдиган кимсаларнинг айшу-ишратига йўл очган бўлиб қоламиз. Ёки кўп нарсаларни яшириб юрган одамлар ароқ ичса, дилидагиларни рўй-рост гапириб қўядиган ростгўйларга айланиб қолишади. Ростгўй ахлоқ эгасига айланишади. Уларга ароқ ичиш ҳалол бўладими?! Агар унинг ақлни йўқотиш хусусияти сабаб деб олинадиган бўлса, қанча ичса ҳам ақлини ва эсини йўқотмайдиган ичарманларга “соқийлик” қилган бўламиз. Бундай ичарманлар ароқ ичишганида каллалари яхши ишлаб кетади, ақллари чархлангандек бўлади, унутиб юрган нарсаларини эсига келтириб қолади, адолатпарвар маслаҳатгўйга айланади. Уларга ароқ ичиш ҳалол бўладими?!

Демак, билиб қўйинг, ароқнинг ҳаромлигининг бош сабаби – “иллат”и унинг “маст қилувчи бўлганлиги”, “маст қилувчанлиги”дир, “маст қилдирувчи бўлган”и эмас. Ана шунда маст қилувчанлик хусусияти бор ҳар қандай нарса, ҳар қандай ҳолатда, ҳар қандай миқдорда ҳаром бўлиб қолаверади.

Мужтаҳидлик учун энг зарури – фиқҳий салоҳият ва валоят

Шунинг учун яна такрорлаймиз: ҳукмий оят ва ҳадислардаги “иллат”ни топиш барча инсонларга насиб қилавермайди. У танлаб олинган муҳаддислардан хосланган фақиҳларнинг энг махсусларига насиб қилади, холос. Бу, оятда айтилганидек, Аллоҳнинг фазли карамидир; ҳадисда айтилганидек, Аллоҳнинг махсус яхшилигидир. Бу ҳақида Ҳаким ат-Термизий қуддиса сирруҳу ўзининг “иллат”ларга бағишланган асарларида айтиб ўтганлар:

و إذ بينا سلفا أنه يجعل معرفة العلل مخصوصة بالعلماء العارفين و هم الأولياء… أنه يجعل الولاية شرطا أساسا فى الإجتهاد و الإستنباط … و بالجمع … ندرك أن الإجتهاد عنده متوقف على قدرة العارف الفقيه على التعليل و الكشف عن معانى الأحكام و هذا يتفق مع ما يقرره علماء مقاصد الشريعة من أن هذا العلم مضنون به على غير أهله

“Олдин баён қилганимиздек, у зот “иллат”ларни танишни ориф уламоларга хосланган деган қарорга келганлар. Улар эса авлиёуллоҳлардир. У зот ижтиҳод ва истинбот қилишда валийликни асосий шарт деганлар. Хуллас, ижтиҳод у зот фикрича, “иллат” топишга қодир фақиҳ ва орифнинг қудратига ва ҳукмларнинг маъноларини кашф қилиш кучига боғлиқдир. Бу эса шариат мақсадларини билувчи олимларнинг қарор қилган иттифоқлари бўлиб, ушбу илм унга аҳл бўлмаганлардан бошқаларда чарчаган – тўлиқ эмасдир” (Ҳаким ат-Термизий. Китоб Исбот ал-Илал. – Работ: Куллият ал-одоб, 2005. – Б. 44).

Демак, мужтаҳид бўлиш учун муҳаддислик даражаси ва фиқҳий салоҳият билан бирга туғма истеъдод, туғма талант бўлиши керак. Боз устига, Аллоҳнинг энг хос бандаси – авлиёуллоҳ бўлиши, тасаввуфий мартаба бўлиши шарт. Масалан, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг илмий давраларида ўша даврнинг энг буюк авлиёлари, таниқли мутасаввифлар Фузайл ибн Аёз қуддиса сирруҳу, Иброҳим ибн Адҳам қуддиса сирруҳу, Бишр ал-Ҳофий қуддиса сирруҳу, Довуд ат-Тоий қуддиса сирруҳу сингари зотлар доимо ҳамнишин бўлганлар. Имом аш-Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳини эса “Тазкират ал-авлиё”да автод дейиладиган юқори мартабали авлиёлардан бўлгани зикр қилинган. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи эса Бишри Ҳофий қуддиса сирруҳу билан суҳбатлашишни хуш кўрардилар.

Шунинг учун ҳам, мутлақ мужтаҳид Имом аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳ Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ тўғриларида: “Фиқҳ илмида ҳамма Абу Ҳанифанинг боқимандаларидир!”, деганлари жуда машҳурдир.

Шунинг учун ҳам, мутлақ мужтаҳид Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ тўғриларида: “Ҳа, агар ушбу устунни тилла демоқчи бўлса, унга ҳужжат топа оладиган даражада эканини кўрдим”, деган эдилар (Ибн ал-Жавзий. Мунтазам // ал-Мактабат аш-шомила, 2006. – Б. 8/102).

Шунинг учун ҳам, мутлақ мужтаҳид Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг бундай деганлари нақл қилинган: “Бир масалада учта одамнинг иттифоқи бўлса, унинг аксига қулоқ солинмасин. Улар Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн ал-Ҳасан. Абу Ҳанифа уларнинг ичида қиёсга энг ўткири, Абу Юсуф эса одамлар орасида асар (ҳадис)ларга энг пешқадами, Муҳаммад эса араб тилига энг кучлисидир” (Самъоний. ал-Ансоб // ал-Мактабат аш-шомила, 2006. – Б. 3/484).

Ҳукмий оят ва ҳадисларнинг сони чекланганлигини айтиб ўтдик. Уларнинг сони 500 (беш юз) тача оят ва 3000 (уч минг) тача ҳадислардир. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг 40 (қирқ) нафардан ортиқ шогирдлари ила 30 (ўттиз) йил мунтазам шуғулланиб, ана шу ҳукм олинадиган оят ва ҳадисларни бирма-бир, муфассал ва мукаммал кўриб чиқдилар, улардаги ҳар бир ҳукмни чиқариб бердилар, ана шу ҳукмлардаги сабабларнинг барчасини аниқлаштириб, бош сабаб – “иллат”ни кўрсатиб қўйдилар.

Мужтаҳидликнинг шарти шуки, унга лойиқ инсонга бировнинг ижтиҳоди ила ҳукм қилиш мумкин эмас, ўшандай инсон бировга тақлид қилиши ҳаром бўлади, унинг ўзи оят ва ҳадислардан ҳукм олиши ва “иллат”ларни ўзи белгилаши керак.

Шунинг учун, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи давридаги ва ундан кейинги замонлардаги мужтаҳидлар ўзларининг ижтиҳодий салоҳиятларини ишга солиб, оят ва ҳадислардан ҳукм чиқаришга ва улардаги “иллат”ларни аниқлашга уруниб кўрдилар. Аллоҳнинг ўзи истаганларгина бу ишни охиригача уддалай олди ва мактаб ярата олди. Бошқа урунувчилар эса ўрта йўлда қолиб, пешқадам мужтаҳидлар мактабига қўшилиб қўя қолдилар. Минг-минглаб уламолар, муҳаддислар, мутакаллимлар ва фақиҳлар ўзларини мазҳабга тобеъ ва мунтасиб деб билдилар. Табақот ва таржимаи ҳол жанридаги китобларда – “Табақоти ҳанафия”, “Табақоти шофиъия”, “Табақоти моликия” ва “Табақоти ҳанобила” сингари ўнлаб асарларда аҳли суннат ва жамоатнинг барча бирдек эътироф қилган тўрт мазҳабига эргашувчи, бир сўз билан айтганда, муайян мазҳабга тақлид қилувчи миллиондан ортиқ уламоларнинг муборак номларини учратиш мумкин.

Ижтиҳод қилмоққа уруниш, оят ва ҳадислардан ҳали топилмаган янги бир “иллат”ни топмоққа интилиш то 400 (тўрт юз) инчи ҳижрийгача (мелодий X аср) давом этиб келди. Шундан сўнг уламоларнинг иттифоғи ва ижмоъси билан: “Бундан кейин ҳеч ким ижтиҳод қилишга қодир эмас, ижтиҳод эшиклари ёпиқ!”, деб қарор қилинди.

Янги ижтиҳоддаги янглишувлар

Албатта “Ижтиҳод эшиклари ёпиқ!”, деган қарор қатъий далилга эмас, балки ҳаққоний тажрибага асосланган эди. Ҳақиқат эса ўз ҳукмини кўрсатди: ҳеч ким ижтиҳод қилиб, ўз мазҳабини ярата олмади. Янгидан ижтиҳод қилишга урунганлар эса кулгуга қолдилар, янгича “ижтиҳод”лар, янгидан “иллат” топишлар уммати муҳаммадиянинг адашувига, ҳақдан узоқлашувига, дини исломнинг мақсадларини тушунмасликка олиб келди. Унга ҳам учтагина мисол келтирсак, фойдадан холи бўлмайди. Бу тарихдан олинган мисоллар бўлиб, унинг аянчли таъсири ҳозиргача оммавий тус олиб келмоқда. (Албатта бу ердаги фикрлар мақола муаллифининг шахсий фикрлари ва кузатувларини акс эттиради, холос. У “ижтиҳод”га даъвогарликни ёки бошқача фикрларнинг мутлақо нотўғри эканлигини ифодаламайди).

Биринчи мисол,

Исломда тирик жоннинг суратини чизиш ёки тасвирини ясаш ман қилингани барчага маълум. Яқин-яқингача катта боболаримиз ва момоларимиз ўз расмларини чиздирмаганлар, суратга тушмаганлар, видео тасвирга ҳам тушишдан ўзларини тийиб келганлар. Ҳозирда аждодларимиз ва бобокалонларимизнинг суратлари йўқлигининг сабаби шу. Бу ҳақида бир неча саҳиҳдан саҳиҳ ҳадислар мавжуд:

لَعَنَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ …الْمُصَوِّرِينَ

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (тирик жоннинг) суратини чизувчи (ва ясовчи)ларни лаънатладилар!” (Бухорий, 5/5347).

إنّ أشدّ الناس عذابا عند الله يوم القيامة المصورون

“Албатта қиёмат кунида Аллоҳ олдида одамларнинг энг қаттиқ азобга гирифтор бўладигани сурат чизувчи (ясовчи)лардир!” (Бухорий, 7/5950; Насоий, 8/5364; Аҳмад, 1/4050).

Бироқ, тарихга назар солинса, мусулмон Шарқида ўн иккинчи мелодий асрдан бошлаб миниатюра санъати ривожланиб келди ва Темурийлар даврида XIV-XV асрда энг юқори чўққига кўтарилди. Шарқнинг энг буюк мусаввири Камолиддин Беҳзод раҳимаҳуллоҳнинг номини ҳамма эшитган бўлса керак. Китобат санъатида одамларнинг тасвири, жонзотларнинг сурати миниатюра қилиб ишланаверди. Шунингдек, деворларга ҳам сурат солинди. Ҳатто Самарқанднинг Регистонидаги машҳур Шердор мадрасасининг пештоқига шер ва кийик тасвири туширилганига нима дейсиз?! Ҳа, ўша даврларда ҳам уламолар бор эди, ўша даврларда ҳам фақиҳлар бисёр эдилар. Улар ҳозир биз келтирган ва келтирмаган, суратгар ва расмкашларни лаънатланган ҳадиси шарифларни биздан кўра яхшироқ билардилар. Унда бунинг сабаби нима экан?! Улар ана шу ҳадислардаги ҳукмнинг бош сабаби – “иллат”ини белгилашда фарқ қилдилар. Унинг “иллат”ини: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сурат чизишдан қайтарган даврларда бутпараслик мавжуд эди, одамларни бутпарастликдан қайтариш, унга ўхшаб қолишдан сақлаш, мутлақо узоқлаштириш даркор эди. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг кўнгилларидан бутпарасликнинг кўринишларини ҳам йўқотиш мақсадида ана шу гапни айтганлар”, деган мазмун билан белгиладилар. Демак, уларнинг фикрича, суратгарларни лаънатланган ҳадислардаги ҳукмнинг “иллат”ини бутпараслик хавфи деб белгиланди. Ислом ривожланди, мусулмонлар юртида бутга сиғинадиганлар қолмади, бутпараслик хавфи батамом йўқолди. Хавф бўлмагани учун сурат чизиш мумкин, ҳеч кимнинг чизилган суратга сажда қилишининг хавфи йўқ, дейилди ва суратгарлик ўз-ўзидан ривожланиб кетди. Ҳа, кимлардир мужтаҳидлик қилиб, янги ижтиҳод билан “иллат”ни белгилаб берган эдилар. Бироқ, улар “иллат” деб белгилаган нарса аслида “ҳикмат” эди. Чунки, агар улар кўрсатган нарса “иллат” бўлганида миниатюра ўн иккинчи асрга келиб эмас, балки анча олдинроқ, масалан, саҳобалар, тобеъинлар, табъа тобеъинлар ёки мужтаҳидлар даврларидаёқ оммалашган бўларди-ку?!

Асли “иллат” – тирик жоннинг суратини қўл билан чизиб, Яратганга ўхшашга урунмоқдир. Ана шунинг учун сурат чизувчиларга қиёмат кунида чизган суратини тирилтириш буюрилиб азоб берилади (Термизий, 3/1804; Ибн Ҳиббон, 13/5848). Тирик жоннинг суратини қўл билан чизиб, Яратганга ўхшашга урунмоқни “иллат” деб белгиланиши эса барча даврларга мос келади. Бу “иллат” ҳадиси шарифларда ҳам ўз аксини топган бўлиб, у: الذين يشبهون بخلق الله – “Аллоҳнинг яратишига ўзларини ўхшатувчилар”, деб белгиланган (Муслим, 3/2107; Насоий, 8/5357; Аҳмад, 6/24607; Байҳақий, 7/14333; Ибн Абу Шайба, 5/25208; Абдурраззоқ, 10/19484; Табароний, 1/1783).

Тирик жоннинг суратини қўл билан чизиб, Яратганга ўхшашга урунмоқни “иллат” деб белгиланишидан эса ҳозирги фотоаппарат ва шу кабиларда қилинган суратлар ёки видео тасвирлар унга кирмайди, дея оламиз. Чунки, у қўл билан қилинган сурат эмас, балки тайёр суратнинг аксидир.

 Иккинчи мисол,

Исломда рибо, яъни судхўрлик ҳаром қилинганини, гуноҳи кабира – улуғ гуноҳ эканини ҳамма яхши билади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло савдо-сотиқни ҳалол, рибони эса ҳаром қилган:

و أحلّ الله البيع و حرّم الربَوا

“Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган” (Бақара, 275).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рибо еювчини (олганни) ҳам, едирувчини (берганни) ҳам, ўртада туриб котиблик қилганни ҳам, унга гувоҳ бўлганни ҳам лаънатлаганлар (Муслим, 3/1598; Термизий, 3/1206; Насоий, 8/5102-5105; Абу Довуд, 3/3335; Ибн Можа, 2/2277; Ибн Ҳиббон, 11/5025; Аҳмад, 1/660; Байҳақий, 5/10248; Табароний, 10/10057; Ибн Абу Шайба, 1/387).

Хўш, рибо – судхўрликнинг ҳаром қилинишининг “иллат” ва “ҳикмат”лари нима?

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръонда: فإن تبتم فلكم رءوس أموالكم لا تظلِمون و لا تُظلَمون – “Агар тавба қилсангиз, дастмояларингиз – ўзингизга. Зулм ҳам қилмайсиз, зулм қилинмайсиз ҳам”, деган (Бақара, 279). Яъни, Аллоҳ рибонинг ҳаром қилинишига зулмни сабаб қилиб кўрсатмоқда. Агар қарз олувчи ўз ихтиёри билан фоиз қўшиб беришга рози бўлса, унга зулм қилинмаган, балки ёрдам берилган бўлиб қолади. У ҳолда, фоиз олиш ҳалол бўладими? Ёки катта корхонани юритиш учун, инсон ўз бизнесини йўлга қўйиб олиши учун қарз олса ва шу сабабли корхонаси юриб кетса, бизнеси йўлга тушиб кетса, фоизга қарз олиш-бериши рибо бўлмайдими?

Яна Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръонда бундай деган:

يا أيّها الذين آمنوا لا تأكلوا الربَوا أضعافا مضاعفة

“Эй, имон келтирганлар! (Берган қарзларингизни) икки баравар ва ундан ҳам кўпайтириб, устама шаклида еб юбормангиз!” (Оли Имрон, 130).

Аллоҳ таоло бу ерда рибодан қайтарар экан, “икки баравар ва ундан ҳам кўпайтириб” устама ейишдан қайтарган. Энди, биров икки баравар ва ундан ортиқ қилмасдан устама фоизга қарз берса, ҳалол бўладими?

Аслида бу ердаги “икки баравар ва ундан ҳам кўпайтириш” қайди “эҳтирозий” эмас, балки “иттифоқий” дейилади. Яъни, одатда фоиз берувчиларнинг урфидаги ҳолат қайд қилинган, холос. Аслида, озми-кўпми фоиз ҳаром дейишимиз керак бўлади. Бунга, масалан, لا تشتروا بآياتى ثمنا قليلا – “Оятларимни (ўзгартириш эвазига бериладиган) озгина баҳога сотмангиз!” оятини мисол келтирса бўлади (Бақара, 41). У ҳолда, кўпгина баҳога сотса бўладими?

Аллоҳ таоло рибодан қайтарар экан, бундай деган-ку:

يا أيّها الذين آمنوا اتقوا الله و ذروا ما بقى من الربَوا ان كنتم مؤمنين

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (чинакам) мўъмин бўлсангиз, судхўрлик сарқитидан (яъни, ундан қолган нарсадан) воз кечингиз!” (Бақара, 278).

Бу ерда “сарқит” ёки “қолган нарса” умумий бўлиб, озми-кўпми барчасини назарда тутади-ку!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: كلّ قرض جرّ نفعا فهو ربًوا – “Ҳар бир қарз фойда тортса, у рибодир!”, деб марҳамат қилганлар (Байҳақий, 5/10715; Ибн Абу Шайба, 6/21078).

Бу ерда “фойда тортса” ибораси умумий бўлиб, озми-кўпми барчасини назарда тутади-ку!

Аслида, рибо қатъий ҳаром қилинган бўлиб, унга итоат қилмаганларга Аллоҳ ва унинг Расули “уруш” очиши эълон қилинган:

فإن لم تفعلوا فأذنوا بحربٍ من الله و رسوله

“Мабодо (бу буйруққа итоат) қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва Пайғамбари томонидан (сизларга қарши бўлажак) урушни (азобни) билиб қўйингиз!” (Бақара, 279).

Лекин, Аллоҳ таолонинг буйруқлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмаларини тушунишда янгича ижтиҳодлар, замонавий мужтаҳидлик натижасида ҳукмлардаги “иллат” ва “ҳикмат”ларни аралаштириб, чалкаштириш ҳоллари кузатилди. Бу нарса гоҳида атайин, исломни бузиш мақсадида била туриб амалга оширилса, гоҳида билмасдан, ўзбошимчалик билан “фатвогўй”лик қилинди. XIX аср охирида Мисрда муфтий бўлган бемазҳаб Муҳаммад Абдуҳ (Абдо) муфтий бўлиши биланоқ асрий анъаналарга ва аҳли суннат ва жамоатнинг тўрт мазҳаби – ижмоъга, шаръий аҳкомларга зид фатволар чиқара бошлади. Унинг муфтийлик ва “ал-Азҳар”га шайхлик лавозимларига келишда инглиз яҳудийларининг, хусусан, ўша пайтдаги лаънати Лорд Кромернинг ҳиссаси катта бўлганлиги бугун сир эмас. Абдуҳнинг фатволарининг Миср ва бутун дунёга кўрсатган салбий таъсири ҳозиргача йўқолмаган. Унинг биринчи фатвоси мусулмонларга яҳудий ва насронийлар сўйган ҳайвон гўштларини бемалол истеъмол қилишлари мумкинлиги ҳақида, иккинчи фатвоси мусулмонлар ўз пулларини банкларга қўйиб, ундан фоиз (процент) олишлари мумкинлиги ҳақида, учинчи фатвоси эса мусулмонларга ғарбликларнинг костюм ва шляпаларини кийишга рухсат берган фатвоси ва тўртинчи фатвоси эса, юқорида айтганимиздек, инсон ва ҳайвонотнинг расмини чизишга рухсат берган фатвоси бўлди. Бунинг натижасида Мисрда ислом оламида илк бор 1908 йилда “Қоҳира нафис санъат мактаби” очилди.

Бугунги кунда бутун ислом оламини қамраб олган ва кенг фаолият юритаётган банклар бир вақтлар асли яҳудийлар томонидан ташкил қилингани ҳеч кимга махфий эмас. Уларнинг ишларига ривож бермасдан, исломий банкларни барпо қилиш зарурати бор, албатта. Бунинг ўрнига эса, банклардаги устама фоизларни рибо эмас, судхўрлик бўлмайди, деган фатволарга, шаръий ҳукмлардаги “иллат” ва “ҳикмат”ларга эътибор қаратмасдан, Абдуҳнинг изидан эргашиб, зикр қилинган юқоридагилардан бошқа сабаблар ҳам кўрсатиб келинади:

1) Фиқҳда машҳур бўлган: الضرورات تبيح المحظورات – «Заруратлар ман қилинганларни ҳам жоиз қилади» қоидаси ҳожат, эҳтиёж ва машаққатларни қамраб олиб, одамларга енгиллик ва осонлик туғдирилиши учун шариатга киритилган аҳамиятли фиқҳий қоидалардан биридир. Ушбу қоида бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотган эмас. Чунки, ҳожат ва эҳтиёжлар ҳар қачонгидан кўра кўпайган, табиий эҳтиёжлар ортган даврдир. Бинобарин, ушбу қоидани рўкач қилиниб, банклардан қарз олувчилар ўз ҳожат ва эҳтиёжлари учун қарз олишга мажбур бўлгани боис улардаги фоизни рибога киритмаслик керак, дейишади. Тошкентда ХХ аср бошларида нашр қилинган “ал-Ислоҳ” журналининг бир неча сонларида ҳам мазкур фикр ривожлантирилиб, рус мустамлакачилари ва улар фитнасига алданиб қолган маҳаллий уламолар томонидан “банклардаги фоизлар рибо бўлмайди”, деб фатво берилди. Аслида, заруратлар тақозосига кўра чиқарилган фатволар умумий бўлмасдан, шахсий бўлиши керак эди.

2) “Қуръонда ҳаром қилинган фоиз қарз фоизидир. Банклардан катта миқдорда қарз олувчилар асосан тижорат мақсадида олишади ёки омонатни олган банк уни айлантириб фойда олади. Бу қарз фоизи бўлмасдан, тижорат фоизи, яъни фиқҳий истилоҳдаги “музорабаи фосида”га тўғри келади. Демак, уларни рибога киритмаслик керак”, дейишади. Уларнинг фикрича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида тижорат фойдаси бўлмаган, ривожланмаган эмиш, Қуръонда ҳам у назарга олинмаган эмиш. Бу фикр юқорида айтилганидек, илк бор Абдуҳ томонидан ўртага ташланган бўлса-да, уни шогирди Рашид Ризо ривожлантирди. Унга эса Ҳиндистонда Саййид Аҳмадхон, Покистонда Фазлурраҳмон кабилар қўшилдилар. Аслида, тижорат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳам жуда ривожланган эди. Қабила-қабила бўлиб одамлар турли катта-кичик шаҳарларга карвон-карвон бўлиб борди-келди қилишарди. Ҳатто бу кўпчилик ёдлаган “Қурайш сураси”да ҳам тилга олинган. Абу Суфён разийаллоҳу анҳу, Зубайр ибн ал-Аввом разийаллоҳу анҳу, Аббос разийаллоҳу анҳунинг фоизга қарз бериб-олишлари тижорат ниятида бўлганди. Аллоҳ ва унинг Расули бу фоизларнинг ҳаммасини ҳаром қилди.

3) “Рибо деганда битим тузаётганлар мукаллаф инсон бўлмоғи керак. Давлат банкларида томон (инсон, шахс) йўқ. Бинобарин, улардаги фоиз рибо бўлмайди”, дейдиганлар ҳам бор. Ёки банкдан катта миқдорда қарз олувчи тараф ишлаб чиқаришга мансуб корхоналар бўлиши мумкин. Демак, улар фикрича, судхўрлик ишлаб чиқаришга мўлжалланган қарзларда эмас, истеъмол қарзларида вужудга келади. Бу фикр Маъруф ад-Даволибий томонидан ривожлантирилди. Аслида, қонун доирасида инсонлар “жисмоний шахс”, корхона ва банклар эса “юридик шахс” деб эътиборга олинади.

4) “Рибо олтин ва кумуш муомалада бўлган даврларда бўлиб ўтган. Ҳозирда оддий қоғозлардан пул ясалади. У ҳақиқий бойлик эмас. Шунинг учун ундаги муомалалардаги фоиз рибо ҳисобланмайди”, дейишади. Ҳатто бу фикрни айтувчилар пулни бойлик деб ҳисобламаганлари учун закот беришни ҳам лозим эмас, деб биладилар. Аслида, олтин-кумуш ҳам ҳақиқий бойлик эмас, саҳрода унинг кераги бўлмайди-ку! Бойлик бу инсон эҳтиёжларини қондира оладиган, истакларини рўёбга чиқара оладиган ҳар бир нарсадир. Бугунги кунда қоғоз пуллар ана шу эҳтиёжни қондириб келмоқда. Бинобарин, уни бойлик сифатида эътиборга олиб, фоизини рибо деб, ортиқчасидан эса закотга чиқарилиши керак, деб ҳукм чиқариш керак бўлади.

Нима бўлганда ҳам, рибонинг ислом динида ҳаром қилингани бор ҳақиқатдир! Унинг кўринишларини қандайдир фикр ва далил билан оқлашга уриниш қиёмат аломатларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай башорат берганлар:

  يأتى على الناس زمان يأكلون الربا فمن لم يأكله أصابه من غباره

“Одамларга рибо ейдиган бир замон келади. Агар емаса ҳам, унинг ғубори уларга етаверади, чанги тегаверади” (Насоий, 7/4455; Абу Довуд, 3/3333; Ибн Можа, 3/2278; Ҳоким, 2/2162).

Учинчи мисол,

Ислом динида ноҳақ одам ўлдириш ҳаром эканлигини ҳамма яхши билади. Гуноҳи кабиралар қаторида القتل بغير حق – “Ноҳақ одам ўлдириш” алоҳида зикр қилинган. Ҳатто уни ширкдан кейинги энг катта гуноҳ сифатида кўрсатилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалокатга олиб борувчи еттита нарсадан қайтарганлар:

إجتنبوا السبع الموبقات قالوا يا رسول الله و ما هنّ قال الشرك بالله و السحر و قتل النفس التى حرّم الله الا بالحقّ و أكل الربا و أكل مال اليتيم و التولى يوم الزحف و قذف المحصنات المؤمنات الغافلات

“Ҳалок қилувчи етти нарсадан узоқ бўлинглар! “Улар қайсилар, эй Расулуллоҳ?”, деб сўрашди. Ул зоти шариф дедилар: “Улар Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр-жоду билан шуғулланиш, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, судхўрлик қилиш, етимнинг молини ейиш, жанг куни қочиш, мўъмина, ғофил, иффатли аёлга туҳмат қилишдир” (Бухорий, 4/2766; Муслим, 1/89; Насоий, 6/3671; Абу Довуд, 3/2876; Ибн Ҳиббон, 12/5561; Байҳақий, 6/12447; Абу Авона, 1/115; ат-Табризий, 1/52).

Зотан, Аллоҳ таоло бундай деб буюрган:

و لا تقتلوا النفس التى حرّم الله الا بالحقّ

“Аллоҳ таъқиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз!” (Анъом, 151).

Бирор бир мўъминни ўлдириш эса бутун оламни ўлдириш билан тенг:

أنّه من قتل نفسا بغير نفس او فساد فى الأرض فكأنّما قتل الناس جميعًا و من أحياها فكأنّما أحيا الناس جميعًا

“Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир!” (Моида, 32).

Бирор бир мўъминни қасддан била туриб ўлдирган кимсанинг жазоси абадий дўзах, Аллоҳ таолонинг ғазаби ва лаънатига гирифтор бўлишдир:

و من يقتل مؤمنا متعمدا فجزاؤه جهنم خالدا فيها و غضب الله عليه و لعنه و أعدّ له عذابا عظيما

“Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо, 93).

Нафақат бирор бир мўъминни, балки юртда тинчликда, мусулмонлар билан бирга тотув яшаётган ғайридин ёки мушрикни ўлдиришнинг гуноҳи ҳам жуда оғирдир:

ألا من قتل نفسا معاهدا له ذمة الله و ذمة رسوله فقد أخفر بذمة الله فلا يرح رائحة الجنة و ان ريحها ليوجد من مسيرة سبعين خريفا

“Эй, огоҳ бўлинг! Кимки унда Аллоҳнинг ва расулининг зиммаси бор бўлган бирорта аҳднома олган (тинч яшашга келишилиб, мусулмонлар билан бирга яшаётган бошқа дин вакили бўлмиш) жонни ўлдирса, дарҳақиқат, у Аллоҳнинг зиммасини бузиб ўтган бўлади. Бас, у жаннатнинг ҳидини ҳидламайди. Албатта унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан ҳам келиб туради” (Термизий, 4/1403; Ибн Можа, 3/2687; Аҳмад, 4/6834).

Ушбу мазмундаги бир ривоятда жаннатнинг ҳиди қирқ йиллик, юз йиллик, бошқа ривоятларда эса беш юз йиллик масофадан келиб туради, дейилган (Бухорий, 4/3166; Насоий, 5/8744; Ибн Можа, 3/2686; Ибн Ҳиббон, 16/7382-7383; Байҳақий, 8/16259; Ҳоким, 1/133; Аҳмад, 2/6745; 5/20525, 20534; Ибн Абу Шайба, 5/27947).

Ҳозирги кунда бутун дунёда исломни ёмонотлиқ қилаётган, мусулмонларнинг озод ва обод ўлкаларини вайрон ва хароб қилаётган, минг-минглаб мусулмонлар ва бошқа дин вакилларининг жонига суиқасд қилаётган, қўштирноқ ичидаги “жиҳодчи”ларнинг ер юзидаги бу бузғунчиликлари ва вайронкорликларининг бош сабаби: улар ўзларининг уруш-жанжаллари ва “жиҳод”ларининг “иллати”ни куфр ва одам ўлдириш деб белгилаб олганларидир. Улар юқоридаги маълумотларга беписанд қараганликлари, ўтган ҳаққоний мужтаҳид ва тақводор уламоларнинг гап-сўзларига беэътибор бўлганликлари, ўзларича ижтиҳод қилишга журъат қилганликлари, оят ва ҳадислардан ўзлари билганча янгидан ижтиҳод олишга бўлган уринишлари оқибатида бугунги кундаги уруш-жанжаллар содир бўлмоқда. Ҳанафийларнинг энг эътиборли фиқҳий манбаси “ал-Ҳидоя”да жиҳоднинг “иллати”ни – бош сабабини لإعزاز دين الله و دفع الشرّ عن العباد – “Аллоҳнинг динини эъзозлаш ва бандалардан ёмонликни даф қилиш”, деб белгиланган (Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя.).

“ал-Ҳидоя”нинг энг кучли шарҳи “Фатҳ ал-қадийр”да эса жиҳоднинг “иллат”и сифатида: إخلاء العالم من الفساد و إعلاء كلمة الله تعالى – “Оламни фасоддан холи қилиш ва Аллоҳ таолонинг калимасини олий этиш”, деб кўрсатилган (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадийр. 4-жилд. – Миср: Амирия, 1898. – Б. 277).

Абу Бакр ал-Косоний раҳимаҳуллоҳнинг оламга машҳур “Бадойеъ ус-санойеъ” асарларида эса бундай дейилган:

و هو الدعوة الى الإسلام و إعلاء الدين الحق و دفع شر الكفرة و قهرهم

“У (жиҳод) исломга даъват қилиш, ҳақ динни улуғлаш, кофирларнинг ёмонликларини даф қилиш ва уларга қаҳр қилишдир” (Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ус-санойеъ. 9-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 380-381).

Ислом динига кофир юртларнинг раҳбарлари-да хайрихоҳлик билдириб турганларида, энг-энг кофиристон ўлкаларда ҳам Аллоҳнинг калимаси – азон баланд овозларда янграб турганида, мусулмон давлатларнинг ҳукумат аҳли кофирларнинг – ташқи душманларнинг шарри-ёмонликларини кеча-кундуз бор куч-ғайратлари, ўзларидаги имконлари ила даф қилиб, ватан аҳлини, давлат аҳолисини қўлларидан келганча қўриқлаб, ҳимоя қилиб турганида, ғайридинларнинг диндор роҳиблари, энг кучли олимлари ҳам ўз-ўзидан исломга кириб турганида жиҳоднинг “иллати”ни куфр ва одам ўлдириш деб олинишидан нима нафъ бор?! Сохта ва маккор “жиҳодчи”ларнинг ана шу жоҳилона ижтиҳодлари сабабли ислом ёмонотлиқ бўлмоқда-ку, мусулмонлар қораланмоқда-ку, мусулмон ўлкаларда ҳам масжидлар портлатилмоқда-ку, азон калималари бутун шаҳар бўйлаб янграш ўрнига масжидда ўтирганлар ҳам эшита олмай қолмоқда-ку, ислом ўлкаларига зимдан кофирлар ҳукмрон бўлиб олмоқда-ку, исломга оммавий қизиқиш ўрнига исломдан қўрқиш (“исломофобия”) юз бермоқда-ку!? Одамларни кофирга чиқариш жиҳод эмас; мусулмонларни-да кофир дейиш жиҳод эмас; мусулмонлар ҳукмрон бўлган юрт тузумини куфр диёри дейиш жиҳод эмас; орқа-олдига қарамасдан одам ўлдиравериш жиҳод эмас; масжиддан чиқаётган намозхонларни портлатиб юбориш жиҳод эмас; мусулмонлар ва бошқа дин вакиллари тинч-тотув яшаб келаётган, ватан ободлиги йўлида бирга умргузаронлик қилаётганларнинг ўлкаларини вайрон қилиш ва уруш-жанжал маконига айлантириш жиҳод эмас; одамларни исломга оммавий қизиқтириш ўрнига ҳаммаёқда одам ўлдириб, исломдан қўрқитиш жиҳод эмас!

Биз бу ерда шаръий ҳукмлардаги “иллат” ва “ҳикмат”ни белгилашда ҳаққоний мужтаҳидларнинг ўрни нақадар зарур экани, улар “иллат”ни белгилаб беришда қиёматгача келадиган жами даврларга ва жами маконларга мос ижтиҳод қила олиш қобилиятлари мавжуд бўлганини таъкидлаш учун мисоллар келтирдик, холос. Бундан ижтиҳод қилиш ва мужтаҳидлик ҳамманинг қўлидан келавермаслиги ойдинлашади.

 Мужтаҳидларга эргашиш Пайғамбар алайҳиссаломга эргашиш демакдир!

Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва бошқа муҳаддисларнинг устозлари бўлмиш Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ ва Яҳё ибн Маъин раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, мужтаҳидлик учун 500 000 (беш юз минг) ҳадис ёд билмоқ кифоя қилиши мумкин. Шундай экан, мужтаҳидлар ҳар бир ҳукмни оят ва ўзлари хотираларида сақлаган ана шунча ҳадис асосида ишлаб чиққанлар. Улар бирор ҳукмни айтишдан олдин кўз олдиларидан энг камида ана шунча ҳадиси шарифни бирма-бир ўтказганлар. Демак, уларга эргашмоқ ўз-ўзидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларига эргашмоқни англатади. Бироқ, айримлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифи турганда, Абу Ҳанифага ёки аш-Шофеъийга эргашамизми?!”, деб туриб ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам гумроҳ қиладилар. Мужтаҳидлар бирорта ҳадиснинг ҳукмини олмасдан тарк қилганларининг ўзига яраша сабаблари бор:

Қаранг, мужтаҳид олим биз билган қайсидир ҳадиснинг зоҳиридан воз кечган бўлса, унинг ижтиҳод шартларига доир кўпгина сабаблари бўлганини унутмаслик керак. Бемазҳабларнинг кўпроқ суянадиган имоми Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ «Рафъ ул-малом ъан ал-аиммат ал-аълом» («Таниқли имомлардан маломатни кўтариш») номли асарларида ана шундай сабабларни 10 (ўн) тага етказганлар. Яъни, мужтаҳидлар бирор ҳадисга амал қилмаслиги мумкинлигининг ўнта сабабини бирма-бир баён қилиб берганлар. Унга биз бу ерда эътибор қаратишимиз керак бўлган яна бир сабабни қўшганлар. У ҳам бўлса, мужтаҳиднинг ҳадисга амал қилмаслигига биз билмайдиган ҳужжати – бизгача етиб келмаган, китобларда ёзилмаган, балки зеҳн ва хотираларда сақланиб қолган бошқа бир саҳиҳ ҳадиси бўлиши мумкинлигидир. Чунки, илмнинг манбалари кенгдир:

و فى كثير من الأحاديث يجوز ان يكون للعالم حجة فى ترك العمل بالحديث لم نطلع نحن عليها فإن مدارك العلم واسعة و لم نطلع نحن على جميع ما فى بواطن العلماء و العالم قد يبدى حجته و قد لا يبديها و إذا أبداها فقد تبلغنا و قد لا تبلغنا و إذا بلغتنا فقد ندرك موضع إحتجاجه وقد لا ندركه

«Ҳадисларнинг кўпчилигида олимнинг бирор ҳадисни тарк қилганлиги борасида ҳужжати бўлиши, лекин улардан биз хабардор бўлмаслигимиз мумкин. Чунки, илмнинг идрок қилинадиган жойлари кенгдир. Биз уламоларнинг ичидаги нарсалар (яъни, ҳадислар)нинг ҳаммасидан хабардор эмасмиз. Олим (мужтаҳид) эса гоҳида ҳужжатини кўрсатади, гоҳида кўрсатмайди. Кўрсатган ҳужжатлари бизга етиб келган бўлиши ҳам мумкин, етиб келмаган бўлиши ҳам мумкин. Бизгача етиб келган ҳужжатларни эса биз идрок қила (тушуна) олишимиз ҳам мумкин, идрок қила олмаслигимиз (тушунмаслигимиз) ҳам мумкин” (Ибн Таймия. Рафъ ул-малом ъан ал-аиммат ал-аълом. – Риёз: ар-Риосат ал-омма ли-идорат ал-буҳус ал-илмия ва-л-ифто ва-д-даъват ва-л-иршод, 1992. – Б. 35).

Демак, 1) Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг гапидан маълум бўлмоқдаки, биз қайсидир бир тасодиф билан билиб қолган ҳадиси шарифга бирор мужтаҳид амал қилмаган бўлса, унинг сабаби биз ҳали хабардор бўлмаган, балки умуман хабардор бўла олмайдиган саҳиҳ ҳадиси шариф бўлиши мумкин экан. Чунки, юқорида айтганимиздек, ҳозирда нашр қилинган китобларда атиги 50 000 (эллик минг) атрофида ҳадислар мавжуд, холос. Агар 500 000 (беш юз минг) атрофида ҳадислар бўлган тақдирда ҳам, мужтаҳидларнинг энг кичиги Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ сингари мужтаҳидки, 1 000 000 (бир миллион) ҳадисни ёддан билганларини ёддан чиқармаслик керак. Мужтаҳид эса китобларга дарж қилинмаган, лекин, ўзининг хотирасида сақланган ҳадиси шарифга асосланиб ижтиҳод қилган бўлиши мумкин. 2) Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтганидек, агар китобларга ёзилган бўлган тақдирда ҳам, ўша китоблар бизгача етиб келмаган ва ҳалигача нашр қилинмаган бўлиши мумкин. Бизнинг давримизгача етиб келмасдан, нашр қилинмасдан замонлар талотумида йўқ бўлиб кетган китоблар қанча?! Мўғиллар ва руслар босқини даврида ҳафталаб китоб ёқиб, тўхтатмасдан гулханни баланд қилишиб турганликлари ҳақидаги нақлларни бир эсланг! Нашр қилинган ҳадиси шарифлар матнларининг ўзида қанча-қанча ҳар хилликлар учраётгани ҳам бор гап! 3) Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтганидек, энди бизгача етиб келган ва биз асл матнини ёки қайсидир таржимасини ўқиган ҳадиси шарифни мужтаҳид даражасида ўқиб тушунмаслигимиз ҳам мумкин.

Ана энди, қайсидир ҳадис китобидан қилинган қанақадир таржимани ўқиб олиб, чала-чулпа тушуниб, “фалон мужтаҳид бу ҳадисга қарши бўлган ва тескари гап айтган”, дейиш тўғри бўладими?! Асло тўғри эмас!

Ана энди, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтган шу учтагина сабабча сабабли айта оламиз:

Ҳеч кимнинг мужтаҳидга таъна қилишга, уни хато қилган ва янглишган дейишга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашмаган, дейишга, ҳадисга қарши бўлган, унга тескари гап айтган дейишга мутлақо ва қатъий равишда ҳаққи йўқ!!!!!!

ХУЛОСА

Бешинчи ҳижрий аср (мелодий XI аср)дан буёғида бирорта мужтаҳид чиқмаган, ҳеч ким ўзини мужтаҳид деб аташга журъат қилмаган. Тўққизинчи ҳижрий аср (мелодий XV аср)дан буёғида бирорта ҳадисшуносни муҳаддис дея ростакамига улуғланмаган, ҳеч ким ўзини мен ҳақиқий муҳаддис бўлиб олдим, демаган. Чунки, бутун дунё уламолари: “Мужтаҳидлик эшиклари ёпиқдир!” деган қарорга келганлар. “Мазҳабларга тақлид қилиш мумкин эмас. Ҳар бир мусулмон Қуръон оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларидан ҳукмни ўзи олмоғи лозим. Динда бировга тақлид қилиш мумкин эмас. Ҳар бир мусулмон ижтиҳод қилиш ҳуқуқига ва муҳаддислик мартабасига ҳақлидир. Ҳар ким истаса, мужтаҳид бўла олади ва бу осондир; бошқалардан ҳадис илмини яхшироқ била оладиганни эса муҳаддис деса бўлади”, деганга ўхшаш гап-сўзлар ва сохта “даъват”лар натижасида бутун дунёда ва мусулмонларнинг орасида нохуш воқеалар, уруш-жанжаллар, охири туганмас мунозара ва муҳокамалар содир бўлмоқда. Тақлиддан воз кечиш, ўз билганича оят ва ҳадислардан ижтиҳод қилишга уриниш, ўз билганича ҳадисларни саҳиҳ ёки заифга ажратиб, заифини эса мутлақо менсимаслик оқибатида ана шундай нохуш воқеалар, уруш-жанжаллар, охири туганмас мунозара ва муҳокамалар содир бўлаётгани айни ҳақиқатдир!

Биз мазкур мақоламизда муҳаддислик осон эмаслигини, мужтаҳидлик эса бугунги кунда мутлақо имконсиз эканини исботлашга ҳаракат қилдик. Буни тушуниш учун катта билим керак эмас, буни англаш учун катта олим бўлиш ҳам шарт эмас. Фақатгина оддий ҳақиқатларга инсоф кўзи, тавфиқли қалби билан боқиш керак, холос. Аҳли суннат ва жамоат эътироф қилган тўрт мазҳаб мужтаҳидларининг энг охиргиси Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматулоҳи алайҳи айтганларидек, мужтаҳид бўлиш учун 500 000 (беш юз минг) атрофида ҳадисларни ёд биладиган муҳаддис бўлиш лозим. Ҳолбуки, бугунги кунда 50 000 (эллик минг) атрофида ҳадислар мавжуд экан, холос. мақолада кўрсатдикки, қадимги муҳаддисларнинг энг кичиги, энг камтари ҳам 100 000 (юз минг) атрофида ҳадисларни ёддан билган экан. Боз устига, ҳадисларнинг матнини ёд олиб қўявермасдан ушбу буюк зотлар ҳар бир ҳадиснинг иснодини – ровийлар силсиласини тўла ва мукаммал ёд олган эканлар. Ҳозирги кунда саҳобаларнинг нечта бўлгани-ю, улардан энг машҳурларининг номларини ҳам тўла билмайдиган уммат орасидан миллионлаб ровийларнинг номларини кетма-кетликда, изчилликда ёддан биладиган одамнинг топилиши амри маҳол экани ўз-ўзидан маълум. Беш юзта ёки мингта ҳадисни ҳам ёддан билмайдиган одамнинг муҳаддислик даъво қилиши эса, шу билан бирга, мужтаҳидлик қилишга уриниши ва ижтиҳод даъвосини қилиши ўта кулгулидир! Араб тилини билмайдиган одамнинг эса чала-чулпа таржимадан кўриб олиб ижтиҳод қилишга уриниши, оят ва ҳадисларнинг маъноларига “билимдонлик”ни даъво қилиши эса жуда аянчлидир!

Аҳли суннат ва жамоат эътироф қилган тўрт мазҳаб мужтаҳидлари шундоқ ҳам ижтиҳод қилиниши керак бўлган ҳукм оятлари ва аҳком ҳадисларини батамом, тўлалигича, мукаммал ва муфассал равишда ижтиҳод қилиб бўлганлари ростдир. Улардан бирорта оят ёки ҳадис, бирорта жиҳат ижтиҳод қилинмасдан қолган эмас. Шундай экан, яна ижтиҳод қилишнинг нима кераги бор, қилиб бўлинган ижтиҳод ўрнида ким янгидан ижтиҳод қила оларди?! Бунинг учун ўзи топган янги “оят”лар ёки янгидан-янги “ҳадис”лар керак бўлади. Бунинг эса мутлақо иложи йўқ! Зотан, мақолада кўрсатилганидек, ҳанбалий мазҳабининг ўзидан олдинги уч мазҳабдан заифроқ бўлиб қолишининг сабаби ҳам уч мазҳаббошининг ижтиҳодларидан сўнг янги бир ижтиҳод қилишга имконият оз қолганлигининг оқибати ҳисобланади. Бинобарин, бу тўрт мазҳаббошидан сўнг ҳеч ким мукаммал бир мазҳаб ишлаб чиқа олмади, ҳамманинг эътирофига сабаб бўладиган бирорта ижтиҳод қила олмади. Бу ҳам айни ҳақиқат! Янги ижтиҳод қилишга уринишлар эса фақат фалокат келтирди, фақат жанжалларга сабаб бўлди, фақат келишмовчиликлар чиқарди, фақат ихтилофларга сабаб бўлди.

Бинобарин, ҳар ким ўз ҳаддини билмоғи даркор! Аҳли суннат ва жамоат эътироф қилган тўрт мазҳаб мужтаҳидларидан бировига эргашиб, ўтган жами уламолар, фуқаҳолар, муҳаддислар, муфассирлар сингари мазҳаблардан бировига тақлид қилиб, ихтилофларсиз яшамоқ вожиб! Оят ва ҳадислардан ўзича ҳукм олмасдан, балки ўтган уламоларнинг фикрларига таянмоқ фарз! Мана шу ҳақиқат йўлидир, мана шу сирот ал-мустақимдир, мана шу нажот тариқасидир!

Аллоҳ ўтган мужтаҳид уламоларни ва муҳаддис зотларни раҳмат айласин! Уларнинг илмларидан бизларга манфаат етказсин! Яратган Эгам ҳеч бир мусулмонни адаштирмасин! Омин!

Ҳамидуллоҳ Беруний.     

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *