Хорижийлардан ҳам жоҳил бўлган ИШИДчиларга раддия

Lotin alifbosida

Аллоҳ таоло: «Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг»(Оли Имрон сураси: 103), дея мусулмонларни ҳамжиҳатликка ва иттифоқ бўлишга чақиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон-мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир Аллоҳ қайтарган нарсадан ҳижратда (узоқда) бўлган одамдир”(Бешовлари ривоят қилишган.) ва“Мўмин-одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир”(Юқоридаги ҳадисга Термизий ва Насаийлар зиёда қилган жумла), дея бизларга қандай мўмин-мусулмон бўлишимиз кераклигини уқтириб кетганлар.

Xorijiylardan ham johil Ishidchilarga raddiyaҚилмишлари ислом динининг ҳеч бир тамойилларига тўғри келмаса ҳам ўзларининг барча жиноятларини дин ниқоби остида амалга ошириб келаётган террористик ташкилот-ИШИД ислом номи билан фаолият олиб борган ўтмишдаги диний оқимлар ва ташкилотлардан кўра хатарлироқ ва ёвузроқ бўлиб чиқди. Бунинг сабабларидан биттаси бу ташкилотнинг вужудга келиши оммавий ахборот воситалари фаоллашган, айниқса, интернет тармоғи кириб бормаган бирорта хонадон қолмаган бир вақтга тўғри келганидир. Уларнинг дин ниқоби остида янграётган ғайриинсоний даъволари ва бузуқ ғояларига алданиб, уларга бориб қўшилаётган, бориб қўшилмаган бўлса-да, уларга моддий-маънавий кўмак бераётган ва уларга нисбатан хайрихоҳ бўлган мусулмонлар, айниқса, айрим ёшларнинг онгидаги бўшлиқ ва диний саводсизлик, диний илмлари саёзларининг эса сохта салафийликнинг радикал ғоялари билан заҳарланганликлари ИШИД ва унга ўхшаган диний экстремистик оқимларга жуда ҳам қўл келмоқда. Бу хайрихоҳликлар жаҳолат ва ёвузликнинг, зулм ва ваҳшийликнинг авж олишига йўл очмоқда.

“Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” тамойилига амал қилган ҳолда барчамиз юртимиз мусулмонларининг ва онги пишиб етилмаган ёшларимизнинг ИШИД деб аталмиш аср вабосига мубтало бўлиб қолишларининг олдини олиш учун бор куч-ғайратимизни ишга солишимиз лозим.

Биз ушбу мақолада уларнинг ботил даъволари ичидан биттасига қарши ислом оламининг етук уламолари тарафидан берилган илмий раддияларни келтирамиз. Ақл кўзи билан кўрадиган, қалби билан эшитадиган кишилар учун ана шу раддияларнинг ўзи кифоя қилади.

Мутаассиблик қон-қонига сингиб кетганидан кимга эргашаётганини ўйлаб ҳам кўрмайдиган, ўйласа ҳам уни даҳо деб билиб, қолганларни адашган, хоин, кофир, муртад ва бошқалар деб биладиган кимсалар учун: “Ҳақдан сўнг залолатдан бошқа нима бўладир?”(Юнус сураси: 32)дея оламиз, холос.

Демак, ИШИД террористик ташкилотининг ботил даъволари ичидан энг асосийси-бу, дунёдаги барча ислом уламолари, аҳли Сунна вал-Жамоа уламолари ҳам, ўзларини салафийлар деб биладиган олимлар ҳам уларни замонамизнинг хорижийларидир деб чиқарган фатволарига қарши:

“Сизлар ИШИД ташкилотини қандай қилиб хорижийлар деб ҳукм қилаяпсизлар? Маълумки, хорижийлар мусулмон раҳбарга қарши чиққан ва гуноҳи кабира қилган мусулмонни кофирга чиқарган кишилардир. ИШИД террористик ташкилоти эса ҳеч бир мусулмон раҳбарга қарши чиққани йўқ ва гуноҳи кабира қилган мусулмонни кофирга чиқарган ҳам эмас”,-деган даъвони илгари суришларидир.

Биз ушбу даъвога жавобан шундай деймиз:

Хорижийларга таъриф берилаётганда ҳал қилувчи сўз ва эътиборга молик бўлган қоиданинг асосий манбаси Қуръон ва Ҳадисдир. Ҳадиси шарифларда хорижийларнинг сифатлари хусусида бошқа ҳеч бир фирқа ҳақида берилмаган тушунча ва тафсилотлар ворид бўлган. Уларнинг барчасида бу умматни огоҳлантириш ва уларга меҳр кўрсатиш маъноси бор. Чунки, хорижийларнинг ғоявий хатарлари, диний иборалар билан муомала қилишдаги маккорона услублари, ўз ғояларини мусулмон жамиятига татбиқ қилишдаги воқеий хатарлари ҳамда ўзларини ибодатжўй қилиб кўрсатадилар, ялтироқ шиорлар кўтариб оладилар ва бир қанча одамларни алдаб ўзлари ҳақида яхши гумон пайдо қиладилар, оқибатда эса, уларнинг ғоялари ва амаллари тўғри экан-да, деган эътиқодга олиб борадилар учун ҳам уларга тезда алданиб қолиш хавфи борлигидан шу қадар огоҳликка чақирилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дан хорижийлар ҳақида йигирмадан зиёд ишончли ҳадислар ривоят қилинган.

Қуръон ва Ҳадисда хорижийларнинг сифатларидан бири мусулмон раҳбарга қарши чиқиш ёки гуноҳи кабира қилгани сабабли мусулмонни кофирга чиқаришдир, деган гап келган эмас. Балки, уларда асосан, иккита сифат таъкидлаб ўтилган ва улар:

-Мусулмонларнинг қонларини тўкишни ҳалол санаб, уларни ўлдириш.

Исломда мусулмон кишининг қонини тўкишлик энг оғир жиноятдир. Ана шу оғир жиноятнинг охиратдаги жазоси ҳақида Аллоҳ Қуръони каримда: “Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир”(Нисо сураси: 93), деб хабар бериб қўйган бўлса, Абдуллоҳ ибн Амр р.а дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг заволидан ҳам оғирроқдир”(Насоий ва Термизий ривоятлари.), деганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а дан ривоят қилинган ҳадисда келганидек (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ деб ва мени Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик берган мусулмон кишининг қони(ни тўкишлик) фақат қуйидаги уч ҳолатдагина ҳалол бўлади: оилали бўла туриб зино қилса, жонга- жон, яъни бир мусулмонни қасддан ўлдирса ва жамоадан ажралиб, диндан чиқса”. Бухорий ва Муслим ривоятлари.), мусулмон кишининг қонини тўкиш фақат уч ҳолатдагина ҳалол бўлади: оилали бўла туриб, зино қилса, жонга-жон яъни, бир мусулмонни қасддан ўлдирса ва жамоадан ажралиб, диндан чиқса.

-Тўғри диннинг аҳкомларидан чиқиб, мусулмонлар жамоасини тарк қилиш.

Ислом дини «Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг»(Оли Имрон сураси: 103), дея мусулмонларни иттифоқликка чақиради. Ана шу амрга бўйинсунмай ҳар хил фирқаларга бўлиниб кетишдан қаттиқ қайтаради. Жумладан, Нисо сурасида: “Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!”(Нисо сураси: 115) деган таҳдид ҳам келган. Ҳадиси шарифда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ сизлар учун уч нарсани рози бўлади ва сизлар учун уч нарсани ёмон кўради. У сизлар учун Унга бирор нарсани шерик қилмаган ҳолингизда Ўзига ибодат қилишингиздан, барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам ушлаб, фирқаларга бўлиниб кетмаслигингиздан ва сизга ишбоши бўлган шахсга насиҳатда бўлишингиздан рози бўлади. Сизлар учун “Деди-деди” дейишни, кўп савол беришни ва мол-давлатни исроф қилишингизни ёмон кўради”(Муслим 3\134 да 1715 рақам билан ривоят қилган).

Бу иккисига қўшимча қилиб енгилтаклик, эсипастлик, ўспиринлик, мағрурлик ва халоиқларга нисбатан такаббурлик қилиш сингари бир қанча сифатлар ҳам айтиб ўтилган.

Кўпчилик уламолар барча хорижийлар гуноҳи кабира қилганларни кофирга чиқарадилар деган эмаслар. Хорижий деб сифатланиш учун бу нарса шарт ҳам эмас. Балки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсифларида уларнинг аҳли исломни ўлдириб, бутпарастларни тек қўйишлари айтилган. Олимлар ана шу ўлдиришга уларнинг ўзларига мухолиф бўлганларни асоссиз равишда кофирга чиқаришлари сабабдир, дея зикр қилганлар.

Демак, гуноҳи кабира қилган мусулмонни кофир бўлади деган эътиқодда бўлмаса ҳам мусулмонларни асоссиз равишда кофирга чиқарадиган, уларнинг қонларини тўкишни ҳалол санайдиган ҳар қандай киши хорижийлар сафига киради.

Мўминлар амири Али ибн Абу Толиб ва саҳобаи киромлар р.а га қарши чиққан хорижийлар зино, ўғирлик ва ароқхўрлик сингари гуноҳи кабирага қўл урганларни кофир деб эътиқод қиладиган кишилардан бўлмаганликлари хорижий деб сифатлаш учун гуноҳи кабира қилган мусулмонни кофирга чиқариш шарт эмаслигига далолат қилади. Улар саҳобаларни таҳкимни (яъни, Сиффийнда Али билан Муовиянинг ўртасида Амр ибн Ос ва Абу Мусо Ашъарийнинг ҳакамлик қилишини) қабул қилганлари учунгина кофирга чиқарганлар, холос. Ваҳоланки, бу иш умуман гуноҳ эмас эди. Шундай қилиб улар Алини, Муовияни, икки ҳакамни ва уларга қўшиб таҳкимга рози бўлганларни кофирга чиқариб, уларнинг қонларини тўкишни ҳалол санадилар. Ана шунда саҳобалар уларнинг бу қилмишлари учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар бериб кетган хорижийлар шулардир деб ҳукм қилдилар. Кофирга чиқарадиларми ёки йўқми деб, уларнинг бошқа гуноҳлар ҳақидаги муносабатларини сўраб ҳам ўтирмадилар.

Уламолар гуноҳи кабира қилган кишини кофирга чиқарадиганларни хорижийлардан деб ҳукм қилган эканлар кичик гуноҳлар сабабли, балки ижтиҳодий масалаларни деб ёки кофирлар билан ҳамсуҳбат бўлиш ва улар билан хат ёзишиб туриш сингари мубоҳ бўлган ишларни деб кофирга чиқарадиганларни қандай қилиб хорижий деб ҳукм қилмасинлар?!

Қуръон ва Ҳадисда хорижий деб сифатлаш учун мусулмон раҳбарга қарши чиқишлик шарт эканини кўрсатадиган бирор нарса келмаган. Аксинча, уларнинг ақидалари ва тутган йўлларида бўлган ҳар қандай шахс хорижийлардан деб ҳисобланади. Раҳбарга қарши чиқадими ёки чиқмайдими, барибир.

Хорижийлар наздида раҳбарларга қарши чиқишлик асоссиз кофирга чиқариш ва мусулмонларнинг қонларини тўкишни ҳалол санаш оқибатидан келиб чиққан. Шунинг учун ҳам агар раҳбарни топсалар унга қарши чиққанлар ва қонларини тўкишни ва молларини ўзлаштиришни ҳалол санаганлар. Агар қарши чиқишга раҳбар топа олмасалар, оддий мусулмонларнинг, уларнинг олиму фозиллардан иборат бўлган яхшиларининг қонларини тўкишни ҳалол санаганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Охир замонда жуда ёш, аҳмоқона ўйлайдиган, яхшиларнинг энг яхши сўзларидан гапирадиган, Қуръон ўқийдиган қавм чиқади. (Бироқ, у) ҳалқумларидан (пастга) ўтмайди. Диндан камон ўқи отилганидек чиқадилар. Агар уларни учратсангиз, ўлдиринглар. Зеро, уларни ўлдирганга Қиёмат куни Аллоҳнинг Ўзидан мукофот бордир”(Бухорий 9\16 да 6930 рақам билан, Муслим 2\746 да 1066 рақам билан ривоят қилган).

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Улар диндан чиққанлари ва мусулмонларнинг яхшиларига қарши чиққанлари учун ҳам ўша ном (хорижийлик) билан аталдилар”(Фатҳул Борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий 12\283).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки (раҳбарга) итоат қилишдан чиқса, (битта раҳбарга рози бўлган мусулмонлар) жамоатини тарк қилса ва ўладиган бўлса, жоҳилият (аҳлининг) ўлимидек ўлим топибди. Кимки бирор гуруҳ учун ғазаб қилиб ёки бирор гуруҳга даъват қилиб ёхуд бирор гуруҳга ёрдам бериб, мақсадсиз байроқ остида жанг қиладиган бўлса ва ўлдирилса, бас, (бу ҳам) жоҳилият(дагидек) ўлимдир. Кимки менинг умматимга қарши чиқса, унинг мўминини ҳам тарк қилмасдан яхшисию ёмонини урса, аҳд эгасидан олинган аҳдга вафо қилмаса, бас, у мендан эмас ва мен ундан эмасман”(Муслим 3\1476 да 1848 рақам билан ривоят қилган).

Бир қанча уламолар хорижийларни айнан раҳбарларга қарши чиққан кишилар деб сифатлаганлар. Зеро, улар олдин хулафои рошидинларга қарши, кейинроқ эса умавийлар ва аббосийлар давлатига қарши чиқишган. Улар ҳар қандай мусулмон раҳбар билан ана шундай муносабатда бўлганлар.

Ҳатто хорижийлар ўзларининг давлатларини барпо қилганлари тақдирда ҳам бу нарса улардан хорижийлик сифатини кетказмайди. Негаки, хорижийлар тарих давомида давлатлар ва амирликлар барпо қилиб келишган. Уларнинг ичларида халифаликни даъво қилганлари ҳам бўлган. Улар доим аҳли исломни кофирга чиқариб, уларнинг қонларини тўкишни ҳалол санаб келганлар.

Бинобарин, ИШИД террористик ташкилотининг иккита мустақил мамлакат-Ироқ ва Суриянинг айрим ҳудудларида ўзларининг хаёлий давлатларини барпо қилиб, уни барча мусулмонлар ўз юртларидан ҳижрат қилиб келишлари фарз бўлган халифалик давлати дея даъво қилганлари ҳам уларнинг тўғри йўлни тутганликларини ва эътиқодлари хорижийларникидек эмаслигини ифода қилмайди.

Хорижий деб сифатланиш учун қурол кўтариб чиқиш шарт эмас. Балки ақидада оғишиш ва кофирга чиқаришда ғулувга кетиш ҳамда аҳли Суннанинг йўлидан чиқишнинг ўзи кифоя қилади.

Мусулмонларни кофирга чиқаришлик билан уларнинг қонларини тўкишни ҳалол санайдиган ва уларни ўлдиришга тарғиб қиладиган ёки шу ишларга даъват этадиган ёхуд йўл кўрсатадиган кишилар ўз қўллари билан иштирок этмаслар ҳам ўша ишларда тенг шерикдирлар.

ИШИД террористик ташкилоти Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам нинг йўлларидан оғишган хорижийлар деб ҳукм қилишни тақозо қиладиган бир қанча ношаръий ишларга қўл урган ва бу ишлар улар тарафидан тарқатилаётган сўзлар, видеолавҳалар ва доимий тарзда қилиб келаётган ишларидан маълумдир. Жумладан:

1.Мусулмон юртларни куфр ва муртад юртлар деб ҳукм қилиш ҳамда у ерлардан ўзлари ҳукмронлик қилиб турган минтақаларга ҳижрат қилишни фарз қилиб қўйиш.

2.Ўзларига қарши бўлганларни кофир ва диндан қайтган деб ҳукм қилиш, уларни қўзғолончилар деб сифатлаш, шубҳа ва гумонлар асосида, давлатлар ва бошқа ташкилотлар билан муомала қилиш, уларнинг масъуллари билан учрашиш сингари умуман куфр бўлмаган ишларни деб, ҳатто ўз ташкилотларига қарши бўлганларининг ўзи билан уларни хоинга ва кофирларнинг жосусларига чиқариш.

3.Уларнинг тутган йўлларига қарши фикрда бўлганларнинг ёки хаёлий давлатларига итоатсизлик қилганларнинг қонларини тўкишни ҳалол санашлари натижасида мусулмонларни ўғирлашлари, уларга нисбатан хиёнат қилишлари, уларни қамоққа олишлари, ўлдиришлари, азоб беришлари, фаоллар, уламолар ва журналистлар тўпланиб турган жойларга портловчи моддалар ортилган машиналарини юбориб, портлатиб юборишлар ва ҳоказо. Душманларни ўлдирадиган қуроллари билан мусулмонларни ўлдириб юбордилар. Ана шу ишларнинг барчаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам нинг: “Улар бутпарастларни қўйиб, мусулмонларни ўлдирадилар”(Бухорий 4\137 да 3344 рақам билан, Муслим 2\741 да 1064 рақам билан ривоят қилган), деган сўзларини тасдиқлайди.

4.Мусулмонлар жамоатидан чиқиш, ҳақиқатни ўзлари тутган йўл билан чегаралаш ва ниҳоят, “халифалик”ни даъво қилишлари ҳамда барча мусулмонларга ўзларига байъат қилишни фарз қилиб қўйиш.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу уларнинг хорижийликдаги ўтмишдошларига: “Мен сизларнинг олдингизга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам нинг муҳожир ва ансорлардан иборат саҳобалари олдидан келдим… Ваҳий улар ҳақида нозил бўлгандир. Сизнинг ичингизда улардан бирон киши мавжуд эмас”(Ҳоким Мустадракнинг 2\164 да 2656 рақам билан ривоят қилган), деб айтганидек, уларнинг ораларида мусулмонлар тарафидан шоҳидлик берилган машҳур уламолар йўқ.

Ораларида уламолар ва аҳли донишларнинг йўқлиги уларнинг тасарруфотларига таъсир қилгани учун ҳам улар эсипаст ва енгилтак, ишларнинг келажаги ва оқибатларига, ҳақ сўзни эълон қилиш ёки Аллоҳга таваккал қилиш даъвоси билан мусулмонларнинг бошларига ғам-ташвиш ва фалокат олиб келишларига назар солмайдиган бўлиб қолганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хорижийлар хусусида шундай деганлар: “Сизларнинг орангизда ибодатли ва (ибодатда) ғайратли бир қавм пайдо бўлади. Ҳатто одамлар уларга маҳлиё бўлиб қоладилар ва улар ўзларига бино қўядилар. Улар диндан ўқнинг камондан чиқишидек тез чиқадилар”(Аҳмад 20\289 да 12972 рақам билан ривоят қилган).

Мазкур ҳадиси шарифни яхшилаб тааммул қиладиган бўлсак, биз ўзини диндор қилиб кўрсатаётган, жарангдор шиорларни кўтариб юраётган, ўзининг сўзамоллиги билан ҳамманинг оғзини ланг очиб қўяётган ҳар қандай кишига эргашиб кетавермаслигимиз, аксинча, динимизни кимдан ва қаердан ўрганишимиз кераклигини обдан ўйлашимиз лозимлигини англаб етамиз. Зеро, салафларимиздан Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ: “Албатта, бу илм диндур. Шундай экан, динингизни кимдан ўрганаётганингизга қаранг”(Муслим 26 рақам билан ривоят қилган), деган.

Хулоса шуки, бизлар ИШИД террористик ташкилоти аъзоларини хорижийлар деб айтишимиз тўғридир. Чунки, улар соғлом ақидадан оғишиб, мусулмонлар жамоасидан ажралиб чиқдилар. Мусулмонларнинг қонларини тўкишни ҳеч бир асоссиз ҳалол санадилар.

Бинобарин, барчамиз уларнинг макрларига учиб, жарангдор шиорларига алданиб қолмаслигимиз, фарзандларимизни худди кўз қорачиғимизни асрагандек уларнинг домига тушиб қолишларидан эҳтиётлашимиз энг бирламчи вазифамиз бўлмоғи лозимдир.

Манбашунослик бўлими мутахассиси

 Алоуддин Ҳофий

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *