Инглиз тилини ўрганишнинг шаръий ҳукми

Lotin alifbosida

 Ingliz tilini urganish hukmiСавол. Дин уламолари ва мустаҳкам шариат муфтийлари инглиз тилини ўрганиш борасида нима дейдилар? У шаръан жоизми ёки йўқми? Инглиз тилини ўрганишни «Ман ташаббаҳа би-қавмин фа-ҳува минҳум» («Кимки ўзини бирор гуруҳга ўхшатса, у ўша гуруҳдадир»)  ҳадисини далил қилиб ножоиз дейиш мумкинми?  Айрим ҳадисларда келтирилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) баъзи саҳобаларга Таврот ва Инжилни ўқишни ман қилган-ку?! Шунинг учун инглиз тилини ўрганишни шаръан ман қилинган дейиш мумкинми ёки йўқми? Бунга жавоб берсангиз, савоб оласиз.

Унга жавоб. Инглиз тилини ўрганиш шаръан жоиз амалдир! Усули фиқҳ қоидасига кўра ҳам унинг жоизлиги маълум бўлади. Зотан, ҳар бир нарсанинг асли ҳалоллик бўлиб, унга шаръий ман қиладиган аниқ далил бўлсагина ножоиз дейиш мумкин. «Ман ташаббаҳа би-қавмин фа-ҳува минҳум» («Кимки ўзини бирор гуруҳга ўхшатса, у ўша гуруҳдадир»)  ҳадиси эса инглиз тилини ўрганмаслик тўғрисида мутлақо айтилган эмас. Бу ерда асло насронийларга ёки бошқаларга ўхшаш ҳам содир бўлаётгани йўқ. Шунингдек, инглиз тили Инжил ёки Тавротнинг тили ҳам эмас.

Инглиз тилини ўрганишнинг шаръан жоиз эканлигига далил шуки, Расулуллоҳ (с.а.в.) машҳур саҳоба Зайд ибе Собит (р.а.)га яҳудийларнинг тилини ўрганишни ҳукм қилган эдилар. Бу борада «Жомеъ ат-Термизий» ва бошқа ҳадис тўпламларида ривоятлар келган. Мавлоно Али ал-қори «Шарҳи Мишкот»да: «Луғатлардан бирортасини, хоҳ у сурёний бўладими, хоҳ ибронийми, хоҳ ҳиндий, хоҳ туркий, хоҳ форсийми, хоҳ улардан бошқасими – ушбу тилларни ўрганишнинг шариатда ҳаром эмаслиги маълум бўлади», деган.

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Инжил ёки Тавротни ўқишдан ман қилганлари айнан ушбу китоблар ёзилган тилларни ўрганмаслик маъносида эмас, балки улардаги эътиқодга майл билдириш ва ушбу китобларнинг уммати бўлиш мақсади билан ўқиб-ўрганишдан қайтариш маъносида эди. Ўтган умматларнинг китобларни ўқиб-ўрганишдан мусулмон умматларига ибрат кўрсатиш ёки мусулмонларнинг китобларини улардаги ботил фикрлардан асраб-авайлаш мақсади бўлса, уларни ўрганишнинг ножоизлиги йўқ.

«Ман ташаббаҳа би-қавмин фа-ҳува минҳум» («Кимки ўзини бирор гуруҳга ўхшатса, у ўша гуруҳдадир»)  ҳадисининг маъноси эса ҳадис китобларининг шарҳлари битилган асарларда айтилишича, ундан таомланиш, еб-ичиш, кийиниш, юриш-туриш кабилардаги кофирларгагина хос бўлган феъл-атвор ва кўринишларига ўхшаш назарда тутилган. Тил ўрганиш назарда тутилмаган. Агар тил ўрганиш натижасида мусулмонлик феъл-атворига ва диний ақидаларига зарар етадиган бўлса, унда бошқалар тилини ўрганишдан ман қилиш мумкин бўлади.

«Жомеъ ат-Термизий»да келишича, Зайд ибн Собит (р.а.) бундай деган: «Расулуллоҳ (с.а.в.) менга сурёний тилини ўрганишни буюрдилар. Бир ривоятда: «Менга яҳудийлар китобини ўрганишимни буюрдилар», дейилган. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Мен яҳудийларнинг котиблик қилишларига ишонмаяпман», дедилар. Шундан сўнг мен ярим ой ичида уларнинг тилини ўрганиб олдим. Яҳудийларга мактуб йўлланадиган бўлса, мен ёзардим. Улардан Расулуллоҳ (с.а.в.)га мактуб келса, уларнинг мактубини мен ўқиб берардим».

Мавлоно Али ал-қори: «Мазкур ҳадисда аслида ҳаром бўлган илмларни ҳам уларнинг хавф-хатаридан сақланиш мақсадида ўрганиш жоиз эканига далил бор. Бу фикрни ат-Тийбий ўз гапи орасида айтиб ўтган. Бироқ, бирорта тилни ўрганиш шаръан ҳаром қилингани маълум эмас. Тўғри, инсонга фойдаси йўқ тилни ўрганиш вақт йўқотиш маъносида камолот соҳиблари наздида яхши эмас, деб топилган. Ҳадиси шарифдан маълум бўлишича, агар бирорта тилни ўрганишнинг фойдаси бўладиган бўлса, уни ўрганиш мустаҳаб бўлади», деб келтирган.

Валлоҳу аълам!

Қудратли роббисининг авфидан умидвор Абу-л-Ҳасанот Муҳаммад Абдулҳай – унинг ошкора ва пинҳона гуноҳларини кечирсин – ушбу саволга жавобларни ёзди.

(Абдулҳай Лакнавий. Мажмуат ал-фатово. 2-жилд. – Лакнав: Юсуфий, 1907. – Б. 354-356).

Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний.

                  

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *