ҚУРБОНЛИК ВА ЖОНЛИҚ СЎЙИШГА ДОИР ИЖМОЪИЙ МАСАЛАЛАР

  1. -948752507Қурбонлик сифатида жонлиқ сўйиш Ислом шариатида машру—жорий амалдир[1].
  2. Қурбон ҳайити куни тонг отгунига қадар, жонлиқ сўйиш жоиз бўлмайди.
  3. Қўй фақат битта одамнинг номидан қурбонлик қилиб сўйилади.
  4. Қулоғи (таги билан) кесилган, шунингдек, думи (буткул) кесилган ҳайвонлар қурбонликка ярамайди.
  5. Қурбонлик гўштларини фақирларга едирмоқ мустаҳабдир.
  6. Агар қурбонлик ибодатини нафлан (ихтиёрий) тарзда амалга оширган бўлса, унинг гўштидан ўзи ҳам емоқлиги мустаҳабдир[2].
  7. Қурбонлик гўштини сотмаслик ва бошқа нарсага айирбошламаслик шаръан яхши ишдир.
  8. Сўйиш мумкин бўлган жониворни танлаб, уни сўйишда Аллоҳнинг номини айтса, халқумини кесиб қон томирларини узиб, қонини оқизса, унинг гўштини емоқ ҳалолдир.
  9. Тўнғиз ва гўшти ейилмайдиган ҳайвонларни сўйиб қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди.
  10. Ақиқа қилмоқчи бўлганлар фарзанди туғилиб, еттинчи кунида ақиқа қилади[3].
  11. Фарзандига ақиқа қилмоқчи бўлган кишининг хотини бирданига эгиз туғса, иккала фарзандига алоҳида-алоҳида ақиқа қилади[4].
  12. Ақиқа учун сўйилган ҳайвоннинг қонидан чақалоқнинг бошига суртилмайди[5].
  13. Соқовнинг сўйган жонлиғини емоқ мубоҳдир.
  14. Жонлиқ сўяётганда, «бисмиллоҳ»ни қасддан тарк қилса, сўйилган ҳайвоннинг гўшти ҳанафийларда ҳаром, шофеъийларда ҳалол. Аммо, унутиб тарк қилса, барча мазҳабларда ҳалол бўлади.
  15. “Шаръий сўйиш”ни ҳар қандай тиғли асбоб билан амалга ошириш мумкиндир[6].
  16. Зарурат вақтида ҳайвоннинг тўғри келган ерига тиғ санчиб қон чиқариб ўлдирилса, гўшти ҳалол бўлаверади.
  17. Жонлиқ сўяётганда, жониворга заруратсиз азоб бериш, ҳали бадани совуб улгурмасдан терисини шилиш, кўзи олдида пичоқни ўткирлаш, уриб ерга ётқизиш каби ишлар макруҳдир.
  18. Норасида бола ва аёл киши жонлиқ сўйишни шариатга мувофиқ тарзда уддалай олсалар, улар сўйган жонлиқларининг гўшти ҳалолдир.
  19. Қулларнинг сўйган жонлиқларини емоқ ҳалолдир, қул билан ҳурнинг сўйган жонлиғида фарқ йўқдир.
  20. Аҳли китобнинг жонлиқлари Аллоҳ номи ила сўйилган бўлса, биз учун ҳалолдир[7].
  21. Ўз юртида яшаётган ғайридин аҳли китобларнинг сўйган жонлиқлари худди мусулмонлар юртида яшаётганларининг сўйган жонлиқлари каби ҳалолдир[8].
  22. Мажусийларнинг сўйган жонлиқлари ҳаром ва ейилмайди[9].
  23. Аҳли китобларнинг ёш болалари ва аёллари Аллоҳнинг номини айтиб сўйган жонлиқларни ейиш мубоҳдир.
  24. Аҳли китоблардан бошқа барча кофирларнинг сўйган жонлиқлари ҳаромдир.

[1] Қурбонлик ибодатининг ҳукмида ихтилоф бор: имом Молик, Шофеъий, Аҳмад, Абу Юсуф, имом Муҳаммад (р.а.)ларнинг қавлига кўра, қурбонлик ибодати суннати муаккададир. Имом Абу Ҳанифа (р.а.)нинг наздида эса, моли нисобга етган ва ўз юртида муқим турган бойларга қурбонлик қилиш вожибдир.

[2] Баъзи уламолар “вожиб” ҳам, деганлар. Ейиладиган гўштнинг миқдорида аксар уламолар: “табаррукан андак луқма ейди, қолганини садақа сифатида улашади”, деганлар.

[3] Ақиқа бу—луғатда чақалоқнинг қорин сочи (онасининг қорнидан тушганда бошида бўлган сочи)ни кесишга айтилади. Чақалоқнинг сочи кесилган кунда сўйилган қўйга ҳам шу муносабат билан ақиқа дейилган.

Шаръий истилоҳда эса ақиқа—янги туғилган чақалоқ номидан унинг соғ-саломат улғайишини Аллоҳдан тилаб жонлиқ сўйишга айтилади. Ўғил фарзандга иккита, қиз фарзандга битта қўй сўйилади. Имом Молик (р.а.): “ўғил болага ҳам битта қўй сўйилади”, деган. Имом Шофеъий ва Аҳмад Ҳанбалий (р.а.) икковлари айтганлар: фарзанд саломат бўлсин, деган яхши умид билан ақиқанинг суякларини парчаламасдан, балки бўлакларга ажратиб пишириш мустаҳабдир.

[4] Ақиқанинг ҳукмида уламоларнинг иттифоқи мавжуд эмас. Имом Молик ва Шофеъий (р.а.) икковларининг наздида ақиқа суннатдир. Имом Абу Ҳанифа (р.а.)нинг наздида эса ақиқа шунчаки мубоҳ амал бўлиб, ҳатто мустаҳаб даражасида ҳам эмас. Имом Аҳмад Ҳанбалий (р.а.)дан бу ҳақда икки хил ривоят бор: машҳурроғида суннатдир. Кейингисида вожиб, дейилган. Ҳасан Басрий ва Довуд Зоҳирий (р.а.)лар эса, ақиқа вожибдир, дейишган.

[5] Ҳасан Басрий (р.а.): “қонидан суртилади”, деганлар.

[6] Масалан, пичоқ, қилич, ҳанжар, қиррали тош, ёғоч ва ҳоказолар билан жониворларни сўйиш мумкин. Тиш ва тирноқ билан сўйиш масаласида ихтилоф бор: Имом Абу Ҳанифа (р.а.)нинг наздида тирноқ ёки тиш модомики, ажратилган бўлса, яъни асл ўрнидан суғурилган бўлса, улар билан сўйиш мумкиндир. Аммо, қолган мужтаҳидларнинг наздида эса, тирноқ ва тишлар билан асло сўйиб бўлмайди.

[7] Аммо имом Молик (р.ҳ.): “Аҳли китобнинг сўйган жонлиғи ҳалол, аммо уларнинг овлари, яъни, овлаш жараёнида ўлган ҳайвонлари ҳаромдир”, деган. Бошқа уч мужтаҳиднинг наздида уларнинг ови ҳам худди забиҳаси каби ҳалолдир.

[8] Фақат Имом Молик (р.ҳ.) яҳудийлар сўйган жонлиқнинг ёғи ҳаром, деган.

[9] Саъид ибн Мусаййаб (р.а.)нинг фикрича, мажусийларнинг сўйган жонлиқлари ҳалолдир.

Ботиржон қори

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *