ЕТИМГА ТАОМ БЕРГАН БУ ДУНЁДА КАМ БЎЛМАC, ОХИРАТДА ЭСА РАСУЛИМИЗГА ҚЎШНИ БЎЛАДИ

 A boy leans against the door of his ramshackle home.

Азиз ўқувчи, биласиз: “Етим деб отаси ё ота-онаси вафот этган гўдакларга айтилади”. Етимларнинг дили хаста, кўнгли ярим, ўзлари эса ожиз бўлади. Улар ҳис қилган дард-аламни етимликни бошидан ўтказганлар билади. Аллоҳ сизнинг ҳам, бизнинг ҳам фарзандларимизни етим қилмасин!

Етимларга эҳсон қилиш, моддий ва маънавий қўллаш ҳам савоб ҳам мўминлик бурчимиздир. Етимларга кийим-кечак, озиқ-овқат, ва бошқа эҳтиёжлари учун маблағ билан ёрдам қилиб дардига малҳам бўлинса, улар ҳам жамият учун фойдали инсонлар бўлиб етишади. Улғайиб қўлидан иш келганда ўзи каби етимларга яхшилик қиладиган, ожизларга меҳр берадиган шафқатли инсонлар бўлиб етишади.

Етимларидан хабар олмай ўз ҳолига ташлаб қўйган, камситган, хўрлаган жамият эртанги куни шу етимлар тарафдан содир этиладиган жиноятларга тайёр туриши керак. Чунки жамият эътиборидан четда улғайган етимларда меҳрдан асар ҳам бўлмайди. Атрофидаги одамларга душман бўлиб улғаяди.

Халқимиз орасида «Етим қўзи боқсанг оғзи бурнинг мой бўлар, етим бола боқсанг оғзи бурнинг қон бўлар», деган нақл бор. Менимча бу мақолни Исломдан хабари йўқ илмсизлар тўқиб чиқарган бўлса керак. Чунки ислом етимларга яхшилик қилишга жиддий эътибор беради. Етимларни парваришлашга тарғиб қилади, уларга ёмонлик қилишдан қаттиқ қайтаради. Қолаверса етимга яхшилик қилиш билан инсон охирати учун ҳам катта захира хозирлаб олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки бармоқларини кўрсатиб шундай деганлар: “Мен ва етимнинг таъминотига кафил бўлган киши худди шундай яқин бўламизал-Адаб ал-муфрад/133. Имом Бухорий.

Икки бармоқ бир-бирига қандай яқин? Уларни бир-биридан ажраладими? Йўқ! Шундай экан, етимнинг таъминотига кафил бўлган киши охиратда Расулуллоҳга худди шундай яқин бўлади.

Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу қачон овқатланса бир етимни чақириб у билан бирга таомланар экан. Бир куни овқат пайти ўша етимни топа олмабди ва ноилж усиз тамадди қилибди. Орадан бироз вақт ўтгач ҳалиги етим етиб келибди. Лекин таом тугаб қолган экан. Абдуллоҳ ибн Умар етимнинг олдига толқон билан асал қўйиб: “Булардан ол, Аллоҳга қасам кам бўлмадинг” – дебди. Бу воқеани ривоят қилган Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳга қасам Абдуллоҳ ибн Умар ҳам кам бўлмади” – деган экан. ал-Адаб ал-муфрад/134. Имом Бухорий.

Хайрли ишларнинг ҳаммасида саҳобалар умматга ўрнак эдилар. Улардан Аллоҳ рози бўлсин. Ҳақиқатан ҳам етимга таом берган, ё таомига етимни шерик қилганлар асло кам бўлмайди. Охиратда эса юқоридаги ҳадисга мувофиқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳамроҳи бўлади.

Аллоҳ таоло сизга ҳам, бизга ҳам етимга яхшилик қилиш ва унга ваъда қилинган ажр-мукофотга эга бўлишни насиб этсин!

Ботиржон қори.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *