ДАҲРИЙЛИК САРҚИТИ

iИлгари имом-домлалар, аҳли илмларни ғийбат қиладиганлар, уларга биров берган пулни муҳокама қилиб, иғво қиладиганлар даҳрийлар бўлар эди. Ўша пайтда бирорта аҳли иймон, динини ҳурмат қилган бирорта мусулмон уларга қўшилмас эди, чунки иймонлари шуни тақозо этарди. Аммо бугун ичимизда ажиб бир «тақводорлар» пайдо бўлганки, улар шунчалар кўп ва фаолки, энди даҳрийларга иш йўқ, улар бемалол дам олишса ҳам бўлаверадиган бўлиб қолди. Чунки иймону Ислом даъвосидаги манавиларнинг ичида илм аҳлига, имом-домлаларга бўлган нафрат ва бадгумонлик шунчалар беҳадки, уларнинг олдида даҳрийлар ҳам ип эша олмай қолди.
Даҳрийларнинг адоватини тушунса бўлади, улар ўзи динни ёқтирмас эди, шунинг учун табиийки, дин тарғиботчиларини ҳам душман тутишар эди. Аммо динида фитнага учраган мана бу бечораларни қандай тушунса бўлади, билмадим. Булар нималар деяётганини, нималар қилаётганини ўзлари ҳам яхши билишмайди. Фақат ичидаги нафратини сочиб олишса бас. «Сен ўзи кимга дўстсан, менгами, айиққами?» дегинг келади.
«Вақф» муассаси аслида диний соҳани ривожлантириш, диний соҳа вакилларини моддий қўллаб-қувватлаш учун тузилган эди. Бироқ, шу пайтгача уч-тўртта талабанинг шартнома пулини ҳисобга олмаса, бирорта аҳли илмни, бирорта илмий лойиҳани қувватлагани йўқ, фақат ночорларга, ногиронларга ва шу каби ижтимоий кўмак тадбирларига пул сарфлаб келди. Бечора «Вақф» умри бинога келиб, биринчи марта ўз вазифасини бир қисм бажарди: 5-6 ойдан бери ойлик олмаётган масжид ходимларига бир ойлик маошдан сал кўпроқ пул тарқатди. Уни ҳам ўзи қила олгани йўқ, давлат бюджетидан кам таъминланган оилаларга ажратилган пулдан бир қисм олиб, ўшани тарқатди. Бу хайрия жуда ҳам зарур эди. Чунки одатда масжид ходимлари масжидга тушган тушумдан ойлик олар эди. Ҳозир эса масжидлар ёпиқ, ҳеч қандай тушум йўқ. Лекин қоровуллар масжидларга қараб туришибди, имом ноиблари ёки муаззинлар беш маҳал азон айтишяпти, мутаваллилар масжиднинг тўловлари ва бошқа ҳужжат ишларини бажариб юришибди. Аммо уларнинг барчаси ойликсиз ишламоқда. Мен ўзим Рамазонда айрим мухлис кишилардан илтимос қилиб юриб, ўта қийналиб қолган баъзи масжид ходимларига ёрдам қилдик. Бунга ўхшаш ҳолатлар жуда кўп.

«Вақф»га масжидлар доим тушум киритиб келган ва «Вақф» бу пулларни асосан ночорларга тарқатган. Энди тушум тўхтаганда «Вақф» масжид ходимларига беш ойда бир марта ойлик берса нима бўпти? Имомлар ҳам шу халқнинг бир қисми эмасми? Уларнинг ичида ҳам ночорлари жуда кўп. Имом-домлалар ҳам одам, уларнинг ҳам оиласи, бола-чақаси бор. Тўғри, қайси бирларидадир қўшимча даромад манбаи бордир, аммо ҳаммасида ҳам эмас. Улар асосан илм ўқиган, лекин бошқа ҳунари йўқ, ишхоналари ёпиқ. Хўш, ночор оилаларга пул бераётган ҳукумат масжид ходимларини ҳам назардан қочирмаган бўлса, бунинг нимаси ёмон? Нима, беш-олти ойдан бери ойлик олмаётган қатламнинг ҳолидан хабар олиш давлатнинг вазифаси эмасми? Бунга қанақадир имомларни сотиб олиш, мафкуравий таянч қилиш деганга ўхшаган хомхаёлларнинг нима алоқаси бор? Бунчалар ёш болача фикрламасанглар. Ҳозирда жуда кўп ишхоналарда одамлар мунтазам ишга бормаса ҳам, ойликларини олмоқда. Аммо масжид ходимларига иш ҳам, ойлик ҳам йўқ. Давлат мутасаддилари буни ҳисобга олган бўлса, бунинг нимаси айб?
Яқинда Андижон вилояти ҳокими вилоятдаги имомларга буғдой тарқатди. Бунга ҳеч қандай мафкуравий ёки сиёсий ғараз сабаб бўлгани йўқ. Бир қори биродаримиз аҳли илмларни қўллаб туриш кераклигини, кўп имомларнинг моддий ҳолати қийин эканини айтган экан, ҳоким буни инобатга олиб, моддий кўмак айни жойига йўналтирилибди. Буни ҳеч бир аҳли иймон ёмон олмайди. Бундан фақат қалбида касали борларгина фитна қўзғаши мумкин.
Қадимги фиқҳий китобларда масжид ходимларининг маоши масжид қавмининг зиммасига вожиб, дейилган. Имомлар бошқалар қатори қийналмай оила тебратиши учун халқ уларга етарли таъминотни қилиши лозим, дейилган. Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа ва имом эдилар, давлатдан биринчи маош олган киши бўлдилар. Умар розияллоҳу анҳу ҳам муаллимларга ҳамиша ойлик ажратганлар, бу нарса илмнинг ривожи учун зарур деб айтганлар. Бадр аҳлига ҳамиша қўшимча тортиқ бериб турилган ва буни бирорта мўмин ёмон олмаган. Айрим араб мамлакатларида имом-хатибларнинг ойлигини давлат берса, айримларида Вақф вазирлиги беради. Ўша юртларда имомлар масжидлар ёпиқ бўлса ҳам, давлатдан ва Вақф вазирлигидан ойлик маош олишмоқда. Аммо бизда масжид ходимларининг маоши масжидга боғлиқ бўлгани учун неча ойдирки, уларга маош йўқ. Ушбу вазиятни англаган мутасаддилар ҳайит баҳонасида масжид ходимларига тақрибан бир ойлик маош миқдорида пул беришди. Хўш, бунинг нимаси сизга ёқмаяпти, жаноб? Шундан ҳам фитна қўзғаш ўта кетган пасткашликдан бошқа нарса эмас-ку!
Битта ақлли ўзича савол ташлабди: «Масжидлар ишламаётган бўлса, нега масжид ходимларига пул берилади?» Эй калла, айнан масжидлар ишламаётгани учун давлат пул беряпти, бўлмаса шу пайтгача бирор марта масжид ходимига давлат хазинасидан бир сўм берилганини эшитганмисан?
Яна битта ўшанақа «тақводор» гап сурибди: «Масжидлар нодавлат ташкилот бўлса, нега уларга давлат хазинасидан пул ажратилади?» Ўша нодавлат ташкилотлар ночор оилаларни таъминлашда неча йиллардан бери давлатга кўмаклашиб келади. Нега уларнинг бу кўмагини қўллаб-қувватлагансиз, ўринсиз деб билмагансиз? Бугун энди ўша нодавлат ташкилотнинг кирими йўқ бўлган пайтда давлат унга ёрдам берса, нима бўлибди? Қолаверса, масжидлар нодавлат ташкилот бўлса ҳам, уларнинг ходимлари давлатнинг фуқароси-ку, давлат ўз фуқароларига ёрдам бериши керак эмасми? Давлат бошқа соҳа кишиларига ҳозир диний соҳа кишиларига берганга нисбатан бир неча баравар кўмак беради ва беряпти ҳам. Спорт ва бошқа шу каби гуманитар соҳаларга миллиардлаб пул ажратилади. Нега уларни гапирмайсиз? Нима, масжид ходимлари бу халқнинг вакили эмасми?
Масжид ходимлари ҳам эл қатори солиқларни тўлаб, давлат хазинасига ҳисса қўшиб келишади. Бугунги вазиятда улар маошсиз қолганда давлат нега уларни қўлламаслиги керак экан? Давлат кам таъминланган оилаларга пул ажратганда ярим йилдан бери маош олмаётган қатламни ҳам инобатга олса, бунинг нимаси ваҳимали иш? Масжид ходимларини ночор оилаларга қўшиш шарт эмас, улар бир неча ойдан бери маош олишмаяпти. Буларнинг ҳаммаси ақлга ишора-ку! Шунда ҳам от билан туя бўлгани йўқ, ёрдам тариқасида ажратилган умумий (450 млрд) сумманинг 3,3% фоизи масжид ходимларига йўналтирилди, қолган 97% бошқа қатламларга берилди. Бунинг нимасига бунчалар куйинасизлар? Яна булар диндормиш.
Энг қизиғи, бугун масжид ходимларига қарши бу фитнани даҳрийлар, дин душманлари эмас, аксинча, ўзича дин даъвосидагилар, ўша масжидлар очиқ турганда улардаги хизматидан фойдаланиб келган, ўша имомларнинг ортида намоз ўқиб келган кимсалар, энди ўзича динпарвар, ҳақиқатпарвар бўлиб қолганлар қилмоқда. Улар динни давъо қилатуриб, дин аҳлига шундай пасткашларча фитна қилишдан уялишмайди ҳам.
Нима эмиш, давлат мафкуравий таянч бўлсин учун имомларга пул беряпти эмиш. Бу гапни айтаётган кимса ўзини жуда ақлли сиёсатдон деб ўйласа ҳам, аслида бу гап ўта кетган калтабинлик ва қалбдаги касалликдандир.
Биринчидан, давлат сиёсатни юритиш учун пул тарқатишга муҳтож эмас, у истаса куч билан ҳам, бошқа минг хил йўл билан ҳам сиёсатини юритаверади. Иккинчидан, халқни етаклашда саноқли етакчи имомлар кифоя, бошқаларга пул бериб, оғдиришга ҳожат йўқ, улар барибир сиз ўйлаган таъсир кучига эга эмас. Учинчидан, пул фақат имомларга тарқатилгани йўқ, ноиблар ва мутаваллиларга ҳам берилди. Ноиб ва мутаваллилар имомларга нисабатан икки-уч баравар кўп, лекин уларнинг мафкуравий фаолиятга умуман алоқаси йўқ. Хўш, уларга нега пул ажратилди унда? Тўртинчидан, имомларни сотиб оламан деган одам аҳмоқ бўлиб, бир ойлик маош пулини бериб ўтирмайди, берса, тузукроқ беради. Бешинчидан, кимдир имомларни сотиб олмоқчи бўлса, буни махфий қилади. Бунинг устига, бирор мақсад учун барча имомларни «сотиб олиш» шарт эмас, етакчиларни сотиб олса етади. Қолаверса, фалон миллион сўмлик машина миниб юрган имомни 3 миллион сўмга сотиб олиб бўлмаслигини ақлсиз одам ҳам билади. Сал каллани ишлатиш керак. Яна шу хом калла билан буларнинг одамларга ақл ўргатиши ортиқча.
Менинг билишимча, ҳукумат ичида аҳли илмларни ўйлайдиган, имомларни ҳурмат қиладиган иймонли кишилар етарли, улар илм аҳлига қилинган хизмат илмга, динга хизмат бўлишини жуда яхши билишади. Ҳар ким ниятига ва эътиқодига яраша натижа ва савоб олаверади. Балки кимлардир баъзи нохушликларни аҳли илмларга қилинган айрим нотўғри тасарруфларнинг оқибати деб билиб, камчиликни тўғрилашни кўзда тутгандир. Буёғи Аллоҳга маълум.
Аслида бугунги шароитда ўзини мўмин деб билган, динини ҳурмат қилган ҳар бир одам ўз масжидининг ходимларидан, имомларининг, қориларининг ҳолидан хабар олиши керак. Зотан, иймоннинг тақозоси, илмга бўлган муҳаббатнинг натижаси бундан бошқача бўлиши мумкин эмас.
Мен халққа диний соҳа вакилларичалик холис, беминнат хизмат кўрсатадиган бирор соҳани билмайман. Имом-домлаларимиз саволларимизга жавоб беришади, динимизни ўргатишади, маслаҳат сўрасак, холис маслаҳат беришади ва бошқа хизматларни ҳам қилишади. Лекин бу ишларнинг бирортаси учун ҳақ сўрамайди, умид ҳам қилмайди. Аммо бошқа ҳар қандай соҳа кишиларига қаранг, бу каби хизматлар ҳаммаси пуллик ва ўта чекланган бўлади.
Ўзи шундай бўлиши тўғри, дин ходимлари имкон қадар холис хизмат қилишлари айни муддао. Аммо кимдир кўнгилдан чиқариб аҳли илмларга, имомларга бирор кўмак берса, «Раҳмоннинг ошини шайтон қизғанибди», деганларидек, бундан фитна кўтариш ўта кетган инсофсизликдир.
Ўзимиздан қиёс: одамлар шариатдан савол берганидан, диндан гапирилса, қулоқ солганидан хурсанд бўлиб, керак бўлса, шунга қорнимиз тўйиб яшаймиз. Илм аҳллари айнан динига хизмат қилиш билан ўзларини тирик деб ҳис қиладилар, аксар ҳолатда шунинг учун курашиб яшайдилар. Бир-иккита истисно ҳолатлар, шахслар бўлиши мумкин, аммо бу умумий ҳолатга баҳо беришга ярамайди.
Бундан юз йилча муқаддам даҳрийлар ва уларга алданганлар ҳамма муммоларга дин олимларини сабаб қилиб кўрсатиб, уларни қатағон қилишган эди. Уламолар йўқ қилинди, аммо муаммолари ҳал бўлгани йўқ, аксинча, халқ баттар чўкди, қул бўлди-қолди. Кейин яна аҳли илмлар халқнинг кунига яраб, одамларимизга иймону Исломни ўргатдилар, натижада халқимиз ўзлигини таниди. Бугун ҳам бир тоифа одамлар борки, жамиятдаги барча муаммоларга имомларни сабаб қилиб кўрсатаверади. Аммо шу имомлар бўлмаса, нима ижобий ёки салбий ўзгариш бўлиши мумкин, ўйлаб кўрмайди.
Масжид ходимлари ва бошқа кам таъминланган оилаларга пул берилиши фақат уларга эмас, ҳаммамизга фойда эканини унутмаслигимиз керак. Уларнинг қўлига пул тушиши жамиятда пул айланмасини юргизади, бу эса иқтисодни жонлантиради. Афсуски, айрим одамларда коммунистик тузумнинг сарқитлари ҳали ҳам сақланиб қолган, бировнинг қўлидаги пулни ҳисоблаб, ортиқча билиб, ғаламислик қилаверади. Аслида ўша пул кимнинг қўлида бўлса ҳам, ҳаммамизнинг моддий киримимиз учун фойда бўлади.
Ўзбекистонда яшаган бир яҳудий олимнинг бундан 30 йил муқаддам бир яқинимизга айтган гапи эсимга тушади. У бир қанча ўгитлар ичида жумладан шундай деган экан:
«Сизлар ичингизда биров бойиса, уни кўролмай, йўқотиш пайига тушасизлар. Биз яҳудийлар эса бой кўпайса, хурсанд бўламиз. Чунки бир одам бой бўлса, уни ўзимиз учун даромад манбаи деб биламиз. Агар мен дурадгор бўлсам, мен ясаган жавонни сотиб оладиган одам пайдо бўлди деб қарайман, ишлаб чиқарувчи бўлсам, маҳсулотимни ишлатадиган одам пайдо бўлди деб қарайман ва ҳоказо. Чунки одам бой бўлса, ўзига уй солади, яхши таомланади, яхши кийинади, яхши жиҳозлар сотиб олади. Аммо сизлар ичингизда бир бой пайдо бўлса, уни йўқотиш пайига тушасизлар, уни ҳам, ўзларингни ҳам маҳрум қиласизлар».
Хуллас, азизлар, иймон аҳли бўлсангиз, иймонлилар билан бирга бўлинг, даҳрийлар сафида бўлманг. Имом-домлалар ҳам бизнинг бир бўлагимиз, биримизнинг акамиз, биримизнинг тоғамиз. Уларга берилган кўмакдан иймон аҳли, илм шайдолари хурсанд бўлади, фақат қалбида касали бор кимсаларгина бундан фитна чиқаради. Бундай фитнакашлик Исломдан эмас, шариат эмас, буни унутманг.
Илм аҳлини, имом-хатибларни фақат даҳрийлар душман тутади, дин душманлари ёмон кўради. Агар иймон аҳли бўлсангиз, ўшаларга терс йўлда бўлинг, илм аҳлини, масжид аҳлини севувчи бўлинг, шунда иймонингизга, даъвойингизга яраша иш қилган бўласиз! Унутмангки, аҳли илмларга нафрат даҳрийликнинг сарқити ва хусусиятидир, иймон аҳли бундан ҳазир бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ислоҳ айлаб, ҳақда собитқадам қилсин.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 1 та

  1. Shuhrat:

    Xaq gap, darhaqiqat qalbida kasali borlargina bunaq fikrlaydi. Masjidlarda xam odamlar ishlaydi

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *