ЖАМОАТ НАМОЗИНИ ТАКРОРЛАШ ҲАҚИДА

FB_IMG_1547562863260Намозхонлар орасида юз берадиган саволлардан баъзиси ушбу маънода бўлмоқда: “Такрори жамоат дурустми? Яъни, масжидда жамоат бўлиб намоз ўқилган бўлса, кейин келган бир неча одам жамоат бўлиб намоз ўқий оладиларми?”

Бу саволларга шундай жавоб бериш мумкин: «Албатта, жамоат бўлиб намоз ўқий оладилар ва намозлари мақбул ҳам бўлади. Бунга шак-шубҳа йўқ! Фақат ўқилган намоз макруҳлик билан адо этилган бўлиши мумкин». Биз ушбу мақоламизда бу масъалага батафсил тўхталишни ният қилдик.

Жамоатга ўз вақтида етиб келмаслик, иккинчи ёки учинчи жамоатни барпо этиш жамоатнинг мутлақ озайиб кетишига сабаб бўлиши, ва айниқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан суннати муаккада, бизникидан бошқа мазҳаблар фикрича, вожиб ёки фарз сифатида талқин этилган жамоатга узрсиз кеч келишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини инобатга олиб, барча мазҳаб уламолари иккинчи марта жамоат бўлишни макруҳ (таҳримий) дейишган. Агар жамоатнинг тафриқа бўлишини кўзлаб иккинчи жамоатни барпо қиладиган бўлса, якдилликка путур етказмоқчи бўлса, аҳли ҳаво ва мубтадиъларнинг ишига ривожни кўзласа, бу ҳеч қачон машруъ бўлмайди, балки, умуман кейинги жамоатдан манъ қилинади. Мазҳабимизнинг улуғ фақиҳларидан бири Шамс ул-аимма ал-Ҳалвоийнинг айтишига қараганда, бу фикр салафи солиҳийнлар, жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар даврларида бир марта жамоат бўлганлиги, жамоат такрорланмаганлиги сабаблидир. Бу эса мазҳабнинг зоҳири ривоятига кўра бир масжидда бир намоз учун иккинчи жамоатни барпо этишнинг макруҳлигини билдиради. Бу Имоми Аъзамдан ҳам, унинг шогирдлари томонидан ҳам нақл қилинган(1). Яна Шамс ул-аимма ал-Ҳалвоийнинг қарашларига кўра масжидда узрсиз иккинчи жамоатни барпо этиш билан жамоат савобига нойил бўлинмайди, балки бидъат ва макруҳ ишни қилган бўлади. Имом аз-Зайлаъий Имоми Аъзам Абу Ҳанифадан нақл қилишича, таъйинланган имоми бор масжидда жамоатни такрорлаш жоиз бўлмайди(2).

Бунга жамоат намозининг улуғлиги ҳақида келган ҳадиси шарифларни далил қиладилар. Жумладан, ҳамма биладиган ҳадис мазмуни: якка ўқигувчидан кўра жамоат бўлиб ўқиш савоби йигирма беш ёки йигирма етти баробар ортиқдир(3). Шунингдек, Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадислари бор: “Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, ўтин тўплашга қасд қилсам-да, кейин ўтин ёқилса, сўнг намозга буюрсам, унга азон айтилса, сўнг бир кишига амр қилсам-да, у одамларга имомлик қилса, сўнг намозга ҳозир бўлмаган одамларнинг уйларига бирма-бир борсам-да, уларнинг уйларини ўтга берсам! Нафсим қўлида бўлган зотга яна қасамки, агар уларнинг битталари этли суяк ёки семиз сон топиши мумкин бўлганда эди, хуфтанга ҳам ҳозир бўларди!”(4). Имом Табароний ривоятида мазкур ҳадис давоми: “Жамоатга фақатгина мунофиқ мухталиф бўлади”, дейилган(5).

“Эъло ус-сунан” соҳиби Аллома Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий ҳазратлари мазкур ҳадиси шарифнинг иборатидан (“Ҳамамту ан омура…”дан) бир масжидда иккинчи жамоатнинг макруҳ эканлиги, биринчи жамоатга ҳозир бўлишнинг вожиблиги чиқади, деб ёзади. Чунки, кейин қолганлар иккинчи жамоатга етиб келган бўлур эдилар. Лекин уларнинг бундай кечикиб юришини Шориъ алайҳиссалом инобатга олмай, уйларига ўт қўймоқчи бўлдилар. Бу эса бир масжидда иккинчи жамоатнинг макруҳлиги аниқ эканлигини билдиради(6).

Яна мазкур қарашни қувватлайдиган ҳадиси шариф Ибн Умар разийаллоҳу анҳу тарафидан айтилган. У бу ҳадисни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган экан: “Бир кунда бир (фарз) намозни икки марта ўқиманглар!”(7). Имом аз-Зайлаъий: “Бу ерда уни жамоат бўлиб ўқиш назарда тутилмоқда” дейди(8).

Суфён, Молик, Ибн ал-Муборак, Шофиъий каби зотлар биринчи жамоатдан кечикиб келганлар ёлғиз-ёлғиз ўқийдилар, деганлар(9). Имом Шофиъий деганлар: “Мен буни макруҳ кўрганимга сабаб бизнинг салафларимиз бу ишни қилмаганлар(10). Балки, баъзилари бу ҳолатни айблаганлар. Мен ана ўшалар макруҳ кўргани каби макруҳ кўраман. Зеро, бу тафриқага сабаб бўлади. Бир одам жамоатда маълум имом орқасида намоз ўқимоқчи бўлади, жамоатга хилоф қилади-да, намоз вақтида жамоатга чиқмайди, масжид аҳли ўқиб бўлганидан сўнг чиқиб жамоат бўладилар. Бу ҳақиқий ихтилофдир, гап-сўз кўпайишидир. Бу иккиси ҳам макруҳдир! Мен буни ҳар бир имоми ва муаззини бор масжидларда макруҳ деб ҳисоблайман. Аммо, йўл бўйларига қурилган, доимий муаззин азон айтмайдиган, маълум бир имом намоз ўқимайдиган масжидларда ҳар ким жамоат бўлиб намоз ўқиши мумкин ва буни макруҳ демайман. Чунки, бу ҳолатда гап-сўз кўпайиши деган ҳолат юз бермайди”(11). Шунинг учун иккинчи жамоатнинг макруҳ дейилишининг сабабини изоҳлаб, Имом Ибн Абдулбарр: “Бу масъаланинг асли бидъатчи ва бузғунчиларга қарши чиқарилгандир”, дейди(12).

Имом Нававий иккинчи жамоатнинг макруҳ бўлиши учун таъйинланган имомнинг рухсатисиз бўлишини зикр қилган. Шунингдек у айтади: “Бир одам жамоат намозидан сўнг ҳозир бўлса, намоз ўқиганлардан баъзисига мустаҳабки, у билан бирга қўшилиб намоз ўқисин. Токи у ҳам жамоат савобини топсин”(13).

Бунга бизнинг Ҳанафий уламолари ҳам қўшилишган. Аммо, бизнинг Ҳанафий мазҳаби уламолари иккинчи жамоатнинг макруҳ бўлиши учун баъзи шартларни кўрсатиб ўтганлар. Имом Абу Юсуф айтади: “Иккинчи жамоатнинг макруҳ бўлиши учун катта жамоат бўлиши керак. Агар уч-тўртта одам масжиднинг бурчагига бориб жамоат бўлиб ўқисалар, макруҳ бўлмайди”. Имом Муҳаммад айтади: “Иккинчи жамоатнинг макруҳ бўлиши учун одатийлик (тадоъий) бўлса, яъни, одатдагидек азону такбир айтилиб, меҳробда туриб намоз ўқилиши керак, шунингдек, кўп жамоат бўлсадир. Агар бундай бўлмаса, макруҳ бўлмайди”. Ибн Обидийн айтади: “Агар масжид қавмининг ўзи намозни азон ва такбирсиз такрор қилса, яъни, иккинчи жамоатни барпо қилсалар, ижмоъан жоиздир”(14).

Шунингдек, фиқҳий китобларимизда Имом Абу Юсуфдан яна “Агар кейинги жамоат аввалги жамоат ҳайъатида, ҳолатида бўлмаса, макруҳ бўлмайди, бўлмаса макруҳ бўлади” деган қавл ҳам нақл қилинган. Ибн Обидийн айтишича, мана шу саҳиҳ қавлдир. “Фатовойи Баззозиййа”да меҳробдан бошқа ерда ўқиш биринчи жамоатнинг ҳолатини ўзгартириш бўлади ва бунда иккинчи жамоатга ҳеч қандай макруҳ бўлмайди, дейилган. “Фатовойи Таторхониййа”да мана шу фикрни оламиз, дейилади. Бу гап “Фатовойи Валволижиййа”да ҳам бор экан(15).

Мазҳабимизнинг мўътабар китобларидан бири бўлмиш “Бадойиъ ус-санойиъ”да “Агар бир одам жамоатдан қолиб қўйса, бошқа масжидга бориши вожиб бўлмайди, аммо жамоатнинг савобини топиш учун бошқа масжидга тезда етиб бориши яхшироқдир. Ўзининг масжидида ҳам намоз ўқиса бўлаверади” дейилган. Шунингдек, мазкур асарда Ҳасан разийаллоҳу анҳунинг саҳобаи киромлар жамоатдан қолиб қўйсалар, ўзларининг шу маҳалла масжидида ўқиверардилар, баъзилари эса бошқа масжиддаги жамоат намозига етиб боришга ҳаракат қилардилар”, деган хабари келтирилган. Шамс ул-аимма ас-Сарахсий бир масжидга намоз ўқиш учун кирдими, энди, жамоатдан қолган бўлса ҳам ўша ерда намозини ўқиб кетгани дуруст, деган эканлар(16).

Моликийларнинг айтишига қараганда, агар бир масжидда жамоат бўлиб намоз ўқилса-ю, кейин шу масжиднинг таъйинланган имоми бир гуруҳ одамлар билан келиб қолса, у намозни жамоат бўлиб ўқиши керак. Шунингдек, масжидлардаги муайян имомдан аввал ва у ўқиётган вақтда, жамоат асносида яна бир жамоат бўлиш ҳам иттифоқан макруҳдир. Имом Абу Довуд ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Биров бировнинг уйида ва салтанатида унинг рухсатисиз имом бўла олмайди” дейилган(17). Шу ривоятга асосланиб, Моликиййа мазҳабида масжидга таъйинланган имомидан рухсат олиб, масжидда жамоат бўлиб намоз ўқиш макруҳ эмас, дейилади.

Бу уччала мазҳабнинг иккинчи жамоат макруҳ бўлади, деган фатволарининг яна бир сабаби Абдурраҳмон ибн Абу Бакра разийаллоҳу анҳу отасидан ривоят қилишича, Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадан ташқарида бир қавмнинг орасини ислоҳ қилиш учун чиқиб, Мадинадаги жамоат намозига кечикиб, намоз ўқиб бўлингандан сўнг келганларида, масжидда намоз ўқимасдан, ҳужраларига кириб оилаларини тўплаб намоз ўқиган эканлар(18). Агар масжидда жамоат бўлиб ўқиш дуруст бўлганда эди, Расули акрам шундай қилган бўлардилар. Агар намоз макруҳ бўлмаганида, нима учун ўз масжидларида намоз ўқиш фазилатидан қолган?!

Мана шу ривоятга асосланиб, мазҳабимизнинг улуғ фақиҳларидан бири ал-Қудурий масжид жамоатидан қолган одам ўз оиласи аҳлини йиғиб, жамоат бўлиб намоз ўқиши мустаҳабдир, деганлар. Бу ривоят “Фатҳ ул-қадийр”да ҳам нақл қилинган(19).

Ҳазрати Анас разийаллоҳу анҳу айтишига қараганда эса саҳобалар агар жамоатдан қолиб қўйсалар, масжидда ёлғиз-ёлғиз намоз ўқиб олар эканлар. Бу гап Ҳасан ал-Басрийдан ҳам нақл қилинган(20).

Мазкур мазҳаб уламолари кейинги келган жамоа намозларини якка-якка ўқийдилар, дейдилар. Бу фикр Ҳасан Басрий, Қосим ибн Муҳаммад, Иброҳим Нахаъий ва Саврий каби тобиъийнларнинг қарашларидир. Ибн Аби Шайбанинг ривоятида тобиъийнларнинг улуғларидан Қосим ибн Муҳаммад бир гуруҳ одамлар билан биринчи жамоатдан сўнг келгани учун ёлғиз намоз ўқиган. Имом Абдурраззоқнинг ривоятида эса Иброҳим Нахаъий намоз ўқилган масжидда кейинги жамоат учун имом бўлишларини макруҳ санашлари зикр этилган(21). Абдуллоҳ ибн Муборак, Солим, Авзоъий каби зотлар ҳам, шунингдек, Абу Ҳанифа, Молик, Шофиъий наздларида ҳам кейинги жамоат макруҳ бўлади.

Агар масжиднинг маълум бир жамоати, қавми бўлмаса, масалан, кўчалар бўйидаги масжидлар ёки бирор масжиднинг маълум бир имоми ва муаззини бўлмаса, ўша масжидда жамоат бўлиб намоз ўқиш мутлақо макруҳ бўлмайди, балки, ҳар бир келган жамоат тўп-тўп бўлиб, азон ва такбир айтиб намоз ўқиганлари афзалдир. Бу гап барча мазҳаб китобларида бор. Жумладан, бизнинг мазҳабимизнинг фиқҳий китобларидан бўлмиш “Фатовойи Қозийхон” ва “Дурар ал-ҳукком”да ҳам шунга фатво берилган(22).

Ҳанбалиййа мазҳаби фатволарига кўра эса иккинчи, учинчи ва мутлақ жамоат макруҳ эмас, балки жамоатнинг фазилати улуғ бўлишини нобатга олиб, жамоат бўлиб ўқиш ҳамма вақт мустаҳаб бўлади.

Аслида, иккинчи жамоатнинг дуруст бўлишига Имом Термизий кўрсатган далил етарлидир(23). У Абу Саид ал-Худрийдан ҳасан иснод билан ҳадис ривоят қилган: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз асҳоблари (жамоат) билан намоз ўқиб бўлганларидан сўнг етиб келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

الا رجل يتصدق على هذا فيصلى معه

“Аё, бунга садақа қилиб, у билан бирга намоз ўқийдиган кимса борми?”, дедилар.

Яъни, жамоат билан намоз ўқишнинг савоби йигирма олти баробар кўпроқдир. Ёлғиз ўзи ўқиса, битта намоз савоби бўлади. Мазкур битта одам билан қўшилиб намоз ўқилганда эса жамоат бўлади ва савоб кўпаяди. Демак, унга садақа, яъни яхшилик қилинган бўлади(24).

Шунда ўрнидан бир киши туриб, у билан бирга намоз ўқиди(25).

Ўрнидан туриб ўша кимса билан намоз ўқиган зот Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳу бўлганини Имом Байҳақий ва Имом Абу Шайбалар зикр қилганлар(26).

Ушбу ҳадиси шарифни келтиргандан сўнг Имом Термизий ҳазратлари мазкур ҳадис намоз ўқиб бўлинган бир масжидда иккинчи қавмнинг жамоат бўлиб намоз ўқишининг жоизлигига далил, деганлар. Мазкур ҳадиси шарифни Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд ҳам ривоят қилганлар(27). Шунингдек ҳадиси шариф Имом Ҳоким, Доримий, Ибн Аби Шайба, Ибн Ҳазм томонидан ҳам ривоят этилган(28).

Имом ат-Тийбий ва Ибн Ҳажарлар мазкур ҳадиси шарифдан бир жамоатдан намоз ўқиган кимса иккинчи жамоатга қўшилиб имом бўлиб ҳам, иқидо қилиб ҳам намоз ўқиса бўлади, деган далил топишган(29).

Абу Умома р.а.дан келтирилган бошқа бир ривоятда:

أيكم يتجر على هذا؟

деганлар ва ўша кимса билан бир одам туриб намоз ўқиётганда: “Бу иккиси жамоатдир!”, деганлар(30).

Лекин, бизнинг мазҳабимиз ҳукмига кўра бир марта намоз ўқиган одам иккинчи марта шу намозни ўқиганида имом бўла олмайди. Чунки, иккинчи марта ўқилганда намоз нафл бўлади. Нафл ўқиётган фарз ўқиётганга имом бўла олмайди(31).

Демак, иккинчи қавл, яъни Ҳанбалийларнинг гапи шуки, иккинчи жамоат масжидда макруҳ эмас. Бу Анас, Абдуллоҳ ибн Масъуд каби саҳобалардан, Ато, Қатода каби тобиъийнлардан нақл қилинган, шунингдек, Ҳасан Басрий, Иброҳим Нахаъийдан бўлган бир ривоятга кўрадир.

Бунга Имом Бухорий таълиқ қилиб, ривоят қилган, Ҳазрати Анас разийаллоҳу анҳунинг намоз ўқиб бўлинган масжидга келганида, азону такбир айтиб, жамоат бўлиб намоз ўқиганлари далил қилинади(32).

Абу Яъло ўз муснадида Анас разийаллоҳу анҳу Бани Саълаба масжидида бомдод намозини шу тариқа ўқиганлиги ривоят қилинган. Буни Ибн Аби Шайба ва Абдурраззоқлар ҳам тахриж қилишган(33).

Яна Ибн Аби Шайба ривоят қилишича, Ибн Масъуд разийаллоҳу ҳазратлари намоз ўқилган масжидга кириб, ўз шогирдлари Алқама, Масруқ ва Асвадлар билан бирга жамоат бўлиб намоз ўқиганлар(34).

Ҳасан Басрий эса Басрадаги Кило масжидида жамоат кетидан жамоат бўлиб намоз ўқишларини зарарли деб қарамас эканлар. Атодан ривоят қилинишича, у зот Солим ибн Атиййа билан жамоат намоз ўқиб бўлгандан кейин Масжиди Ҳаромга кириб иккови биргаликда намоз ўқиган эканлар(35).

Абдурраззоқнинг ривоятида Қатода: “Масжидга қачон икки одам кирса, бирови имом бўлиб намоз ўқийди”, деган эканлар(36).

Абдуллоҳ ибн Язид айтади: “Мен Иброҳим Нахаъий билан жамоати намоз ўқиб бўлган масжидга кирдим. Ул зотнинг ўнг тарафида туриб, унга иқтидо қилиб, азону такбирсиз намоз ўқиганман”(37).

Бу ривоятларга асосланиб, Ибн Ҳазм ва Имом Аҳмад масжидда жамоат умуман макруҳ бўлмайди, деганлар.

Фақат  улар наздида ҳам Макка ва Мадина масжидларида кейинги жамоат макруҳ бўлади. Чунки, бу масжидларда катта жамоат бўлиб намоз ўқиш жуда зарур. Бу фикр барча мазҳаб аҳллари томонидан ҳам айтилган. Жумладан, бизнинг мазҳабимизда кўзга кўринган имоми ва фақиҳларидан бири, “Фатҳ ул-қадийр”нинг соҳиби Ибн Ҳумом ҳазратларининг шогирди Аллома Раҳматуллоҳ ас-Сундий Масжиди ҳаромда ҳар бир мазҳаб аҳли алоҳида-алоҳида жамоат бўлиб ўқилишини қоралаган ва бу амалнинг макруҳлигини исботлаган. Ибн Обидийн эса 551 ҳижрий (милодий 1156) йилда уламолар шунга қарор қилганини ёзади(38).

Бу икки қарашнинг (яъни, иккинчи жамоат макруҳ ёки макруҳ эмас, деган қарашларнинг) қарши тарафга айтадиган муноқаша гаплари ҳам бор.

Биринчи тараф айтади: Ёлғиз ўқигандан жамоатнинг савоби йигирма беш ёки йигирма етти марта ортиқлиги ҳақидаги ҳадислар биринчи жамоатга айтилаётган бўлиши мумкин.

Абу Саиддан ривоят қилинган ҳадисда эса нафл ўқигувчи фарз ўқигувчига иқтидо қилаяпти. Бунда ҳеч қандай низо йўқ. Фарз ўқигувчи нафл ўқигувчига ёки фарз фарзга иқтидо қилганда низо бор.

Ҳазрати Анаснинг иши эса йўл бўйидаги масжидда содир бўлган бўлиши мумкин. Абу Умоманинг ҳадиси эса заифдир.

 Иккинчи тараф айтади: Жамоатнинг ортиқ бўлишини биринчисига тахсис қилиш (хослаш) жоиз эмас. Чунки, ҳар бир жамоат бунга дохил бўла олади. Зотан, ёлғиз ўқувчи дейилмоқда. Буни яна Ибн Аби Шайбанинг саҳиҳ иснод билан Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилган ҳадиси қувватлайди: “Қачонки, бир киши бошқа киши билан бирга намоз ўқиса, улар жамоатдир. Икковининг намози йигирма беш даража ортиқдир”(39).

Аби Саиднинг ҳадисида гап жамоатнинг такрор бўлиши ҳақида кетмоқда. Нафлнинг фарзга иқтидоси борасида эмас.

Абу Умомадан ривоят қилинган ҳадис заиф бўлиши зарар қилмайди. Чунки, Абу Саиднинг саҳиҳ ҳадиси бор. Уни эса Термизий ҳасан, Ҳоким, Ибн Ҳиббон ва Ибн Хузаймалар саҳиҳ деган. Ал-Ҳайтамий эса унинг ровийлари саҳиҳ, ишончли кишилар деган.

Анас разийаллоҳу анҳунинг ишини эҳтимол дейишингиз, яъни йўл бўйидаги масжид деб хослашингиз ўтмайди.

Шунингдек, Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ўт қўйиш ҳадиси жамоатга келмаганлар борасида эмас, жамоатга мухолиф бўлганлар, мутлақ намозни қолдирганлар, яъни мунофиқлар борасидадир. Буни Ибн Ҳажар бошлиқ ҳадисшунослар таъкидлаганлар ва исбот қилганлар.

Абу Бакранинг ҳадиси эса сизга далил бўла олмайди. Чунки, унинг умумий маъносидан алалоқибат жамоатнинг мустаҳаблиги келиб чиқади. Уйда ўқидими, масжиддами, жамоат бўлиб ўқиса, бўлди-да! Кейин, бунинг ҳадиси ровийларини ишончли дейилган, холос. Ишончли ровийлар томонидан ривоят қилинган ҳамма ҳадислар ҳам саҳиҳ бўлавермаслиги ҳадисшуносларга яхши маълум. Бу гапни Ҳофиз ал-Асқалоний, Имом аз-Зайлаъийлар ҳам айтишган. Агар ҳадис саҳиҳ бўлган тақдирда ҳам масжидда такрори жамоатнинг макруҳлиги ёки ёлғиз ўқиш лозимлиги келиб чиқмайди. Уйига қайтиб, аҳлини йиғиб, жамоат бўлиб ўқишнинг афзаллиги чиқади. Сўнг, агар такрори жамоат макруҳлиги чиққан тақдирда ҳам ёлғиз намоз ўқиш кераклиги чиқмайди-ку! Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда жамоат бўлиб ҳам, ёлғиз ҳам намоз ўқимадилар.

Шунинг учун ҳам Аллома Муборакфурий иккинчи жамоатнинг макруҳлигига ва ёлғиз ўқишга саҳиҳ, марфуъ ҳадис топмадим”, деганлар(40).

Ҳазрати Ҳасан Басрийнинг асҳоблар тўғрисидаги гапи эса, аслида улар, яъни саҳобалар султондан қўрқиб, жамоат бўла олмас эдилар. Буни “Туҳфат ул-аҳвазий” соҳиби исботлаган. Ибн Аби Шайба ривоятида “Саҳобалар Султондан қўрққанлари учун жамоат бўлишни макруҳ кўрар эдилар” дейилган(41).

“Ҳукму такрор ал-жамоат фил-масжид” соҳиби хулоса қилади: “Такрори жамоат ҳар қандай ҳолатда мустаҳабдир. Агарчи мусулмонларнинг калимасининг тафриқасига сабаб бўладиган бўлса ҳам, якдиллигига путур етказадиган бўлса ҳам, ораларига ихтилоф ва фитна солса ҳам…! Зотан, алалоқибат, бунинг, яъни такрори жамоатнинг охири қалбларнинг бир-бирига мойиллигига, сафларнинг бирлигига, шариатнинг ҳукмлари барпо бўлишига олиб келади”. Унинг бу гапи Ҳанбалий мазҳаби фикри билан ҳамоҳангдир.

Мақоламизни хулоса қилар эканмиз, мазҳаб далиллари, фикр ва фатволарини ўрганиб чиққандан сўнг биз айтамиз:

Ҳанафий мазҳаби бўйича, агар жамоатни озайтириш мақсадида ёки фитна чиқариш ўй-фикрида, ёхуд имомни ёмон кўриш оқибатида имом намоз ўқиб бўлгандан сўнг атайин кеч келиб, жамоат барпо этиш ёйинки, дангасалиги оқибатида муттасил жамоатдан кеч қолиб келиб, кейинги жамоат бўлиб намоз ўқишга интилиш кабилар макруҳи таҳримийдир. Бунда жамоат бўлиш маъсиятдир. Ҳар ким ўзи алоҳида-алоҳида ўқиши керак.

Шунингдек, бир масжидда жумъа ва ийд намозларини қайта-қайта ўқишлар ҳам макруҳлигига шак-шубҳа йўқ. Чунки, жумъа ва ийдлар алоҳида кутиладиган, тайёргарлик кўриладиган ибодатлардир. Унга ҳам кеч қолишлар эса дангасалик ва эътиборсизлик оқибатидир. Бинобарин, ҳар бир жумъа ва ийд намозларни битта масжидда бир марта ўқиш лозимдир.

Аммо, қавмдан баъзиси бирор узрли сабаблар билан кеч келганда, шунингдек, масжиднинг ҳар кунги қавмидан бошқа одамлар меҳмон бўлиб масжидга келганлар беш вақт намозни жамоат бўлиб ўқишлари керак. Бунда ҳеч қандай зарар йўқ.

Шунингдек, икки-уч (тўртдан ортиқ эмас) одам мутлақ ҳолатларда жамоат бўлишлари керак.

Иккинчи жамоатнинг макруҳ бўлишига яна алоҳида азону такбир айтишлар ва биринчи жамоат ўқиган жойда, меҳробда туриб иккинчи жамоат ҳам намоз ўқишлари сабаб бўлади. Бундан, яъни, азону такбир айтиш ва меҳробда туриб намоз ўқишдан иккинчи ва кейинги жамоатлар сақланиши керак.

Имом ва муаззинлари таъйинланмаган, шунга ўхшаш, йўл бўйидаги, бозор яқинидаги жамоатни бир мартага тўплаш имконияти бўлмаган масжидларда (масалан, Тошкент шаҳри Чорсу бозори ёнидаги “Хожа Аҳрори Валий” масжидида) ҳам бир неча марта жамоат қилиш мумкин ва бу авлодир.

Валлоҳу аълам бис-савоб!

Ҳамидуллоҳ Беруний

Фойдаланган манбалар ва изоҳлар:

(1)    Муҳаммад Амин ибн Обидийн. Радд ул-муҳтор ала Дурр ул-мухтор. II-жилд. –Байрут-Лубнон. Дор ул-кутуб ал-илмиййа, 2003. 65-бет.

(2)    Жамолиддин Аби Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Юсуф ал-Ҳанафий аз-Зайлаъий. Насб ур-раъйа ли-аҳодис ал-Ҳидоя. II-Жилд. Мактабат ар-Рийаз ал-Ҳадиса. (Йили кўрсатилмаган). 58-бет.

(3)    Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилганлар. Жамоатнинг якка ўқигувчидан йигирма беш ёки йигирма етти даража ортиқлиги Парвардигори оламнинг лутфидир. Бу ҳақда тўла маълумот олиш учун қаранг: “Шарҳу Муслим лин-Нававий” 5/151 ва “Фатҳ ул-борий” 2/132.

(4)    Шайх Валийуддин Муҳаммад ат-Табризий. Мишкот ул-масобиҳ. Қозон-1898. 170-бет. Имом Бухорий 2/125, Имом Муслим 5/153. Шунингдек, мазкур ҳадиси шарифни Имом Абу Довуд (1/371), Термизий (1/631), Насоий (2/107) ва Ибн Можжа (1/259)лар ҳам ривоят қилганлар.

(5)    Имом ал-Ҳайсамий “Мажмаъ аз-завоид” асарида мазкур ривоятнинг ровийлари ишончли эканлигини айтган. “Мажмаъ аз-завоид” 2/43.

(6)    Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ус-сунан. III-жилд. –Байрут: Дор ул-фикр, 2001. 1342-1343 бетлар.

(7)    Дорақутний 1/415, 416 ва Ибн Хузайма 1631. Мазкур ҳадиси шариф мазмуни Умар ибн Хаттоб ва Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳумолардан ҳам Муҳаддис Ибн Аби Шайба орқали мавқуф ўлароқ ривоят қилинган. Уларда: “Намоз орқасидан унга ўхшаши ўқилмайди” дейилади. Қаранг: аз-Зайлаъий 2/148.

(8)    аз-Зайлаъий 2/149.

(9)    Саййид Собиқ. Фиқҳ ус-сунна. 1-жузъ. –Миср: Дор ул-фатҳ, 1999. 166-бет.

(10)    Мужтаҳид (масалан, Имом Шофиъий)нинг салафларимиз, дейиши саҳобаи киромлар ва тобиъийни изомлар назарда тутилганлигини билдиради.

(11)    Муҳаммад Тоҳир Ҳаким. Ҳукму такрор ал-жамоат фил-масжид // Мажаллат ал-жомиъат ал-Исломиййа бил-Мадинат ал-мунаввара. 2004-йил.

(12)    “Ал-Истизкор”, 4/64 ва 65.

(13)    “ал-Мажмуъ”, 4/222.

(14)    Муҳаммад Амин ибн Обидийн. Радд ул-муҳтор ала Дурр ул-мухтор. II-жилд. –Байрут-Лубнон. Дор ул-кутуб ал-илмиййа, 2003. 288-бет.

(15)    Ўша китоб. 289-бет.

(16)    Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ал-Косоний. Бадойиъ ус-санойиъ. 1-жилд. –Байрут-Лубнон: Дор ул-кутуб ал-илмиййа, (йили кўрсатилмаган). 156-бет.

(17)    Имом Абу Довуд 1/390 ва 391, Имом Муслим 5/173.

(18)    Имом Табароний ривояти, ровийларининг ҳаммаси ишончли. 2/45.

(19)    Камолиддин Муҳаммад ибн Абдулвоҳид Ибн ал-Ҳумом ал-Ҳанафий. Шарҳ Фатҳ ал-қадийр. 1-жилд. –Байрут: Дору содир, (йили кўрсатилмаган). 244-бет.

(20)    Ибн Аби Шайба 2/222.

(21)    Имом Абдурраззоқ 2/292.

(22)    Муҳаммад Амин ибн Обидийн. Радд ул-муҳтор ала Дурр ул-мухтор. II-жилд. –Байрут-Лубнон. Дор ул-кутуб ал-илмиййа, 2003. 288-бет. Шу сабабдан, яъни иккинчи жамоатнинг макруҳ бўлиши бозор ва кўча бўйидаги масжидларда эмаслиги сабабидан “Эъло ус-сунан” соҳиби маҳалла масжидида жамоатнинг такрорининг кароҳати” деб бобни номлаган. Қаранг: Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ус-сунан. III-жилд. –Байрут: Дор ул-фикр, 2001. 1342-1350 бетлар.

(23)    Имом Термизий, 2/6.

(24)    Мавлоно Алий ул-қори. Мирқот ул-мафотиҳ. III-жилд. –Байрут-Лубнон: Дор ул-фикр, 1994. 225-бет.

(25)    Шайх Валийуддин Муҳаммад ат-Табризий. Мишкот ул-масобиҳ. Қозон-1898. 183-бет.

(26)    Имом Байҳақий “Сунани Кубро” асарида 3/70 ва 69. Буни яна ибн Ҳиббон ҳам айтган: Ибн Ҳиббон 6/157, 158.

(27)    Имом Аҳмад 3/64 ва 5/85; Абу Довуд 1/386, 224-225.

(28)    Ҳоким 1/209; Доримий 1/318; Ибн Аби Шайба 2/220; Ибн Ҳазм “ал-Муҳалло” асарида 4/238.

(29)    Мавлоно Алий ул-қори. Мирқот ул-мафотиҳ. III-жилд. –Байрут-Лубнон: Дор ул-фикр, 1994. 225-бет.

(30)    Имом Аҳмад 5/254.

(31)    Бурҳониддин Марғилоний. Ал-Ҳидоя. I-жузъ. –Лакхнав: “Юсуфий”, 1314. 114-бет.

(32)    Имом Бухорий 2/131.

(33)    Ибн Аби Шайба 2/220 ва 221; Абдурраззоқ 2/291 ва 292.

(34)    Ибн Аби Шайба: “Мусаннаф”, 2/221.

(35)    Ибн Аби Шайба: “Мусаннаф”, 2/221. Кило Басра бозори ёнидаги масжиддир.

(36)    Имом Абдурраззоқ: “Мусаннаф”, 2/293.

(37)    Имом Абдурраззоқ: “Мусаннаф”, 2/292. Шунингдек, Ибн Аби Шайба ривояти 2/221 ва Ибн Ҳазм ривояти 4/238.

(38)    Ибн Обидийн. Юқоридаги асар. –289-бет.

(39)    “Фатҳ ул-борий”, 2/136.

(40)    “Тухфат ул-аҳвазий”, 2/10,11.

(41)    “Тухфат ул-аҳвазий”, 2/11; Имом Абдурраззоқ: “Мусаннаф”, 2/221, “Истизкор”, 4/68. Имом аз-Зайлаъий “Фарзни жамоат учун қайтариш ҳадислари” сифатида (аз-Зайлаъий 2/149) Имом Муслимдан тахриф қилишига қараганда, Абу Зарр разийаллоҳу анҳуга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қандайсан? Сенга бир вақт келиб, амирлар намозни вақтидан қайтарсалар нима қиласан?” деди. У: “нимани буюрасиз?” деганида, Расули акрам: “Намозни вақтида ўқиб олгин, агар улар билан ҳам намозни топсанг, қўшилиб ўқийвер. Зеро, у сенга нафл бўлади”, дедилар.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур башоратларидан саҳобаи киромларнинг бошига султондан хавфсираш кунлари ҳам келиши англашилмоқда. Бинобарин, у масжидларда бир мартадан кўп жамоат қила олмас эдилар.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *