ЁШ БОЛАНИНГ НАМОЗДА ИМОМ БЎЛИШИ

0(2)
САВОЛ:
Ассалому алайкум. Бизнинг мазҳабимизда ёш балоғатга етмаган сабий болаларнинг намозда имом бўлиши мумкин эмас, деб эшитдим. Бунинг далили нима?

ЖАВОБ:

Ва алайкум ассалом. Имом Соғуржий “ал-Фиқҳ ул-ҳанафий ва адиллатуҳ” асарида келтиришича, ҳанафий мазҳабига кўра, балоғат ёшига етмаган болалар фақат нафл намозлардагина имом бўлади. Шунингдек икки ҳайит намозида ҳам. Лекин мазҳабимизда мухтор қавл шуки, ёш болалар умуман имомга ўтмасин. Негаки ёшларнинг намози фақат нафл бўлади. Катталарнинг нафли ёшларнинг нафлидан афзалдир. Шундай экан, катталар сабийларга эргашмагани маъқул. Ҳазрат Икрима розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

لا يؤم الغلام حتى يحتلم

Балоғатга етмаган бола то эҳтилом бўлгунича  имом бўлмайди (Сунани Байҳақий 3 – Ж. 225 — Б).

Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: бизнинг ҳанафий мазҳаб асҳобларимиз сабийга иқтидо қилиш жоиз бўлмайди деган. Бу Лайс ва Ҳасан ибн Ҳайларнинг ҳам фикридир.

Суфён Саврий эса ёш болага иқтидо қилиш макруҳ деган.

Имом Авзаъий ва имом Шофеъий эса жоиз бўлади деган. (Мухтасару ихтилаф ул-улама 181 — М).

Иброҳим Ҳалабий бу масалада шундай деган: балоғат ёшидагилар балоғатга етмаганларга фарзда ҳам бошқа намозларда ҳам иқтидо қилиши жоиз бўлмайди. Шу саҳиҳ гап. Чунки балоғат ёшидагиларнинг намози фарз даражасида бўлгани учун кучли намоз ҳисобланади. Кучли намозни заиф намоз устига бино қилиб бўлмайди. (Ҳалабий Кабир. 516 — Б).

Ҳанафий мазҳабимизнинг кўзга кўринган олимларидан Шайх Мулла Али ал-Қори ҳам “Мухтасар”нинг шарҳида худди Иброҳим Ҳалабий каби асос билан ёш болаларни фарзда ҳам нафлда ҳам имомга ўтмаслиги мазҳабимизда ихтиёр этилган фатво эканини таъкидлаган.

Ботиржон қори

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *