“НИКОҲИ МУТЪА”НИНГ ҲУКМИ

imagesНикоҳи мутъа деб аёл кишини жинсий яқинлик қилиш учун ҳақ эвазига ёллашни айтилади. Рофизийлардан бир тоифаси никоҳи мутъани ҳалол деб эътиқод қилишади. Улар бу ақидасини қуйидаги оят билан далиллашга уринадилар:

فَمَا اسْتَمْتَعْتُم بِهِ مِنْهُنَّ فَآتُوهُنَّ أُجُورَهُنَّ

Улардан ҳузурланишингиз сабабидан ужраларини беринг. (Нисо сураси /24).

Шу ояти каримада Аллоҳ таоло эркакларга агар аёллардан шаҳвоний фойдаланишадиган бўлса уларнинг ҳаққини беришни фарз қилиб юклади. Бу ерда никоҳ тўрисида гап йўқ. Демак, маблағ эвазига шаҳвоний эҳтиёжни қондириш учун аёл ёллаш ҳалолдир. Бу рофизий шиаларнинг далили.

Аҳли сунна вал-жамоа уламолари мутъа никоҳини ижмоъан ҳаром дейдилар. Худди ароқ ичиш қандай ҳаром бўлса, мутъа никоҳи ҳам худди ўшандай ҳаромдир!

Тўғри, аввалда у ҳалол бўлган. Хайбар ғазотида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам зарурат юзасидан мутъага рухсат берганлар. Кейин эса рухсат бекор қилинган ва мутъадан қайтарилган. Кейинроқ яна Автос йилида ҳам рухсат бўлган ва узоққа бормай яна қайтарилган. Жумҳурнинг қавлига кўра, зарурат чоғида рухсат этилган. Эҳтиёж қониб зарурат кўтарилгач ҳукм яна аслига қайтиб ҳаром қилинган.

Рофизийлар далил сифатида келтирган оятнинг ҳукми насх қилинган. Яъни ҳукми бекор қилинган. Унинг ҳукмини мана бу оят насх қилган:

الزَّانِيَةُ وَالزَّانِي فَاجْلِدُوا كُلَّ وَاحِدٍ مِّنْهُمَا مِئَةَ جَلْدَةٍ

Зинокор аёл ва зинокор эркак, икковларидан ҳар бирини юз даррадан уринг. (Нур сураси /2).

Мана шу оят Нисо сурасидаги оят ҳукмини бекор қилади. Носих турган жойда мансух оятга амал қилмоқ уламолар иттифоқи ила жоиз бўлмайди. Мутъа никоҳи тўрт фиқҳий мазҳаб эгалари наздида ҳам иттифоқан ҳаром деб фатво берилган.

Ундан ташқари, мутъа никоҳида вақт белгилаш ҳам бор. Никоҳда вақт белгилаш мутлақо жоиз эмасдир! (Абулмуъин Насафий. Баҳр ул-калом. 294-295 – Б).

Абдуллаев ЎКТАМЖОН

Андижон шаҳар “Мирпўстин ота” жоме масжид ноиб имоми

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *