СУРА ВА ЗАМСУРА ФАЗИЛАТИ

ilmАбу-л-Баракот ан-Насафий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Тафсир ан-Насафий” номи билан шуҳрат қозонган “Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил” номли тафсир китобларида “Бақара” сурасининг 23-ояти остида бундай деганлар:
“Сура – Қуръоннинг сарлавҳа қилинган бир бўлаги бўлиб, унинг энг ози уч оятдир.
“Сура” сўзининг “вов” ҳарфи асли ўзакдан бўлса, “Мадинанинг сураси” деган сўзга ўхшаш бўлади. Бу ерда “сура” унинг ўраб турган деворини англатади. Демак, сура ҳам Қуръоннинг бир парчаси сифатида маълум бир қисмини чегаралаб, қўрғон каби ўралган шаҳар сингари ўраб туради.
Яна “сура” илмнинг маълум бир фанини ўраган, Мадинанинг деворлари каби ўз ичига бир қанча нарсаларни иҳота қилиб турган каби муайян фойдаларни қамраб олган тур ҳисобланади.
Яна “сура” деб аталишининг сабаби унда мартаба маъноси борлигидандир. Чунки, суралар манзил ва мартабаларнинг ўрнидадир. Уларда қори тараққий қилиб, манзима-манзил кўтарилиб бораверади. Сураларнинг ўзи ҳам узун, ўртача ва қисқа турларда тартиб берилган. Улар шаъни юксаклигига ва диндаги аҳамиятига қараб ҳам тартибланган.
Агар “сура” сўзидаги “вов” “ҳамза”дан ўзгартирилган бўлса, у парча ва бўлак маъносида бўлади. Демак, сура Қуръоннинг бир парчаси бўлиб, бирор нарсанинг қолган қисмидир.
Қуръоннинг сураларга ажратилгани ва бўлакланганининг фойдалари жуда кўп. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло “Таврот”, “Инжил”, “Забур” ва пайғамбарларига ваҳий қилган бошқа саҳифалар суралар сарлавҳаси остида тартибланган. Китоб ёзувчи мусаннифлар ҳам ҳар бир фандаги китобларини боблар ва бошлари сарлавҳалар билан зийнатланган ҳолатда тузадилар.
Бирор жинс ўз остига ҳар хил навларни қамраса ва турли синфларни ўз ичига олса, битта (умумий) баён бўлганидан кўра гўзалроқ туюлади. Китобни бир бошдан охиригача ўқиб чиққан тақдирда ҳам ўқувчи бир сурани тугатиб ёки китобдан бир бобни ўқиб чиқиб, сўнг бошқасига ўтадиган бўлса, унга завқ ҳосил бўлади, дарсга ва таҳсилга нисбатан шавқи ортади.
Шунинг учун, қорилар Қуръонда еттидан бир бўлакка, пораларга, ўн ва беш оятларга қараб бўлиб чиқишга журъат қилганлар.
Қуръонни ёд олувчи ҳофиз ҳам ёдлаб бир сурага моҳир бўлса, Аллоҳнинг китобидан бир бўлагини – боши ва охири мавжуд мустақил бир қисмини эгаллаб олганини ҳис қилади. Ушбу ёд олган қисмини улуғ санай бошлайди ва ўз-ўзини ҳурмат қилади. Анас разийаллоҳу анҳунинг ҳадисида: “Қайси киши “Бақара” ёки “Оли Имрон”ни ўқийдиган бўлса, бизнинг орамизда улуғ ҳисобланар эди”, деган гапларида шу маъно мавжуд.
Ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда, намозда тўлиқ бир сура қироат қилган афзал ҳисобланади!!!”.
(Абу-л-Баракот ан-Насафий. Тафсир ан-Насафий. 1-2 жилдлар / Нўъмон Тошкандий нашри.– Тошкент, 1988. – Б. 30-31).

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *