ТИЛГА ЭЪТИБОР ‒ ДИНГА ЭЪТИБОР

photo_2019-07-31_09-28-07«Мўътадил Ислом»ми ёки Исломда мўътадилликми?

Бугунги кунда кўпчилик мусулмонлар ўз динини яхши ўрганмагани, ўз замонини яхши билмагани сабабли билиб-билмай ўз эътиқодларига зид бўлган, баъзан эса душманнинг тегирмонига сув қуядиган турли хатти-ҳаракатларга йўл қўйишмоқда. Айрим мусулмонлар Ислом ҳақида душманлар қўллаётган ғаразли ибораларни тўтидай такрорлаб, ўз кўксиларига ўзлари ханжар ураётганларини ҳам пайқамайдилар. Айниқса, бундай тасарруф баъзан ўзини илм кишиси деб билган одамлардан ҳам содир бўлиши афсусланарли ҳол. Ваҳоланки, огоҳлик – давр талаби!
Сўнги йилларда бутун дунёда «мўътадил Ислом» деган ибора кўп қўлланадиган бўлиб қолди. Бир қарашда беғараз кўринган бу атама ортида кўплаб найранглар борлигини кўпчилик билмаса керак.
«Мўътадил Ислом» ибораси одатда жангарилик, терроризм, экстремизм, мутаассиблик каби нохуш ҳодисаларга муқобил равишда ишлатилса-да, уни ҳар ким ўзича тушунади ва ўз қолипида талқин қилади.
Кимдир мўътадиллик деганда жиҳод ва унга оид тушунчалардан воз кечишни назарда тутса, кимдир барча динларни бирдек кўришни тушунади. Яна кимдир намоз, рўза ва бошқа ибодатларга бепарво диндорни, бошқаси эса анча-мунча ҳаром-ҳаришдан ҳам ҳазар қилмайдиган одамни «мўътадил мусулмон» деб таърифлайди. Кўпчилик «замонавийлар» эса «ҳаммаси қалбда бўлиши керак, кўнглинг тоза бўлса бас, бошқаси шартмас», деган фалсафа билан яшашни «мўътадил Ислом» деб тавсиф этади. Баъзи бир сиёсатчилар ғаразли мақсадларда ясалган, тобелик ва қарамликка асосланган сохта динни «мўътадил Ислом» деб тиқиштиради. Аллакимлар эса шароитга қараб ўзгарадиган, ҳар доим оғир келган паллада бўла оладиган одамни «мўътадил мусулмон» деб даъво қилади ва ҳоказо…
Одатда «мўътадил Ислом» деганда гўёки мўътадилмас Ислом ҳам бордек ёки Ислом ўзи мўътадил эмас-у, ундан мўътадил дин ясаётгандек сўз юритилади. Бу жуда ҳам маккор таъбирдир.
Ислом бир ёки бир нечта одамнинг тафаккур маҳсули эмаски, унинг турли нусхалари бўлса! Ёки у башар ихтироси эмаски, исталгандек таҳрир қилинса, табдил этилса! Ислом Аллоҳ таолонинг сўнгги ва ягона динидир. Унинг ваҳий қилинган суратидан бошқа нусхаси йўқ. Ҳеч ким унга дахл қила олмайди ва бунга ҳеч кимсанинг ҳаққи ҳам йўқ. Агар унга дахл қилинса, унинг самовийлиги қолмайди, Аллоҳ таоло ирода қилган, рози бўлган дин бўлмай қолади.
Қолаверса, Исломнинг ўзи мўътадиллик динидир. У шундоқ ҳам ёвузликка, ғулувга, террорга қарши. У ҳеч қачон таассуб ва қўполликни ёқламайди. У мўътадил дин бўлгани учун ҳам тинчлик, осудалик гаровидир. Унинг мўътадил нусхасини қидиришга ҳам, ундан мўътадил дин ясашга ҳам ҳожат йўқ. Уни тўғри тушуниб, тўғри талқин қилинса бас.
Аллоҳ таоло Ислом умматига хитоб қилиб, «Ана шундай қилиб, сизларни одамлар учун ўрта уммат қилдик», деган (Бақара сураси, 143-оят). Муфассирлар «ўрта уммат» деганда «ҳар бир ишда ўрта йўлни тутган, мўътадил уммат», деган маъно тушунилишини таъкидлайдилар.
Бироқ, ана ўша ягона нусхадаги Исломга амал қилишда инсонлар турлича ёндашади: кимдир ҳаддан ошиб, ғулувга кетиш билан, яна кимдир бепарволик ва нуқсонга йўл қўйиш билан мўътадилликдан оғиши мумкин.
«Мўътадил Ислом» шиорини олға сураётганлар худди бир янгилик кашф қилгандек, «намунали» дин топгандек сўз қотишади. Аслида эса мўътадиллик тушунчаси Исломнинг шиори бўлиб, ваҳий замонидан бери бор ва ҳамиша мусулмон умматининг асосий қисмида ўз ифодасини топиб келган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳаётлари давомида Исломга қандай амал қилишни тўла-тўкис кўрсатиб берар эканлар, динда ҳаддан ошган кишиларни қаттиқ қоралаганлар ва ғулувга ўз ўрнида, зудлик билан барҳам берганлар. Бу борада мисоллар жуда ҳам кўп. Истовчилар устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг «Васатия ‒ ҳаёт йўли» номли китобларига ва бошқа манбаларга мурожаат қилишлари мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, бугун замон кишилари яхши ҳаёт кечириши учун янги «мўътадил Ислом» ясашга ҳожат йўқ. Аксинча, бунинг учун Исломда мўътадил йўл тутиш лозим, холос. Зотан, «мўътадил Ислом» бошқа нарса, Исломда мўътадиллик бошқа нарса. «Мўътадил Ислом» сохта, ясама ва ғаразли тушунча, Исломга қарши кураш учун, уни ўзгартириш учун ўйлаб топилган фитнадир, бу тушунчани қўллаш хатодир. Исломда мўътадиллик эса қадимдан бор ибора бўлиб, уни шиор қилиб олиш даркор.
Исломда мўътадиллик – Исломга тўғри амал қилиш, соф Ислом ақийдасида бўлиш демакдир. Бу – Ислом Пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари бўлиб, у зотнинг суннатлари ва сийратларида ўз аксини топган. Бу – Аллоҳ инсоният учун рози бўлган диндир. Ундан ўзгаси даргоҳи илоҳийда мақбул эмас. Мана шу ҳақиқатни англаб етиш даркор.
Гап келганда юқоридагидек ғаразли ифодалардан яна айримларини ҳам эслаб ўтсак. «Ислом динининг эзгу ғоялари», «Исломнинг инсоний қадриятларга уйғун тушунчалари», «Исломдаги инсонпарвар ғоялар» каби гаплар ҳам аслида ғаразли мақсадлар ёки нотўғри қарашлар маҳсулидир. Исломда эзгу бўлмаган ғоя ҳам бор эканми? Ёки Исломда инсоний қадриятларга, инсонпарварлик тушунчаларига зид ҳукм ёки одоб борми? Исломда ноинсоний қарашларни биров кўрибдими? Йўқ! Асло!
Исломда эзгу бўлмаган ғоя ёки амалнинг ўзи йўқ. У бутун оламларнинг меҳрибон Парвардигори тарафидан юборилган сўнгги ва мукаммал диндир. У бутунича қабул қилиниши даркор. Зеро, у бошдан охиригача эзгулик манбаидир. Исломдаги ҳар бир ҳукм, ҳар бир кўрсатма башарият учун фақат ва фақат яхшилик бахш этади, саодат келтиради. Бироқ, инсон бу ҳақиқатни англай олмай, ҳар турли қарашларига ёпишиб олиши, нафсга тобеликнинг қора булутлари унинг кўзини кўр қилиб, ҳақиқат қуёшини кўришдан тўсиб қўйиши мумкин. Баъзан буни тушуниш учун вақт керак бўлади, йиллар керак бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, мусулмон киши тилга ҳушёр бўлиши лозим. Зотан, бир оғиз сўз билан киши мусулмон бўлганидек, бир сўз билан диндан чиқиши ҳам мумкин. Тилга эътибор ‒ динга эътибор демакдир.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *