ҚУРБОН ҲАЙИТ КУНИ СУННАТЛАРИ

Muslim children greet each other after offering prayers during Eid al-Fitr in Allahabad, India, Saturday, Sept. 11, 2010. Eid al-Fitr festival marks the end of the Muslim holy fasting month of Ramadan. (Foto:Rajesh Kumar Singh/AP/dapd)

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Ҳурматли азиз ва қадрдон ватандош, диндош биродарлар!
ahlisunna.uz сайти ходимлари барчангизни кириб келаётган Ийд ал-адҳо байрами билан табриклайди! Сиз азизларга соғлик-саломатлик, бахт-саодат, ишларингизга омад, дуоларингизга ижобат, ибодатларингизга исобат тилайди!

Эртанги Қурбон ҳайит байрамини кўтарингки руҳ, хушкайфият ва энг асосийси суннатга мос тарзда ўтказишингизга тилакдош бўлган ҳолда қуйидаги мақолани ўқиб чиқиш ва дўстларингизга ҳам улашишни тавсия этади!

Ислом оламида хурсандчилик байрамлардан бири бу “Ийд ал-адҳо” яъни қурбон ҳайит кунидир. Мусулмонлар одатий машғулотларини қўйиб, бу кунда байрам қилишларига алоҳида савоблар ваъда қилинган. Ундан ташқари бу куннинг хос одоб ва суннатларига амал қилиш билан ажр янада мукаммал бўлади. Қурбон байрами куни мусулмонлар қуйидаги суннатларни амалда бажарсалар янада яхши бўлади:

  1. Ҳайит куни кечасини қоим қилиш; Бу суннат туннинг асосий қисмини ухламасдан, зикр, тиловат қилмоқ ё тиловат тингламоқ, намоз каби ишлар билан барпо этилади. Ҳанафий мазҳаби олимларидан Саййид Ализоданинг таъкидлашича, ҳайит куни кечасини қоим қилганларнинг қалби асло ўлмайди. Яъни улар иймонидан ҳеч қачон айрилмайдилар!
  2. Тонг саҳар ғусл қилмоқ; Жамоат жойларига боришдан аввал киши бир қатор ғусл қилиб нохуш ҳидлардан покланиши мақсадга мувофиқдир. Мусулмон бошқа мусулмонга ҳеч қандай йўл билан озор бериши мумкин эмас. Ҳатто жамоат жойларида бадани ё либосидан анқиб турган қўланса ҳид билан ҳам озор етказишга ҳаққи йўқ. Шуни олдини олиш учун ҳайит намозига боришдан олдин намозхонларга, ҳайит куни уйга йўқлаб келган меҳмонларга озор бермаслик мақсадида ғусл қилиб олиш исломда суннат ўлароқ жорий этилган.
  3. Энг чиройли либосларини киймоқ, ўзига оро бермоқ, хушбой атирлар сепмоқ; Ҳайит кунига алоҳида ясанган киши бу билан ўзининг динига эътиборини намоён этган бўлади. Исломда байрам деб эълон қилинган кунга алоҳида хозирлик кўриш, у кунда жорий суннатларни жонлантириш кишининг ўз динига бўлган муҳаббатининг ташқи ифодасидир.
  4. Қурбон ҳайит намозини ўқиб қайтгунча бирор нарса емаслиги; Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шу кундаги одатларидан бири Ул зот қурбон ҳайит намозидан қайтиб қурбонликка аталган жонлиқни сўйиб ўшандан истеъмол қилар эканлар. Унгача бирор нарса емас эканлар.
  5. Намозгоҳга яёв бормоқ; Ҳайит намозини ўқиш учун яёв бормоқ мустаҳаб саналади. “Қания” фатво тўпламида айтилишича, улов миниб борса зарари йўқ, лекин яёв борган афзал.
  6. Намозгоҳ сари борар экан одам гавжум жойларда одамлар эшитгудек баландроқ овозда ташриқ такбирларини айтмоқ; Ташриқ такбири “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар! Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу Акбар! Аллоҳу акбар ва лиллаҳил-ҳамд” калимасидир.
  7. Намозгоҳга болаларни ҳам олиб бормоқ; Масжидни ифлос қилиб қўяр даражадаги ёш гўдаклар бундан мустасно. Болаларни ҳайит намозига олиб бориш, уларга ҳайит куни совға-саломлар билан хурсандчилик улашиш, ўйин кулгу қилишларига рухсат бериш ҳайит байрамига хос суннатлардан.
  8. Намозгоҳда имом минбарига яқинроқ ўтириш; Имомнинг хутбаси ва ваъзини яхши эшитиш мақсадида минбарга яқинроқ ўтириш мустаҳабдир.
  9. Намозгоҳдан қайтишда борган йўлидан бошқа йўл билан қайтиш; Чунки Расулимиз алайҳис-салоти вассалом шундай қилар эканлар.
  10. Одамларнинг тўп-тўп бўлиб намозга боришларини, сафда туришларини ва яна уйларига қайтишларини кўрганда қиёмат кунини, қабрдан тирилиб маҳшар майдони сари боришларини кўз олдига келтириши; Кўз ўнгида намоён манзарадан ибрат олиши, шу билан ғафлатда юмилган кўзларини қайта очиши, қиёмат куни худди шу оломон каби маҳшарга бориб ҳисоб беришини бир эслаб хушёр тортиши лозим.

Аллоҳ таоло барчамизга Қурбон ҳайит байрамини муборак айласин!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...