АРАФА КУНИНИНГ ФАЗИЛАТИ

754«Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси Арафа кунидир», деганлар суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Бу кун фазилатда тенгсиз бир кун. Унда инсониятга юборилган энг сўнги рисолат, энг охирги дин тамомига етказилган. Динни тугал қилиш учун ва буни эълон қилиш учун Раб таоло айнан шу кунни танлаган.

Бошланиши буюк бўлган ишнинг ниҳояси ҳам буюк бўлади балки, якуни бошланишидан ҳам муҳташамроқ бўлади. Зеро, ҳар қандай иш аслида хотимаси ва ниҳоясига қараб эътибор қозонади. Арафа кунининг буюклиги ҳам шунда. Мавлои Зулжалаал, Қодири лам язал энг буюк динни, башариятни Ўзининг чексиз марҳамати ила қават-қават зулматлар, бахтсизликлар ва умидсизликлар қаъридан Нурга, дунёю охират саодатига олиб чиқиш учун юборган сўнги рисоласини, сўнги аҳду паймонини, таъбир жоиз бўлса, Ердаги хатокор қуллари билан Ўзининг сўнги, демакки, энг муҳим ва қадрли бўлган алоқасини шу тариқа ниҳоясига етказди.

Агар кўзларимиз билан Арафот тоғига назар солиб, ўртадаги вақт тўсиқларини кўтариб ташласак, албатта, қалб кўзимиз, хотира кўзимиз бизларни ўн тўрт аср ортга қайтариши муқаррар. Шунда беихтиёр ўзимизни ўн тўрт аср олдин айнан шу кунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафада туриб, одамларга ваъз қилаётган ҳолларида Ул зотнинг қаршисида топамиз. Ўнгга қараймиз, ёп-ёруғ оппоқ нурли сиймога эга бўлган жамоани кўрамиз, сўлга боқамиз, ҳаммаёқ қордек оппоқ, кўзларимиз қамашади. Бу эҳром либосидан ва қалблари ҳам, юзлари ҳам шу либосга монанд бўлган маъсум чеҳаралардан таралаётган нур.

Шундан сўнг тўғрига қараймиз. Қаршимизда видолашув хутбасини ийрод этаётган икки жаҳон сарвари, Расули акрам, ҳабиби муҳтарам, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни топамиз. Айни дамда у кишига ўн саккиз минг оламни яратган Аллоҳ жалла жалолуҳу ҳузуридан самолар оралаб буюк оятлар нозил бўлмоқда.

Қулоқ тутамиз. Ваҳийга омонатдор бўлган Расулуллоҳ ҳозиргина нозил бўлган улуғ каломни эшиттирадилар: «Бу кун динингизни сизларга тўкис қилиб бердим, неъматимни бошингиз узра тугал сочдим ва дин сифатида сизлар учун Исломни танладим!» (Моида/3).

Икки жаҳон сарвари бениҳоя ва бемисл даражада хушнудлар. Зеро, бугун У зотнинг вазифалари муваффақият билан адо этилди. Ўтган қавмлар бошига тушгандака офатлар, бало қазолар, ер ютиш, тўфон, қичқириқ, оловли тошлар ва бошқа илоҳий қаҳру ғазаб У кишининг умматлари бошига тушмади, алҳамду лиллоҳ.

Балки, Аллоҳ Бандасининг кўзларини унинг динига, чақириғига фавж-фавж бўлиб юзланаётган сон-саноқсиз кишилар билан қувнатди. Ул зотнинг муборак кўзлари сурур ва шукрона ёшлари билан порлар экан, Ўзлари ва бошқа барча пайғамбарлар айтган энг афзал зикр билан тиллари намланади: «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу.Лаҳулмулку ва лаҳулҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр».

Модомки, бу кунда Аллоҳ Ўзининг энг буюк неъматини тугал қилган экан, гуноҳлар кечирилиши, тилаклар берилиши ва дўзахга қулаётган бандалардан энг кўп миқдорининг қутқарилиши ҳам худди шу кунга кўпроқ ярашади. Аллоҳ таоло Арафага йиғилган бандалари билан фахрланиб, малоикаларга: «қаранглар менинг қулларимга, ҳузуримга сочлари тўзғиган, уст-бошлари ғубор босган ҳолда (яъни хокисор бўлиб) келишганига», дейди.

«Бирор-бир кунда Аллоҳ таоло Арафа кунидагичалик кўп эркак ёки аёл қулни дўзахдан озод қилмайди. Аллоҳ яқин келади, сўнгра малоикаларга фахрланади: «мана булар нимани истайдилар (Мендан)!».

Дуоларнинг энг афзали ҳам Арафа кунининг дуосидир. Шу боис, бугунни дуо, истиғфор, тоат ва зикр ҳамда яқинлар, қариндош-уруғ ва дўсту ёр қалбига хурсандчилик олиб кириш каби савобли ишлар билан ғанимат билиш мақсадга мувофиқдир.

Ториқ ибн Шиҳоб ҳикоя қилади: бир куни яҳудийлар Умар разияллоҳу анҳуга шундай дейишди: «сизлар бир оятни тиловат қиласизлар, агар у бизга нозил бўлганда эди, ҳеч иккиланмай, ўша оят нозил бўлган кунни ўзимиз учун байрам қилиб олган бўлардик». Шундай дея улар Моида сурасининг учинчи оятини айтишди. Шунда Умар разияллоҳу анҳу шундай дедилар: «албатта, мен у оятнинг қайси пайт нозил бўлганини, қаерда нозил бўлганини ва у нозил бўлар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаерда бўлганликларини аниқ биламан. У Арафа куни нозил бўлди. У нозил бўлаётганда Аллоҳга қасамки, биз ЖУМА куни Арафада эдик».

Ҳа, бу кунда замоннинг фазилати, маконнинг фазилати, куннинг фазилати ва макиннинг (мазкур маконга йиғилган зотлар) фазилати ва буюк сафар ниҳоясининг фазилати жам бўлган. Бу кунда 24 йил давом этган буюк рисола, буюк калом, қайсики, тоғлар ҳам кўтаришга қўрққан калом-суҳбат якунига етказилган. Йигирма тўрт йил инсониятни нур ва раҳматга чулғаб турган ваҳийлар силсиласидаги сўнги ҳалқа зарб қилинган.

Набий алайҳиссалом марҳамат қиладилар (мазмуни): «Арафа кунининг рўзаси бир йил олдинги ва бир йил кейинги гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан».

Арафа кунининг фазли, ундаги дуоларнинг фазли фақатгина Арафот тоғига йиғилган ҳожилар учун хос эмас, балки, барча мусулмонларни ўз ичига олади. Ҳатто ўтмишдаги солиҳларнинг баъзилари Арафа куни масжид ва ҳоказоларда йиғилиб зикр ҳалқалари уюштиришни ҳам хуш кўрганлар гарчи, бу борада ихтилоф мавжуд бўлса ҳам. Бу иш таъриф деб аталади.

Аммо, Имом Абу Ҳанифа, Иброҳим Нахаъий ва бир қанча буюк зотлар (Аллоҳ уларни раҳматига олсин!) жамоавий тарзда бу ишни амалга оширишни кареҳ кўриб, маъқулламаганлар. Балки, ҳар ким ёлғиз ҳолда, муайян бир жойга тўпланмасдан мазкур кунда кўпроқ дуо ва зикр билан ўтказишни ва рўза тутишни афзал кўришган.

Арафа кунининг фазилатлари шу қадар кўп. Арафа куни аҳли Ислом учун байрамдир. Зеро, ҳадиси шарифларда Набий алайҳиссалом: «Арафа куни, наҳр куни ва ташриқ кунлари биз аҳли Исломнинг байрамимиз бўлади», дея марҳамат қилганлар.

Бу куннинг буюклигидан Раббимиз у билан қасамёд қилган. «шоҳид ва машҳудга қасам бўлсин!» (Буруж/3). Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу орқали ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: «ал-явму-л-мавъуд (ваъда қилинган кун) қиёмат кунидир, ал-явму-л-машҳуд Арафа кунидир, шоҳид эса жума кунидир», деганлар.

Яна бу кун Аллоҳ қасам ичиб зикр қилган «тоқ» кундир. Аллоҳ таоло Фажр сурасида: «жуфт ва тоққа қасам!»деди. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо дедилар: «жуфтдан мурод азҳо куни, тоқдан мурод эса Арафа кунидир».

Юқорида айтилганидек, бу куннинг фазилати фақат Арафотдаги мавқиф аҳлигагина тегишли эмас, балки, бутун дунёдаги мўминларга тегишлидир. Уламолар юқоридаги ҳадиси шариф мазмунидан келиб чиқиб, ҳажга бормаганлар шу куни рўза тутишларини хуш кўрганлар, токи, шу кундаги Аллоҳнинг заминни муаттар қилувчи нафаҳоти закийясига рўбарў бўлиб, улуғ ажрларни қўлга киритсинлар.

Аллоҳ таоло юртдошларимиздан Маккаи мукаррамага сафар қилган ҳожиларимизнинг ҳажларини даргоҳи илоҳийсида ҳусни мақбул айлаб, онадан туғилгандек хатолардан пок ҳолда ватанимизга қайтишларини насиб этсин!

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин! Ватанимизни, самовий ва арозий балолардан, фитна-фасодлардан ва ҳар қандай нохушликлардан Ўз паноҳида асрасин! Барча ватандошларимизни шу кунларнинг файзу баракотидан насибадор қилсин!

Ўн кунлик тоат мавсумининг, ибодат сайлининг сўнгидан бу мавсумга тож бўлиб келган Арафа кунини ва ундаги нури мусаффо, жавҳари сержило дур — қурбон ҳайитини барчамизга қутлуғ ва муборак айласин!

Парвардигори олам ушбу улуғ айём кунларнинг шарофати ва баракотидан барча юртдошларимизнинг ниятларини рўёбга чиқарсин, қарздорларга нажот, дардманларга шифо, эҳтиёж соҳибларининг ҳожатларини раво айласин!

Бошимиздаги тожимиз, қалбимиздаги тоғимиз бўлган меҳрибон ота-оналаримизнинг умрларига ва ризқларига баракалар ато қилсин! Омийн, Я Робба-л-ъааламин! Аллоҳумма солли ва саллим ва барик алаа хойри холқика Муҳаммад ва алаа аалиҳи ва асҳаабиҳи ажмаъийн!

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *