Фиқҳ (4-қисм). Тўрт имомнинг ижтиҳод услублари

Lotin alifbosida

Аҳли сунна вал-жамоанинг асосий қисмини ташкил қилувчи тўрт мазҳаб муассилари, мужтаҳиди мутлақ мақомига мушарраф бўлган имомларимиз ўз мазҳабларини барпо этишда асосан Аллоҳнинг китоби, кейин эса суннати набавия, сўнгра саҳобаларнинг фатволари, буларнинг бирортасидан ечим топа олмаган ҳолатда эса ўз илмий салоҳиятларини ишга солиб ижтиҳод ила қиёс ва рай асосида иш кўрар эдилар.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ айтардилар: “мен масала айтишда аввало Аллоҳнинг китобига, сўнгра Расулуллоҳнинг суннатига, кейин саҳобаларнинг сўзларига қарайман. Агар масала ечимини Аллоҳнинг китобидан топсам, суннатга мойил бўлмасдан шу билан ҳукм қиламан. Агар масала ҳукмини суннатдан топадиган бўлсам саҳобаларнинг фикрига қарамайман. Китоб ва суннатдан ечим топа олмаган ҳолатимда эса саҳобаларнинг қавлларидан танлаб қарор чиқараман. Китоб ва суннатда ечими йўқ, саҳобалар ҳам дуч келмаган масалаларда эса ўз фикримга суяниб ижтиҳод қиламан”.
Шунингдек, имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ ҳам энг аввал Аллоҳнинг китобидан ҳукм оларди. Кейин эса ҳадисларга юзланарди. Ҳадислар ичида ҳижозликлар ривоятини бошқалардан кўра таржиҳ қиларди. Шунингдек, Мадина аҳлининг таомилини, урф-одатларини муҳим ҳужжат ҳисобларди. Баъзида ҳадисни қўйиб таомилга амал қиларди.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам энг биринчи Аллоҳнинг китобига мурожаат қилар, оятлар ифода этиб турган зоҳирий маънолар асосида ҳукм чиқарар, агар зоҳирий маъно кўзда тутилмаганига яққол далиллар бўлса, ўша далиллар бўйича қарор қабул қилардилар. Оятларнинг зоҳиридан ҳам, ботинидан ҳам масалага ечим топа олмаса Расулуллоҳга етиб борувчи суннатга юзланарди. Суннатнинг ривоятида заифлик бўладими, ё у аҳод хабарлар жумласиданми, бундан қатъий назар ҳадисга амал қиларди.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳнинг ижтиҳод услуби ҳам юқоридаги уч имомларники каби эди. У киши ҳам фатво айтишда Аллоҳнинг китобини бош манба ҳисобларди. Кейин эса ишончли ровийлар келтирган ҳадисларга асосланарди. Саҳобийнинг гапини қиёсдан устун қўярди.
Ибн Қаййим ал-Жавзия “Иълам ул-муваққиийн” асарида тўрт мужтаҳид имомларнинг ижтиҳод услубидан сўзлар экан шундай деганди: “Тўрт имомнинг ҳар бири заиф ҳадисни қиёсдан олдинга қўяр эдилар”.
Заиф ҳадис деганда ботил, мункар, ровийлари ичида ёлғончиликда иттиҳом қилинган шахслар аралашмаган ҳадислар тушунилади. Масалан, имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ намозда қаҳқаҳа ила кулишга доир ҳадисни қиёсга устун қўйганлар, ваҳолбуки аҳли ҳадислар у хабарнинг заифлигига ижмоъ қилишганди. Шунингдек, сафарда хурмо шарбати билан таҳорат қилиш ҳақидаги ҳадисни ҳам қиёсдан устун қўйган, воҳоланки аксар аҳли ҳадислар у хабарни заиф деганлар. Ва яна ҳайзнинг кўпи ўн кунлиги ҳақида келган ҳадисни ҳам ҳадисшунослар иттифоқи ила заиф эканига қарамасдан қиёсдан олдинга қўйган эдилар. “Ўн дирҳамдан кам маҳр бўлмайди” ҳадисининг заифлигига ижмоъ собит бўлган бўлсада, уни ҳам қиёсдан устун кўрган эдилар.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам худди имом Абу Ҳанифа каби йўл тутардилар. Масалан у киши Важ (Тоиф шаҳри яқинида жойлашган қишлоқ) ерларида ов қилишнинг ҳаромлиги ҳақидаги ҳадис заиф бўлишига қарамасдан, уни қиёсдан юқори қўйган. Шунингдек, намоз ўқишдан қайтарилган вақтларда Маккада намоз ўқиса бўлавериши ҳақида келган хабарни заиф бўлишига қарамай, қиёсдан олдинга қўйган. “Ким қайт қилса, ё бурни қонаса, бас, таҳоратини янгиласин ва намозни давом эттирсин” деган ҳадисни заиф ва мурсал эканига қарамай қиёсдан устун қўйган.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ эса мурсал, мунқати даражасидаги ҳадисларни ҳам, ҳатто саҳобанинг гапини ҳам қиёсдан олдинга қўяр эдилар.
Ва яна, ибн Қаййим ал-Жавзия “Иълам ул-муваққиийн”да шундай дейди:
“Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг барча шогирдлари бир овоздан ижмоъ қилганларки, Абу Ҳанифанинг наздида заиф ҳадис қиёс ва райдан авлодир. У кишининг мазҳаби ҳам шу қоида асосига барпо қилинган. Чунончи у киши қаҳқаҳа ҳадисини заифлигига қарамасдан қиёс ва райдан устун кўрган. Шунингдек, мусофирлар хурмо шарбати ила таҳорат қилиши ҳақидаги хабарни ҳам заиф бўлсада қиёс ва райдан олдинга қўйган. Ва яна ўн дирҳамдан озроқ қийматли нарса ўғирлаган ўғрининг қўлини кесишни ҳам заиф ҳадисга асосланиб ман этган. Ҳайзнинг энг кўп муддатини ҳам заиф ҳадисга асосланиб ўн кун деб белгилаган. Шунингдек, заиф ҳадисга кўра жума намозини адо этиш учун миср яъни, шаҳар ҳудудини шарт қилиб қўйган. Қудуқни поклаш масалаларида ҳам қиёсни тарк этиб ҳадисларга амал қилган. Ваҳолбуки бу мавзудаги ҳадислар расулуллоҳгача етиб бормаган ғайри марфу эди. Бас, заиф ҳадис ва саҳобаларнинг айтган гапларини қиёс ва райдан олдинга қўйиш Абу Ҳанифа ва имом Аҳмад роҳимаҳумаллоҳнинг бош қоидалари бўлган.
Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг ижтиҳодда танлаган услубини ўрганишда ушбу ҳикоя ҳам яққол далил бўлади: Халифа Абу Жаъфар ал-Мансур имом Абу Ҳанифага мактуб йўллаб деди: “сен қиёсни ҳадислардан устун ҳисоблар экансан!”. Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ бу мактубга шундай жавоб ёзди: “Эй амир, сизга етиб борган гап нотўғридир! Мен энг аввал Аллоҳнинг китобига амал қиламан. Сўнгра Расулуллоҳнинг суннатига. Кейин Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳуларнинг фатволарига суянаман. Кейин бошқа саҳобаларнинг қарорларидан ҳукм излайман. Буларнинг бирортасидан ҳам ечим топа олмасам, шундагина қиёс асосида иш кўраман”.
Имом Абу Ҳанифанинг қиёс ва райдан ҳадисни устун кўришига далил бўладиган воқеалардан яна бири у киши ва саййидимиз Муҳаммад Боқир орасида бўлиб ўтган ушбу суҳбатдир:
Имом Аъзам Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зурриёдларидан бўлмиш, Муҳаммад Боқир роҳимаҳуллоҳ икковлари Мадинада илк бора учрашиб қолдилар.
Имом аъзам ҳазратларига Боқир роҳимаҳуллоҳ деди:
— Менинг бобом ҳадислари ва дийнини ўз қиёслари билан ўзгартиб юрган сенми ҳали ?!
— Маъозаллоҳ! Ундай қилишдан Аллоҳ сақласин. Ҳазрат келинг, ўтиринг суҳбатлашамиз. Ўз мақомингизга мос жойга ўтиринг. Мен ҳам ўзимга яраша пастроқ жойга жойлашай. Чунки сиз жанобни ҳурматингиз худди бобонгиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳурмати кабидир, деб имом аъзам ҳазратлари ул зотга гўзал эҳтиром кўрсатди. Бундайин одобни кўрган Боқир ҳазратлари ҳовуридан тушиб ўтирдилар. Имом Абу Ҳанифа ул зотнинг олдига чўккаладиларда, ул зотга деди:
— Мен сизга учта савол бераман илтимос шуларга жавоб берсангиз. Биринчи савол: айтингчи эркак киши заъифроқми ё аёл киши?
— Аёл киши заъифадир. Албатта.
— Ўлжалардан аёлларга қанча улуш берилади?
— Эркак кишига икки ҳисса. Аёл кишига бир ҳисса.
— Бу сизнинг бобонгизнинг сўзидир. Агар мен бобонгизнинг дийнини ўзгартганимда эркакларга бир ҳисса, аёлларга икки ҳисса берардим. Чунки қиёс шуни тақозо этади. Ахир аёллар эркаклардан заифроқ эмасми?!

— Иккинчи савол: айтингчи ҳазрат, рўза афзалми ёки намоз?
— Намоз афзал. Албатта.
— Бу бобонгизнинг сўзидир. Агар мен бобонгизнинг дийнини ўзгартганимда, ҳайз қонидан пок бўлган аёлларга қолдирилган намозларини қазо қилишларини амр қилган бўлардим. Рўзаларини эмас. Чунки қиёс шуни тақозо этади. Ахир намоз рўзадан афзалку тўғрими?!

— Учинчи савол: айтингчи, бавл билан нутфа икковидан қай бири оғирроқ нажосат?
— Албатта, бавл оғирроқ нажосат.
— Бу бобонгизнинг сўзидир. Агар мен бобонгизнинг дийнини ўзгартганимда, бавл қилганларни ғусл қилишга буюриб, маний чиқарганларга эса, таҳорат қилиб қўя қолинглар. Қиёс шуни тақозо этади. Ахир бавл манийдан оғирроқ нажосатку?! деган бўлардим. Лекин, мен ундай қилмайман. Бобонгизнинг дийнини қиёс билан ўзгартишдан Аллоҳ сақласин, деб имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ Боқир роҳимаҳуллоҳга жавоб берди. Бу жавоблардан шод бўлган Боқир ҳазратлари ўринларидан туриб Имом Аъзамнинг пешоналаридан ўпиб ҳурматини жойига қўйди”.

“Ал-Хайрот ул-ҳисон” асарида келтирилишича, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан бир қанча тариқлар орқали қуйидагича хабар айтилган: У киши аввал Қуръони каримга мурожаат қилар агар ундан топа олмаса, суннатдан излар ундан ҳам топа олмаса, саҳобаларнинг сўзларини ўрганар, агар масалада саҳобалардан турлича қарашлар билдирилган бўлса, уларнинг ичидан Қуръон ва суннатга яқинроқлари бўйича ҳукм қилар, лекин уларнинг сўзларидан ўзича четга чиқиб кетмас эканлар. Агар масаланинг ечимини ҳеч бир манбадан ва саҳобаларнинг фатволаридан ҳам топа олмаса, бу вазиятда бошқа тобеинлар каби ўз ижтиҳодлари бўйича ҳукм қилар эди.
(Давоми бор)

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *