«Туҳфаи расул» намози ҳақида мулоҳаза

 Мақолани .pdf форматда юклаб олиш

«Фиқҳи бўлмаган ибодатда хайр йўқ!»

Ҳазрати Али (к.в.)

МУАММО

Халқ орасидаги айрим намозхонлар ва кўпроқ тариқатга кирганлар шом намозидан кейин «туҳфаи расул» ёки «туҳфаи Расулуллоҳ» деб аталадиган икки ракъатли нафл намози ўқишга одатланганлар. Мазкур намозни ўқиш, асосан, Мовароуннаҳр, Туркистон, Марказий Осиё, Ўрта Осиё халқлари орасида одатга кирганлигини ҳам қайд қилиш ўринли. Уларга бу намозни ўқишни баъзи уламолар ёки тариқатдаги муршидлар тавсия қилганликларини айтишади. Хуллас, бугунги кунда ушбу намознинг ҳукми борасида намозхонлар тўрт тоифага бўлинганлар:

1) Тасаввуфни ёқтирмайдиган кимсаларга бу намоз мутлақо ёқмайди, улар «туҳфаи расул» намозини бидъат деб ҳукм қиладилар. У сўфийларнинг ихтиро қилган намозларидан, деб, суннатга хилофлигини таъкидлайдилар. Мазкур намозни ўқишдан қаттиқ қайтариб, унинг бидъатлигини исботлашга ҳаракат қиладилар. Шариат зоҳирига, оят ва ҳадислардаги ташқи далилларга кўпроқ эътибор қаратган олимларнинг ҳам умумий фикри «туҳфаи расул»нинг бидъатлигини қайдлашдан иборатдир.

2) Баъзи бир олим ва муллалар эса тариқатга тил теккизиб қўйишдан чўчиб, бу борада сукут сақлашга жазм қиладилар. Таниқли олимлар, улуғ пир-муршидлар ва ихлосли мўъмин-мусулмонлар ўқишганини ва ўқишаётганини кўриб, ушбу намозни бидъатга чиқаришга шошилмайдиган уламолар ҳам бор. «Шомдан кейин нафл намоз ўқиш жуда ҳам савобли. Фақат уни туҳфаи Расул деб аташ аввал бўлмаган, холос. Сиз ўшани айтмай, ўқийверинг. Бу намоз борасида маълумотга эга эмасман! Тариқат шайхлари бу намозни қаердан олганини билмайман! Уни ўқимай қўя қолинг!», деб турган уламолар ҳам йўқ эмас (Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Зикр аҳлидан сўранг. № 114. – Т.: Шарқ, 2011. – Б. 15).

3) Айрим тариқат муршидлари, нафл ибодатларга бепарво бўлмаган олим ва муллалар, ихлосли толиби илмлар «туҳфаи расул» намозини ўқишга одатланганлар. Айрим жамоатларда мазкур намоз ўқилмайдиган бўлса, оммага қўшилиб, бу намозни ўқимай қўя қолишади. Сабаби, улар ушбу намозни ихтиёрий намоз деб билганлари учун, фитнага ёки ортиқча саволга рўпара бўлгандан кўра ўқимай қўйган яхшироқ, деган фикрдалар. Мазкур учинчи тоифадагилар орасида ҳеч бўлмаганда, «туҳфаи расул» машойихларнинг «суннати», урф-одати бўлиб, уни тарк қилгандан кўра, доимий ўқиб борган яхшироқ» дейдиганлар ҳам топилади.

4) Юқоридаги учта тоифанинг фикрларини ўйлаб ҳам кўрмасдан, уларнинг гапларининг ҳақиқатини, келтирган далил ва ҳужжатларини таҳлил қилмасдан ушбу «туҳфаи расул» намозига қаттиқ ёпишиб оладиган, тарк қилмасдан ўқиб боришга ҳаракат қиладиган тоифалар ҳам бор. Уни шаръий суннат ёки вожиб сифатида кўрадиганлар ҳам йўқ эмас. Улар орасида бу намоз ҳақида алоҳида ҳадислар борлигини пеш қиладиганлар ҳам топилиб қолади.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, «туҳфаи расул»ни ўқувчилар орасида фақат ана шу намознигина ўқийдиган, суннатда келган, ҳадисларда очиқ тилга олинган бошқа нафлларни ўқимайдиганлар топилади. Шунингдек, «туҳфаи расул» намозини бидъат дейдиганларнинг аксарияти нафлларга юзаки қаровчи, нафл ибодатларни одатда ўқимайдиган, суннатда, ҳадиси шарифларда очиқ айтиб ўтилган нафлларни – масалан, «шукри вузуъ», «ишроқ», «зуҳо», «солати лайл», «таҳажжуд», асрдан ва хуфтандан олдинги нафл намозлар кабиларни адо қилмайдиганлар бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Аслида бу икки ҳолат ҳам тўғри ҳисобланмайди. Бу икки тоифадагилар «туҳфаи расул» ҳақидаги тортишув ва баҳсларга аралашишга ҳақлари йўқ, десак муболаға қилган бўлмаймиз.

Лекин, юзаки мунозараларни ҳисобга олмаса, мазкур намознинг ҳақиқати, моҳияти, келиб чиқиши, таъсири борасида ҳеч ким махсус изланиш ва тадқиқотлар олиб бормаган экан. Биз мазкур намоз ҳақида тўла илмий тасаввур ҳосил қилиш учун ушбу мақолага қўл уришни мақбул деб билдик. Икки томоннинг ҳам далиллари, кўрсатган ақлий ва нақлий ҳужжатларини инсоф ва васатийлик қоидаларидан оғишмаган ҳолда бирма-бир кўриб чиқишга жазм этдик.

«ТУҲФАИ РАСУЛ» НАМОЗИ ҚАЧОН ПАЙДО БЎЛГАН?

 Оят ва ҳадисларнинг зоҳирида айнан «туҳфаи расул» намози борасида ҳеч қандай маълумот учрамайди. Заиф ҳадислар ҳам бу борада топилган эмас. Мазкур намозни ўқишни ёқтирадиганлар орасида бу борада ҳатто мавзуъ ҳадислар ҳам айтиб ўтилмаган. «Хайр ал-қурун» («хайрли замонлар») деб тилга олинган аввалги даврларда ҳам, салафи солиҳлар вақтида ҳам, ундан кейинги даврларда ҳам, тасаввуф шаклланган ва тариқатлар таъсис қилинган вақтларда ҳам бу намозни ўқиш  йўлга қўйилмаган эди. Айтиш керакки, «туҳфаи расул» намозини ўқишга оид ҳужжатларнинг ҳаммаси далилларнинг ибораси ва далолатидан эмас, балки уларнинг ишораси ва тақозосидан келиб чиқиб белгиланган.

Тасаввуф аҳли ўқийдиган асарларда ҳамда фиқҳий манбаларда кундалик ва муайян вақтларда ўқиладиган нафл намозларга кўпроқ эътибор қаратилгани ўз-ўзидан маълум. Уларни бирма-бир кўздан кечирилганда, қуйидаги уч хил манзара ҳосил бўлади:

>> Биринчи манзара шуки, XV милодий асрда Ҳинд диёрида яшаб, шуҳрат қозонган тасаввуф намояндалари Нуриддин Аҳмад ибн Умар ибн Асъад ал-Лоҳурий ал-Пандавий (вафоти 818/1416) қуддиса сирруҳу ва унинг халифаси Шайхулислом Мавлоно Ҳисомуддин ал-Монакпурий (вафоти 853/1449) қуддиса сирруҳунинг муридларидан бири сўфийлар ўқийдиган барча ибодатларни зикр қилинган асар битади. У «Василат ут-толибин ила муҳаббати Робб ал-оламин» деб аталган бўлиб, муаллифнинг номи маълум эмас ва тўла аниқланмаган. Мазкур асар муқаддима, уч боб ва хотимадан иборат. Биринчи боб кундалик вазифалар, иккинчи боб йил, фасл ва мавсумларда адо этиладиган вазифалар, кейинги боб зикр, саловот ва дуоларга бағишланган. Асардаги барча маълумотлар машойихлар одати сифатида кўрсатилган (Василат ут-толибин ила муҳаббати Робб ал-оламин. ШҚМ, № 9206. – 89 в.).

«Туҳфаи расул» борасида илк бор ушбу асарда қайд қилинган. Мазкур асарда биз «туҳфаи расул» деб атаганимиз «ҳадияти расул» деган ном остида берилган бўлиб, «сураи фотиҳа»дан кейин биринчи ракъатда «ваззуҳо», иккинчи ракъатда эса «алам нашроҳ» ва ўн бир марта «ихлос сураси» ўқилиши ҳамда намоздан кейин ўн бир марта Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтилиши ва намоз савобини ул зоти шарифга бағишланиши айтилган. «Ҳадияти расул» намози ишроқ вақтида ҳам ўқилиши мумкинлиги қайд қилиб ўтилган. Мазкур асарда яна «аввобин», «исмат намози», «ҳифзи имон», «фатҳ намози», «нур намози», «эҳёи қалб», «шукри лайл», «истеҳбоб намози», «фирдавс намози» каби икки ракъатли намозлар ҳам шомдан кейин ўқилиши зикр қилинган. (Қаранг: Василат ут-толибин ила муҳаббати Робб ал-оламин. ЎзР ФА ШИ, № 9206. – В. 32б-35а).  Умуман, мазкур асарда юзлаб номдаги нафл ибодатлар бир кеча-кундузда кундалик вазифа сифатида тавсия қилинган.

Мазкур асардаги ушбу маълумотларга ўз вақтида Абдулҳай Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ҳам эътиборини қаратган ва ундаги маълумотларни ижобий баҳолаган эдилар (Қаранг: Абдулҳай ал-Лакнавий. Ал-Асор ал-марфуъа фи-л-ахбор ал-мавзуъа / Мажмуат расоил ал-Лакнавий. 5-жилд. – Покистон: Идорат ал-Қуръон ва-л-улум ал-исломия, 1419. – Б. 89).

Бироқ, таъкидлаш ўринлики, Ҳинд ва Синд диёрларида «Василат ут-толибин» асари битилган асрлардан кейин ҳадис илми ривожланди, ҳанафий олимлари кенг миқёсда фаолият олиб бордилар. Шунинг учун, ушбу асарнинг ўзи ҳам, ундаги маълумотлар ҳам ҳиндлар ўлкасида шуҳрат қозонмай қолиб кетди ва кўпчилик тариқат вакиллари ушбу асарда кўрсатилган ва номлар қўйиб олинган нафл ибодатларни адо қилмай келдилар. Бу XIX аср иккинчи ярмигача давом қилди, деб айтишимиз мумкин.

>>XIX асргача бўлган барча ёзма манбаларда «туҳфаи расул» намози ҳақида қайдлар учрамайди, ушбу намозни ўқиш кераклиги борасидаги тавсиялар ҳам кўзга ташланмайди. Бу биз назарда тутган иккинчи манзарадир:

– Ҳанафийларнинг «Бадойеъ ас-санойеъ», «Фатҳ ал-қадир», «Баҳр ар-роиқ», «Шарҳ ан-Ниқоя» ва «Радд ал-муҳтор» сингари эътиборли фиқҳий манбаларида шомдан кейин фақат олти ракъат намоз ўқишни мустаҳаб ва мандуб деб зикр қилинган, холос. Уларда «туҳфаи расул» намози ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ (Қаранг: Алоуддин Абу Бакр ас-Самарқандий. Бадойеъ ус-санойеъ фи тартиб аш-шаройеъ. 1-жуз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2000. – Б. 285; Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ул-қадир. 1-жуз. – Миср: Амирия, 1315. – Б. 317; Ибн Нужайм ал-Мисрий. Ал- Баҳр ар-роиқ. 2-жуз. – Миср: Илмия, 1300. – Б. 54; Али ал-қори. 1-жилд. Шарҳ ан-Ниқоя. – Қозон, 1904. – Б. 181; Ибн Обидин. Ар-Радд ал-муҳтор. 2-жуз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 452).

– Таъкидлаш ўринлики, «Солати Масъудий», «Канз ал-ибод», «Мафотиҳ ал-жинон», «Маслак ал-муттақин» сингари тасаввуфий ва соф фиқҳий манбаларда ҳам, тез-тез мурожаат қилинадиган тасаввуфий-фиқҳий манбаларда ҳам «туҳфаи расул» деган намоз тилга олинмайди (Қаранг: Масъуд ибн Маҳмуд ас-Самарқандий. Солати Масъудий. 2-жилд. – Бўмбай: Муҳаммадий, 1312. – Б. 406; Али ибн Аҳмад ал-Ғурий. Канз ал-ибод. – Қозон, 1909. – Б. 170-171; Яъқуб ибн Али ал-Бурсавий. Мафотиҳ ал-жинон шарҳ Ширъат ул-ислом. – Қозон, 1900. – Б. 129; Сўфи Аллоҳёр. Маслак ул-муттақин. – Тошкент: Ғуломия, 1910. – Б. 495).

– Тасаввуфнинг тамал манбалари ҳисобланган «Авориф ал-маориф» асарида шом билан хуфтан орасида ибодат билан ўтказишга жуда катта эътибор қаратилган. Бироқ, унда ҳам «туҳфаи расул» деган намоз борасида сўз йўқ (Шаҳобиддин ас-Суҳравардий. Авориф ал-маориф. 3-жуз. – Индонезия, 1957. – Б. 373-374).

– Тасаввуфий фатво тўпламларининг энг эътиборлиси «Фатовойи Сўфийя» бўлиб, унда шомдан кейинги нафл ибодатлар ҳақида ҳам сўз юритилган. Унда айтилишича, тариқат машойихларидан шомдан сўнг олти ракъат «аввобин» намозини ўқиш одати мерос қолган. Бироқ, «Фатовойи Сўфийя»да «туҳфаи расул» намози ҳақида бирорта гап-сўз тилга олинмайди (Қаранг: Фазлуллоҳ Муҳаммад ибн Айюб. Фатовойи Сўфиййа. ШҚМ, № 12282. – В. 128а-129а).

– Мулла Мискин Фароҳий раҳимаҳуллоҳ «Баҳр ад-дурар» асарида «Сураи фотиҳа»ни шарҳ қилар экан, ҳафтада ва кундалик ўқиладиган нафл намозларга ҳам тўхталганлар. Мазкур асарнинг туркий таржимаси халқ орасида кенг тарқалган. Ушбу асарда шомдан кейин ўқиладиган икки ракъатлик нафл ҳақида тўхталинган, лекин «туҳфаи расул» тўғрисида сўз учрамайди (Қаранг: Мулла Мискин Фароҳий. Баҳр ад-дурар. ШҚМ, № 4729. – В. 62а).

– Машҳур ва таниқли мутасаввиф олим Мавлоно Яъқуб Чархий қуддиса сирруҳу ўзларининг «Рисолаи Унсийя» асарида нақшбандийликдаги нафл ибодатларни баён қилар экан, зуҳо намозини: «Зуҳо намози бу аввобин намозидир. Айримлар аввобин намозини шомдан кейинги олти ракъатли намозга нисбатан айтадилар», деб зикр қилган. Бироқ, «туҳфаи расул» ҳақида ҳеч нарса демаганлар (Қаранг: Мавлоно Яъқуб Чархий. Рисолаи Унсиййа. ШҚМ, №  500. – В. 16а).

– Ҳанафийликдаги барча фиқҳий манбалардаги маълумотларни қамраб олишга ҳаракат қилинган йирик ҳажмли «Жомеъ ар-румуз» асарида ҳам шомдан кейин олти ракъатли «аввобин намози» таъкидлангани ҳолда «туҳфаи расул» намозининг борлиги ҳақида бирорта фикр билдирилмайди (Қаранг: Шамсиддин Кўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 1-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 207).

–  Нақшбандийя тариқатининг буюк вакили, Имом Раббоний қуддиса сирруҳунинг пири-муршиди Боқий Биллоҳ қуддиса сирруҳу ҳазратлари ўзларининг мактубларидан бирида муридларига нафл ибодатларни тавсия қилар эканлар, шом намозининг суннатидан кейин икки салом билан икки ракъатдан қилиб, тўрт ракъат намоз ўқишни буюрадилар. Унда «туҳфаи расул» тилга олинмайди (Боқий Биллоҳ. Мажмуаи расоил. ШҚМ, № 10867. – В. 44b).

– Ҳижрий иккинчи минг йилликнинг мужаддиди сифатида тан олинган, нақшбандийлик тариқатининг мужаддидийя йўналиши намояндаси Имом Раббоний Аҳмад ас-Сирҳиндий қуддиса сирруҳу ўзларининг «Мактубот»ларида шаръий ибодатларга, хусусан, нафл намозларга катта эътибор қаратганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатли бўлишга, ул зоти шарифнинг суннатларига маҳкам ёпишишга тарғиб қилганлар. Лекин, у зот ҳам «туҳфаи расул» намозини асло тавсия этган эмаслар (Имом Раббоний. Мактубот. 3 жилд. – Деҳли: Муртазавий, 1260. – 460+188+255 б.).

– Тариқат вакиллари орасида ўз асарлари билан таниқли бўлган Сўфи Аллоҳёр қуддиса сирруҳу ҳам ўзларининг машҳур «Маслак ул-муттақин» номли китобларида «аввобин» намози борасида тўхталганлар, лекин «туҳфаи расул» борасида бирорта сўз юритмаганлар (Сўфи Аллоҳёр. Маслак ул-муттақин. – Тошкент, 1333. – Б. 495).

– XVIII асрда яшаган машҳур мутасаввиф олим, фиқҳ, наҳв соҳаларида ҳам бир неча китоблар битган таниқли уламо, Бухоро амирлигининг бош муфтийси Муҳаммад Шариф ал-Ҳусайний ал-Алавий ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ «Амал ул-йавм ва-л-лайл» (“Кеча-кундузнинг амаллари”) деган рисола тасниф қилган бўлиб, унда тариқат акобирларининг бир кунлик одатий амалларини зикр қилганлар. Унда кўрсатилишича, акобирларнинг шомдан кейинги амали икки ракъат суннат ва икки ракъатдан тўрт ракъат аввобин намози ўқиш бўлган. Бу ерда ҳам «туҳфаи расул» намози тилга олинмаган, фақат шом билан хуфтаннинг орасида тўлиқ намоз билан ўтказиш нақадар саодатманд бўлиши таъкидланган, холос (Муҳаммад Шариф ал-Ҳусайний. Амал ул-йавм ва-л-лайл. ШҚМ, № 12591/VI. – В. 284а).

– XIX аср бошида Бухорода Амир Шоҳмурод раҳимаҳуллоҳ бошчилигида уламолар ҳайъати фатволар тўплами – «Фатовойи Аҳли Бухоро»ни яратишга киришадилар. Бу XVI асрда Ҳиндистонда Аврангзеб Оламгир раҳимаҳуллоҳ бошчилигида ҳинд уламоларининг машҳур қомусий фиқҳий манба – «Фатовойи Оламгирийя»ни тузганлари кабидир. Мазкур «Фатовойи Аҳли Бухоро»да шом намозидан кейинги олти ракъатли «аввобин» намози зикр қилинади. Бироқ, шомдан кейинги «ҳифз ал-имон» намози қайд қилинса-да, айнан «туҳфаи расул» намози борлиги борасида бирорта ибора учрамайди (Қаранг: Амир Шоҳмурод. Фатовойи Аҳли Бухоро. ШҚМ, № 5804. – В. 349b-350a ва 353b).

– Тариқатлардаги барча эътиқодлар, дуолар, ибодатлар, амалларни бирма-бир, далиллари билан бирга баён этишни мақсад қилинган Фақируллоҳ ал-Ҳанафий қуддиса сирруҳунинг «Қутб ул-иршод» асарида ҳам шомдан кейин ўқиладиган аввобин намози ҳадислар билан зикр этилади-ю, «туҳфаи расул» ҳақида сўз юритилмайди (Фақируллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Ҳанафий. Қутб ул-иршод. Бўмбай: Музаффарий, 1916. – Б. 268).

–  XIX аср охирида таниқли бўлган татар олимларидан Мулла Зайнуллоҳ ибн Ҳабибуллоҳ ан-Нақшбандий аш-Шарифий раҳимаҳуллоҳнинг «Нақшбандийя муридлари учун муҳим фойдалар ва оғзаки авродлар ва анъанавий намозу саловотлар» деган рисоласи мавжуд. Ушбу рисолада нақшбандийя тариқатида анъана тусига кирган амалиётлар, зикрлар, дуолар, саловотлар, хатми хожагон, намозлар борасида қисқача сўз юритилган. Унда ҳам шомдан кейин «ҳифз ал-имон» намози ҳақида сўз бор, лекин, «туҳфаи расул» ҳақида ҳеч нарса айтилган эмас (Мулла Зайнуллоҳ ан-Нақшбандий. Ал-Фавоид ал-муҳимма ли-л-муридин ан-нақшбандиййа ва-л-аврод ал-лиосниййа ва-с-салот ал-маъсура. – Қозон, 1907. – Б. 27).

Демак, XIX аср охиригача ҳам таниқли уламолар, машҳур фақиҳлар ҳамда улуғ мутасаввифлар ва буюк шайхларнинг асарлари-ю кўрсатмаларида «туҳфаи расул» намози тўғрисида ва уни шомдан кейин ўқиш ҳақида тавсиялар учрамайди.

>>XIX асрга келибгина тасаввуфий манбаларда шом намозидан кейинги олти ракъатли намозлар қаторида «туҳфаи расул» номидаги намозни ўқиш тавсия қилинади. Бироқ, эътибор бериш лозимки, мазкур тасаввуфий асарларнинг кўпчилигининг муаллифлари номаълум. Муаллифи аниқ бўлганлари ҳам машҳур бўлмаган, халқ ва миллат орасида буюк эътибор топмаган маҳаллий шайхлар бўлиб чиқиши мумкин:

– Жумладан, муаллифи номаълум «Сулуки Мужаддидийя» номли XIX асрда битилган асарда соликларга шомдан кейин олти ракъат ўқиш, улардан биринчи икки ракъатини «ҳифзи имон», иккинчи икки ракъатини «туҳфаи расул», учинчи икки ракъатни «аввобин» деб ўқиш тавсия қилинган ва замсурага қайси сураларни ўқиш кераклиги кўрсатиб берилган. Унда айтилишича, «туҳфаи расул»нинг биринчи ракъатида «Ваззуҳо», иккинчи ракъатида «Алам нашроҳ» суралари ўқилади  (Қаранг: Сулуки Мужаддидиййа. ШҚМ, № 12728/VII. – В. 152а).

– Муаллифи номаълум яна бир «Баёни тариқати Нақшбандийя» номли XIX аср охирида битилган асарда олти ракъатни учта салом билан «ҳифз ал-имон», «туҳфаи расул» ва «аввобин» номи билан ўқиш кераклиги айтилган, бироқ уларнинг қачон ўқилиши кераклиги ёзилмай қолган (Қаранг: Баёни тариқати Нақшбандиййа. ШҚМ, № 5690/VIII. – В. 314b-315а).

– ХХ асрда китобат қилинган муаллифи номаълум «Таълими тариқати Нақшбандийя» номли асарда ҳам шом намозидан кейин уч салом билан икки ракъатдан «ҳифз ал-имон», «туҳфаи расул» ва «аввобин» намозлари ўқилиши кераклиги айтилган (Қаранг: Таълими тариқати Нақшбандиййа. ШҚМ, № 3424/IV. – В. 134а).

«Ҳифз ал-имон»нинг ҳар икки ракъатида «Инна анзалноҳу» сураси бир марта, «Ихлос» сураси етти марта ва икки «Қул аъузу» суралари бир мартадан ўқилиши, «туҳфаи расул» намозида эса биринчи ракъатида «Ваззуҳо», иккинчи ракъатида «Алам нашроҳ» суралари ўқилиши, «аввобин» намозининг ҳар икки ракъатида ҳам замсура учун бир марта «Оят ал-курсий» ва уч марта «Ихлос» сураси ўқилиши қайд қилинган.

Демак, юқоридаги маълумотлардан маълум бўладики, фиқҳий ва тасаввуфий манбаларнинг аксариятида шомдан кейин умумий маънода нафл ўқиш мумкинлиги, хоссатан, аввобин намозини ўқиш мустаҳаб экани қайд қилинган. Бироқ, изланишлар шуни кўрсатдики, айнан таҳлил мавзумиз бўлиб турган «туҳфаи расул» намози XV аср охирларида муаллифи номаълум кимса томонидан битилган «Василат ут-толибин»да тилга олинган, бироқ, уни ўқиш айнан XIX асрга келибгина пайдо бўлган. Шу билан бирга, уни ўқишни, асосан, муаллифлари номаълум асарларда тавсия қилинган. Эътибор бериш лозимки, мазкур асарларда ҳам «туҳфаи расул» намози айнан шомдан кейин ўқилиши шарт экани айтилган эмас, балки уни хоҳлаган пайтда, жумладан, чоштгоҳ вақтида ҳам ўқиш мумкин.

Ҳозир эса ҳадиси шарифларда тилга олинган, кўпчилик уламоларнинг эътирофига сабаб бўлган намоз – аввобин ҳақида сўз юритамиз. Чунки, мазкур аввобин намози ҳам «туҳфаи расул»га ўхшаб шомдан кейин хуфтангача ўқиладиган нафллар жумласига киради.

ШОМДАН КЕЙИНГИ НАФЛ НАМОЗЛАР

 Шом намозининг фарзи ва суннати ўқилгандан кейин қўшимча равишда бир неча ракъат намоз ўқиш ҳадиси шарифларда зикр қилинган ва савоблари айтилиб, уни ўқишга тарғиб қилинган. Бу намоз «аввобин намози», «кечки намоз» деб аталган.

Билол разийаллоҳу анҳу бундай деб ҳикоя қилади:

قال بلال لما نزلت هذه الآية :تتجافى جنوبهم عن المضاجع الآية كنا نجلس في المجلس وناس من أصحاب النبي يصلون بعد المغرب إلى العشاء فنزلت هذه الآية :تتجافى جنوبهم عن المضاجع .

«Татажофа жунубуҳум ъани-л-мазожиъ» (Сажда, 16) ояти нозил бўлганда, биз бир мажлисда ўтирган эдик. Пайғамбар алайҳиссаломнинг баъзи асҳоблари шомдан кейин хуфтангача ўқиладиган намозни ўқиётган эдилар, шунда ушбу оят нозил қилинди (Баззор, 1/1364).

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ فِى هَذِهِ الآيَةِ ( تَتَجَافَى جُنُوبُهُمْ عَنِ الْمَضَاجِعِ يَدْعُونَ رَبَّهُمْ خَوْفًا وَطَمَعًا وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنْفِقُونَ) قَالَ : كَانُوا يَتَيَقَّظُونَ مَا بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ يُصَلُّونَ وَكَانَ الْحَسَنُ يَقُولُ : قِيَامُ اللَّيْل

«Ушбу «Татажофа жунубуҳум ъани-л-мазожиъ, йадъуна роббаҳум ховфан ва тамаъан ва мимма розақноҳум йунфиқун» (Сажда, 16) ояти каримаси борасида Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу бу инсонлар шом билан хуфтан орасида бедор бўлиб, намоз ўқиб ўтказадиганлар, деган эди. Ҳасан разийаллоҳу анҳу эса бу «қиёми лайл»дир, деган» (Абу Довуд, 1/1323-1324; Байҳақий, 3/4526; Ибн Абу Шайба, 2/5981).

عن أنس في قوله تعالى { كانوا قليلا من الليل ما يهجعون } قال كانوا يصلون فيما بينهما يعني بين المغرب والعشاء زاد في حديث يحيى وكذلك تتجافى جنوبهم

«Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу: «Кону қолилан мин ал-лайли ма йаҳжаъун» (Зориёт, 17) ояти каримаси борасида бу инсонлар шом билан хуфтан намози орасида намоз ўқийдиганлар, деган. Шунингдек, «Татажофа жунубуҳум ъани-л-мазожиъ» (Сажда, 16) ояти борасида ҳам худди шундай деган» (Байҳақий, 3/4525).

سمعت بن المنكدر وأبا حازم يقولان تتجافي جنوبهم عن المضاجع هي ما بين المغرب وصلاة العشاء صلاة الأوابين

«Тобеъинларнинг улуғларидан Ибн ал-Мункадир раҳимаҳуллоҳ ва Абу Ҳозим раҳимаҳуллоҳнинг «Татажофа қулубуҳум ъани-л-мазожиъ»дан шом билан хуфтан намози орасидаги аввобин намози назарда тутилган, деганларини эшитганман!» (Байҳақий, 3/4527).

Хуллас, мана шу ояти карима нозил қилинганидан кейин аввобин намозининг фазилатлари ислом пайғамбари Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан бир неча бор зикр қилиб ўтилди. Жумладан,

من صلى ما بين المغرب والعشاء فإنها صلاة الأوابين

  «Кимки шом билан хуфтаннинг орасида намоз ўқиса, ўша аввобин намозидир!» (Суютий, «Жомеъ ас-сағир», 2/8804).

Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

عن أبى هريرة ، قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم » من صلى ست ركعات، بعد المغرب ، لم يتكلم بينهن بسوء ، عدلت له عبادة اثنتى عشرة سنة «

«Кимки шомдан кейин олти ракъат намоз ўқиса, улар орасида ёмон сўз гапирмаса, у ўн икки йиллик ибодатга тенг бўлади» (Термизий, 2/435; Ибн Можжа, 1/1374; Ибн Хузайма, 2/1195; Табароний, «Мўъжам ал-авсат», 2/823; Суютий, «Жомеъ ас-сағир», 2/8803; Абу Яъло, 10/6022).

Таъкидлаш ўринлики, гарчи мазкур ҳадисни заиф дейилган бўлса ҳам, бироқ уни Ибн Хузайма раҳимаҳуллоҳ ўзларининг саҳиҳ ҳадислар тўпламида зикр қилган бўлиб, унинг наздида мазкур ҳадиси шариф саҳиҳдир.

Шомдан кейин олти ракъат намоз ўқиганларнинг савоб ва фазилатлари кўпайиб кетиши ҳам мумкин. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

من صلى ست ركعات بعد المغرب قبل أن يتكلم غفر له بها ذنوب خمسين سنة

«Кимки шомдан кейин гапиришдан олдин олти ракъат намоз ўқиса, унинг эллик йиллик гуноҳлари мағфират қилинади» (ал-Муттақий, «Канз ул-уммол», 7/19430; Суютий, «Жомеъ ас-сағир», 2/8806; «Жамъ ул-жавомеъ», 1/5477).

رأيت عمار بن ياسر صلى بعد المغرب ست ركعات فقلت يا أبت ما هذه الصلاة فقال رأيت حبيبي رسول الله صلى الله عليه وسلم صلى بعد المغرب ست ركعات وقال من صلى بعد المغرب ست ركعات غفرت له ذنوبه وإن كانت مثل زبد البحر

«Саҳобалардан Аммор ибн Ёсир разийаллоҳу анҳу шомдан кейин олти ракъат намоз ўқиётганини кўриб қолдим. Унга: «Эй отажон, бу қандай намоз?» дедим. У бундай деб жавоб бердилар: «Мен ҳабибим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шомдан кейин олти ракъат намоз ўқиганликларини кўрганман. Ул зоти шариф: «Кимки шомдан кейин олти ракъат намоз ўқиса, гуноҳлари гарчи денгиз кўпиги мислича бўлса-да, кечирилур» деганлар» (Табароний, «Мўъжам ас-сағир», 1/900; «Мўъжам ал-авсат», 7/7245).

Шом билан хуфтан орасида адо қилинадиган ибодатнинг ракъатлари кўпайтирилган ҳадиси шарифларни ҳам учратишимиз мумкин. Жумладан, қаранг:

من ركع عشر ركعات فيمان بين المغرب والعشاء بني له قصر في الجنة

«Кимки шом билан хуфтан оралиғида ўн ракъат намоз ўқиса, унинг учун жаннатда қаср қурилади» (ал-Муттақий, «Канз ул-уммол», 7/19426).

Ойша разийаллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

عن عائشة ، قالت : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم  من صلى، بين المغرب والعشاء عشرين ركعة، بنى الله له بيتا في الجنة

«Кимки шом билан хуфтан орасида йигирма ракъат ўқиса, Аллоҳ таоло унинг учун жаннатда бир уй бино қилади» (Термизий, 2/435; Ибн Можжа, 1/1373; Суютий, «Жомеъ ас-сағир», 2/8805).

Мазкур икки ривоятда шомдан кейинги намознинг ракъатлари олти ракъатдан ўн ҳатто йигирма ракъатгача кўпайтирилган ва уни ўқишнинг савоби жаннат даражаси экани белгиланган.

Охирул амр, уммати муҳаммадияга бу тарзда васият қилинган:

عليكم بالصلوة فيما بين العشائين فانها تذهب بملاغاة اوّل النهار و مهدنة آخره مهدنة مضعفة

«Икки кечки намоз  (шом ва хуфтан) орасидаги намозни ўзингизга лозим тутинг! Зотан, у кундузнинг аввалидаги ташвишларни кетказур, охиридаги хотиржамликни икки баробар орттирур» (Дайламий, 3/4029).

ШОМДАН КЕЙИН ИБОДАТ ҚИЛГАН САЛАФИ СОЛИҲЛАР

 Юқоридаги ҳадиси шарифларга биноан, ўтган салафи солиҳлар шом билан хуфтан намози орасидаги намозларга алоҳида эътибор қаратганлар. Ўзлари ушбу вақтда намоз ўқиб, кейингиларга ўрнак бўлганлар, мазкур намозни ўқишга тарғиб қилганлар. Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Амр разийаллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу, Салмон ал-Форисий разийаллоҳу анҳу, Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу ва ансорлардан кўпчилиги, тобеъинлардан эса Асвад ибн Язид, Абу Усмон ал-Наҳдий, Ибн Абу Мулайка, Саид ибн Жубайр, Муҳаммад ибн ал-Мункадир, Абу Ҳотим, Абдуллоҳ ибн Сахбара, Али ибн ал-Ҳусайн, Абу Абдурраҳмон ал-Ҳубалий, Шурайҳ ал-қози, Абдуллоҳ ибн ал-Муғаффал, имомлардан Суфён ас-Саврий раҳимаҳумуллоҳ кабилар шомдан кейин махсус ибодат этишни одат қилганлар. «Маориф ас-сунан»да олдин ва кейин ўтган ушбу улуғ зотлар, солиҳ имомларнинг бундай амаллари мазкур амалларни адо этишни тавсия қилинган ривоятларнинг гарчи исноди заиф дейилган бўлса-да, уларнинг саҳиҳлигига далолат қилади, дейилган (Муҳаммад Юсуф ал-Баннурий. Маориф ас-сунан. 4-жуз. – Покистон: Каротши, 1413. – Б. 114).

1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шомдан кейин хуфтан намозигача ибодат қилганлар:

عَنْ حُذَيْفَةَ ، قَالَ : أَتَيْتُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم فَصَلَّيْتُ مَعَهُ الْمَغْرِبَ ، ثُمَّ قَامَ يُصَلِّي حَتَّى صَلاَةِ الْعِشَاءِ

Ҳузайфа ибн ал-Йамоний разийаллоҳу анҳу бундай деганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келгандим, ул зот билан бирга шом намозини ўқидим. Сўнг ул зоти шариф туриб, то хуфтан намозигача ибодат қилдилар» (Ибн Абу Шайба, 2/5982).

2) Саҳобаи киромлар ва тобеъини изомлар ҳам шом билан хуфтан орасида ибодат қилганлар:

سَاعَةٌ مَا أَتَيْتُ عَبْدَ اللهِ بْنَ مَسْعُودٍ فِيهَا إِلاَّ وَجَدْتُهُ يُصَلِّي ؛ مَا بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ ، وَكَانَ يَقُولُ : هِيَ سَاعَةُ غَفْلَةٍ

«Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг олдига келган эдим, уни шом билан хуфтан орасида намоз ўқиётган ҳолда учратдим. У: «Бу ғафлат вақти!» дер эдилар (Ибн Абу Шайба, 2/5972).

Абдуллоҳ ибн Амр разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو ، قَالَ : صَلاَةُ الأَوَّابِينَ مَا بَيْنَ أَنْ يَنْكَفِتَ أَهْلُ الْمَغْرِبِ إِلَى أَنْ يُثَوَّب إِلَى الْعِشَاءِ

«Аввобин намози шом аҳлининг хуфтангача бўлган вақтда кийимларига ўралгунларича бўлган оралиқдаги намоздир!» (Ибн Абу Шайба, 2/5973).

Салмон ал-Форисий разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

قَالَ سَلْمَانٌ : عَلَيْكُمْ بِالصَّلاَة فِيمَا بَيْنَ الْعِشَاءَيْنِ ، فَإِنَّهُ يُخَفِّفُ عَنْ أَحَدِكُمْ مِنْ حِزْبِهِ ، وَيُذْهِبُ عَنْهُ مَلْغَاهُ أَوَّلَ اللَّيْلِ ، فَإِنَّ مَلْغَاهُ أَوَّلَ اللَّيْلِ مَهْدَنَةٌ ، أَوْ مَذْهَبَةٌ لآخِرِهِ

«Сизлар шом билан хуфтан орасида намоз ўқишни ўзингизга лозим тутинг! Чунки, бу вақтда ҳар бирингизнинг вазифалари енгиллашган бўлади. У эса кечанинг аввалидаги ташвишларни кетказади. Шу намоз билан кеча аввалидаги ташвиш хотиржамлик ёки кечанинг охиридаги хотиржамлик бўлиб қолсин» (Ибн Абу Шайба, 2/5974).

عَنْ شُرَيْحٍ ؛ أَنَّهُ كَانَ يُصَلِّي مَا بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ

«Шурайҳ раҳимаҳуллоҳдан шом билан хуфтан орасида намоз ўқишлари ривоят қилинган» (Ибн Абу Шайба, 2/5976).

قَالَ : كَانَ الْحَسَنُ بْنُ مُسْلِمٍ يُصَلِّي مَا بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ ، قَالَ : وَزَعَمَ الْحَسَنُ أَنَّ طَاوُوسًا لَمْ يَكُنْ يَرَاهُ شَيْئًا

«Ҳасан ибн Муслим разийаллоҳу анҳу шом билан хуфтан орасида намоз ўқирдилар. У зотнинг ўйлашларича, Товус раҳимаҳуллоҳ ҳам бу вақтда ибодат қилишда бирорта кароҳият кўрмас эдилар» (Ибн Абу Шайба, 2/5978).

عَنْ مُجَاهِدٍ ؛ أَنَّ عَبْدَ اللهِ بْنِ عُمَرَ لَمْ يَكُنْ يُصَلِّيهَا إِلاَّ فِي رَمَضَانَ ، يَعْنِي مَا بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ

«Мужоҳид раҳимаҳуллоҳдан ривоятки, Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу шом билан хуфтан орасидаги намозларни фақат рамазон ойида ўқир эди» (Ибн Абу Шайба, 2/5980).

3) Саҳобаи киромлар ушбу шом билан хуфтан намози орасидаги намозни «Музаммил сураси»да тилга олинган «ношиат ал-лайл» – туннинг бошланиш вақтидаги ибодат эканини ҳам айтиб ўтганлар. «Музаммил сураси»да Аллоҳ таоло бундай деган:

إِنَّ نَاشِئَةَ اللَّيْلِ هِيَ أَشَدُّ وَطْءاً وَأَقْوَمُ قِيلاً

«Албатта кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш (тун уйқу-ором вақти бўлгани сабабли) жуда оғир юкдир ва (лекин, у пайтда кундузги безовталиклар бўлмагани учун) энг тўғри сўздир».

عَنْ أَنَسٍ ؛ أَنَّهُ كَانَ يُصَلِّي مَا بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ ، وَيَقُولُ : هِيَ نَاشِئَةُ اللَّيْلِ

«Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳудан шом билан хуфтан намози орасида намоз ўқиши ривоят қилинган ва «У тунинг бошланиш вақти» дер эди» (Ибн Абу Шайба, 2/5977).

عَنْ سَعِيدِ بْنِ جُبَيْرٍ ؛ أَنَّهُ كَانَ يُصَلِّي مَا بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ ، وَيَقُولُ : هِيَ نَاشِئَةُ اللَّيْل

«Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳдан шом билан хуфтан намози орасида намоз ўқиши ривоят қилинган ва «У тунинг бошланиш вақти» дер эди» (Ибн Абу Шайба, 2/5975).

«АВВОБИН» ДЕЙИЛГАН НАМОЗЛАР

 «Аввобин намози» деган ном шомдан кейинги нафл ибодатларга ҳам, бошқа намозларга ҳам исм сифатида ишлатилган:

1) Бомдод намозининг суннатини ҳам «аввобин намози» деб сифатланган:

من صلى ركعتي الفجر وصلى الصبح في جماعة كتبت صلاته يومئذ في صلاة الأوابين وكتب يومئذ في وفد المتقين

«Кимки икки ракъат бомдоднинг суннатини ўқиса, сўнг жамоатда бомдод фарзини ўқиса, ўша куни аввобин намозини ўқиган, деб ёзилади. Ўша куни уни тақводорлар гуруҳида бўлгани ёзиб қўйилади» (Абдурраззоқ, 3/4783).

2) Зуҳо намозига ҳам «аввобин намози» дейилган. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

لا يحافظ على صلاة الضحى إلا أواب قال : و هي صلاة الأوابين

«Зуҳо намозини фақатгина аввобгина доим ўқийди. Чунки, у аввобинлар намозидир!» (Ҳоким, 1/1182; Ибн Хузайма, 2/1227).

Саҳобалардан Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу бундай деганлари нақл қилинган:

أوصاني خليلي أن أصلي صلاة الضحى فإنها صلاة الأوابين

«Дўстим (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга зуҳо намозини ўқишни васият қилганлар. Чунки, у аввобин намозидир!» (Бухорий, 2/1178; Муслим, 1/721; Абу Довуд, 1/1434-1435; Насоий, 1/1386-1387; Ибн Абу Шайба, 2/7800; Байҳақий, 3/4676; Доримий, 1/1506; Ибн Хузайма, 2/1223).

عن سعيد ابن جبير ومجاهد قالا : من صلى الضحى ثمان ركعات كتب من الاوابين إنه كان للاوابين غفورا

  Тобеинлардан Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ ва Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ кабилар: «Кимки зуҳони саккиз ракъат қилиб ўқиса, аввобинлардан деб ёзилади» деганлар ва далил сифатида «Иннаҳу кана ли-л-аввобина ғафуро» (Исро, 25) оятини келтирганлар (Абдурраззоқ, 3/4878).

3) Иссиқ куйдирадиган пайт ўқилган нафлга ҳам «авобин намози» дейилган. Жумладан, Қубо аҳлининг зуҳо намозини ўқиб турганларини кўриб қолиб, «аввобин намози» бу пайтдан бошқа пайтда, кейинроқ ўқилишига ишора қилиб, бундай деганлари маълум:

صلاة الأوابين إذا رمضت الفصال

  «Аввобин намози бўталоқларни куйдирадиган пайтда бўлади» (Муслим, 1/748; Доримий, 1/1509; Байҳақий, 3/4688; Табароний, 5/5108; Аҳмад, 4/19284, 19289).

  4) Бўталоқларни куйдирадиган пайт чоштгоҳ вақти бўлиши мумкин. Шунга кўра «аввобин намози» чоштгоҳда ўқиладиган зуҳо намозига қўйилган ном дейишга асос бор. Бироқ, қуёшнинг энг куйдирадиган вақти қуёш тиккадан оғгандан кейин бошланади. Шунинг учун айримлар фикрича, аввобин намози заволдан кейин ўқилади:

  صلاة الأوابين بعد زوال الشمس

«Аввобин намози қуёш заволидан кейиндир» (Ибн Абу Шайба, 2/5922).

إذا زالت الأفياء و راحت الأرواح فاطلبوا إلى الله حوائجكم فإنها ساعة الأوابين و إنه كان للأوابين غفورا

«Соялар оғиб кетса, руҳлар роҳатни салқинликдан топса, Аллоҳдан ҳожатларингизни сўранглар. Чунки, бу аввобинлар вақтидир. Зотан, У аввобинлар учун мағфиратли зотдир!» (Байҳақий, «Шуаб ал-имон», 3/3073).

Юқоридагилардан маълум бўладики, «Аввобин намози» дейиш умумий маънода бир қанча нафлларга қўйилган ном бўлиб, улар бундан бошқаларини ҳам у билан аташ мумкинлигини инкор қилмайди (Муҳаммад Юсуф Баннурий. Маориф ас-сунан. 4-жилд. – Покистон, 1414. – Б. 114).

«АВВОБИН» ВА «ТУҲФАИ РАСУЛ»ДА ЎҚИЛАДИГАН СУРАЛАР

 «Туҳфаи расул»ни ўқувчи тасаввуф аҳлидан айримлари биринчи ракъатда замсура қилиб, беш марта «оят ал-курсий»ни, иккинчи ракъатнинг замсурасига эса уч марта «ихлос сураси»ни ўқишни одат қилганлар. Энди, бу борада эски китобларда нималар зикр қилинганига ва намозда муайян сураларни белгилаб олишнинг ҳукми борасидаги маълумотларни кўриб чиқсак:

Аввобин намозида ўқиладиган суралар ҳам зикр қилинган. (Масъуд ибн Маҳмуд ас-Самарқандий. Солати Масъудий. 2-жилд. – Бўмбай: Муҳаммадий, 1312. – Б. 406). Биринчи икки ракъатнинг ҳар ракъатида «Фотиҳа сураси»дан сўнг бир марта «Оят ал-курсий», бир марта «Шаҳидаллоҳ» ояти, беш марта «Ихлос сураси», бир мартадан «Фалақ ва Нос суралари» ўқилади. Иккинчи икки ракъатнинг ҳар ракъатида «Фотиҳа сураси»дан сўнг «Кофирун сураси» беш мартадан ўқилади. Учинчи икки ракъатда эса биринчи икки ракъатда ўқилгандек замсура қўшилади.

Машҳур ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Баҳр ур-роиқ»қа ёзган ҳошияси «Минҳат ул-Холиқ»да уч салом билан ўқиладиган олти ракъатли аввобин намозида «Фотиҳа сураси»дан кейин биринчи ракъатда «Кофирун сураси» бир марта, иккинчи ракъатда «Ихлос сураси» ўқилади, деб келтирадилар (Қаранг: Ибн Обидин. Минҳат ул-Холиқ ҳошияту Баҳр ар-роиқ. 1-жилд. – Миср: Илмия, 1300. – Б. 55).

«Ширъат ул-ислом»нинг шарҳида ҳар бир ракъатда «Фотиҳа сураси»дан кейин «Оят ул-курси» ояти ва «Ихлос», «Фалақ» ва «Нос» суралари бир мартадан ўқилади, дейилган (Яъқуб ибн Али ал-Бурсавий. Мафотиҳ ал-жинон шарҳ Ширъат ул-ислом. – Қозон, 1900. – Б. 129).

«Қутб ул-иршод»да йигирма ракъатли аввобин намозида қирқ марта «Ихлос сураси» ўқилиши айтилган (Фақируллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Ҳанафий. Қутб ул-иршод. Бўмбай: Музаффарий, 1916. – Б. 268).

Аслида намозларга бирорта сурани таъйин қилиб, ундан бошқасини ўқимасликка ҳаракат қилиш макруҳ ҳисобланади. Жумладан, фиқҳий матн китобларида бу аниқ айтилган:

و يكره ان يوقت شيأ من القرآن بشىء من الصلوات

«Намозлардан бирортасига Қуръондан бир нарсани белгилаб олиш макруҳ бўлади» (Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний. Жомеъ ас-сағир. – Лакнав: Алавий,1310. – Б. 15).

و يكره ان يتخذ سورة بعينها للصلوة لا يقرأ فيها غيرها

«Бир намоз учун бошқасини ўқимайдиган қилиб муайян бир сурани таъйинлаб олиш макруҳ бўлади (Абулҳасан Аҳмад ал-Қудрий. Мухтарас ал-Қудрий. – Қозон, 1916. – Б. 11).

Мазкур масала «Мухтасар ал-Виқоя» ҳамда «Канз ад-дақоиқ»да ҳам ўз ифодасини топган (Қаранг: Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 16-17; Абу-л-Баракот ан-Насафий. Канз ад-дақоиқ. – Бўмбай: Фатҳ ул-карим, 1305. – Б. 31).

Чунки, бирор намозга муайян бир сурани белгилаб қўйиш бошқа сураларга нисбатан бепарволик, уларни ўқишга, ёд олишга интилмаслик келиб чиқади. Бошқа ёд олинган сураларни зеҳндан унутилиш юзага келади. Шунинг учун, сура белгилаб олиш макруҳ дейилган.

Тасаввуфий-фиқҳий манбаларнинг айримларида аввобин намози зикрида улардан икки ракъатини «бақои имон» учун ўқилиш қайд қилинган (Яъқуб ибн Али ал-Бурсавий. Мафотиҳ ал-жинон шарҳ Ширъат ул-ислом. – Қозон, 1900. – Б. 129). Бу ҳозирги кунда «ҳифз ул-имон» деб ўқиладиган намознинг айнан ўзидир.

Юқорида биз «туҳфаи расул» деган намоз ҳақида XIX асрга келибгина сўз юритилганини айтган эдик. Жумладан, «Сулуки Мужаддидийя» ҳамда нақшбандийя тариқати таълимига бағишланган асарларда соликларга шомдан кейин олти ракъат ўқиш, улардан биринчи икки ракъатини «ҳифзи имон», иккинчи икки ракъатнини «туҳфаи расул», учинчи икки ракъатни «аввобин» деб ўқиш тавсия қилинган ва замсурага қайси сураларни ўқиш кераклиги кўрсатиб берилган. Унда айтилишича, «туҳфаи расул»нинг биринчи ракъатида «Ваззуҳо», иккинчи ракъатида «Алам нашроҳ» суралари ўқилади  (Қаранг: Сулуки Мужаддидийя. ШҚМ, № 12728/VII. – В. 152а; Таълими тариқати Нақшбандийя. ШҚМ, № 3424/IV. – В. 134а).

ШОМДАН КЕЙИН ЎҚИЛАДИГАН НАФЛЛАРНИНГ ҲУКМИ

 Гарчи юқоридаги ривоятларнинг кўпчилиги заиф бўлса-да, бироқ, у билан ибодатнинг мустаҳаб ва мандуб бўлишини инкор қилиб бўлмайди. Бинобарин, эътиборли фиқҳий манбаларда шомдан кейин олти ракъат намоз ўқишни мустаҳаб ва мандуб деб зикр қилинган (Қаранг: Алоуддин Абу Бакр ас-Самарқандий. Бадойеъ ус-санойеъ фи тартиб аш-шаройеъ. 1-жуз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2000. – Б. 285; Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ул-қадир. 1-жуз. – Миср: Амирия, 1315. – Б. 317; Ибн Нужайм ал-Мисрий. Ал- Баҳр ар-роиқ. 2-жуз. – Миср: Илмия, 1300. – Б. 54; Али ал-қори. 1-жилд. Шарҳ ан-Ниқоя. – Қозон, 1904. – Б. 181; Ибн Обидин. Ар-Радд ал-муҳтор. 2-жуз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 452).

Шомдан кейинги нафл ибодатлар, хусусан, аввобин намози ҳанафийликдан бошқа уч мазҳаб – шофиъийлик, моликийлик ва ҳанбалийликда ҳам мустаҳаб ва мандуб ҳисобланади (Қаранг: Ибн Қудома ал-Ҳанбалий. Ал-Муғний. 1-жилд. – Риёз: Дор ал-олам ал-кутуб, 1997. – Б. 564; Шайх Солиҳ ал-Азҳарий ал-Моликий. Жавоҳир ал-иклил шарҳ Мухтасар ал-Халил. 1-жилд. – Байрут: Мактабат ал-сақофия, 1347. – Б. 73; Абу-л-Ҳасан Али ал-Мовардий. Ал-Ҳовий ал-кабир шарҳ Мухтасар ал-Музаний. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1994. – Б. 287).

БИДЪАТ ТУШУНЧАСИ ВА БИДЪАТНИНГ ТУРЛАРИ

Ислом оламида бидъат тушунчасига икки хил қараш шаклланган. «Туҳфаи расул» намозини бидъатга чиқарувчилар бидъат ҳақидаги умумий ҳужжатларга ва ақлий далилларга суянадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бидъат ҳақидаги ҳадиси шарифлари машҳурдир:

مَنْ أَحْدَثَ فِى أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ فِيهِ فَهُوَ رَد

«Кимки бизнинг ушбу ишимизда унда йўқ бўлган бирор нарсани пайдо қилса, у мардуддир!» (Бухорий, 3/2697; Муслим, 3/1718; Абу Довуд, 4/4608; Ибн Можжа, 1/14; Байҳақий, 10/20158; Дорақутний, 4/4588; Ибн Ҳиббон, 1/26; Аҳмад, 6/26075).

و إياكم و محدثات الأمور فإن كل بدعة ضلالة

«Янги пайдо бўлган ишлардан сақланинглар. Зотан, ҳар бир бидъат залолатдир!» (Абу Довуд, 4/4609; Насоий, 1/1786; Ибн Можжа, 1/42; Ҳоким, 1/329; Табароний, 18/617; Байҳақий, 3/5544, 5589; Доримий, 1/96; Ибн Ҳиббон, 1/5; Аҳмад, 4/17184; Баззор, 2/4201).

وشر الأمور محدثاتها وكل محدثة بدعة وكل بدعة ضلالة وكل ضلالة في النار

«Ишларнинг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги пайдо бўлган нарса бидъатдир. Ҳар бир бидъат эса залолатдир. Ҳар бир залолат дўзахдадир!» (Муслим, 2/867; Насоий, 3/5896; Табароний, 9/8521, 8531; Доримий, 1/212; Ибн Хузайма, 3/1785; Аҳмад, 3/14373).

Имом Можишун раҳимаҳуллоҳ: «Мен Имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг: «Ким Исломда янгилик яратиб, ундан савоб умид қилса, у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатларига хиёнат қилган бўлади. Чунки, Аллоҳ таолонинг бундай: «Бугун динларингизни тўлиқ қилдим», ояти каримаси бор”, деганларини эшитдим, деган. «У куни дин бўлмаган нарса, бугун ҳам дин бўлмайди», деган қўшимчани ҳам айтиб ўтганлар.

Бидъат ҳақида, ундан узоқлашиш борасида ҳадиси шарифлар кўпдир. Уларнинг зоҳирига эргашувчилар аввалги учта замонда топилган нарсани суннат, ундан кейин топилганлари, пайдо бўлганларини бидъат дейдилар. Кейинги давлардаги янгиликларни шариатга киритишга мутлақо қарши бўладилар. Ҳатто улар орасида айрим саҳобалар пайдо қилган ишларни ҳам бидъати залолатга чиқарувчилар мавжуд. Демак, шунга кўра «туҳфаи расул» улар наздида бидъати залолат ҳисобланади.

Бу борадаги ақлий далил шуки, «туҳфаи расул» намози саҳобалар, тобеъин ва табъа тобеъин ҳамда ўтган уламолар даврида бўлган эмас. Ҳатто тасаввуф ва тариқатлар ривожланган, олий даражага етишган даврларда ҳам ушбу намозни ўқиш йўлга қўйилмаган эди. Фақиҳларнинг фиқҳий ва машҳур мутасаввифларнинг тасаввуфий асарларида мазкур намоз ҳақида бирорта гап учрамайди. Бинобарин, уларнинг фикрига кўра «туҳфаи расул»нинг бидъат эканлигига шак-шубҳа йўқ. Уни ўқигандан кўра китобларда зикри келган бошқа нафл ибодатларни қилган афзал.

Бидъатни турларга ажратувчилар уни беш хилга: вожиб, мустаҳаб, мубоҳ, макруҳ ва ҳаромга ажратадилар. Бунга бир қанча далиллари бор. Аввалги учта даврда топилган, саҳобалар, тобеъинлар, табъа тобеъинларнинг бирортаси қилган, уни ҳеч ким инкор қилмаган, шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида далолатан, ишоратан далил топиладиган ишлар бидъати ҳасана бўлади. Унинг қайси даврда топилиши, пайдо бўлишининг аҳамияти йўқ. Юқорида келтирилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бидъатга қарши айтган ҳадиси шарифлари, саҳоба ва бошқа олимларнинг, шу жумладан, Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг бидъат ҳақидаги фикрлари эса айнан бидъати макруҳ ва ҳаром бўлган бидъатлар ҳақида бўлиб, бидъати ҳасаналар ҳақида эмас.

Бидъати ҳасананинг борлигига иккита катта ва очиқ далил бор. Унинг бири таровеҳ, иккинчиси зуҳо намози тўғрисида.

Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу таровеҳ намозини масжидларда жамоат бўлиб, йигирма ракъатдан ўқишни жорий қилганларида, у ҳақида бундай деб таъриф берган эдилар:

نعم البدعة هذه

«Бу қандай ҳам яхши бидъат бўлди!» (Бухорий, 2/1906; Ибн Хузайма, 2/1100; Байҳақий, 2/4378; Абдурраззоқ, 4/7723).

Абу Саид ал-Боҳилий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган:

إن الله فرض عليكم صوم رمضان ولم يفرض عليكم قيامه وإنما قيامه شيء أحدثتموه فدوموا عليه

«Албатта, Аллоҳ сизларга Рамазон рўзасини фарз қилди, унинг қиёмини фарз қилмади. Рамазоннинг қиёмини сизлар янгидан пайдо қилдинглар. Унга мудовамат қилинглар!» (Табароний, «ал-Мўъжам ал-авсат», 7/7450).

Саид ибн Мансур раҳимаҳуллоҳнинг «ас-Сунан»идаги ривоятда бундай келган:

و انما القيام شىء ابتدعتموه فدوموا عليه و لا تتركوه

«Рамазоннинг қиёми сизлар бидъат қилиб чиқарган нарсадир. Бас, уни давом қилдиринглар ва уни тарк қилманглар!».

Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу ҳатто зуҳо намозини яхши бидъат деб тавсиф айлаганлар. Уни Ибн Абу Шайба раҳимаҳуллоҳ ва Табароний раҳимаҳуллоҳ саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ эса уни «ат-Таърих ал-кабир» асарларида саҳиҳроқ деганлар:

وقال الشعبي عن بن عمر صلاة الضحى بدعة ونعمت البدعة

Шаъбий раҳимаҳуллоҳ Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилганлар: «Зуҳо намози бидъатдир. У қандай ҳам яхши бидъат!» (Бухорий, «ат-Таърих ал-кабир», 2/2890; Ибн Абу Шайба, 2/7866; Табароний, 12/13563).

Зуҳо намози ҳақида Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо ва Ибн Умар разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

وَمَا أَحْدَثَ النَّاسُ شَيْئًا أَحَبَّ إِلَىَّ مِنْهَا

«Бу зуҳо намози одамлар ўйлаб топган, янги нарса бўлиб, зуҳо намози менга улардан энг яхшисидир!» (Байҳақий, 3/5108; Абдурраззоқ, 3/4868).

Шунга ўхшаш далилларга суяниб, аввалги учта даврда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг руҳларига бағишлаб қурбонлик, ҳаж ва бошқа ибодатларни бажарганлар бўлгани, (бу ҳақида пастроқда батафсил тўхталамиз), шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларида мазкур намозни ўқишга ишоратан фикрнинг мавжудлиги боис «туҳфаи расул» намозини ўқишни жоиз дейилади.

ИККИ НАМОЗНИ ҚЎШИБ, БИТТА ҚИЛИБ ЎҚИШ ҲАҚИДА

 «Қавоиди фиқҳийя» илмида الأمور بمقاصدها «ал-Умур би-мақосидиҳа» («Ишлар мақсадларига боғлиқдир») деган фиқҳий қоида бор. Таниқли ҳанафий олими, машҳур фиқҳий манба «Баҳр ур-роиқ»нинг муаллифи Ибн Нужайм ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «ал-Ашбоҳ ва-н-назоир» асарларида юқоридаги қоидани шарҳлар экан, икки ибодатни бирга қўшиб адо қилишни олтинчи изоҳ сифатида зикр қиладилар (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Ал-Ашбоҳ ва-н-назоир. – Миср, 1298. – Б. 19-21).

Ибн Нужайм ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ мазкур асарларида икки ибодатга бирданига ният қилиб адо қилиш масаласини бу тарзда тушунтирадилар:

فإن كان في الوسائل فإن الكل صحيح : قالوا لو اغتسل الجنب يوم الجمعة للجمعة ولرفع الجنابة ؟ ارتفعت جنابته وحصل له ثواب غسل الجمعة

«Агар бу ҳолат воситаларда бўладиган бўлса, ҳаммаси тўғри бўлади. Жумладан, агар жунуб одам жумъа куни жумъа учун ғусл қилса, ундан жанобати кўтариладими? Уламолар албатта ундан жанобати кўтарилади ва жумъага ғусл қилганлик савоби ҳам ҳосил бўлади, дейдилар».

Бунга қўшимча равишда айтиш мумкинки, аслида ҳар намозга таҳорат олиши, жунуб одам покланиши буюрилган. Аллоҳ таоло амр қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلاةِ فاغْسِلُواْ وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُواْ بِرُؤُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَينِ وَإِن كُنتُمْ جُنُباً فَاطَّهَّرُواْ

«Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз! Агар жунуб бўлсаларингиз, чўмилингиз!» (Моида, 6).

Бироқ, бир неча намозларга битта таҳоратни ва ғуслни ният қилиш жоиз. Ўша таҳорат ва ғусл барча намозларга кифоя қилади. Битта таҳоратни ҳам намоз ўқиш учун, ҳам Қуръон ушлаш учун, ҳам тавоф қилиш учун бирданига ният қилиш жоиз.

وان كان في المقاصد ؟ فإما أن ينوى فرضين أو نفلين أو فرضا ونفلا أما الأول : فلا يخلو إما أن يكون في الصلاة أو في غيرها فإن كان في الصلاة لم تصح واحدة منهما قال في السراج الوهاج : لو نوى صلاتي فرض كالظهر والعصر ؟ لم يصحا اتفاقا

«Агар бу ҳолат асосий мақсадларда бўлсачи? Бунда икки фарзни бирданига ният қилиш мумкин, икки нафлни ният қилиш мумкин ёки бир фарз ва бир нафлни ният қилиш мумкин. Биринчиси, бу икки фарз намоз бўлиши ёки бошқа нарса ҳам бўлиши мумкин. Агар намоз бўлса, иккови ҳам дуруст бўлмайди. «ас-Сирож ал-ваҳҳож»да айтиладики, агар икки фарз намозни, масалан пешин билан асрни ният қилса, уламолар иттифоғига кўра иккови ҳам дуруст бўлмайди». Чунки, икки вақтнинг намозини бирга қўшиб бўлмайди. Бу Имом Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг фикрига кўрадир. Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳ ва Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ фикрларича, икки фарздан қайсисининг асл вақтида ўқилаётган бўлса, ўшандан ҳисобланади.

Шу ерда яна икки фарз намоз бировидан кучлироқ бўлса, кучлисидан деб ҳисобланади, ҳам дейилган. Масалан, беш вақт фарз намоздан бировини ва жаноза намозини бирданига ният қилса, фарз намоздан деб ҳисобланади. «Ҳидоя»нинг энг эътиборли шарҳларидан бири «Фатҳ ул-қадир»да қазо билан нафл ўқишни бирданига ният қилса, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ фикрича, қазодан ҳисобланади, Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ фикрича нафлдан ҳисобга ўтади (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ул-қадир. 2-жуз. – Миср: Амирия, 1315. – Б. 57).

Чунки, асли намознинг нияти бор, шунга кўра икковидан бири бўлиши керак. Нафлга нафл эканини таъйин қилиб ният қилиш шарт эмас. Шунинг учун Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ фикрича, ушбу ният бекор бўлиб, аниқ белгиланган қазонинг нияти эътиборга олинади. Масалан, бир одам масжидга кирди. Унга “таҳийят ал-масжид” намозини ўқиш суннат. Ўша кимсанинг қазо намозлари ҳам бор. У икковини бирданига ният қилса, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ фикрига кўра қазодан деб ҳисобланади. Бироқ, бу ҳолатда “таҳийят ал-масжид” намози ҳам соқит бўлади. Чунки, таҳият намози масжидни улуғлаш учундир. Намоз билан уни улуғлаш адо бўлди. Намозхон масжидга кирганида, фарз ўқиши билан ҳам таҳийятдан ҳисобга ўтади. (Қаранг: Ибн Обидин. Ар-Радд ал-муҳтор. 2-жуз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 459). Масжидга кирган одам фарз ўқиши билан таҳийят ҳисобига ўтиши ҳақидаги қоидадан келиб чиқиб, Камолиддин ибн ал-Ҳумом раҳимаҳуллоҳ ҳажда эҳром кийгандан кейин ўқиладиган икки ракъатни ҳам худди шундай қилиш мумкин, дейди. Яъни, шу вақтда фарз ўқиса, икки ракъат эҳромнинг намози ҳам адо қилинган бўлиб чиқади (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 2-жилд. – Миср: Амирия, 1310. – Б. 137).

Шунингдек, қадр кечасида юз ракъат намоз ўқишни уламолар тавсия қилганлар. Бир одам бу муборак кечада юз ракъат қазо намози ўқиса, қазолари адо топади. Шу билан бирга юз ракъатли нафл ундан соқит қилинади. Чунки, юз ракъат нафлни ўқишдан мақсад бу кечаларни бедорликда ибодатда ўтказиш эди:

ومن قام ليلة القدر ايمانا واحتسابا غفر له ما تقدّم من ذنبه

“Кимки Қадр кечасини имон ва ишонч билан намоз ўқиб ўтказса, ўтган гуноҳлари кечирилади” (Бухорий, 3/1901; Муслим, 1/760; Термизий, 3/683; Насоий, 2/2516-2517; Абу Довуд, 1/1374).

Яна бир ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

انّ هذا الشهر قد حضركم، وفيه ليلة خير من ألف شهر، من حرمها فقد حرم الخير كله ولا يحرم خيرها الا محروم

“Албатта, бу ой сизларга ҳозир бўлиб турибди. Унда минг ойдан яхшироқ кеча бор. Кимки ундан маҳрум қолса, ҳамма яхшиликлардан маҳрум қолган бўлади. Унинг яхшилигидан фақатгина ҳақиқий маҳрум одамгина қуруқ қолади” (Ибн Можжа 2/1644).

Ушбу бедорлик намоз ўқиш, тасбеҳ ва зикрлар қилиш, Қуръон ўқиш билан ҳам адо қилиниши мумкин. Шунинг учун қазоларни ўқиш билан нафллар ҳам соқит қилинади, дейилади.

Фарз билан нафлни биргаликда ният қилинса, унинг жавоби қуйидагича бўлади:

وان نوى فرضا ونفلا فإن نوى الظهر والتطوع ؟ قال أبو يوسف : تجزئه عن المكتوبة ويبطل التطوع وقال محمد : لا تجزئه المكتوبة ولا التطوع وان نوى الزكاة والتطوع يكون عن الزكاة وعند محمد عن التطوع ولو نوى نافلة وجنازة فهي نافلة كذا في السراج

«Агар фарз билан нафлни ният қилса, масалан пешин билан нафлни ният қилса, нима бўлади? Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ айтадиларки, фарздан ҳисоб қилинади, нафл дегани бекор қилинади. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ эса фарздан ҳам, нафлдан ҳам жоиз бўлмайди, деганлар. Агар закотни ва нафл садақани ният қилса, закотдан бўлади. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ фикрларича, нафлдан бўлади. Агар нафл намоз ва жаноза намозини ният қилса, у нафл бўлади. Чунончи, «ас-Сирож»да мазкурдир».

Иккита нафлни биргаликда ният қилса, нима бўлишини Ибн Нужайм ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ бундай изоҳлайдилар:

وأما إذا نوى نافلتين كما إذا نوى بركعتي الفجر التحية والسنة أجزأت عنهما ولم أر حكم ما إذا نوى سنتين كما إذا نوى في — يوم الاثنين صومه عنه وعن يوم عرفة إذا وافقه ؟ فإن مسألة التحية إنما كانت ضمنا للسنة لحصول المقصود

«Икки нафлни ният қилганга келсак, худди бомдод пайтида икки ракъатга “таҳийяти масжид” ва бомдод суннатини ният қилган каби бўлса, икковидан ҳам ҳисобга ўтади. Икки суннатни ният қилганнинг масаласини кўрганим йўқ. Чунончи, душанба куни одатдаги ўзининг рўзасини ҳамда арафа куни тўғри келгани учун арафанинг рўзасини биргаликда ният қилганга ўхшаш бўлса, нима бўлади? “Таҳийяти масжид” масаласининг зимнида суннат ҳам бор, мақсад ҳосил бўлгани боис, буни ҳам жоиз дейиш мумкин».

Йирик ҳажмли тасаввуфий манба бўлмиш «Қутб ал-иршод» асарида ҳам икки суннат ёки икки мустаҳаб ёхуд бир суннат ва бир мустаҳаб намозларни бирданига ният қилинса, шаръан жоиз бўлиши таъкидланган. Масалан, пешиннинг суннати билан тасбеҳ намозини бирданига ният қилиб ўқиса, иккови ҳам жоиз бўлиши айтилган (Фақируллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Ҳанафий. Қутб ул-иршод. Бўмбай: Музаффарий, 1916. – Б. 230).

Арафа куни рўза тутиш суннат. Бунга ҳадиси шарифлардан бир қанча далиллар бор:

عن قتادة رضى الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «صوم يوم عرفة يكفر سنتين، ماضية ومستقبلة، وصوم يوم عاشوراء يكفر سنة ماضية

“Арафа кунининг рўзаси икки йиллик (сағира гуноҳларга) каффорат бўлади: ўтган ва келаси йилга. Ашура кунининг рўзаси эса ўтган йилга каффорат бўлади” (Термизий, 3/749; Насоий, 2/2800; Байҳақий, 4/8163-8164; Аҳмад, 5/22570).

Энди, бир одамнинг ҳар душанба куни рўза тутиш одати ҳам бор эди. Бу кунда ҳам рўза тутиш суннат ҳисобланади:

أن أعرابيا : سأل النبي صلى الله عليه و سلم عن صوم يوم الإثنين قال : إن ذلك اليوم الذي ولدت فيه و أنزل علي فيه

«Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан душанба куни рўза тутиш ҳақида сўради. Ул зоти шариф: «Бу куни мен туғилганман ва менга Қуръон нозил қилинган» деб марҳамат қилдилар (Абу Довуд, 2/2428; Ҳоким, 4/4179; Байҳақий, 4/8182; Аҳмад, 5/22603). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишни ёқтирганликларини кўпчилик билади, эшитган.

Арафа душанбага тўғри келди. У одам арафа учун рўза тутадими ёки душанбадаги рўзасини тутадими? Бу икки амални бирданига адо қилиб икки карра савоб олиши мумкин эмасми? Демак, далилларга қарайдиган бўлсак, бу жоиз ҳисобланади.

Икки намозни қўшиб, битта қилиб намоз ўқиш мумкинлиги ҳақидаги қоидадан келиб чиқадиган бўлсак, ҳадиси шарифларда тилга олинган, шом билан хуфтан орасида ўқилиши тарғиб қилинган «аввобин намози»нинг бир неча ракъатини «туҳфаи расул» деб қўшиб ўқиш жоиз бўлади.

 

БИРОР НАРСАНИНГ ЗОҲИРИЙ НОМИ ЭМАС, УНИНГ МОҲИЯТИ МУҲИМ

 Бирор ибодат ёки амалнинг зоҳирий номи муҳим эмас, балки унинг асл моҳияти муҳимдир. Шунинг учун ишлар номлари билан эмас, моҳияти билан эътиборга олинади. Бу ҳақида «Ҳидоя»нинг машҳур шарҳи «Фатҳ ул-қадир»да мана бу қоидани ўқиймиз:

فَقَدْ نَوَى أَصْلَ الصَّلَاةِ بِوَصْفٍ . فَإِذَا انْتَفَى الْوَصْفُ فِي الْوَاقِعِ وَقُلْنَا عَلَى الْمُخْتَارِ مِنْ الْمَذْهَبِ إنَّ بُطْلَانَ الْوَصْفِ لَا يُوجِبُ بُطْلَانَ أَصْلِ الصَّلَاةِ بَقِيَ نِيَّةُ أَصْلِ الصَّلَاةِ وَبِهَا تَتَأَدَّى السُّنَّةُ

«Намознинг аслини васфи ила ният қилинади, гарчи воқеъликда васф йўқ бўлса ҳам. Чунки, биз айтамизки, мазҳабда ихтиёр қилинган фикр шуки, васфнинг бекор қилингани билан намознинг аслини бекор қилиш юзага чиқмайди. Асли намознинг нияти қолаверади, шу билан суннат адо топади» (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ул-қадир. 1-жуз. – Миср: Амирия, 1315. – Б. 187).

«Фатҳ ал-қадир»да келтирилган жумлага кўра, нафл намозларнинг нияти муҳим эмас, асли намознинг ўзи аҳамиятли. Шунинг учун фарз ва вожиблардан бошқа намозларда (хоҳ оддий нафллар, хоҳ суннати муаккадалар бўлсин) ният қилишда уларни таъйин қилиш, яъни, аниқ ўзини айтиш шарт эмас, мутлақ ниятнинг ўзи кифоя қилади (Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнав: Юсуфий, 1314. – Б. 91).

«Мухтасар ал-Виқоя»да ҳам бу алоҳида таъкидланган бўлиб, мутлақ ният қилишнинг ўзи нафлларда кифоя қилади, дейилган (Али ал-Қори. Шарҳ ан-Ниқоя. – Қозон, 1904. – Б. 113).

Ташқи тавсиф ўзгаргани билан асл моҳият ўзгармаслигига қуйидаги мисолларни келтириб ўтиш ўринли. Ароқни бошқа номлар билан, масалан, чой деб ичиш билан ёки уни баъзи ароқхўрлар сингари «оби замзам» дейиш билан ҳалолга айланмайди, балки асли ҳаромлигича қолади. Порани ҳадия деб бериш ёки қабул қилиш мумкин эмас. Нафл садақаларни «садақа», «эҳсон», «хайрия», «маърака», «издиҳом», «ҳадия», «туҳфа» каби турли номлар билан атайвериш мумкин, у нафл садақа ҳолича қолаверади. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам садақани ҳадия деганлар:

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أُتِيَ بِلَحْمٍ تُصُدِّقَ بِهِ عَلَى بَرِيرَةَ فَقَالَ هُوَ عَلَيْهَا صَدَقَةٌ وَهُوَ لَنَا هَدِيَّةٌ

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга гўшт келтирилганда, унинг Барийрага садақа қилингани айтилган. Шунда ул зоти шариф: «У Барийрага садақа, бизга эса ҳадиядир!», деб марҳамат қилдилар» (Бухорий, 2/1495; Муслим, 2/1504).

Демак, юқоридаги қоидадан келиб чиқиб, асли ҳадисларда далили бор аввобин намозини «туҳфаи расул» деб ўқиладими, «ҳифзи имон» деб аталадими, фарқи йўқ. Аввобин ҳолида эътиборга олинаверади. Зотан, ҳадисларда «фажр», «зуҳр», «аср», «мағриб», «ишоъ» деб аталган намозни бизлар «бомдод», «пешин», «дигар», «шом», «хуфтан» намози деб тилга оламиз. Буни ҳеч ким инкор қилмайди. Шу ерда аввобин намозининг икки ракъати савобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга туҳфа-ҳадия қилиш мақсадида унга шу ном берилгани боис Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг: «Баъзи бир ўзига тариқат шайхлиги нисбатини берадиган муҳтарамлар бу намозни нима сабабдан «туҳфаи расул» деб номлаб олганларининг сабабини била олмадик», деган гапларига жавоб топилган бўлса ажаб эмас (Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2004. – Б. 175).

КЎП САЖДА ҚИЛИШ РАСУЛУЛЛОҲ (С.А.В.)ГА ЁРДАМ БЕРИШДИР

Расулуллоҳ руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло наздидаги энг афзал ишнинг ҳамда инсонни жаннатга киритадиган амалнинг қайсилиги тўғрисидаги саволга «кўп сажда қилиш» деб жавоб берганлар. Маъдон раҳимаҳуллоҳ деган тобеъий бундай ривоят қиладилар:

لقيت ثوبان مولى رسول الله صلى الله عليه و سلم فقلت أخبرني بعمل أعمله يدخلني الله به الجنة أو قال قلت بأحب الأعمال إلى الله فسكت ثم سألته فسكت ثم سألته الثالثة فقال سألت عن ذلك رسول الله صلى الله عليه و سلم فقال عليك بكثرة السجود لله فإنك لا تسجد لله سجدة إلا رفعك الله بها درجة وحط عنك بها خطيئة قال معدان ثم لقيت أبا الدرداء فسألته فقال لي مثل ما قال لي ثوبان

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ходими Савбон разийаллоҳу анҳуга йўлиқиб қолдим. Унга: «Менга Аллоҳ мени жаннатга киритадиган бирор амал ҳақида хабар беринг», дедим. Ёки «Аллоҳга энг севимли амални айтиб беринг», дедим. У жим қолди. Саволни яна такрор сўрадим. У яна жим турарди. Учинчи бор саволни такрорлаган эдим, у бундай деб жавоб берди: «Мен буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраган эдим, ул зоти шариф: «Аллоҳга саждани кўпайтириш билан», дегандилар. Аллоҳ таолога сажда қилар экансан, Аллоҳ у сабабли даражангни кўтаради, битта хатойингни ўчириб, йўқотади». Маъдон раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Мен Абу-д-Дардо разийаллоҳу анҳу билан учрашганимда, худди шу савол билан унга ҳам мурожаат қилган эдим. У Савбон разийаллоҳу анҳу жавоб берганидек жавоб қилгандилар» (Муслим, 1/488; Аҳмад, 5/22431).

Бу ерда саждани кўп қилиш мусулмоннинг даражаси кўпайишига, хатоликлари авф қилинишига сабаб бўлиши билдирилмоқда. Инсон қиёмат кунида бошқаларга нисбатан даражаси юксак бўлиши учун кўп сажда қилиши, яъни, намоз кўп ўқиши керак бўлади. Демак, оддий қаралса, «туҳфа расул» намози бунинг амалга ошиши учун энг қулай сабабчидир.

Бир саҳобий: «Ё, Расулуллоҳ! Мен Сизни жуда яхши кўраман ва жаннатда Сиз билан бирга бўлишни истайман!», деганида, ул зоти шариф: «Гапинг рост бўлса, кўп сажда қилиш билан менга ёрдам бер!», деб марҳамат қилган эканлар. Ҳадиси шарифнинг матни қуйидагича:

ربيعة بن كعب الأسلمي قال كنت أبيت مع رسول الله صلى الله عليه و سلم فأتيته بوضوئه وحاجته فقال لي سل فقلت أسألك مرافقتك في الجنة قال أو غير ذلك ؟ قلت هو ذاك قال فأعني على نفسك بكثرة السجود

«Рабиъа ибн Каъб ал-Асламий разийаллоҳу анҳу дедилар: «Мен бир куни кечқурун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлдим. Ул зотга таҳорат суви ва бошқа эҳтиёжларини қилиб бердим. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тила, тилагингни!», дедилар. Мен: «Жаннатда сиз билан бирга йўлдош бўлишни сўрайман!», дедим. «Бундан бошқаси йўқми?», деб сўрадилар. Мен: «Мана шу, холос», дедим. Ул зоти шариф бундай деб марҳамат қилдилар: «Ундай бўлса, сен ҳам кўп сажда қилиш билан менга ёрдам бергин!» (Муслим, 1/489; Абу Довуд, 1/1320; Насоий, 1/724; Байҳақий, 2/4750; Табароний, 5/4570).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ходимларидан бири Рабиъа ибн Каъб разийаллоҳу анҳу билан ул зоти шарифнинг ораларидаги суҳбат бу тарзда давом қилганлигини унинг ўзи бундай ҳикоя қилади:

كنت أخدم رسول الله صلى الله عليه و سلم نهاري فإذا كان الليل أويت إلى باب رسول الله صلى الله عليه و سلم فبت عنده فلا أزال أسمعه يقول : سبحان الله سبحان ربي حتى أمل أو تغلبني عيني فأنام فقال ذات يوم : يا ر بيعة سلني فأعطيك قلت : أنظرني حتى أنظر وتذكرت أن الدنيا فانية منقطعة فقلت : يا رسول الله أسألك أن تدعو الله أن يجنبني النار ويدخلني الجنة فسكت رسول الله صلى الله عليه و سلم ثم قال : من أمرك بهذا ؟ قلت : ما أمرني به أحد ولكني علمت أن الدنيا منقطعة فانية وأنت من الله بالمكان الذي أنت به أحببت أن تدعو الله قال : إني فاعل فأعني بكثرة السجود

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кундузи хизмат қилар эдим. Кеч бўлганда эса, ул зотнинг ҳужралари эшиги олдида ўтириб, шу ерда тунни ўтказардим. Шунда, доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Субҳоналлоҳ, Субҳона Роббий!» дейишларини эшитиб турардим. Бу ҳолат менга диққат билан қулоқ солиб туриш ёқмай қолгунга ёки кўзимга уйқу ғалаба қилгунга қадар давом этарди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Эй Рабиъа, мендан бирор нарса сўрагин, мен уни сенга бераман», деб марҳамат қилдилар. Мен: «Мени огоҳлантирсангиз, мен огоҳ бўламан. Бу дунёнинг фоний, ўткинчи эканини менга эслатган эдингиз», дедим-да, сўнг «Эй, Расулуллоҳ! Мен Сиздан Аллоҳга дуо қилишингизни сўрайман. Мени Аллоҳ дўзахдан узоқ қилсин, жаннатга киритсин», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жим қолдилар, кейин «Сенга буни ким буюрди?», дедилар. Мен: «Менга буни ҳеч ким буюргани йўқ. Бироқ, мен дунёнинг ўткинчи, бир фоний эканини биламан. Сиз эса Аллоҳдан етган шундай бир мақомдасизки, ўшанда Аллоҳга дуо қилишингизни яхши кўриб қолдим», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай: «Мен буни албатта қиламан. Бироқ, кўп сажда қилиш билан сен ҳам менга ёрдам бергин-да!», деб марҳамат қилдилар (Табароний, 5/4576; Аҳмад, 4/16628).

Жобир ибн Самура разийаллоҳу анҳудан ҳам шунга ўхшаш ривоят етиб келган:

عن جابر بن سمرة قال : كان شاب يخدم النبي صلى الله عليه و سلم ويخف في حوائجه فقال : سلني حاجة فقال أدع الله تعالى لي بالجنة قال : فرفع رأسه فتنفس وقال : نعم ولكن أعني بكثرة السجود

«Бир йигит Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизмат қилар ва ул зоти шарифнинг ҳожатларини енгиллатиб юрарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Ҳожатинг бўлса, мендан сўрагин!», дедилар. У йигит: «Аллоҳ таолога мен учун жаннатни сўраб дуо қилинг!», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак бошларини кўтариб, бир муддат жим қараб турдилар ва «Яхши, лекин саждани кўпайтириб, менга ёрдам беришинг керак!», деб марҳамат қилдилар (Табароний, 2/2029).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саждани кўпайтириб, ул зотга ёрдамлашиш борасидаги таклифлари бир болага қарата ҳам айтилган эди:

عن مصعب الاسلمي قال انطلق غلام منا فأتى النبي صلى الله عليه و سلم فقال : أني سائلك سؤالا قال : وما هو ؟ قال : أسألك أن تجعلني من تشفع له يوم القيامة ؟ قال : من أمرك بها أو من علمك بهذا أو من ذلك على هذا ؟ قال : ما أمرني بهذا أحد الا نفسي قال : فانك ممن أشفع له يوم القيامة فذهب الغلام حدلان ليخبر أهله فلما ولى قال : ردوا علي الغلام فردوه كئيبا مخافة أن يكون قد حدث فيه شيء قال : أعني على نفسك بكثرة السجود

Мисъаб ал-Асламий разийаллоҳу анҳудан ривоят: «Бизлардан бир бола Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келди-да, «Мен сиздан бир нарса сўрамоқчиман!», деди. «Нима экан, у?», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. У бола: «Қиёмат кунида менга шафоат қиладиган зот бўлмоқлигингизни сўрайман», деди. Расулуллоҳ: «Сенга буни ким буюрди ёки сенга буни ким ўргатди ёки бу нарса сенга қаердан маълум бўлди?», дедилар. У бола: «Менга буни ҳеч ким буюргани йўқ, ўзим шуни айтмоқдаман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Майли, қиёмат кунида сени шафоат қиламан!» дедилар. Бола ўз оиласига хабар бериш учун қайтиб кетди. Қайтаётган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Болани ортига қайтаринглар», деб қолдилар. Уни бирор нохуш нарса бўлишидан қўрқиб, маҳзун ҳолда орқага қайтариб олиб келдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Сен ҳам саждани кўп қилиш билан менга ёрдамлаш!», дедилар (Табароний, 20/851; Аҳмад, 3/16120; Ибн Абу Шайба, 2/8353, 8439).

Юқоридаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Саждани кўпайтириб менга ёрдам бер!» деган маънодаги таклифларини икки хил маънода тушуниш мумкин. Сўровчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатлари сабабли жаннатга киришни исташларини айтганлари боис бу таклифни қилганлар. Сажда кўп қилган кимсанинг даражаси Аллоҳ таоло ҳузурида юксак бўлади. Уни шафоат қилиш ҳам осон кечади. Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга сажда кўп қилишни таклиф қилдилар.

Иккинчи маъно шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тақводор умматларининг кўплиги билан фахрланадилар, ул зотга эргашганларнинг қилган хайрли амалларидан манфаатланадилар, эртага юзлари ёруғ бўлади. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиёматдаги шафоат мақомлари юксак бўлиши учун умматлари ҳам дуои хайрлар қилиши, ул зотни қўллаб-қувватлаб туриши мақсадга мувофиқ бўлади. Шу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини бемалол шафоат қилишлари учун шафоат мақомида мустаҳкам ва юксак ўринга эга бўлишларини сўраш умматларга лозим бўлади. Бу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари азон айтилгандан кейин умматлари доимо ушбу дуони қилиб туришларини тавсия қилганлар:

اللهم رب هذه الدعوة التامة والصلاة القائمة آت محمدا الوسيلة والفضيلة وابعثه مقاما محمودا الذي وعدته

«Эй, Аллоҳим! Ушбу мукаммал чақириқнинг ва мустаҳкам намознинг парвардигори! Муҳаммадга василат ва фазилат бергин, уни ваъда қилганинг мақоми маҳмудда тирилтиргин!» (Бухорий, 1/614; 4/4719; Термизий, 1/211; Абу Довуд, 1/529; Насоий, 1/1644; Ибн Можжа, 1/722; Аҳмад, 3/14859).

Шунинг учун ҳам буюк саҳоба, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фақиҳ издоши Абдуллоҳ ибн Масъуд раҳимаҳуллоҳ бундай деб дуо ва саловот айтишни насиҳат қилар эди:

اللهم اجعل صلواتك ورحمتك علي سيد المرسلين وإمام المتقين وخاتم النبيين محمد عبدك ورسولك إمام الخير وقائد الخير ورسول الرحمة اللهم ابعثه مقاما محمودا يغبطه به الأولون والآخرون اللهم صل على محمد وعلى آل محمد كما صليت على آل إبراهيم إنك حميد اللهم بارك على محمد وعلى آل محمد كما باركت على آل إبراهيم إنك حميد مجيد

«Эй, Аллоҳим! Мурсалларнинг саййиди, тақводорлар имоми, пайғамбарлар охиргиси Муҳаммадга саловотларинг ва раҳматингни йўлла! У сенинг банданг ва расулинг, яхшилик имоми ва яхшилик йўлбошчиси, раҳмат пайғамбаридир. Эй, Аллоҳим! Уни аввалу охиргиларни қамраб оладиган мақоми маҳмудда тирилтиргин! Эй, Аллоҳим! Муҳаммадга ва унинг оиласига худди Иброҳим оиласига йўллаганингдек саловот йўлла! Зотан, сен ҳамидсан. Эй, Аллоҳим! Муҳаммадга ва унинг оиласига худди Иброҳимга барокотлар йўллаганингдек баракотлар йўлла! Зотан, сен ҳамид ва мажидсан!» (Ибн Можжа, 1/906; Табароний, 9/8594-8595).

Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақомлари ва камолоти илм, савоб ҳамда бошқа мартаба ва даражаларнинг зиёда бўлишини қабул қилади (Ибн Обидин. Ар-Радд ал-муҳтор. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 153).

Шунинг учун ҳам ул зоти шариф бундай деб дуо қилар эдилар:

واجعل الحياة زيادة لي في كل خير

«Эй, Аллоҳим! Мен учун ҳаётни ҳар бир яхшиликда зиёда қилгин!» (Муслим, 4/2720; Табароний, «Мўъжам ас-сағир», 2/901; «Мўъжам ал-авсат», 7/7261).

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ул зотга бундай деб дуо қилишни ўргатган эди:

و قل ربّ زدنى علمًا

«Эй, Раббим! Менга илмни зиёда қил!», деб айт!» (Тоҳо, 114).

Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбани кўрганларида қўлларини кўтариб, дундай деб дуо қилганлар:

اللَّهُمَّ زِدْ هذا البَيْتَ تَشْرِيفاً وَتَكْرِيماً وَتَعْظِيماً وَمَهابَةً وزِدْ من شَرَفِهِ وكَرَمِهِ مِمَّنْ حَجَّهُ واعْتَمَرَهُ تَشْرِيفاً وَتَكْرِيماً وَتَعْظِيماً وبِرًّا

«Эй, Аллоҳим! Бу байтнинг шарофатини, кароматини, таъзимини ва маҳобатини зиёда айла! Унинг шарофати ва кароматидан уни ҳаж қилганнинг ва умра қилганнинг шарофати, кароматини, таъзимини ва яхшилигини ҳам зиёда айла!» (Шофиъий, «ал-Муснад», 1/595; Байҳақий, 2/9480).

Ушбу ривоятдан Каъбани зиёрат қилганлар қаторига пайғамбарлар ҳам киришини эътиборга олсак, уларнинг ҳаққига шарафнинг зиёда бўлишини дуо қилиш мумкин ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб шофиъий олими, машҳур ҳадисшунос Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «ал-Минҳож» асарларининг хутбасидаёқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фазли ва шарафининг зиёда бўлишини дуо қилган ҳолда бошлаган эдилар.

Бинобарин, ул зотга саждани кўп қилиб, дуолар айлаб, қўлдан келгунча ул зотнинг шафоат мақомига эришишига ёрдамлашиш мумкин. Бу эса «туҳфаи расул» намози билан саждани кўпайтириб, унинг савобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишлаб, ул зоти шарифга бир нави ёрдамлашиш имконияти борлигини кўрсатади.

САВОБНИ РАСУЛУЛЛОҲ (С.А.В.)ГА БАҒИШЛАШ МУМКИНМИ?

 Ўликларга савобли амалларнинг савобларини бағишлаш жоизлиги ва бу билан савоблар марҳумларга етиб бориши мумкинлиги аҳли суннат ва жамоат эътиқодидаги мусулмонларнинг қарашларидир. Бунга айрим олимлар ва гуруҳлар қарши чиқадилар, холос. Мавзунинг нақадар долзарблигидан келиб чиқиб Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳам бир неча бор бунга мурожаат қилганлар. «Зикр аҳлидан сўранг…» даврий нашрларнинг бир қанча сонида бу борада муфассал далиллар ва қониқарли жавоблар эълон қилинган (Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Зикр аҳлидан сўранг…». № 9. – Б. 41-45; № 4. – Б. 33-39; № 36. – Б. 32-48; № 38. – Б. 16-23; № 55. – Б. 39-44; № 77. – Б. 3-6; № 93. – Б. 4-19).

Ушбу мавзудаги далиллардан келиб чиқиб марҳумларга дуои хайр қилиш, барча хайрли амалларнинг савобларини бағишлаш мумкин. Бинобарин, умумийликдан келиб чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг руҳларига ҳам савобларни бағишлаш жоиз бўлади.

Савоб бағишлаш мумкин бўлган ибодатларга намозлар ҳам киради. Бинобарин, намоз ўқиб, савобини бошқаларга бағишлашнинг имконияти бор (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 2-жилд. – Миср: Илмия, 1910. – Б. 63).

Ибн Нужайм ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ фикрларича, ҳатто фарз ибодатларнинг савобини бошқаларга бағишлаш мумкин, нафл ибодатларнинг савобини эса батариқи авло бағишлаш мумкин бўлади (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 2-жилд. – Миср: Илмия, 1910. – Б. 64).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақларига қироат қилиб, унга савобини бағишлашни уммати муҳаммадийянинг ижмоъсига қарши чиқишга одатланган Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ мумкин эмас, деб ҳисоблаган. Унинг фикрича, ул зотнинг баланд мақомлари буни қабул қилишга муносиб эмас, бу борада фақат изн берилган нарсаларни – саловот айтиш ва азондан кейин васила сўрашни жоиз дейиш мумкин. Унинг бу гапига Тақийуддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ кучли раддия бағишлаган ва махсус изн шарт эмас, деб таъкидлаганлар. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтаган хайрли замонларда яшаган салафи солиҳлар ул зотга бағишлаб хайрли амалларни адо қилиб келганлар. Жумладан, ўзининг кучли тақводорлиги, суннатга маҳкам боғланганлиги билан шуҳрат қозонган саҳоба Ибн Умар разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин унга бағишлаб умра амалини адо қилганлар. Ҳолбуки, буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васият қилмаган эдилар. Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳнинг замондоши Ибн ал-Муваффақ раҳимаҳуллоҳ эса етмишта ҳаж қилиб, унинг савобини айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишлаганлар. Ибн ас-Сирож раҳимаҳуллоҳ эса ўн минг марта Қуръонни хатм қилиб, савобини айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишлаганлар, ул зоти шарифга савобини атаб жуда кўп миқдорда қурбонлик қилганлар. Шунга кўра, ҳанбалий олими Ибн Ақил раҳимаҳуллоҳ айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга савобларни ҳадия ва туҳфа қилишни мустаҳаб, деганлар (Ибн Обидин. Ар-Радд ал-муҳтор. 3-жуз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 153).

«Туҳфаи расул»га эътироз билдирувчилар: «Мазкур намозни ўқийдиганлар: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шомдан кейин икки ракъат намоз ўқиб, савобини у зотга бағишлаймиз» дейишади, холос. Дунё ва охират сарвари барча гуноҳлардан маъсум бўлса, сизу бизнинг намозимиз савобига ҳожатлари йўқ. Ё бизнинг савобларимиз ошиб-тошиб кетдими?!», дейишлари мумкин. Аслида, савобни Пайғамбар алайҳиссаломга бағишлаш асло у зотнинг бунга ҳожати борлигидан эмас. У кишининг саловот айтишимизга ҳам ҳожатлари йўқ, лекин биз саловот айтаверамиз. Биринчи ўринда шу айтган саловотларимиздан ўзимиз фойда топамиз. Тиловат қилиб ёки бошқа ибодат амалини қилиб бошқаларга бағишлашдан ўша қилган одамга ҳам савоб бор, албатта. Савобга ўзимиз муҳтожмиз, деб ўзимиз ҳақимизгагина дуо қилмаймиз, бошқаларни ҳам, хусусан, марҳумларни ҳам ҳақларига дуолар қилаверамиз. Ўзимизга ҳам ўшандан фойда бор. Энди, савоб бағишлашга ва дуо қилишга марҳумлар орасида энг ҳақлиси оламларга раҳмат бўлмиш бизнинг пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эмасмилар?! Шунинг учун, тарихда ўтган Абу-л-Аббос ал-Мубаррад раҳимаҳуллоҳ, Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ каби олимлар саловотларнинг савоби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эмас, айтувчи кимсага оиддир, деган бўлсалар, Имом ал-Қушайрий раҳимаҳуллоҳ ва Имом ал-Қуртубий раҳимаҳуллоҳ кабилар эса саловот айтилганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, саловот айтувчи ҳам манфаат олади, деганлар (Ибн Обидин. Ар-Радд ал-муҳтор. 2-жуз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 228).

Имом Раббоний қуддиса сирруҳу хайр-эҳсон ва яхши амалларнинг савобини Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишлаш борасида бундай деганлар: «Садақаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳадия ва туҳфа қилиш баракоти ва файзидан ҳадия ва туҳфа қилувчи ҳам манфаат ва фойда олади. Шунинг учун ўликларга бирор савобни бағишлаётганда энг аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга алоҳида туҳфа қилиши лозим. Зотан, бошқа одамларнинг ҳақларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақлари юқоридир. Яна ул зоти шарифнинг ҳурматлари ва туфайлиларидан қилинган савобли иш қабул бўлгусидир. Агар хайр-эҳсон қилишда ниятларини тўғрилай олмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишлашни ният қилсин, шунинг баракотидан агарчи ўша иш риё билан бўлса-да, мақбул ҳисобланади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга савоб етиб боради» (Имом Раббоний. Мактубот. 3-жилд. – Деҳли: Муртазавий, 1260. – Б. 56-57).

Расули акрам ва Ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айнан намознинг савобини бағишлаш мумкинлиги борасида қорилар сардори Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳунинг ҳадиси далил бўлади:

قال أبي قلت يا رسول الله إني أكثر الصلاة عليك فكم أجعل لك من صلاتي فقال ما شئت قال قلت الربع قال ما شئت فإن زدت فهو خير لك قلت النصف قال ما شئت فإن زدت فهو خير لك قال قلت فالثلثين قال ما شئت فإن زدت فهو خير لك قلت أجعل لك صلاتي كلها قال إذا تكفى همك ويغفر لك ذنبك

«Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳу: «Эй, Расулуллоҳ! Мен сизга кўп намоз ўқийман. Намозимнинг қанча қисмини сизга бағишлай?» деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хоҳлаганингча қилавер!» дедилар. Убай разийаллоҳу анҳу: «Тўртдан бирини бағишлайман», деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хоҳлаганингча қилавер! Агар бундан ҳам кўпайтирсанг, ўзингга яхши бўлади», дедилар. Убай разийаллоҳу анҳу: «Ярмини бағишлайман» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хоҳлаганингча қилавер! Агар бундан ҳам кўпайтирсанг, ўзингга яхши бўлади» дедилар. Убай разийаллоҳу анҳу: «Учдан иккисини бағишлайман», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хоҳлаганингча қилавер! Агар бундан ҳам кўпайтирсанг, ўзингга яхши бўлади», дедилар. Убай разийаллоҳу анҳу: «Намозимнинг ҳаммасини сизга бағишлайман», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундай қиладиган бўлсанг, ғамингга кифоя бўлади, сенинг гуноҳларингга мағфират бўлади», деб марҳамат қилдилар» (Термизий, 4/2457; Ҳоким, 4/3578).

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни “ҳасани саҳиҳ”, деганлар. Мазкур ҳадис матнидаги «солат» сўзини ҳадисшунослар намоз, саловот ва дуо деганлар.

Демак, қандайдир намознинг, масалан, шомдан кейинги икки ракъат намознинг савобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишлаш, туҳфа қилиш мумкин бўлади.

Гарчи асосий далил сифатида ишлатиш мумкин бўлмаса-да, қўшимча равишда зикр қилиш ўринли бўладиган битта воқеа ҳам бор. Ишончли бир банда айтади: «Рамазон кунларининг бирида қайлула вақтида ухлаб, тушимда оламларга раҳмат бўлмиш зоти шариф – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим. Ул зот Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари билан бирга эдилар. Салом-аликдан сўнг узоқ суҳбатлар бўлди. Суҳбат асносида мен: «Эй, Расулуллоҳ! Аҳли суннат ва жамоат эътиқодидагилар савобларни марҳумларга бағишлашни жоиз деб биладилар. Бир гуруҳ жамоат эса бу нарса жоиз эмас, деб ҳукм қилганлар. Қуръон ўқисалар, унинг савобини марҳумларга бағишлаш мусулмонлар орасида одат тусига кирган. Шу жумладан, Қуръон ўқилгандан сўнг энг аввал Сиз ҳазрати олийларига савоб бағишлайдилар. Бу нарса Сизга етиб борадими?», деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, албатта. Ўша гуруҳнингина савоблари етиб бормайди, холос» дедилар. Шундан сўнг мен: «Эй, Расулуллоҳ! Айрим сўфийлар шом намозидан кейин «туҳфаи расул» деган икки ракъатли намоз ўқиб, унинг савобини Сизга бағишлайдилар. Мен ҳам гоҳ-гоҳида шундай қилиб тураман…», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу гапни эшитиб ниҳоятда хурсанд бўлиб кетдилар, юзларидан ғоят даражада шод бўлганлари билиниб турарди. Ул зоти шариф: «Умматларим орасида шундай қиладиганлари ҳам бор-а!», деб Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳга юзланиб, бу ишни маъқуллаганларини билдирдилар».

НАМОЗ ХАЙРЛИ МАВЗУДИР

 Ўзининг тақвоси ва кўп ибодати билан танилган машҳур саҳоба Абу Зарр ал-Ғифорий разийаллоҳу анҳу масжидга кирганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилган узоқ суҳбатлари жуда ибратлидир ва бугун ҳам кўп ибодат қилувчилар учун дастуруламалдир. Мазкур ҳадиси шариф «Абу Зарр ҳадиси» номи билан шуҳрат қозонган. Саҳиҳлиги таъкидланган ушбу ҳадиснинг бир қисми қуйидагича:

يا أبا ذر إن للمسجد تحية قلت : و ما تحيته يا رسول الله ؟ قال : ركعتان فركعتهما ثم التفت إلي فقلت : يا رسول الله إنك أمرتني بالصلاة فما الصلاة ؟ قال : خير موضوع فمن شاء أقل و من شاء أكثر

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй, Абу Зарр! Масжиднинг таҳийяти – ҳурмати бўлади», дедилар. Абу Зарр разийаллоҳу анҳу: «Эй, Аллоҳнинг элчиси! Масжиднинг таҳийяти қанақа бўлади?» деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг икки ракъат бўлишини айтдилар. Абу Зарр разийаллоҳу анҳу дарҳол икки ракъат намоз ўқиб олди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарата: «Эй, Расулуллоҳ! Сиз мени намозга буюрдингиз, намознинг ўзи нима?», деб мурожаат қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилдилар: «Намоз хайрли мавзудир. Кимки хоҳласа, уни оз қилади, ким хоҳласа, кўпайтиради» (Ҳоким, 2/4166; Табароний, 8/7871; Ибн Ҳиббон, 2/361; Аҳмад, 5/21586, 21592, 22342; Баззор, 2/4034; Таёлусий, 1/478).

Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай деганлар:

الصلاة خير موضوع فمن استطاع أن استطاع أن يستكثر فليستكثر

«Намоз хайрли мавзудир, кимки қодир бўлса, қудрати етгунча кўпайтирсин. Намозни кўпайтираверсин!» (Табароний, «Мўъжам ал-авсат», 1/243).

Бу ҳадиси шарифлардаги «мавзуъ» сўзи «янги тўқилган», «янгидан тузиладиган», «инсон ихтиро қилиши мумкин бўлган» деган маъноларда келтирилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Демак, юқоридаги ҳадиси шарифлар инсон нафл ибодатларни ўқишда ихтиёрли экани, қачон хоҳласа, қанча хоҳласа, қандай ном билан хоҳласа, шу тарзда ўқиши мумкинлигига очиқ далолат қилади. Ҳатто шофиъийлар бир ракъатли нафл бўлиши мумкинлигига ушбу ҳадисни далил қиладилар. Бу эътибордан, мана шу нуқтаи назардан тасаввуф машойихлари ўз муридлари дунёвий ишларга берилиб кетмаслиги учун уларни ўзлари белгилаб берган турли ибодатлар билан машғул қилиб қўйганларини тушуниш мумкин.

ФИҚҲИЙ ҚОИДАЛАРГА КЎРА «ТУҲФАИ РАСУЛ»

 Фиқҳнинг бир йўналиши бўлмиш «қавоиди фиқҳийя» – «фиқҳий қоидалар» ўзининг қисқа ва лўнда иборалари, шариатнинг бир неча муҳим тармоқларини ўзида мужассам қилган маънолари билан ажралиб туради. Ана шундай фиқҳий қоидалардан бири: الأصل فى الأشياء الإباحة  – «Нарсалардаги асос мубоҳликдир». Мазкур қоидага кўра ҳар бир амал аслида мубоҳдир. Уни ҳаром ёки макруҳ дейиш учун далил керак бўлади. Бундай далил оят ёки ҳадиснинг аниқ иборасидан ёки сариҳ далолатидан чиққан бўлиши керак. Бу борада умумийлик, ҳар хил эҳтимоллар ўртага ташланишининг фойдаси йўқ. Акс ҳолда, ҳар қандай иш тўғрисида оят ва ҳадисдан умумий ҳукмлар, истаганча эҳтимолларни кўндаланг қилиш мумкин. Бундай бўлган тақдирда, шариат ҳукмларини торайтириш, инсониятга ҳараж юзага келади. Энди, юқоридаги фиқҳий қоидага кўра «туҳфаи расул» намози аслида мубоҳ. Уни ҳаром ёки макруҳ дейиш учун «Туҳфаи расул»дан қайтарган аниқ иборали оят ва ҳадис даркор бўлади. Бундай оят ёки ҳадиснинг ўзи йўқ. Бинобарин, «туҳфаи расул» намози мубоҳлигича қолади.

Фиқҳий қоидалардан яна бири: إستعمال الناس حجّة يجب العمل بها – «Одамларнинг истеъмоли амал қилиш вожиб бўладиган ҳужжатдир». Яъни, одамларнинг бирор нарсани кўп ишлатишлари, уларнинг таомули амал қилиш лозим бўладиган ҳужжат ва далил ҳисобланади. Амалиётда жорий бўлиб келган урф-одат шаръий ҳукм сифатида инобатга олиниши даркор. Фиқҳий қоидалардан яна бири:  التعيين بالعرف كالتعيين بالنصّ – «Урф билан танилган нарса далил билан танилган кабидир». Бу икки қоидага кўра аҳли илмлар орасида инкорсиз адо қилинаётган «туҳфаи расул» намозини ўқиш жоиз бўлади.

«ТУҲФАИ РАСУЛ»ГА ЭЪТИРОЗ БИЛДИРУВЧИЛАРНИНГ АЙРИМ ФИКРЛАРИ

 «Туҳфаи расул» борасидаги тортишувларда кўпгина эътирозли фикрлар эшитилиб қолади. Бундай фикрлар билан танишиб ўтиш фойдадан холи бўлмайди.

1) Хитоб қилинган мулоҳазалардан бири қуйидагича: «Одам ўзича бир намоз кашф қилиши ғирт илмсизликдир. Бизнинг диёрларда «шукри вузуъ» дейиладиган намозга далил бор, «таҳийёт ал-масжид»га далил бор, истихора, истисқо, хусуф ва кусуф намозларига далил бор, таҳажжудга далил бор… Лекин, ҳеч кимнинг ўзича динга янгилик қилишга ҳаққи йўқ. Хоҳ аллома бўлсин, хоҳ авлиё. Шунақа ҳолатларга эътибор беравермасак, насронийлардан фарқимиз қолмайди. Ҳар нарсанинг қолиби бор. Шу жумладан, динимизда ҳам. Ундан тошиб кетсак ҳам адашамиз, камайтирсак ҳам!».

Сўфийлар ўқийдиган «туҳфаи расул» борасида гап кетганда бу эътироз унчалик тўғри эмас. Илмли олимлар, қол ва ҳол илмидан бохабар тасаввуф шайхлари бундай намозларни айтган бўлса, «илмсизлик» бўладими? Тасаввуф шайхлари муридларни тарбия қилар экан, уларни ибодатга муҳаббатли қилиб камолга етказиш мақсадида умумий нафлларни ўқиш жоизлигидан келиб чиқиб, уларга муайян вақтларни белгилаб, шу вақтларда нафл намозларни ўқишни тавсия қилганлар. Бироқ, бундай намозларни суннат намозлар даражасига кўтариш, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда саҳобалардан қолган ибодатлар, деб билиш асло мумкин эмас. Уларни ўқиш ҳам мумкин, ўқимасдан ўтказиб юбориш ҳам мумкин. Уларни ўқийман, деб фарз, вожиб, суннати муаккада намозлардан қолиб кетиш, кечиктириш асло жоиз эмас, албатта. Буни шайхлар муридларига таъкидлаб келганлар. Муридларнинг бу қоидалардан ғофил қолишлари, тўғри тушунмаганликлари тасаввуфнинг ва машойихларнинг айби эмас.

«Ҳеч кимнинг ўзича динга янгилик қилишга ҳаққи йўқ. Хоҳ аллома бўлсин, хоҳ авлиё» деган гапга келсак, бундай янгилик шариатда мутлақо йўқ бўлса, шундагина ушбу мулоҳаза тўғри келади. Шариатда сароҳат келган далилларга, ишора орқали билдирилган хабарларга, саҳобалар даврида қатъий инкор қилинмаган ишларда у залолатга бошловчи бидъат бўлиб қолмайди. Зотан, «туҳфаи расул» шомдан кейин ўқиладиган нафллар жумласига кириб, унинг асли аввобин намози ёки йигирма ракъатли нафл сифатида ҳадисларда зикр этилгани юқорида қайд қилинган эди. Бу ерда «туҳфаи расул» ушбу намозлардан бирининг ажамча номи ҳам дейиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқорида зикр қилинган: «Намоз хайрли мавзудир, кимки қодир бўлса, қудрати етгунча кўпайтирсин» деган иршодлари бунга асос бўла олади.

«Ҳар нарсанинг қолиби бор. Шу жумладан, динимизда ҳам. Ундан тошиб кетсак ҳам адашамиз, камайтирсак ҳам!» деган гапни шариатда мутлақо асоси йўқ нарсалар эвазига динга зиёдалик қўшиш маъносида тушунилса, тўғри. Бироқ, асли шариатда бор, шариатнинг умумий мақсадларига уйғун келадиган, унга ишора қилинган амалларни қанчалик кўпайтирсак, шариат шунчалик қувват топиши ўз-ўзидан маълум. «Туҳфаи расул» намозини ҳадисларда умумий маънода зикр қилинган шом билан хуфтан орасида ўқиладиган нафл ибодатлар жумласига киритсак, масала унчалик қўрқинчли бўлмай қолади.

2) «Туҳфаи расул»ни нафл намоз дейиш хато. Бир амални динда бор, уни қилса савоб бўлади, дейиш тўғри эмас», деган фикрга келсак, аслини олганда у нафл намози экани ўз-ўзидан аён. Нафл ибодатларга эса савоб олиниши ҳам бор гап. Нафлни эса инсон ўзи ихтиёр қилган вақтида адо қилаверади. Ушбу эътирозга умумий маънода қуйидагича жавоб берилган: «Туҳфаи Расул» намози фарз ва вожиб намозлари орасида йўқ экан, уни нафл деса бўлади. Ҳадисларда тилга олинган нафл намозлардан бошқасини ўқишга мўъминнинг ҳаққи йўқми?! Масжидга кирмади, уйида ўтирибди; шукри вузуъни бир неча соат олдин бажарган, ҳали бошқа вузуъ қилмади; истихора, ҳусуф, кусуф намозларига эҳтиёж сезилмаяпти, зуҳонинг ҳам, таҳажжуднинг ҳам вақти эмас, шундай вақтда оддий нафл ўқиса бўладими? Агар бўладиган бўлса, унинг савобини марҳумларга бағишласа, бўладими?». Ҳа, албатта бўлади!

3) «Айни бир вақтда хослаб олинган ва уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан дея эътиқод қилинган «туҳфаи расул» номли намоз жоиз эмас. Бу ерда таъқиқланган вақтлардан бошқа вақтларда нафлни ўқийдиганларга эътироз йўқ», деган эътирозни ҳам билдириш мумкин. Агар «туҳфаи расул»ни ўқишни айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганлар ёки ҳадиси шарифларда айни намозни ўқиш ҳақида далиллар бор дейилса, бу фикр мутлақо хато бўларди. Лекин, инсоф билан айтганда, бундай фикрни ҳеч бир уламо, ҳеч бир тасаввуф шайхи айтган эмас. Бирор нафлни бир вақтда хослаб олиб, ўқиб юриш инсонга жоиз амалдир. Зотан, бирор кунни белгилаб, шу кунларда рўза тутиб юриши инсонга жоиз-ку! Ҳар йили муайян бир вақтда умрага бориш инсонга мумкин-ку! Демак, қуйидагича саволлар қалблардан қайнаб чиқаверади: банда ўз ихтиёри ила роббисига сиғинса, бидъат бўладими? Фарз намозларидан бошқа намоз ўқиса, масалан, тунда уйқуси қочиб, ҳар куни намоз ўқиса, бидъат бўладими, муайян бир вақтда ибодат қилгани учун гуноҳкор бўлиб қоладими? Саҳобийи киромлар фақат беш вақт намоз ўқиб, қолгани бидъат бўлади, деб бошқа намоз ўқимаганларми? Қуръон ўқиб савобини жанобимиз Пайғамбар алайҳиссалом ва барча ўтиб кетган мусулмонлар руҳларига бағишлашга одатланган кимса ёмон иш қилаётган бўладими?!

4) «Туҳфаи расул»га эътироз билдирадиганлар қуйидаги фикрларни ҳам айтишлари мумкин бўлади: «Инсон хоҳлаган вақтида нафл ўқиса, бўлаверади, унга савоб олади. Бироқ, айни бир вақтни хусуслаб, намозга ном бериб ўқиши учун далил керак. «Туҳфаи Расул» намози яқин ўтмишда тасаввуфдаги баъзи бир илмсизлар келтириб чиқарган намоздир. Унга ҳеч бир далил келтира олишмаган. Далиллари фақат ақлий, холос». Бу эътирознинг биринчи қисми, яъни «туҳфаи расул» учун далил керак, у далил ақлий бўлиши керак эмас, деган қисмига мақоламиз аввалу охирида жавоб берилган дейиш мумкин. Айримлар томонидан бу эътирозга нисбатан қуйидаги иккита жавоб берилганини зикр қилиш ўринли: а) Ҳар кимнинг ўзига яраша одати бўлади. Баъзилар ҳар куни бир вақтда нафл намоз ўқиб юришни одат қилади. Баъзилар ҳафтанинг муайян бир кунини белгилаб, ўша куни нафл ўқиш билан ўтказади. Бундай амални бидъат деб бўлмайди. Тасаввуф аҳлларидан агар шомдан кейин икки ракъат намоз ўқиш одати содир бўлса, уни бидъатга чиқариш керак эмас. Агар буни бидъат дейилса, инсон зикр учун ҳар куни бир вақтни белгилаб олганини ҳам бидъат дейишга тўғри келади. Тасаввуф аҳлининг бундан бошқа ҳам белгилаб олган ўзига хос ибодатлари бор, уларнинг ҳаммасини бидъатга чиқариш яхши эмас, уларни ҳеч ким бидъат демаган. б) Иш ва нарсаларга баҳо беришда уларнинг номлари эмас, моҳиятлари муҳимдир. Ароқни чой деб ичилса ҳам гуноҳкор бўлинганидек, садақани ҳадия дейиш мумкин бўлганидек, ҳадисларда тилга олинган «аввобин» деган намозни «туҳфаи расул» деб аташ мумкин бўлса керак.

5) «Ислом шариати аҳкомлари тўрт мазҳаб соҳиблари иттифоқ қилган тўрт нарсадан: Қуръон, суннат, ижмоъ ва қиёсдан олинади. Яъни, ўзидан ўзи бир нарса кашф қилинмайди. «Туҳфаи расул» ўқиётганлар мана шу тўрт нарсадан далиллари борми? Ўтган уламолардан бирортаси ўша нарсани қилдиларми?», деган эътироз ҳам тортишувлар асносида хитоб қилиниши мумкин. Мақоланинг аввалида мана шу ерда айтилган суннатга қиёс қилиб, «туҳфаи расул» намози бўлиши мумкинлиги исботланди: аввобин ва шом билан хуфтан намози орасида ўқиладиган номи айтилмаган йигирма ракъатли нафллардан бирини «туҳфаи расул» деб атаб олиш мумкин; икки нафлни бир қўшиб адо қилиш мумкин; амалларнинг номи эмас, моҳияти муҳим ҳисобланади; мусулмонлар кўп сажда қилиб, яъни кўп нафл ибодатлар қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёрдам беришлари мумкин; бундай нафл ибодатларни инсон муайян бир вақтларда адо қилиб юриши мумкин.

6) «Инсон бир вақтни ўзи учун белгилаб, доим нафл ўқиб юрса, бўлади. Буни أوجب على نفسه дейишади. Лекин уни одамлар орасида: «Уни сиз ҳам ўқинг!» деб тарқатмаслик керак. Бунга бир тус ва ном бервормаслик дозим. Зеро, одамлар нотўғри тушуниб, уни шариатдан деб эътиқод қилворишлари мумкин. Агар  инсон бирор зикр ёки амални ўзи учун бажариб юрар экан, уни шариат буюрган амал, деб даъво қилмаса, уни ўз ҳолига қўйиш керак. Унга савоб беришни ёки бермасликни Аллоҳ таолонинг ўзи билади!».

Қаранг: мусулмон ўзи ҳафтанинг муайян бир кунини хослаб бирор нафл рўзани тутиб юриши мумкин; мусулмон ҳар йилнинг муайян бир ойини хослаб умра сафарига чиқиши ҳам мумкин; мусулмон бирор кимсани хослаб, муайян бир вақтда унга ўзи белгилаган муайян суммани ёки нарсани садақа қилиб туриши мумкин; мусулмон муайян бир диний китобдан фақат ўзи танлаган маълум кунларда, маълум бир устоз олдида таълим олиши мумкин; мусулмон фақат ўзи истаган одамдан бир хил ёшдаги, бир хил рангдаги қўчқорни олиб, нафл қурбонлик мақсадида ўзи истаб, танлаб қўйган бир вақтда сўйиб, эҳсон қилиб туриши мумкин; шунингдек, мусулмон ўзи истаган муайян вақтни хослаб, ўша вақтда нафл намоз ўқиб туриши мумкин. Мусулмон ўша ўзи танлаган мана шу ибодатларига ном қўйиб олиши ҳам мумкин. Зотан, умумий маънода бу ибодатларни мусулмоннинг адо қилиб юриши жоиздир.

«ТУҲФАИ РАСУЛ» НАМОЗИ УЛУҒ МАШОЙИХЛАРНИНГ «СУННАТ»И БЎЛИШИ МУМКИНМИ?

 «Туҳфаи расул» намозини ўқувчиларнинг айтишига қараганда, ушбу намоз айнан Расули акрам ва Ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматига қолдирган суннати бўлмаса-да, бироқ, уммат орасидаги улуғ машойихлар, парҳезгор уламолар, тақводор сўфийлар томонидан ўқиш одат бўлган ўзига хос «суннат» ҳисобланади. Суннат дегани, аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яхши кўриб бажариб юрган ишлари ва сўзларига нисбатан айтилади. Уни оддийгина қилиб, «хайрли одат», «муқаддас одат» дейиш мумкин. Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа муайян шахснинг яхши кўриб ишлаб юрган одати унга эргашган ва ихлос қўйганларга «суннат» бўлиши мумкинми? Бу ерда «суннат» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати каби бўлмайди, унга тенглаштирилмайди, албатта.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганлари жуда машҳурдир:

  فإنه من يعش بعدي فسيرى اختلافا كثيرا فعليكم بسنتي وسنة الخلفاء بعدي الراشدين المهديين

«Мендан кейин яшаган кимса жуда кўп ихтилофларни кўради. Сизлар ўшанда менинг суннатим ва мендан кейин тўғри йўлдан борган ва тўғри йўлга йўлловчи халифаларнинг суннатини ўзингизга лозим тутинг!» (Абу Довуд, 2/4607; Термизий, 4/2676; Ибн Можжа, 1/42; Доримий, 1/96; Байҳақий, 10/20125; Табароний, 18/617-619; Ҳоким, 1/329; Аҳмад, 4/17182).

Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз суннатларига хулафои рошидиннинг  «суннат»ларини тенглаштирмоқдалар. Одамлар буни исломнинг илк асрларидаёқ яхши билганлар. Намозда рукуъда тиззаларни ушлаб туриш Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳудан «суннат» экан. Буни тобеъинлардан Абу Абдурраҳмон ас-Сулламий раҳимаҳуллоҳ айтганлар:

ولكن عمر قد سن لكم الركب فخذوا بالركب

«Лекин Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу сизларга тиззаларни «суннат» қилган. Шунинг учун тиззаларни ушланглар!» (Абдурраззоқ, 4/2863).

Хулафои рошидиндан бошқаларнинг ҳам «суннат»и бўлиши мумкинми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа саҳобаларининг хайрли ишларини ҳам «суннат» дея баҳолаганлар:

Имомнинг намозига кеч қолган бир саҳобий имом салом берганидан сўнг туриб қўшилолмай қолган ракъатларини ўқибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни кўриб, уни кимдан ўрганганини сўрадилар. Шунда у кимса бу ишни саҳоба Муоз ибн Жабал разийаллоҳу анҳудан кўриб, ўрганганини айтган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

قد سن لكم معاذ فهكذا فافعلوا او فأقتدوا به

«Муоз сизларга «суннат» қилибди. Мана шундай ишни қилинглар!» (Табароний, 20/270-271; Байҳақий, 2/3433; 3/4925-4926; Аҳмад, 5/22177). Бир ривоятда «Унга эргашинглар!», деганлар.

Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ривоятида мазкур саҳиҳ ҳадис лафзи қуйидагича:

فَقَالَ إِنَّ مُعَاذًا قَدْ سَنَّ لَكُمْ سُنَّةً كَذَلِكَ فَافْعَلُوا

«Шак йўқки, Муоз сизларга бир «суннат»ни барпо қилибди. Ана ўшандай қилинглар!» (Абу Довуд, 1/506).

Муоз ибн Жабал разийаллоҳу анҳу худди мана шу ишини бошқа бир фақиҳ саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳудан кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай деган эдилар:

إن ابن مسعود سن لكم سنة فاستنوا بها

«Ибн Масъуд сизларга бир «суннат»ни барпо қилибди, ўшани «суннат» қилиб олинглар!» (Абдурраззоқ, 4/3176).

Энди, кейинги даврларда ҳам эргашишга лойиқ ёки нолойиқ «суннат»ларни жорий қилувчи, ўйлаб топувчилар ҳам бўлиши мумкинми? Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги саҳиҳ ҳадислари жавоб бўла олади:

من سن في الإسلام سنة حسنة فعمل بها بعده كتب له مثل أجر من عمل بها ولا ينقص من أجورهم شيء ومن سن في الإسلام سنة سيئة فعمل بها بعده كتب عليه مثل وزر من عمل بها ولا ينقص من أوزارهم شيء

«Кимки исломда бирор гўзал «суннат»ни жорий қилса, ундан сўнг ким унга амал қилса, амал қилганнинг ажридек савоб унга ёзилади. Амал қилганларнинг ҳам ажридан бирорта нарса камайтирилмайди. Кимки исломда бирор ёмон «суннат»ни ўйлаб топса, ундан сўнг ким унга амал қилса, амал қилганнинг гуноҳидек гуноҳ унга ёзилади. Амал қилганларнинг ҳам гуноҳидан бирорта нарса камайтирилмайди» (Муслим, 4/1017; Табароний, 2/2313).

Бошқа ривоятда ушбу маъно қуйидагича ифодаланган:

من سن سنة حسنة فإن له أجرها و أجر من عمل بها من غير أن ينقص من أجورهم شيء و من سن سنة سيئة كان عليه وزرها و مثل وزر من عمل بها من غير أن ينقض من أوزارهم شيء

«Кимки чиройли «суннат»ни қиладиган бўлса, унга унинг савоби бўлади. Унга амал қилганларнинг ҳам савоби, уларнинг савобларидан ҳеч нарса камайтирилмасдан унга ҳам бўлади. Кимки ёмон «суннат»ни қиладиган бўлса, унга унинг гуноҳи бўлади. Унга амал қилганларнинг ҳам гуноҳи, уларнинг гуноҳларидан ҳеч нарса камайтирилмасдан унга ҳам бўлади» (Ибн Можжа, 1/199-200; Доримий, 1/521-523; Ибн Хузайма, 4/2477; Байҳақий, 4/7531; Табароний, 2/2312; Аҳмад, 4/19206, 19223, 19225; Баззор, 2/4208; Ибн Абу Шайба, 3/9895).

Яна бошқа ривоятда эса ушбу маъно қуйидагича ифодаланган:

من سن سنة خير فاتبع عليها فله أجره ومثل أجور من اتبعه غير منقوص من أجورهم شيئا ومن سن سنة شر فاتبع عليها كان عليه وزره ومثل أوزار من اتبعه غير منقوص من أوزارهم شيئا

«Кимки яхши «суннат»ни юзага чиқарса ва унга ўзи эргашса, унга унинг ажри бўлади ва ушбу «суннат»га эргашувчиларнинг ажрлари каби савоблар ҳам унга ҳеч кам бўлмасдан берилади. Кимки ёмон «суннат»ни юзага чиқарса ва унга ўзи эргашса, унга унинг гуноҳи бўлади ва ушбуга эргашувчиларнинг гуноҳлари каби гуноҳлар унга нуқсонсиз берилади» (Термизий, 4/2675; Табароний, «ал-Мўъжам ал-авсат», 4/3693; Аҳмад, 2/10563).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари шомдан кейин олти ракъат нафл – «аввобин» намозини ўқишни тавсия қилганлар. Демак, ана ўшанинг икки ракъатини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга туҳфа-ҳадия қилишни жорий этиш машойихларимиздан қолган яхши «суннат»лар жумласидандир.

ХУЛОСА

Юқоридаги маълумотлардан шу нарса маълум бўладики, «туҳфаи расул» намозини ўқиш мумкин. Лекин, бу амал нафл даражасидан ҳам паст мубоҳ амал ҳисобланади. Уни шаръий кўрсатма асосида шариатга киритилган, деб бўлмайди. Уни ўқиса ёхуд ўқилмай қолса гуноҳкор бўлинади, дейиш мутлақо тўғри эмас.

Уни ўқишнинг жоизлиги эса қуйидаги шаръий қоидаларга асосан бўлади:

1) Хоҳлаган одам хоҳлаган вақтида хоҳлаганча нафл ўқиши мумкин;

2)Амаллар аслида мубоҳ бўлиб, уни таъқиқлаш учун аниқ ва сариҳ далил керак бўлади. «Туҳфаи расул» эса таъқиқланмаган мубоҳ амал бўлади;

3) Мусулмон ўз тили ва тушунчасига биноан ибодатларга ном қўйиб олиши мумкин. Айниқса, фарз ва вожиблардан ташқари суннат ва нафл ибодатларни таъйин қилиш шарт эмаслиги ҳақидаги фиқҳий қоида ҳам шомдан кейинги нафлга «туҳфаи расул» деб ном қўйиб олишга ижозат беради;

4) Шом намозидан кейинги олти ракъат «аввобин» намозининг икки ракъатининг савобини оламларга раҳмат бўлмиш Расули акрам ва Ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишлаш мумкин;

5) Улуғ устозлар, буюк машойихлар, тақводор уламоларнинг яхши кўриб бажариб юрган, ўзлари унда ношаръийлик кўрмаган хайрли амалларини давом қилдириш мақбулдир.

«Туҳфаи расул»ни ўқувчилар эса қуйидагиларни билиб қўйишлари лозим:

1. Ушбу намозни ўқимайдиганлар ва ўқишни бидъат деб биладиганлар билан мунозарага борилмайди. Уни бидъат дегувчиларнинг гапига раддия берилмайди, чунки, ушбу намоз охирги асрларда пайдо бўлган, моҳият эътибори билан бидъат амал экани рост ва ҳақиқатдир. Уни бидъати ҳасана, деб баҳоласа бўлади;

2. Ушбу намоз исломнинг таниқли уламо ва фақиҳлари томонидан тавсия қилинган эмас;

3. Ушбу намоз ҳозирда, асосан, қадим Мовароуннаҳр ҳудудида яшовчи халқлар орасидагина мавжуд;

4. Ушбу намознинг асли ҳақиқий суннатда баён этилган шомдан кейинги олти ракъатли «аввобин» намози бўлиб, ушбу намознинг икки ракъатининг савобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳадия, туҳфа сифатида ўқилади, холос. Шунинг учун унинг ниятини, масалан, «Икки ракъат аввобин намозини Расулуллоҳга туҳфа қилиш учун ўқишни ният қилдим», («Ният кардам бигузорам солати аввобинро баройи туҳфаи расул»), шаклида қилган маъқул;

5. Ушбу намозни ўқишни муридларига буюрган ёки тавсия қилган шайху машойихнинг бу буйруғи ва тавсияси исломий вожиб ёки шаръий суннат даражасига кўтарилмайди;

6. «Туҳфаи расул» намозини хоҳлаган одам хоҳлаган пайтда ўқиши мумкин, уни шомдан кейинга хослаб қўйиш шарт эмас. Уни айнан тариқатга кирган кимсалар, агар шайхлари тавсия қилган бўлса, ўқиганлари мақсадга мувофиқдир.

7. Фиқҳий қоидага кўра ушбу намозда мусулмон ўзи билган ва хоҳлаган сураларни ўқиши мумкин бўлади. Китобларда тавсия қилинган ёки шайхлар кўрсатган сураларни ҳам ўқиш мумкин;

8. Асли «аввобин» бўлган икки ракъат намоз савобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишланаётгани боис унга алоҳида эҳтимом билан қараш: намознинг суннат ва мустаҳабларига қаттиқ аҳамият бериш; намозда ҳаром ва макруҳ бўладиган амаллардан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш; шошилмасдан, қироатларни чиройли ўқиш; рукуъ ва саждалардаги тасбеҳларга аҳамият бериб, таъдили арконни ўз ҳаққида адо қилиш лозим бўлади.

9. Ушбу намоз фитна бўлмаслиги учун жамоат жойларида, айниқса, уни бидъат дейдиганлар даврасида ўқилмайди. Ўқилмай қолганда эса унинг қазоси йўқ.

Шариати исломийяда доимо ибодатларга тарғиб қилиб келинган. Шомдан кейин ўқиладиган олти ракъатли нафл ибодатни ўқиш ҳадиси шарифларда алоҳида таъкидланган. Мана шулардан ақалли икки ракъатининг савобини оламларга раҳмат бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишлаб, уни «туҳфаи расул» деб аташ мумкин. Бироқ, бундай қилиш ва бундай деб аташ мутлақо ихтиёрий бўлиб, шаръий мажбуриятга эга эмас.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Масъудхон Эшон

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *