Расулуллоҳ жаноблари ҳам башар эдилар

Lotin alifbosida

(Бир ҳадис шарҳи)

عن أم سلمة رضي الله عنها عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: «إنما أنا بشر مثلكم و إنكم تختصمون إلي ولعل بعضكم أن يكون ألحن بحجته من بعض فأقضي بنحو مما أسمع فمن قضيت له من حق أخيه شيئا فلا يأخذ فإنما أقطع له قطعة من النار«.متفق عليه.


Онамиз Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинди: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Албатта, мен ҳам худди сизлардек бир башарман. Ва албатта, менинг олдимга хусумат қилиб келасизлар, табиийки баъзиларинг баъзиларингдан кўра гапдонроқ, ҳужжат келтиришда устароқ бўласиз. Мен эса ундан эшитганимга қараб ҳукм чиқаришим мумкин. Бас, кимнингдир фойдасига биродарининг ҳаққидан андак нарсани ҳукм қилиб қўйсам, у уни асло олмасин! Чунки, унга оловдан бир парчани тайинлаб қўйган бўламан.”  (Муттафақун алайҳ).

Изоҳ:

Турбуштий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу иборанинг шарҳида айтган: “Ҳадиснинг аввалида (“мен ҳам башарман”), деган сўзлари билан бошлашининг сабаби шуни уқтириб қўйишликдир-ки, нисён-унутиш, саҳв-билмасдан адашиб кетиш хусусиятлари инсон табиатига мос, тез-тез учраб турадиган хусусиятлардандир. Шунингдек, башарий вазият нарсаларнинг зоҳирий-ташқи кўринишини идрок қила олади холос. Зеро инсон шундай яратилганки, у нарсаларнинг ҳақиқатини тўлиқ англашдан тўсиб турувчи қазийя-қоидалардан омонда бўла олмайди, беихтиёр ўша қоидалар асосида ҳукм қилиб қўйиш эҳтимоли юқори бўлади. Киши бирон гапни эшитиб, унинг ҳаёлига “шу тўғри”, деган фикр келиши, аслида эса ҳақиқат унинг акси бўлиб чиқиши мумкин ва эҳтимоли юқори ишлардандир.

Яъни, иборанинг умумий маъноси қуйидагича: “Мен агар инсоний жибиллам-хилқатимга қўйиб берилсам, ваҳйи самовий билан қўлланмасам, менинг ҳаёлимга ҳам бошқа инсонларнинг ҳаёлига келган нарсалар келади”.

Агар эътироз тариқасида: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча сўзлари-ю феъллари ва жами ҳолатларида маъсум яъни, хато ва адашувлардан сақланган эмасми?”—дейилса,  унга жавобан айтамиз: “исмат инсон қасддан қилган ва гуноҳ ҳисобланадиган ишларда бўлади. Биз баҳс олиб бораётган мавзу эса унга дахлдор эмас. Чунки Аллоҳ таоло ечими ваҳий билан ҳал қилинмаган муаммоларни ҳал қилишда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам бошқа инсонларга кўрсатган йўлни кўрсатган, амр қилган. Яъни, у—тўғри қарор қилишга ижтиҳод қилмоқдир! Бу маънога Умму Салама онамиздан ривоят қилинган бошқа бир ҳадис маъноси ҳам яқин. Унда шундай дейилган: “انا اقضي بينكم برأي فيما لم ينزل علي  яъни, мен ечими нозил қилинмаган муаммоларда ўз райим билан ҳукм чиқараман”.

(Мумкин баъзиларинг баъзиларингдан кўра ҳужжат келтиришда гапдонроқ, устароқ бўласиз). Гапга усталик қилиб, сўзамоллик билан гапиради. Натижада (мен ундан эшитган сўзларимга қараб ҳукм чиқаришим мумкин. Бас, кимнингдир фойдасига биродарининг (молиявий ё маънавий) ҳаққидан андак нарсани ҳукм қилиб қўйсам (агар иш бунинг аксича эканини билса), у уни асло олмасин! Чунки, (зоҳирига қараб, унинг сўзларига ишониб) унга оловдан бир парчани тайинлаб қўйган бўламан…”  (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу сўзларида шаръий жузъий ҳукмларда хатокорлик эҳтимоли бор эканига далил бор. Агарча шариъат аҳком ва қоидаларида бу бўлиши мумкин бўлмаса ҳам.

Имом Нававий айтганлар: бу ҳадиси шарифда башариятнинг ҳолига, шунингдек, инсон ғайб ва ички-ботиний нарсаларни билмаслиги, балки Аллоҳ ғайбий маълумотлардан биронтасини билдирсагина билиши мумкинлигига далил бор. Зеро бошқа инсонларда бўлиши мумкин бўлган нарсалар ул зотда ҳам бўлиши мумкин. Ва ул зот ҳам айтилаётган гапнинг зоҳирига ишониб ҳукм қилардилар. Сир-асрорларнинг эгаси эса Аллоҳдир. Расулуллоҳ зоҳирга хилоф қилишнинг имкони бўла туриб, ҳужжат ёки қасамга асосланиб ҳукм қилар эдилар. Бу ҳолат худди ул зоти шарифнинг ўзлари айтган ушбу ҳадисдаги ҳолат кабидир: “أمرت ان أقاتل الناس…………….و حسابهم علي الله” яъни, “Инсонлар то Аллоҳни ягона, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни унинг Расули деб гувоҳлик бергунларигача ва намозни қоим қилгунларича, закотни бергунларича улар билан жанг қилишга буюрилганман. Агар уларни адо этишса, мендан қони ва молларини сақлаб қоладилар. Ислом ҳаққи билан бўлгани мустасно. Уларнинг ҳисоби эса Аллоҳнинг ўзига ҳавола”.

Агар Аллоҳ хоҳласа, ул зотни икки даъволашувчи орасидаги ботиний ҳақиқатдан воқиф қилиб қўярдилар, шунда ул зот гувоҳ ёки қасамга эҳтиёжсиз аниқ ишонч билан ҳукм қилар эдилар. Лекин Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг сўзлари, феълларига эргашишга буюргач, ул зотнинг ўзига ҳам умматнинг ҳолини жорий қилди. Яъни, ул зотни ҳам худди умматлари каби ботиний нарсалардан бехабар қилди ва шу билан ул зоти шарифни умматга ўрнак қилди. Шу билан ул зотдан кейин умматлари ҳам хотиржамлик билан зоҳирга қараб ҳукм чиқараверадилар, ботинга хилоф бўлдими экан, хато қарор қилдимми экан, деган ташвишлари бўлмайди.

Агар эътирозан айтилса: бу ҳадисдан зоҳиран шу маълум бўлмоқда-ки:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ботинга хилоф тарзда зоҳирий ҳукм содир бўлар экан-да?!  Ва ҳолбуки усулийлар иттифоқи бўйича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳкомларда хато қилмайди, дейилган-ку?!

Жавоб шуки: мазкур ҳадиси шариф ва усул қоидасининг бир-бирига қарама-қаршилиги йўқ. Чунки усулийлар Расулуллоҳ жанобларининг ўз ижтиҳоди билан ҳукм қилган қарорларини кўзда тутганлар. Бунда ўзи хато содир бўлиши мумкинми? Бу масалада умумий аҳли илмлар орасида ихтилоф бор. Аксар олимлар хато бўлиши мумкин, деган. Аммо ҳадисда эса, баййина-гувоҳлар ёки қасамга ишониб чиқарилган ҳукм ҳақида гап боряпти, бирон нарсада ижтиҳод қилиш ҳақида эмас. Агар ул зотдан ботинга мухолиф ҳукм содир бўлса, уни хато дейилмайди. Балки у ҳукм таклиф кўрсатмасига мувофиқ саҳиҳдир. Таклиф у икки гувоҳнинг сўзи бўйича иш кўришнинг вожиблигидир. Масалан, икки гувоҳ ёлғончи ё шунга ўхшаш фосиқ бўлишса, айб уларда бўлади. Бу ҳолда ҳоким ҳам ёлғончи ё ҳийлакор ҳисобланмайди, уни бу гувоҳларнинг сўзи бўйича иш кўргани учун айбланмайди ҳам. Ижтиҳод хатоси эса бундай эмас.

Шунингдек, бу ҳадисда ҳокимнинг ҳукми ҳаромни ҳалол қила олмаслигига ҳам ёрқин далил бор. Ҳоким ёлғончи гувоҳнинг сўзига ишониб бировнинг молини бошқасига ҳукм қилиб юборса, унинг бу ҳукми билан мол ҳукм қилинмишга ҳалол бўлиб қолмайди. Агар ёлғончи гувоҳ “фалончи қотилдир мен шоҳидман”, деб гувоҳлик берса, унинг ёлғончи эканини билган ҳолда қасос жорий қилинмайди. Агар ёлғончи гувоҳлар “фалончи хотинини талоқ қилди”, деб гувоҳлик берса, уларнинг каззоблигидан хабардор бўлган киши у аёлга уйланиб олиши ҳалол бўлмайди.

Тийбий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: шу юқорида санаб ўтилган маъноларга Расулуллоҳнинг “Бас, кимнингдир фойдасига биродарининг (молиявий ё маънавий) ҳаққидан андак нарсани ҳукм қилиб қўйсам (агар иш бунинг аксича эканини билса), у уни (яъни мен унинг фойдасига ҳукм қилиб берган нарсани) асло олмасин! Чунки, (зоҳирига қараб, унинг сўзларига ишониб) унга оловдан бир парчани тайинлаб қўйган бўламан…” –деган сўзларида ишора бордир. Чунки, банда агар ҳокимнинг ҳукми хато чиқарилганини билса, ва молни ҳукмга мувофиқ олаверса, дўзахга олиб борувчи нарсани олган бўлади. Ҳадис иборасида “сабаб”нинг ўрнига “мусаббаб” қўллангандир. Сабаб—бу хато ҳукм. Мусаббабаб эса дўзаҳдир.

(Мирқотул мафотиҳ шарҳи Мишкотил масобиҳ. Мулла Али раҳматуллоҳи алайҳ. 7-жилд. 301-302 бетлар. 3761-ҳадис).

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноби олийлари ҳам худди бошқа инсонлар каби башар авлодидан бўлган. Фаришталар каби нурдан, жинлар каби оловдан яралган эмас;

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноблари маҳкамада хусуматчиларнинг зоҳирига, гапираётган гапларига ишонганлар;

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноблари кишининг қалбида нима кечаётгани, ботиний сир-асрорларига воқиф бўлмаган, Ул зоти шариф бошқа инсонлар каби оддий инсон бўлиб ғайб илмига олим бўлмаганлар. Аллоҳ таоло ғайбий сир-асрорлардан нималарни билдирган бўлса ўшаларни билган, лозим топганларини умматга ҳам билдирганлар, лозим топмаган маълумотларни эса сир сақлаганлар;

— Маҳкамада гапдонлик ила ютиб чиққан шахс агар аслида ўзининг ноҳақлигини билиб турган бўлса, қозининг ҳукми билан унга ҳалол қилиб берилган нарса ҳалол бўлиб қолмайди. Яъни, аслий ҳукм қозининг қарори билан ўзгариб қолмайди. Ҳалол ҳаромга, ҳаром эса ҳалолга айланиб қолмайди.

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *