Рамазон Бутий: Мавлиди набавийга бағишлаб тадбир уюштириш ҳукми

Мақолани .pdf форматда юклаб олиш

Lotin alifbosida

Ҳар бир янгилик бидъат эмас!

Бидъатнинг шаръий истилоҳдаги маъноси ундан узоқлашув вожиб бўладиган залолатдир. Унга тушиб қолишдан ҳазар қилмоқ керак бўлади. Бунинг тўғрисида шак-шубҳа ҳам, ихтилоф ҳам йўқ. Унинг асли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки шайх (Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ) иттифоқ қилиб ривоят қилган гапларида мавжуд:

من أحدث فى أمرنا هذا ما ليس منه فهو ردّ

“Кимки бизнинг бу ишимизда унда бўлмаган нарсани пайдо қилса, у мардуддир!”.

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яна бир гаплари бор:

إنّ خير الحديث كتاب الله و خير الهدى هدى محمد و شرّ الأمور محدثاتها و كلّ بدعة ضلالة

“Албатта, сўзларнинг яхшиси Аллоҳнинг китобидир. Ҳидоятнинг яхшиси эса Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг ҳидоятларидир. Ишларнинг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир бидъат залолатдир!”.

Лекин, бу ердаги “бидъат” сўзининг маъносидан мақсад нима?

Ундан мурод одамларнинг урф-одатлари деб билинадиган луғавий маъносими? У ҳолда, ундан мақсад нима? Мусулмоннинг ҳаётида юзага келадиган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилмаган, саҳобалардан ҳам бирортаси қилмаган, уларнинг даврларида умуман танилмаган ҳар бир янгиликми? Ҳаёт эса бир ҳолдан бошқа ҳолга айланмай тура олмайди. Бир йўлдан бошқасига ўзгариб туради. Бу қонунни ўзгартиришнинг ҳамда замонлар ва асрлар бўйи бир ҳолатда қотиб, унга сабот билан боғланиб қолишнинг мутлақо имкони йўқ. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз саҳобалари билан яшаган қисқагина умрлари давомида битта ҳолатда мустаҳкам туриб яшаган эмаслар. Балки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда унинг саҳобалари бир ҳолатдан ўтиб бошқасини қабул қилиб яшаверганлар. Лекин, (биринчи фикрнинг гўзаллигини қаранг!) Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам одатларнинг орасида яшар эканлар, бу ҳаётни суннатлар билан табриклаб турдилар. Битта одатни маҳкам ушлаб, қолганини инкор қилиб олганлари йўқ. Қанчадан-қанча янги одатлар уни қувватлаб келиб турди. Саҳобалар ва араблар ҳаётида қанчадан-қанча урф-одатлар юзага келди. Уларни муборакбод қилдилар ва унга даъват этдилар. Албатта, буларнинг бари диннинг асосларига ва ҳукмларига мухолиф бўлмаган нарсалар эди. Балки, ул зоти шариф уларни тирилтиришнинг йўлларини ва чиройли амалга ошириш услубларининг сир-синоатларини ҳам ўзлари билдириб ўтганлар. Ҳатто шариати исломиянинг уламолари мана шу ҳолатдан ушбу қоидани ишлаб чиққанлар:

الأصل فى الأشياء الإباحة

“Нарсаларда асос мубоҳлик (ихтиёрийлик)дир!”.

Ушбу қоидани ҳанафий уламолар ва бошқалар ишлаб чиқарганлар. Албатта, муайян қайдлар билан урф-одатлар шариатнинг манба ва ҳукмларидан бири бўлгани учун хор тутилмаслиги керак.

Демак, бидъатдан мақсад унинг ушбу умумий луғавий маъноси бўлиши ақлга тўғри келмайди. Балки, мусулмон уламоларидан ва фуқаҳоларидан бирортасининг бидъатнинг маъноси ва таърифида ушбу ажойиб фикрга келганини кўрмаганмиз. Албатта, мазкур сўз хос бир истилоҳий маънони қамраб олади. У нима?

 

Бидъат ва дин.

Менинг олдимда бидъат ҳақида кўплаб таърифлар мавжуд. Уларнинг барчаси битта истилоҳий маънонинг атрофида айланади. Гарчи улар шакл ва услублар жиҳатидан фарқли бўлса ҳам. Лекин, мен улардан фақат иккита таърифни ажратиб олдим. Икковини ҳам Имом аш-Шотибий раҳимаҳуллоҳ “ал-Эътисом” номли китобларида таърифлаб ўтганлар. Бунинг икки сабаби бор. Биринчидан, Имом аш-Шотибий раҳимаҳуллоҳ ушбу баҳсга киришувдан олдин уни санаб ўтади ва ҳар томонлама шарҳлаб, таҳлил қилади. Иккинчидан, уларни бидъатга уруш очган ва ундан узоқлашув кераклигига қаттиқ киришган ўтмиш уламоларининг аксаридан эканини айтиб ўтади.

Биринчи таъриф. Бидъат – диндаги бир йўл бўлиб, у шариатнинг муқобилида ихтиро қилинган бўлади. Уни бажариш ила Аллоҳ таолога ибодат қилишда муболаға қасд қилинади.

Иккинчи таъриф. Бидъат – диндаги бир йўл бўлиб, у шариатнинг муқобилида ихтиро қилинган бўлади. Уни бажариш ила шариат йўлида мақсад қилинган нарсага қасд қилинади.

Имом аш-Шотибий раҳимаҳуллоҳ ушбу икки таърифни бидъатни ибодатлардагина бўлади, деб чекловчи ёки уни бошқа амаллар ва тасарруфларда умумий деб билувчи фикрларга қарши ўлароқ бот-бот такрорлаганлар. Шундан кейин у бидъатни ибодатларга хосланади, деган фикрга майл билдирганлар. Ушбу ибодатлар хоҳ ақидалар сингари қалбий бўлсин ва хоҳ бошқа ибодат турлари каби сулукий бўлсин, фарқи йўқ. Ҳозир биз ушбу такрорлар қайси назардан ёки қайси жиҳатдан айтиб ўтилганига тўхтаб ўтирмаймиз. Албатта, биз таърифдаги уларнинг гапларини мулоҳаза қилишга уруниб кўрамиз. “Диндаги бир йўл бўлиб, у шариатнинг муқобилида ихтиро қилинган” деган гап. Тўғри, бирор иш бидъатнинг маъносини ва унинг ҳукмини қачон олади? Унинг эгаси (яъни, бирор ишни бидъат деб баҳоланиши учун уни қилувчи) диннинг биносига ва унинг ажралмас бир бўлагига дахл қилишга урунган бўлиши лозим. Шу билан бирга, воқеъликда иш бунинг акси бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Мана шу бидъатнинг руҳи ва шариат соҳиби ҳазар қилишга буюрганлигининг сиридир. Шу ерда “бидъат” деб номланишига мулоҳаза қилсак. Қатъий далилнинг мушкил жойига буни суяйдиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки бизнинг бу ишимизда унда бўлмаган нарсани пайдо қилса, у мардуддир!”, деганларидаги “бизнинг бу ишимиз”дан мурод диндир. Бу равшандир. Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай гаплари бор:

ستة لعنهم الله و كلّ نبى مجاب الزائد فى دين الله و المكذّب بقدر الله و المسلط بالجبروت يذلّ من أعزّ الله و يعزّ من أذلّ الله و التارك لسنّتى و المستحلّ لحرم الله و المستحلّ من عترتى ما حرّم الله

“Олти нафар кимсани Аллоҳ лаънатласин! Ҳар бир пайғамбар дуоси ижобат қилинадиган зотдир. Аллоҳнинг динида зиёда қилувчи; Аллоҳнинг тақдирини ёлғонга чиқарувчи; жабру зулм ила ҳукм юритувчи – Аллоҳ азиз қилган кимсани хорловчи ва Аллоҳ хор қилган кимсани азиз тутувчи; суннатимни тарк қилувчи; Аллоҳнинг ҳарамида гуноҳ ишларни ҳалол сановчи; Аллоҳ эҳтиром қилишни буюрган зурриётларимнинг ҳурматини поймол қилувчи”.

Мана шундан равшан бўлмоқдаки,  бидъатни инкор қилишнинг ва унинг соҳибига раддия беришнинг асосий тушунчаси, албатта, бидъатчи динга ва унинг жавҳарига унда йўқ нарса билан ҳужум қилмоғи экан. Зотан, шариатни белгиловчи Аллоҳ азза ва жалланинг ўзи бўлиб, шариатига қандайдир ўзгаришига ёки ортиқча таълимот қўшишга асло йўл қўймайди. Аммо, инсондан содир бўладиган бошқа ишлар ва ўзга тасарруфлар диннинг жавҳаридан бир бўлак ёки унга бир маслаҳат деб тасаввур қилинмайдиган бўлса, улар хоҳ диний бўлсин ва хоҳ дунёвий бўлсин, гарчи ўша иш мусулмонлар ҳаётида пайдо бўлган ва олдин танилмаган бўлса ҳам, барчаси бидъат деб номланиш эҳтимолидан жуда узоқдир. Балки, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “суннати ҳасана” (“гўзал одат”) деб атаган нарсанинг остига киритиш ёки “суннати саййиа” (“ёмон одат”) деб аталган нарсанинг остига киритиш билан таснифланмоғи керак бўлади. Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини сиз яхши биласиз:

من سنّ فى الإسلام سنّة حسنة فله أجرها و أجر من عمل بها بعده من غير أن ينقص من أجورهم شئ و من سنّ فى الإسلام سنّة سيّئة كان عليه وزرها و وزر من عمل بها من بعده من غير أن ينقص من أوزارهم شئ

“Кимки исломда гўзал одатни суннат қилса, унинг ажри ва ажрларидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ундан кейин амал қилганларнинг ажри унга бўлади. Кимки исломда ёмон одатни суннат қилса, унинг гуноҳи ва гуноҳларидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ундан кейин амал қилганларнинг ҳам гуноҳи унга бўлади”.

 

Меъёр нима?

Бу ишнинг баёни узун тафсилотга муҳтож бўлади. Лекин, биз қуйида мўъжаз баён қилишга уруниб кўрамиз:

Аввало, инсондан содир бўладиган иш ва тасарруфлар (яъни, олдин зикр қилинган бидъатнинг маъносига кирмайдиган нарсалар) шариатда барқарор бўлган буйруқлар ва таъқиқлар билан муқобил бўлади. Ушбу қарама-қаршилик янги пайдо бўлган ёки бузуқ хулқ-атворлар ва инкор қилинган амаллар каби эскидан маълум бўлган бўлишининг фарқи йўқ. Уларнинг иши равшан. Баҳсга эҳтиёжи йўқ.

Иккинчидан, агар улар мурсала бўлса, яъни қаршилик ҳам йўқ, шариат аҳкомларидан бирортасига ва умумий одоб-ахлоққа мувофиқ ҳам бўлмаган ишлар. Улар ўз ҳукмларига кўра самара ва натижаларининг ҳақиқати билан бўялади. Яъни, улар таркибида риоя қилиш лозим бўлган бешта диний маслаҳатлар услубидан битта ҳақиқат топилган бўлиши керак. Бешта диний маслаҳат: дин, ҳаёт, ақл, насл ва мол-дунёдир. Ана шу ҳолатда ўша иш суннати ҳасана қабилидан бўлади. Сўнгра ўша иш муҳтожликнинг кучига қараб мандублик ва вожиблик орасида фарқланади. Бу ўша маслаҳатлар ҳақиқати учундир. Чунки, улар гоҳо зотий заруратлардан бўлиши, гоҳида эса асосий ҳожатлардан бўлиши ва гоҳида фойдали гўзал ишлардан бўлиши мумкин. Ушбу маслаҳатлардан бирортасини бузишга ёки зарар етказишга сабаб бўлувчи бўлса, у суннати саййиа жумласидан бўлади. Сўнгра ушбу масалаҳатга ёпишадиган зарарининг миқдорига қараб унинг ёмонлигининг даражаси белгиланади. У гоҳида макруҳ бўлади, гоҳида ҳаромга айланади.

Энди, ўша иш икковидан ҳам, яъни зарарли таъсирдан ҳам, айримлар таъбир қилганидек афв томонидан ҳам узоқ бўлса, биз ҳақиқатни тўла англаганимиздан кейин, айрим баҳс қилувчилар ўйлаганидек, бу ерда у бидъати ҳасана деб аталадиган нарсадан узоқ эканини топамиз. Бидъат фақатгина қабиҳ залолат бўла олади, холос. Бу унинг динга зиёдаликни ва унга қўшимча қўшишни мақсад қилгани заруратидандир. У бирор ҳолатда ҳам ҳасана бўлиши мумкин эмас.

Албатта, бидъати ҳасана деб ўйлаган нарсалари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати ҳасана деб атаган нарсалари таркибига киради. Усулчи олимлар истилоҳида бу нарса кейинчалик “масолиҳи мурсала” номи билан аталиб келган.

Ушбу суннати ҳасананинг жумласидан бири тантанали анжуманлар бўлиб, мусулмонлар муайян муносабатлар билан ташкил қилиб келганлар. Ҳижрий йилнинг бошланиши, Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидлари, Исро ва Меърожни ёдлаш, Макка фатҳи ва Бадр ғазотини ёдлаш кабилар бунга киради. Булар яна диннинг маслаҳатига олиб борадиган хайрли ишларнинг ҳақиқатига етказадиган нарсалар бўлиши ҳам мумкин. Уларни зарурат ёки эҳтиёжлар ёки гўзал ишлар деб аталиши баб-баробардир.

Аянчлиси шуки, буларнинг барчаси истисно билан шарт қилинган бўлиши лозим. Ушбу амаллар маслаҳатга олиб боргани билан зарарли натижаларга етказади ёки зарарли ишлар олдин ўтган маслаҳатларга эргашиб юради.

 

Мавлид бидъат эмас!

Биз мисли йўқ илмий манҳажга (услубларга) эътиқод қиламиз. Бидъатлар мавзусига ва уларга қарши курашишга ҳамда одамларни улардан узоқлаштиришга чуқур киришар эканмиз, бизни ушбу қарорга етказадиган илмий манҳажга тобеъ бўлишдан ўзга чорамиз йўқ:

Мусулмонларнинг Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидларини эслаб тадбирлар ташкил қилишлари ва шунга ўхшаш муносабатлар барча нарсадан олдин бидъат деб аталмаслиги керак! Чунки, бу ишни қилувчиларнинг ҳеч бири уни диннинг жавҳаридан бир бўлаги деб эътиқод қилмайди, уни диннинг таянчи ва ўзагига асло киритмайди. Ҳеч ким бирор сабаб билан унда қатнаша олмай қолган кимсаларни гуноҳкор санамайди. Албатта, бу бир ижтимоий тантана бўлиб, ундан диний бир яхшилик умид қилинади, холос.

Сўнгра, ушбу тадбир суннати саййиа деб аталаётган нарсанинг ҳам остига кирмайди. Чунки, унда азобга гирифтор бўладиган бирорта ишга қаттиқ риоя этилмайди. У хайрлик ишни бузадиган ёки синдирадиган ишлардан тозаланган бўлиши керак, албатта.

Агар бир натижаси ёмон бўладиган нарсаларнинг аралашганини кўрсак, амалнинг жавҳари бўлган ҳадди зотига эмас, балки ушбу аралашмадан огоҳ қилмоғимиз вожиб бўлади. Агар бундай бўлмаса, одамлар адо қилиб келаётган қанчадан-қанча саҳиҳ ва шаръий ишларнинг умид қилинган самараси пуч чиқаётганининг юзига қараб, унинг адосидан ҳазар қилдириш ва уни барпо этишдан қайтариш керак бўладими?!

Тўғри, шарофатли мавлиди набавийнинг қиссасини эшитиш учун одамларнинг тўпланишлари пайғамбарлик асридан кейин пайдо бўлган ишдир. Балки, у олтинчи ҳижрий асрнинг аввалидан олдин пайдо бўлган эмас. Лекин, ана шунинг ўзи уни бидъат деб аташга ҳамда Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Кимки бизнинг бу ишимизда унда бўлмаган нарсани пайдо қилса, у мардуддир!” деб айтган нарсасига ёпиштиришга кифоя қиладими?! Ҳа, Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларидан кейин пайдо бўлган барча ишлардан одамларнинг ҳаётларини тозалаш керакми?! Бунга қудратлари етадими?! Ахир, бу хилдаги барча нарсалар бидъат-ку!

Буларнинг ҳаммасидан кейин мен айтаман: биз “бидъат” тушунчасида хатога йўл қўйган бўламиз ва одамларнинг ҳатто диннинг жавҳари ва ҳукмларига кирмайдиган ҳар бир янгилигини ҳаром қилинган бидъат деган бошқаларнинг айтаётган гапларини тўғри деб қабул қиламиз, деб фараз қилган тақдиримизда ҳам, у ҳолда, биз кўриб чиқаётган ушбу масала ихтилофли масалалар жумласидан бўлиб қолади. Мавлиднинг шаънида қарама-қарши фикрли ва ижтиҳодга бўйсинган масала.

Аллоҳ таолога даъват қилиш, амри маъруф ва наҳйи мункар одобида танилган бир иш бор. Бу ишни барпо қилувчи (умумий фикрларга бўйсинган ҳолда) фақат ижмоъ қилинган мункар ишлардан қайтармоғи лозим бўлади. Турли фикрларга келинган ижтиҳодий масалалардан мусулмонларни қайтармоққа ҳаракат қилишдан ман этилади. Даъватчиларга кўпинча мужтаҳидларни ўз ижтиҳодлари ва тушунчалари сабабли битта фикрга келтириш машаққатини юклаб бўлмайди. Чунки, бу хилдаги масалалардан қайтаришга чуқур киришиб кетилса, натижаси фақатгина уруш-жанжал, мусулмонлар бирлигини бузиш, уларнинг ораларида адоват сабабларини қўзғашдан ўзга нарса бўлмайди.

Бизнинг ҳаётимизда ва атрофимизда ифлос мункар ишлар ва хатарли бузуқликлар тиқилиб ётибди. Уларнинг зарарлари ва таъсирлари жуда ёмон эканига ҳеч қандай шак-шубҳа ҳам йўқ. Унга қарши ҳукм қилмоқ сафида турмоқнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки, мункар ишлигига уммат ижмоъ қилган бу хилдаги ишлардан қайтармоққа машғул бўлмоғимиз зарур. Зотан, уларга сукут қилмоққа асло узр йўқ! Ана ундан кейин, ўзимизнинг шахсий “ижтиҳод”ларимизга ёрдам беришга машғул бўлсак ҳамда унга қарши бўлган ва тенг бўлган бошқа ижтиҳодлар билан курашсак бўлар…

Тамом.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Мақоланинг асли билан қуйида танишиш мумкин:

http://www.alkeltawia.com/vb/showthr…3036#post23036

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *