Имом Суютий: «Мавлид ўқишни инкор қилувчиларга раддия»

Мақолани .pdf форматда юклаб олиш

Ҳижрий IX асрнинг дин мужаддидларидан бири, буюк олим, машҳур “Тафсири Жалолайн” асарининг муаллифларидан бўлмиш зот, фақиҳ, муфассир, муҳаддис, мутакаллим ва муаррих Жалолиддин Абдурраҳмон ас-Суютий аш-Шофеъий (849-911/1445-1505) раҳимаҳуллоҳ ўзларидан 600 (олти юз) га яқин асарлар мерос қолдирган баракали ижодкорлардан биридир. Ҳозирги кунда унинг юзлаб асарлари нашр қилинган, қолганлари дунё кутубхоналарида қўлёзма шаклида сақланиб келади. Уларнинг айримлари топилган ҳам эмас. Бу буюк олим ҳадис ва тафсир соҳасида ҳам бир қанча жуда эътиборли асарлар битганлар.

Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ Пайғамбаримиз, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам, Расулуллоҳ, руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидларини ўтказиш ва у орқали савобли ишларни амалга оширишни жоиз санаган ўтмишда ўтган минг-минглаб уламоларнинг биридирлар. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидларини ўтказиш жоизлигини бир эмас, балки бир қанча асарларида гапириб ўтган бўлиб, ҳатто мавлид ўқишни инкор қилувчиларга раддия сифатида бир рисола ҳам ёзиб қолдирганлар. Асарнинг асли “Ҳусн ул-мақсид фий амал ал-мавлид” (“Мавлид амалида мақсаднинг гўзаллиги”) деб номланган. У моликий мазҳабидаги олимлардан бири Тожиддин Умар ал-Лахмий ал-Фокиҳоний (654-734/1256-1334) раҳимаҳуллоҳ томонидан битилган, мавлидни бидъат деб аталган “ал-Маврид фи-л-калом ъала амал ал-мавлид” (“Мавлид амалига қарши гапларда келтирилган нарсалар”) деб номланган асарига битилган раддиядир. Шунинг учун ҳам, Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳнинг раддиялари “Мавлид ўқишни инкор қилувчиларга раддия” деб ҳам аталади.

Биз Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳнинг мавлид ўқишни ва ўтказишни бидъат дегувчиларга қарши ёзилган раддия асарларини топиб, мавлидни инкор қилиб юрган ўзбекларга бир огоҳлантириш бўлиш учун ўзбек тилига таржима қилиб, юртимиз мусулмонларига мавлид хосиятини яна бир бор билдиришни мақсад қилдик. Ана шу камтарона ишимиз ҳам мақбул бўлиб, шояд Расулуллоҳ руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларига нойил бўлиш бахтини қўлга киритсак. Инша Аллоҳ, ушбу асарни ўқиган ҳар бир мусулмонда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан муҳаббат жўш уради, мавлиднинг савоби ва хосияти не чоғлик улуғ эканини англайди, мавлид ойида ана шу савоб ва хосиятдан бебаҳра қолмайди, деган умидимиз ҳам бор.

Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳнинг мазкур асари бир неча марта нашр қилинган, қўлёзма нусхалари ҳам кўп тарқалган. Биз эса унинг тадқиқотчи Мустафо Абдулқодир Ато томонидан таҳқиқ қилиниб, 1985 йилда Байрутда “Дор ал-кутуб ал-илмия” нашриётида чоп қилинган нусхасидан фойдаландик.

Хуллас, ушбу камтарона ишимиз Расулуллоҳ руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир армуғон ва васила бўлса ҳамда Парвардигори олам ушбу хайрли амалимизни қабул қилиб, ниятларимизга етказса, деган ниятда Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга мавлид ўқишни инкор қилган кимсаларга раддия сифатидаги фойда берувчи рисола бўлмиш асарларининг таржимасини Сиз азизларга тақдим қилмоқдамиз.

Ҳамидуллоҳ Беруний.

МАВЛИД ЎҚИШНИ ИНКОР ҚИЛУВЧИЛАРГА РАДДИЯ

(Жалолиддин ас-Суютий)

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Ўзи танлаб олган бандаларига саломлар бўлсин!

Шундан сўнг. Рабеъ ал-аввал ойидаги Мавлиди набавий амали ҳақида савол келиб тушди. Шариат бўйича унинг ҳукми нима? У мақталган ишми ёки ёмонланган ишми? Уни қилувчига савоб бўладими ёки йўқми?

Менинг олдимдаги жавоб бундай:

Албатта, мавлид амалининг асли – у одамларнинг тўпланиши, Қуръондан осон бўлгани миқдори ўқишлари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишлари бошланиши ҳақида келтирилган хабарларни ривоят қилиш, у зотнинг туғилган вақтларида юз берган мўъжизаларни келтириш, кейин эса уларга катта дастурхон ёзилиб, ортиқча исрофларсиз еб-ичиб тарқалишдан иборат бўлиб, мана буларнинг барчаси эгаси савоб оладиган гўзал янгиликлардан (бидъати ҳасана) биридир! Бу савоб эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадрларини улуғлаганлиги, у зоти шарифнинг мавлидлари сабабли шодлик ва хурсандчиликни изҳор қилганлиги учундир.

Шарофатли мавлиди набавий амалининг тарихи:

Илк бор буни Ирбил эгаси (подшоҳи) Малик Музаффар Абу Саид Кўкбўри ибн Зайниддин Али ибн Бектегин пайдо қилган эди. (Бектегинлар сулоласининг охирги вакили Абу Саид Кўкбўри ибн Али Кучук ҳукмронлик йиллари мелодий 1168-1233 бўлиб, мазкур сулола вакиллари гоҳ зангийлар ва гоҳ айюбийлар ҳукмдорлари томонига ўтиб, ҳукмронлик қилганлар. Охири, мазкур одил ҳукмдор Кўкбўри вориси бўлмагани сабабли ўзига қарашли мулкларни аббосийлар халифасига топширган.). У буюк подшоҳлардан ва жўмард каттаконлардан биридир. Унинг гўзал хислатлари бўлган. У Қосийун тоғи этакларидаги “Музаффар жомеъси”ни ҳам барпо қилдирган.

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ўзининг тарихий асарида айтишича, Малик Музаффар рабеъ ал-аввал ойида мавлиди шарифни ташкил қилган ва жуда катта жамоани йиғган эди. У зот баҳодир, шижоатли, мард, ақлли, олим бўлган. Аллоҳ таоло уни раҳмат қилсин ва охиратини обод айласин.

Шайх Абулхаттоб ибн Даҳийя раҳимаҳуллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидларида бир жилд китоб ёзиб, уни “ат-Танвир фий мавлид ал-Башир ан-Назир” (“Башоратчи ва огоҳлантирувчи Пайғамбар мавлидини нурлантириш”) деб атаганлар. Бунинг учун уни минг динор билан мукофотлаган. Бу хилдаги мавлидлар ушбу подшоҳнинг вафотига қадар давом қилдирилган. Бу Акка шаҳрини фарангийлар истилосига қадар 630 (мелодий 1232) йилгача давом этган. Ушбу подшоҳнинг сийрати ва хилқати на қадар гўзал эди!

Сибти Ибн ал-Жавзий раҳимаҳуллоҳ эса “Миръот уз-замон” (“Замона кўзгуси”) номли асарларида айтишларича, Малик Музаффарнинг айрим мавлидларда ёзилган ана шундай дастурхонларида ҳозир бўлганлар ҳикоя қилган эканлар: бир анжуман учун беш мингта (5 000) қўй қовурдоғи, ўн мингта (10 000) хўроз, юзта от (100) сўйилган. Юз мингта (10 000) пишлоқ, ўттиз мингта (30 000) каллақанд (ҳалво ва ширинликлар) ҳозир қилинган.

Айтилишича, мавлидларда унинг ҳузурида таниқли уламолар ва сўфийлар ҳозир бўлардилар. Уларни чақириб келиниб, махсус жойлар ҳозирланарди. Сўфийлар бомдоддан пешингача самоъ зикрларини қилардилар. Малик Музаффарнинг ўзи ҳам ушбу самоъ рақсларида иштирок қиларди. У зот ҳар йили мавлидга уч юз минг (300 000) динор (тилла) сарф қилар эди. У қайси тарафдан қандай ҳолатга келган бўлмасин элчилар учун битта зиёфатхона қилиб қўйган, ушбу зиёфатхонага ҳар йили юз минг (100 000) динор ишлатилар эди. Фарангийлардан эса ҳар йили юз минг (100 000) динор эвазига асирларни озод қилиб оларди. Ҳарамайн шарифайн (Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара) га ва Ҳижоз йўлидаги қудуқларга ҳар йили ўттиз минг (30 000) динор сарфларди. Буларнинг бари унинг яширин садақаларидан ташқари эди.

Нусратли подшоҳ Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳуллоҳнинг синглиси Робеъа хотун Малик Музаффарнинг хотини бўлиб, у бундай ҳикоя қилади: “Унинг эгнидаги кийими беш дирҳамга ҳам арзимайдиган қалин кирбосдан бўлар эди. Мен бу борада уни уришганимда, у: “Беш дирҳамга кўйлак кийиб, қолганини садақа қилмоғим қимматбаҳо кийиб кийиб, фақир ва мискинларни унутганимдан кўра яхшироқдир!”, деган.

Ибн Халликон раҳимаҳуллоҳ Ҳофиз Абулхаттоб Ибн Даҳийя раҳматуллоҳи алайҳининг таржимаи ҳолида буларни айтади: “У таниқли уламолардан ва машҳур фозиллардан бири эди. Мағрибга ташрифи қудум қилди, Шом ва Ироққа кириб келди. 604/1207 йилда Ирбилдан ўтадиган бўлиб қолди. Унинг улуғ подшоҳи Музаффариддин ибн Зайниддин мавлиди набавий қилаётган экан, унга бағишлаб, “ат-Танвир фий мавлид ал-Башир ан-Назир” (“Башоратчи ва огоҳлантирувчи Пайғамбар мавлидини нурлантириш”) номли асарини тайёрлади ва ўша мавлидда уни ўзи ўқиб берди. Шунда, подшоҳ унга минг динор мукофот берди. Айтишларича, 625/1227 йилгача у зот шу хилдаги олтита мавлидларда иштирок қилиб, подшоҳнинг шахсан ўзларига ўқиб эшиттирганлар.

Шайх Тожиддин ал-Лахмий раҳимаҳуллоҳнинг мавлид амали ҳақидаги гапи:

Шайх Тожиддин Умар ибн Али ал-Лахмий ас-Сикандарий ал-Фокиҳоний номи билан машҳур моликийларнинг кейинги давр олимларидан бири бўлиб, у мавлид амалини ёмонланган бидъат деб даъво қилганлар. Бу борада у “ал-Маврид фи-л-калом ъала амал ал-мавлид” (“Мавлид амалига қарши гапларда келтирилган нарсалар”) деб атаганлар. Мен бу ерда унинг таъналарини келтириб ўтаман ва улар ҳақида ҳарфма-ҳарф гапираман.

Аллоҳ раҳмат қилгур у зот бундай деганлар:

“Пайғамбарлар саййидига бизни эргаштирган зот – Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Бизларни дин асосларига ҳидоят қилиш ила қувватлантирди ва бизларга салафи солиҳлар изларидан эргашишни осон айлади. Ҳатто қалбларимизни шариат илми нурлари ва очиқ-ойдин ҳақиқатнинг қатъий далиллари ила тўлдирди. Ички оламимизни эса диндаги бидъатлар ва янги чиққан ишларни пайдо қилишимиздан пок айлади.

Аниқ нурлардан иборат неъматларни бергани учун Унга ҳамдлар айтаман. Мустаҳкам арқонларни ушлаш билан боғланган нарсаларимиз учун шукрлар қиламан. Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига шаҳодат келтираман. Унинг шериги йуқ! Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва расулидирлар. Аввалгилар ва охиргиларнинг саййидидирлар. Аллоҳ унга ва аҳли оилалари, саҳобалари, мўъминларнинг оналари бўлмиш покиза аёлларига қиёмат кунигача доими  й саловатлар йўлласин.

Аммо баъд. Баракотли жамоадан такрор савол келиб тушдики, айрим одамлар рабеъ ал-аввал ойида жамланишиб, уни  мавлид деб аташаётган эканлар. Унинг шариатда асли борми? У диндаги янгилик ва бидъатми? Уламолар бунга очиқ-ойдин ва муайян изоҳлар билан жавоб беришга қасд қилганлар. Аллоҳдан тавфиқ тилаган ҳолда, мен ҳам айтаман:

Ушбу мавлид ҳақида Аллоҳ таолонинг китобида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатида асоси йўқ. Динда пешво бўлган, ўтганларнинг изларидан маҳкам юрган уламолардан бирортаси уни қилгани ҳам нақл қилинган эмас. Балки, у баттоллар пайдо қилган бидъатдир. Хўрандалар кўп қизиқадиган нафсоний шаҳватдир. Шу далил биланки, агар биз унга бешта ҳукмни жорий қилмоқчи бўлсак, бундай дейиш керак: у вожибми ёки мандубми ёки мубоҳми ёки макруҳми ёки ҳаромми?

Ижмоъга кўра у вожиб эмас. Мандуб амал ҳам эмас. Чунки, мандубнинг ҳақиқати шуки, шариат таркини ёмонламасдан талаб қилган нарсадир. Буни қилишга эса шариат изн бермаган. Уни саҳобалар ҳам, тобеъинлар ҳам, мен билган диндор уламолар ҳам қилган эмас. Агар Аллоҳ таолонинг ўзи сўраса ҳам бу менинг жавобимдир.

Унинг мубоҳ бўлиши ҳам жоиз эмас. Чунки, диндаги бидъатнинг мусулмонлар ижмоъсига кўра мубоҳ бўлиши жоиз эмас. Унинг макруҳ ёки ҳаром бўлиши лозим бўлади. Бу ҳақида эса иккита фаслда гапирмоқ керак. Икки ҳолат орасини ажратамиз.

Биринчиси, инсон уни аҳли, дўстлари, оиласи учун ўз мол-давлатидан қилади. Ушбу тўпланиш таом ейишдан нарига ўтмайди. Гуноҳлардан бирортасига яқин ҳам йўламайди. Биз тавсифлаган ушбу тўпланиш макруҳ ва бўлмағур бидъатдир. Чунки, уни ислом фақиҳлари, инсоният олимлари, замона чироқлари ва маконлар зийнати бўлган тоат аҳли бўлмиш ўтиб кетган зотларнинг бирортаси қилмаган.

Иккинчиси, унга жиноят иш кириб қолади. Инсон бировга ёрдам бермоқни қасд қилиб, унга бирор нарса беради. Бироқ, нафси унга эргашиб кетади, қалби озор чекади ва оғрийди, шунчалик кўп хайр-эҳсонидан ҳайф аламини тортади. Уламолар айтишган: “Уялиб бировнинг нарсасини олиш худди қилич билан олгани кабидир”.

Хусусан, бунга куй-қўшиқлардан бирор нарса қўшилиб қолса, масалан, тор асбоблари, даф, чилдирма сингари ботил асбоблар, эркаклар билан бирга ёш ўғлонлар, эрлар билан фитна солувчи хотинлар бирга бўлса-чи?! Хотин-халаж аралашиб юрса, ёки деразалардан қраб турса-чи?! Ҳар хил муқомда ўйнашлар, ноз-карашмалар, бекорчи нарсаларга ғарқ бўлиш, қиёмат кунини унутиш кабилар бўлса-чи?!

Шунингдек, хотинларнинг ўзлари тўпланиб олиб, овозларини кўтариб, майин ва дилтортар қилиб шеърлар ўқишса, шаръий зикр ва тиловатдан ва одатдаги ибодатларидан чиқиб кетсалар, Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Раббингиз (барча нарсани) кузатиб турувчидир” (Фажр, 14) оятини унутган бўлмайдиларми?!

Бунинг иккисининг ҳам ҳаромлигида олимлар ихтилоф қилмаганлар. Мурувватли эркак уни яхши деб ҳисобламайди. Бу гуноҳ ва маъсиятлардан сақлана олмайдиган ўлган қалб эгаларига ширин кўриниши мумкин, холос.

Яна бунинг зиёдасига, улар бу ишни ибодат деб кўрадилар, инкор қилинган ҳаром иш деб ҳисобламайдилар. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожеъун! Ислом ғариб бўлиб бошланган, яна ғариб бўлиб ўз жойига қайтади! Аллоҳ ҳаққи, бизнинг шайхимиз Имом ал-Қушайрий раҳимаҳуллоҳ мавзумизга оид қуйидаги байтларни айтганлар:

Мункар иш бўлди пайдо, маъруфни қилиб инкор,

Кунимиз бўлиб оғир, ёздаги мисоли қор.

Нодонлар мартабаси кун бакун бўлиб ортиқ,

Илм аҳли таборо бўлдилар жуда ҳам хор.

Ҳақдан айрилиб кимлар, ўзларича билоғон,

Ўтган ишларни қўйиб, янгиликка гирифтор.

Тақводор яхшиларга дедим: “Ғайрат қилингиз!

Машаққат оғир бўлди, бошингизда нима бор?

Ҳолингизга қаранг, ахир, маъруфга даъват керак,

Навбат сизга келгуси, хор бўлманг, қилингиз ор!”.

Бу шеър мазмунини бир тафаккур қилинг!

Имом Абу Амр ибн ал-Ало раҳимаҳуллоҳ сиройли гап айтган эдилар: “Ҳадеб таажжубли ишларни қилавермасалар, одамлар яхшиликда доим бўлурлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган бу рабеъ ал-аввал ойлари вафот қилган ойларининг айнан ўзидир. Шодлик ва хурсандлик унда маҳзунликдан кўра яхшироқ эмас.

Мана шу бизнинг айтганларимиздир. Аллоҳдан чиройли қабул қилишидан умидвормиз”.

(Тожиддин ал-Лахмий раҳимаҳуллоҳнинг гаплари тугади).

Шайх Тожиддин ал-Лахмий раҳимаҳуллоҳнинг гапларига танқид:

Мана шу ал-Фокиҳоний раҳимаҳуллоҳнинг ўз асарида келтирган нарсаларининг ҳаммасидир. Энди мен гапираман:

Унинг “Ушбу мавлиднинг китобда ва суннатда асли борлигини билмайман!”, деган гапига келсак, билмаслик мавжуд эканини инкор қилишни билдирмайди, асло. Ҳофиз Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ суннатдан унинг асли борлигини чиқарганлар. Мен эса унинг иккинчи бир асоси борлигини чиқариб кўрсатаман. Кейин бу иккисини зикр қилиб келтирилади.

Унинг “Балки, у бир бидъат бўлиб, уни баттоллар пайдо қилган”, деган гапидан то “…диндор уламолар ҳам қилган эмас” деган гапигача жавобан шуни айтиш керакки, биз юқорида зикр қилганимиз: мавлидни одил ва олим подшоҳ пайдо қилган. У билан Аллоҳ таолога яқинликни қасд қилган. Унинг ҳузурида олимлар ва солиҳлар ҳеч қандай инкорсиз ҳозир бўлганлар. Унга Ибн Даҳийя раҳимаҳуллоҳ ҳам рози бўлганлар. Унинг учун бир китоб тасниф қилганлар. Ушбу мавлидга рози бўлган ва иқрор қилган, инкор қилмаган уламоларнинг барчаси диндор эдилар.

Унинг “Мандуб эмас, чунки, мандуб шариат талаб қилган нарса”, деган гапига жавоб айтсак. Мандуб борасидаги талаб гоҳида насс – матн билан бўлади, гоҳида эса қиёс билан бўлади. Буниси эса насс рад қилмаса, қўлланади. У ҳақида эса энди зикр қиладиганимиз икки аслга (ҳадисга) биноан қиёс мавжуд.

Унинг “Мубоҳ бўлиши ҳам жоиз эмас. Чунки, диндаги бидъат мусулмонлар ижмоъсига кўра мубоҳ бўла олмайди”, деган гапига таслим бўладиган гап эмас, асло. Чунки, бидъат макруҳ ва ҳаром билан чекланиб қолмайди. Балки, гоҳида у мубоҳ, мандуб ва вожиб бўлади.

Бидъатлар нима ўзи?

Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ “Таҳзиб ал-асмо ва-л-луғот” асарларида айтишларича, шариатдаги бидъат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида бўлмаган янгилик бўлиб, у ҳасана ва қабиҳага – яхши ва ёмонга тақсимланади.

Шайх Иззуддин ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ “ал-Қавоид”ларида айтишларича, бидъат қуйидагиларга бўлинади: вожиб, ҳаром, мандуб, макруҳ ва мубоҳ.

У айтганлар: бунинг йўли бидъатни шариатнинг қоидаларига арз қиламиз. Агар у вожиблик қоидаларига кирадиган бўлса, демак, ушбу бидъат ҳам вожибдир. Агар ҳаромлик қоидаларига кирса, демак, у ҳаром қилинган бидъат экан. Мандубликка кирса, у ҳам мандубдир. Макруҳликка кирса, у ҳам макруҳдир. Мубоҳликка кирса у ҳам мубоҳдир.

Ушбу бешта қисмнинг ҳар бирига мисоллар зикр қилинган. Мандуб бидъатларга мисолларни қуйидагича келтирилган: работлар, мадрасалар барпо қилиш ва аввалги асрларда топилмаган ҳар қандай хайр-эҳсонлар. Уларнинг жумласига таровеҳ ҳам киради, тасаввуфнинг нозик ўринларидан гапириш ва баҳсу мунозара ҳам киради. Шунингдек, зиёфат ва анжуманлар ташкил қилиш ҳам киради. Бунга масалаларда далиллар бор. Шулар билан агар Аллоҳ таолонинг розилигини қасд қилса, бўлди.

Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ўз исноди билан Имом аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг маноқибларида у зотдан қуйидаги гапни ривоят қилганлар: “Ишлардаги янги пайдо бўлганлари икки қисмдир. Улардан бири, Қуръонга, ссуннатга, ҳадисларга ёки ижмоъга хилоф бўлган нарсалар. Улар залолат бидъатдир. Иккинчиси, хайрли мақсадда пайдо бўлган иш. Мазкур ишга бирорта олим қарши чиққан эмас. У ёмонланмаган янгиликдир.

Умар разийаллоҳу анҳу рамазон ойининг кечки намози – таровеҳ борасида: “Бу қандай ҳам яхши бидъатдир!”, деганлар. Яъни, у аввал бўлмаган янгиликдир. Пайдо бўлганидан кейин эса ўтганидек уни рад қиладиган нарса бўлмаган”. Бу Имом аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг гапининг охиридир.

Шу ерда Шайх Тожиддин ал-Фокиҳоний раҳимаҳуллоҳнинг: “Унинг мубоҳ бўлиши жоиз эмас” деган гапи то “Бу биз тавсиф қилганимиздек, бидъати макруҳа экан”, деган гапигача хато экани маълум бўлади.

Чунки, янги пайдо бўлган бу ишнинг асло Қуръонга, суннатга ва ҳадисларга ҳамда ижмоъга мухолиф жойи йўқ. У Имом аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг: “Унга аввалги даврларда пайдо бўлмаган хайр-эҳсонлар ҳам киради”, деган гапларига биноан ёмонланган иш ҳам эмас. Зотан, гуноҳ орттиришлардан холи бўлган таом едириш эҳсондир. У Ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ иборасига кўра мандуб бидъатлар жумласидан ҳисобланади.

Шайх Тожиддин ал-Фокиҳоний раҳимаҳуллоҳнинг: “Иккинчиси, унга жиноят иш кириб қолади”, деб бошланган ва мавлидда камчиликлар кўрсатилган гапига келсак, у ўзича тўғридир. Бироқ, ундаги ҳаромлик ҳаром қилинган ишларнинг унга қўшилиб қолиши натижасида рўй беради. Мавлиднинг шиорини изҳор қилиш учун тўпланганлик жиҳатидан эмас бу. Балки, бу хилдаги ишлар, масалан, жумъа намозига тўпланганликда ҳам юз берадиган бўлса, у ҳам қабиҳ бир бўлмағур ишга айланади. Бу билан эса асли жумъа намозига тўпланишнинг ёмонлиги келиб чиқмайди. Бу жуда равшандир!

Дарҳақиқат, биз ушбу ишларнинг айримларини рамазон кечаларида суннат бўлмиш таровеҳ намози учун одамлар тўпланган вақтда ҳам кўрамиз. Ушбу ишлар қилинаётганини сабаб қилиб таровеҳ намози учун тўпланишни ман қила олмаймиз-ку?! Балки, бундай деймиз: таровеҳ намозига тўпланишнинг асли суннат ва қурбатдир. Ушбу ишлардан бирортаси унга қўшилган бўлса, ўша ишнинг ўзи қабеҳ ва бўлмағурдир, холос. Худди шундай, мавлиднинг шиорини изҳор қилиш учун тўпланишнинг асли ҳам мандуб ва қурбатдир. Унга қўшилган нарсаларнинг ўзигина ёмонланган ва ман қилинган.

Унинг: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган бу рабеъ ал-аввал ойлари вафот қилган ойларининг айнан ўзидир”, деган гапига келсак, унга жавобан буни айта оламиз: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилишлари бизларга берилган неъматларнинг энг улуғидир. Вафотлари эса бизга мусибатларнинг энг каттасидир. Шариат эса неъматларга шукр қилишни изҳор этишга ва мусибатларни яшириш ва сабр қилишга тарғиб қилган. Шариат соҳиби туғилган вақтда ақиқа тўйига буюрган. У шукр изҳори ва туғилган фарзанд сабабли шодликдир. Ўлим мусибати вақтида эса жонлиқ сўйишга ва бошқа ишларга буюрган эмас. Балки, овоз чиқариб йиғи-сиғи қилишдан ва мусибатзадаликни изҳор қилишдан қайтарган. Демак, шариат қоидалари шунга далолат қиладики, бу ойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларига маҳзунликни изҳор қилиш ўрнига туғилганликларига хурсандчиликни изҳор қилиш яхши иш ҳисобланади.

Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ “ал-Латоиф фий замм ар-Равофиз” (“Рофизийларни ёмонлашда латиф гаплар”) номли асарида айтишича, рофизийлар Ашуро кунини Ҳусайн разийаллоҳу анҳунинг қатл қилингани учун мотам қилиб олганлар. Аллоҳ таоло ҳам, Унинг Расули ҳам пайғамбарларнинг мусибатлари кунини ёки вафотлари кунини мотам қилиб олишга буюрган эмас. Улардан пастдаги инсонларнинг мусибатларини мотам қилиб олиш қандай ҳам жоиз бўлади?!

Имом Абу Абдуллоҳ ибн ал-Ҳожж раҳимаҳуллоҳнинг мавлид амали ҳақидаги гаплари.

Имом Абу Абдуллоҳ ибн ал-Ҳожж (736-795/1335-1392) раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “ал-Мадхал” номли китобларида мавлид амали ҳақида ҳам гапириб ўтганлар. Унда жуда кўп ишончли гаплар бор. Унинг хулосасида мавлидда шиор бор, шукрни изҳор қилиш борлиги боис мақталган. Мавлидларда қўшилиб қолган айрим ҳаром ва мункар ишларгина ёмонланган. Мен унинг гапларини фаслма-фасл келтириб ўтмоқчиман. У бундай деганлар:

Мавлид ҳақида фасл.

Одамлар пайдо қилган бидъатлардан жумласидан бири, рабеъ ал-аввал ойида мавлид қилиш бўлиб, уларнинг эътиқодлари бўйича бу ибодатларнинг энг улуғи ва шиорларни изҳор қилиш экан. Мана шунга, ҳақиқатдан ҳам, бидъатлар ва ҳаром ишлар қўшилиб қолган. Шу жумладан, уларнинг куй-қўшиқ ишлатишларидир. Улар билан бирга куй асбоблари бўлади, торлар, сарсара ва шабобалар ва бошқа самоъ асбоблари бўлади. Ёмон қўшимчалардан бири уларнинг аксар вақти Аллоҳ таоло улуғлаган ва фазилатли қилган нарсани бидъатлар ва ҳаромлар билан ўтказиб юборишларидир.

Шак йўқки, самоъ ушбу кечадан бошқа пайтда ҳам ман қилинган ишдир. У қандай қилиб, Аллоҳ таоло фазилатли қилган фазилатли ушбу ойда бўлиши мумкин?! Уни Аллоҳ бизга мукаррам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам туфайли фазилатли қилиб берган эди. Демак, шодлик ва самоъ асбоблари билан ушбу мукаррам ойни улуғлаш орасида қандай мансублик бор?! Аллоҳ таоло бу ойда бизни пайғамбарлар саййиди билан неъматлантирган бўлса! Хуллас, бу ойда ибодатни, хайр-эҳсонни бизга улуғ неъматлар орасида энг яхшисини бергани учун унга шукр ўлароқ кўпайтирмоғимиз вожиб бўлади. Гарчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари бу ойда ибодатлардан бирортасини бошқасига нисбатан кўпайтирмаган бўлсалар ҳам. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фақатгина ўз умматларига марҳамати ва юмшоқлиги сабаблидир. Чунки, у зоти шарифнинг умматларига фарз бўлиб қолишдан қўрқиб амалларни тарк қилиш одати бор эди. Бу эса у зотнинг умматларига меҳрбонлиги юзасидан эди.

Лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу улуғ ойнинг фазилатли эканига ўзларининг гаплари ила ишора қилганлар. Бир кимса душанба куни рўза тутиш ҳақида сўраганида, “Бу менинг туғилган кунимдир!”, деб марҳамат қилганлар. Бу куннинг шарофатли бўлиши унда туғилган ойнинг шарофатли бўлишини ҳам билдиради. Бизнинг Аллоҳ таоло фазилатли қилган ойларни улуғлашимиз ва ҳурмат кўрсатишимиз керак бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги гаплари ҳам бор: “Мен одам болаларининг саййидиман, бунга фахрланиш йўқ! Одам ва ундан кейингилар менинг байроғим остидадир!”.

Вақтлар ва маконларнинг фазилатини Аллоҳ таоло унда қилинадиган ибодатлар билан хос қилган. Чунки, маконлар ва замонлар ўз зотида шарофатли бўлиб қолмайди, балки улардаги шарофатлилик бирорта маъноларга хос қилинган бўлади. Бу ойни Аллоҳ таоло нима билан хосланганига бир қара. Душанба куни биланми? Ўша кунда рўза тутиш улуғ фазилатлидир. Бироқ, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилганликлари сабабидан эмасми?!

Шунинг учун ҳам, бу мукаррам ой кириб келганида, уни улуғламоқ, уни икром қилмоқ, уни лойиқ равишда эҳтиром қилмоқ керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган ҳолда яхши ишларни орттирмоқ ва хайротларни кўпайтирмоқ фазилатли вақтларни хослаган бўлинади. Ибн Аббос разийаллоҳу анҳунинг гапини кўрмаганмисан? Унинг айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Рамазонда эса саховатлари янада жўш урарди. Демак, фазилатли вақтларни биз имкониятимиз етган миқдорда улуғлашга интилмоғимиз керак экан.

Агар бир одам: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фазилатли вақтларда алоҳида ишлар қилганлиги билингани рост. Бироқ, у зотнинг ушбу ойда (рабеъ ал-аввалда) бошқасида қилганидан бирорта ортиқча иш қилганликлари нақл қилинмаган-ку?”, деса, унга жавоб шуки, буни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кароматли одатларига йўйишимиз мумкин. У зот умматларига янгилликни хоҳлаб шундай қилганлар. Хусусан, ўзларига хос бўлган ойда енгилликни ирода қилганлар, албатта.

Кўрмайсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинани худди Иброҳим алайҳиссалом Маккани ҳарам қилганидек ҳарам қилганлар. Шу билан бирга, умматига енгиллик бўлиши уларга марҳамат қилгани учун овини ўлдирган ва дарахтини синдирганга жазо белгиламаганлар. Демак, шу жиҳатдан олиб қараладиган бўлса, ўзи фазилатли бўлган ойга умматларига енгиллик бўлиши учун ортиқча ибодатларни қилмай турганлар.

Мавлидда қилиш вожиб бўлган нарсалар.

Шунга кўра, ушбу шарофатли ойни покиза амалларни, садақаларни ва бошқа қурбат бўладиган ишларни орттириб, улуғлаб ўтказмоқ лозим. Бу ишлардан ожиз қолган кимса эса, ҳеч бўлмаганда, ҳаром бўлган ва макруҳ ишларни гарчи бошқа ойларда қилиб юрган бўлса-да, қилмай турсин. Бу ойни улуғлаш шундай бўлади. Бу ойни кўп эҳтиром қилмоқ лозим. Рамазон ойини ва урушлар ҳаром қилинган ойларни эҳтиром қилгандек алоҳида эътибор билан ҳурмат кўрсатмоқ керак. Диндаги янгиликларни тарк этмоқ, бидъат ўринлардан ва кераксиз жойлардан қочмоқ лозим бўлади.

Мавлиддаги инкор қилинган ишлар.

Айрим кимсалар ушбу замонда бу маънонинг аксини қиладилар. У шундан иборатки, ушбу улуғ ой кирганда, бекорчиликка, даф, шабоба ва бошқалари билан ўйин-кулгуга суръат қиладилар. Улар фақатгина куй-қўшиқлар айтиб қўявермайдилар, балки, бу ишини маънавият деб ҳам ўйлайдилар. Ундайлар мавлидни азиз Қуръонни ўқиш билан бошлайдилар. Сўнгра диққатларини овози яхши, гўзал савтли, одамни ҳис-ҳаёжонга чулғайдиган ашъорларни ўқишни биладиган кимсаларнинг айтимларига қаратишади. Бу ҳолатда кўплаб бузуқликлар пайдо бўлган. Айримлар бу билан мавлидни тўхтатиб қўймайдилар, балки, янада хатарли ишни амалга оширадилар. Чиройли кийимлар кийиб олган, майин овозли, гўзал  ёш йигитларга ғазал ўқита бошлайдилар. Эркаклар ҳам, аёллар ҳам ёппасига унинг овози ва ҳаракатларига маҳлиё бўлиб қоладилар. Икки томонга ҳам фитналар юзага келади. Сон-саноқсиз бузуқликлар ана шундан келиб чиқади. Айрим ҳолатларда эр-хотинларнинг оралари бузилишига ана шундай мавлид ва ўтиришлар сабаб бўлади. Ўрталарида ажралиш, бир-бировдан совиш, ҳатто йиғилишга келганларнинг орасида ихтилофлар юзага келади.

Бу бузуқликлар агар самоъ мароси билан бирга бўлса мавлидда юз беради. Агар мавлидлар ундан холи бўлса, фақат таом тайёрланса, унга мавлидни ният қилинса, ёр-дўстлар дуои хайрлар қилсалар, эслатиб ўтилган ношаръий ишлар бўлмаса, ниятининг ўзи билан у бидъат бўлади. Бунинг диндаги ортиқча иш эканига шак-шубҳа йўқ. У ўтган уламолар томонидан қилинган эмас. Ўтган уламоларга эргашмоқ яхшироқ. Улардан ҳеч бир зотнинг мавлид ниятида бирор зиёфат ташкил қилгани нақл қилинмаган. Биз эса эргашувчилармиз. Улар қилга ишларни биз ҳам қилишимиз мумкин. Вассалом.

Ибн ал-Ҳожж раҳимаҳуллоҳга танқид.

Зикр қилганларининг хулосаси шуки, у зот мавлидни ёмонламаганлар, балки унга қўшилиб қолаётган ҳаром ва мункар ишларни ёмонлаганлар. Гапларининг аввалидаёқ очиқ-ойдин қилиб, бу ойни яхши амалларни, хайрия ва садақаларни ҳамда шунга ўхшаш бошқа қурбат ҳосил қиладиган ишларни зиёда қилиш билан хосламоқ кераклигини айтиб ўтганлар. Бу биз яхши деб баҳолаётган мавлид амалининг айнан ўзгинасидир. Чунки, унда Қуръон қироати, таом едириш ҳамда шу илдаги хайр, яхшилик ва қурбатдан ўзга нарсаларнинг бирортаси йўқ.

Бидъат деб аталган бошқа гапига келсак, у ўтган гаплар билан рад қилинади. Ёки бунда бидъати ҳасанани айтган бўлиши мумкин. Бу борада китобнинг аввалида айтиб ўтган эдик. Ёки бу хайрли амал бўлиб, унда айнан мавлидни ният қилиш бидъат экани ойдинлашади. Чунки, унга олим “Унинг фақати ниятининг ўзи билан бидъатдир”, деб ишора қилиб ўтган. Зотан, ўтган олимлардан бирортасининг мавлидни ният қилгани нақл қилинган эмас. Гапнинг очиғи шуки, унингча, фақатгина мавлиднинг ўзини ният қилса, макруҳ бўлади. Таом амали, дўстларни унга чақириш макруҳ бўлмайди. Гапга диққат қилинса, гапининг аввали билан бу гапларни жамлаш қийин. Чунки, унинг ўзи яхши ишларни зиёда қилишга тарғиб қилади. Ва шу билан бирга Аллоҳ таолога шукрни зикр қилганлар. Пайғамбарлар саййиди соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу шарофатли ойда вужудга келганлар! Бунда эса мавлид нияти маъноси бор. Демак, қандай қилиб унга тарғиб қила туриб, шу миқдорнигина ёмонлайди?!

Яхши ишларни ҳеч қандай ният қилмасдан бажаришни тасаввур қилиб бўлмайди. Тасаввур қилинган тақдирда ҳам, у ибодат ҳисобланмайди, унга савоб ҳам берилмайди. Чунки, амал фақатгина ният билангина бўлиши мумкин. Бу ерда эса ният йўқ. Ният ҳам фақатгина мукаррам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу шарофатли ойда туғилганликлари учун Аллоҳ таолога шукрона келтириш бўлади, холос. Бу мавлиднинг нияти маъносидир. У шак-шубҳасиз гўзал ниятдир. Ўйлаб кўргин!

Кейин, Ибн ал-Ҳожж раҳимаҳуллоҳ айтади: мавлидни уюштирган кимса фақатгина таъзимни ният қилиб қўймайди. Ҳар хил одамлар олдида обрў қозонишни ўйлайди. Мавлид берувчига гоҳида бу иши шодлик бағишламайди, ёки мавсим келганидагина мажбурийликдан мавлид беради. Мавлиднинг ўз зотини талаб қилгиси келмайди. Шу тариқа, мавлид беради-да, одамлар олдида обрў тўплаб олишига сабаб бўлиб қолади. Бу ерда бир қанча бузуқликлар бор. У ҳолат эса мунофиқлик сифати билан сифатланади. Чунки, у ўз қалбидаги нарсанинг тескарисини амалга оширмоқда. Мавлидни қилувчининг зоҳир ҳолати шуки, у охиратни истаётган бўлади, ботини эса бойлик тўплашдир. Мавлид қилувчи гоҳида кўплаб бойлик ҳам тўплаб олади. Ёки одамлардан мақтов эшитишни ва шу амалига ёрдамни истайди. Бунда ҳам махфий бўлмаган кўплаб бузуқликлар бор. Тамом.

Унинг бу гаплари ҳам олдин айтилган йўсиндадир. Уни яхши ният бўлмагани учун ёмонламоқда, мавлид амалининг айнан ўзини эмас.

Мавлид амали ҳақида Ҳофиз Абулфазл Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳнинг гаплари.

Шайхулислом, аср ҳофизи Абулфазл Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳдан мавлид амали ҳақида сўралган. У зотнинг жавобларининг матни бундай:

Мавлид амалининг асли бидъат бўлиб, бу учта замонда ўтган солиҳ зотларнинг бирортасидан нақл қилинмаган. Лекин, шу билан бирга, у хайрли гўзал ишларни ҳам, унинг акси бўлган ишларни ҳам қамраб олаверади. Демак, кимки мавлид билан гўзал ишларни қасд қилса, унинг акси бўлган ишлардан сақланса, у бидъати ҳасана бўлади. Агар ёмон ишлар қўшилса, мавлид ҳам ёмон бўлади.

Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: менга мавлиднинг асли борлигига бир далил зоҳир бўлди. У икки саҳиҳ тўпламда (“Саҳиҳ ал-Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”да) собит бўлган: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ташриф буюрдилар. Яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганларини кўрдилар. Улардан бу ҳақида сўраганларида, улар “Бу кунда Аллоҳ Фиръавнни ғарқ қилган, Мусо алайҳиссаломга нажот берган. Биз эса Аллоҳ таолога шукр қилган ҳолда рўза тутамиз”.

Ушбу ҳадис Аллоҳ таолога шукр қилиш иши борлигини ифода қилади. У муайян кунда неъматнинг тўлиқ берилгани ёки машаққатни даф қилгани учун қилиниши мумкин. Бу хилдаги кун ҳар йили такрор қайтарилаверади. Аллоҳ таолога шукр эса сажда, рўза, садақа, тиловат каби турли-туман ибодатлар билан ҳосил бўлади. Бу кунда раҳмат пайғамбари бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вужудга келишларидан улуғроқ яна қандай неъмат бўлиши мумкин?! Шунга кўра, мазкур кунни аниқ белгилаб қасд қилмоқ керак бўлади. Ҳатто Ашура кунидаги Мусо алайҳиссаломнинг қиссаларига мувофиқ бўлади.

Кимки бу нарсани мулоҳаза қилиб кўрмаган бўлса, мавлид ишини ойнинг қайси кунида қилганига парво қилиб ҳам ўтирмайди. Балки, бир гуруҳ одамлар йилнинг қайси куни қилса ҳам жоиз деб нақл қиладилар. У ҳақидаги гап ҳам худди шундай. Улар ҳам мавлид амалининг аслига тааллуқли бўлаверади.

Мавлид амалини ушбу ишларга қисқартириш вожиб бўлади.

Мавлидда қилинадиган ишларга келсак, унда Аллоҳ таолога шукр қилишни тушунтира оладиган ишларни адо қилмоқ керак бўлади. Булар: тиловат, таом бериш, садақа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мадҳларида битилган ҳамда қалбда зоҳидликка, хайрли ишларга ва охират амалларига рағбат уйғотадиган бирор нарсани ўқишдир.

Мавлидда сақланиш вожиб бўлган нарсалар.

Мавлидга самоъ, ўйин-кулги ва бекорчи нарсалар эргашиб юради. Агар бу ишларни ушбу кунда хурсандчилик учун жоиз бўлаверади, дейдиган бўлсак, у ҳолда уларнинг эргашиб юрганининг зарари йўқ. Агар уни ҳаром ёки макруҳ деб баҳолайдиган бўлсак, унда улар ман қилиниши лозим. Шунингдек, улар “хилофи авло” – қилмаган яхшироқ ишдир. Тамом.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар бўлганларидан сўнг ўзлари номидан ақиқа қилдирганлари ҳақида.

Мен айтаман: мавлиднинг асли борлиги ҳақида менга бошқа бир далил зоҳир бўлди. Уни Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят қилганлар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувватдан кейин ўзлари номидан ақиқа қилдилар”.

Боз устига, у зотнинг боболари Абдулмутталиб у зот туғилганликларининг еттинчи кунида ақиқа қилганлари ҳам нақл қилинган. Ақиқа эса иккинчи бор қайтарилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ишларини эса Аллоҳ таоло уни дунёга келтирганларига, оламларга раҳмат, умматлари учун шарофат  бўлганликларига шукрона изҳор қилиб адо этганлар, дейишга биз мажбур бўлаверамиз. Чунончи, у зот булар учун намоз ҳам ўқигувчи эдилар. Демак, бизларга ҳам у зотнинг туғилганликларининг шукронасини айлаб, дўстларни жамлаб, таомлар едириб, шунга ўхшаш қурбат ишларни бажариб, шодлик изҳор қилмоғимиз мустаҳаб бўлади.

Ҳофиз Шамсиддин ал-Жазарий раҳимаҳуллоҳнинг гаплари.

Сўнгра, қорилар имоми ҳофиз Шамсиддин ал-Жазарий раҳимаҳуллоҳнинг “Арф ат-таъриф би-л-Мавлид аш-шариф” (“Шарофатли мавлид таърифининг хушбўй ҳиди») номли китобидагиларни кўриб қолдим. Унинг матни қуйидагича:

Абу Лаҳабни вафотидан кейин тушда кўришибди. Ундан: “Ҳолинг қандай?”, деб сўрашган. У: “Дўзахдаман. Фақатгина ҳар душанба кечаси азоб мендан енгиллаштирилади. Мана бу икки бармоғим орасида мана шунча сувни шимиб ичаман”, деб бармоқ учларини кўрсатибди. Бу эса менинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилганликларини башорат қилиб келгани ва уни эмизмоқчи эканлигини айтгани учун Сувайбани озод қилганим сабаблидир”.

Кофир Абу Лаҳаб шундай бўлса-ю, Қуръонда уни ёмонлаб, дўзах билан жазоланиши айтилган бўлса-ю, унинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кечалари учун биргина шодлангани боис азоб енгил қилинса! Ана энди, Пйғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавҳид калимасини айтувчи умматларидан бўлмиш мусулмоннинг ҳоли қандай бўлади?! Бу мусулмон унинг мавлидига қувонади, қудрати ва имкони етгунча у зотга муҳаббати борлигини изҳор қилиб, хайр-эҳсон қилади. Умримга қасамки, карами кенг Парвардигори оламдан унинг мукофоти уни ўз фазли ила жаннати наъимга киритмоғидир!

Ҳофиз Шамсиддин ибн Носириддин ад-Димашқий раҳимаҳуллоҳнинг гаплари.

Ҳофиз Шамсиддин ибн Носириддин ад-Димашқий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Маврид ас-содий фий мавлид ал-Ҳодий” (“Ҳидоят қилувчи зот – Пайғабар алайҳиссаломнинг мавлидларида садо қилувчининг келтирган нарсаси”) номли китобида бундай деганлар:

Саҳиҳ ривоят келганки, ҳақиқатдан ҳам Абу Лаҳабга душунба куни дўзах азоби енгил қилинган. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилганликларига хурсанд бўлган ҳолда Сувайбани азод қилгани учундир. Сўнгра бу шеър ёзилган:

Бу кофирни ҳамиша ёмонлаб келтиришган,

Қўли қурисин, унинг жаҳаннамда қўйишган.

Душанба кун доимо енгиллатур азоблар,

Бунга сабаб Аҳмадга хурсанд бўлган, дейишган.

Нима гумонинг бор сенинг, умр бўйи банданинг,

Аҳмадга масрур бўлиб, тавҳид ила ўлишган.

Камолиддин ал-Адфаъий раҳимаҳуллоҳнинг гапи.

Камолиддин ал-Адфаъий (685-748/1286-1347) раҳимаҳуллоҳ “ат-Толеъ ас-саъид” (“Бахт келтириб чиқувчи”) номли асарларида бундай деганлар:

Бизга дўстимиз Носириддин Маҳмуд Ибн ал-Аббод раҳимаҳуллоҳ ҳикоя қилиб берганларки, Абуттаййиб Муҳаммад ибн Иброҳим ас-Сабатий ал-Моликий раҳимаҳуллоҳ Қавсда яшаган, илмига амал қилувчи олимлардан бўлиб, у зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган кунида мактаб ёнидан ўтиб кетаётган эканлар. У зот мактабдорга: “Эй, фақиҳ! Бугун хурсандчилик куни. Болаларга рухсат бериб юбор!”, деган эканлар. Шунда, мактабдор болаларга таътил бериб юборган экан.

Бу у зотнинг тақрири ва инкор қилмаганининг аломатидир. Бу зот эса моликий мазҳабининг илмда ишончли фаҳиқи, парҳезкор олими ҳисобланади. Абу Ҳайён раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар унинг шогирди ҳисобланади. У зот 695/1295 йили вафот қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рабеъ ал-аввал ойининг душанба куни туғилганликларининг ҳикмати.     

 Ибн ал-Ҳожж раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Пайғамбар алайҳиссолату вассаломнинг айнан рабеъ ал-аввал ойининг душанбасида кароматли туғилган кунлари бўлганининг сабаби нима? Нима учун Қуръон нозил қилинган ва лайлатулқадр бор бўлган рамазонда бўлмади? Нима учун ҳурматли ойларда бўлмади? Нима учун шаъбоннинг ярмида – ўн бешинчи куни бўлмади? Нима учун жумъа куни ёки жумъа кечаси юз бермади?

Унга тўрт жиҳатдан жавоб берилган:

Биринчиси, ҳадисда келган: Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло душанба куни дарахтларни яратган. Бунда эса улуғ огоҳлантириш мавжуд. У озиқ-овқатлар, ризқ-рўзлар, мева-чевалар, одам болаларининг умрлари узун бўладиган ва тирикчилиги ўтадиган, шу билан жонлари сақланадиган бошқа хайрли нарсалар яратилганини англатади.

Иккинчиси, рабеъ ал-аввалнинг “рабеъ” сўзи ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Унда гўзал ишора бор. (Унинг “баҳор”, “қувват”, “сабр-тоқат”, “мулойимлик”, “баҳорги ёмғир”, “янги қўзичоқ”, “анъанавий урф-одат”, “ерга маҳкам турмоқ” каби бир қанча маънолари мавжуд). Абу Абдурраҳмон ас-Сақалий раҳимаҳуллоҳ: “Ҳар бир инсонга ўз исмидан насиба бўлади”, деганлар.

Учинчиси, баҳор ойи ойларнинг энг адолатлироғи, энг гўзалидир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг шариатлари ҳам энг адолатли ва энг гўзалдир.

Тўртинчиси, ҳикматли зот бўлмиш Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломнинг туғилишлари ила бу ойни шарафли бўлишини ирода қилган. Юқорида зикр этилган бошқа ойларнинг бирида туғилганларида, у ойлар шунинг учун шарафли бўлган, деб ўйлаш мумкин эди. (Уларнинг эса ўзига хос бошқа шарафлари бор).

Шу билан рисола тугади. Якка-ю ягона Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!

Тамом!

Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний.   

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *