Кўп ёки машҳур асар ёзганлик ақидаси тўғрилик эмас!

Lotin alifbosida

Тавфиқ Аллоҳдандир! Инсон соғлом ва соф эътиқодли бўлиши учун унинг обрўси, бойлиги, насаби, билими, дунёқараши, ва ниҳоят, илми сабабчи бўла олмаслиги мумкин. Дунёни эгаллаган Александр Македонский имонсиз эди, дунёнинг молига эга бўлган Қорун имонсиз бўлган, барча даврларнинг энг алломаси деб тан олинган Аристотель имонсиз эди! Ислом тарихида ҳам қанча-қанча китоблар ёзганлар, олиму уламо бўлиб танилганлар аҳли суннат ва жамоатдан айро бўлиб, бидъатчи бўлиб, қанчадан-қанча оқимларга гирифтор бўлиб ўтган буюк-буюк, машҳури жаҳон бўлган зотлар ҳам бор. Улар ҳақида хабардор бўлиб қўйишимиз керак. Бу эса бизнинг ушбу фитнаангиз замонада, бало-ю офатлар ёмғирдек ёғилаётган бир даврда, ҳар хил фитналар ва синовлар оммавий тарқалаётган пайтда, ҳар куни исломнинг ўзидаги бузуқ, оғишган-тойинган турли-туман оқим, тоифа ва фирқалар ҳақида эшитилаётган ушбу вақтда огоҳ бўлишимизга, ёзилган катта-катта китобларга алданиб қолмасга, дунёнинг машҳур олимига, ёзган асарлари дунёда энг машҳур бўлса-да, уларга ишониб ва таяниб қолмасликка, хулласи калом, адашмасдан, соф исломий ақидада огоҳлик билан умргузаронлик қилишимизга сабабчи бўлса ажаб эмас. Бизнинг мақсадимиз кўп ёки машҳур асар ёзганлик ҳамма вақт ҳам ақидаси тўғрилик бўлавермаслигидан огоҳлантиришдир.

1) Ибн ас-Соиб ал-Калбий. Абу-л-Мунзир Ҳишом ибн Муҳаммад ибн ас-Соиб ибн Бишр ал-Калбий (ваф. 204 ҳ./819 м.) насаблар, араблар тарихи, тақвимларини чуқур биладиган олимлардан бири. Насабларни илмий ўрганишни илк бор йўлга қўйган зот. Халифа Абу Мансур Жаъфар уни Синдга волий қилиб юборади, у ғирт рофизий бўлиб, уни тарғиб ва ташвиқ қилар эди. Уни ўлдириб, бошини халифага жўнатадилар. Ибн Надим раҳимаҳуллоҳ “Фиҳрист” асарида Ибн  ас-Соиб ал-Калбийнинг 125 та асарини санаган. Тадқиқотчилар унинг 150 дан ортиқ асари борлигини айтганлар.

Аҳли суннат ва жамоатнинг энг буюк имоми Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ: “Ибн ас-Соибдан ҳеч ким ҳадис ёзиб олмасин!”, деганлар. Ибн  ас-Соиб ал-Калбий Қуръони каримга жуда катта ҳажмда тафсир ёзган бўлиб, унда жуда бузуқ ақидаларни тарғиб қилгани боис шогирдлари ундан бош олиб кетиб қолганлар. Ибн  ас-Соиб ал-Калбийни Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуни илоҳийлаштиргани учун Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўзлари ўлдиртирган Абдуллоҳ ибн Сабаънинг ақидаларини давом эттирган, деган фикр ҳам бор.

Ибн ас-Соиб ал-Калбий шунчалик илми ва асарлари билан бирга ҳаддан ошган рофизий шиа эди!

2) Абу Убайда ат-Таймий (114-210 ҳ./732-825 м.). Ибн Надим раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фиҳрист” асарида унинг 105 та асарларининг номларини санаган бўлса-да, тадқиқотчилар 200 га яқин асарлари бўлганлигини айтишган. Абу Убайда ат-Таймийнинг ўзидан ёзган асарлари жами куллиёти неча жилд бўлиши мумкинлигини сўрашганда, катта-катта эллик жилд бўлишини айтган. Абу Убайда Басрада туғилиб ўсган ва шу ерда вафот қилган. У ўз давридаёқ “Басра аҳли алломаси” номи билан шуҳрат қозонган. 188/803 йилда халифа Ҳорун ар-Рашид уни Бағдодга таклиф қилади. Шу тариқа бир қанча муддат обрў-эътиборли бўлиб Бағдодда яшаган. Абу Убайда ат-Таймий эътиқодда хаворижларнинг фикрларини маъқуллар, ашаддий хавориж эди. Арабларни жуда ёмон кўрган. Қуръонни фақат унга қараб ҳам хато ўқирди. У ҳажв қилишга жуда уста бўлган, тилидан ҳеч ким қочиб қутила олмаган. Вафот этганида эса обрўли кимсалардан ҳеч ким жанозасига келмаган. Исломнинг буюк олими Имом ал-Асмаъий раҳимаҳуллоҳ унинг таъналаридан безиб кетганидан, у бор пайтда масжидга ҳам кирмас эканлар.

Абу Убайда ат-Таймий ўз давридаги барча илмлардан хабардор, арабларнинг жуда кўп ашъорларини ёд олган эди. Хусусан, у адабиётга оид фанларни, араб луғатини жуда яхши билган олим. Жоҳиз: “Ер юзида у каби кўп илмга эга одамни кўрмадим!” деган бўлса, таниқли наҳв олимларида ал-Мубаррад раҳимаҳуллоҳ: “Абу Убайда наҳв илмида энг олим зот!” деганлар. Айрим зотлар уни ҳадис ривоятида ишончли деб ҳам топганлар.

Бироқ, Абу Убайда ат-Таймий шунчалик илми ва асарлари билан бирга ашаддий хавориж эди!

3) Жоҳиз. Абу Усмон Амр ибн Баҳр ал-Басрий (ваф. 255 ҳ./868 м.) мўътазилийларнинг таниқли вакилларидан бири бўлиб, адиб сифатида шуҳрат қозонган. У мўътазилийларнинг каттаси ан-Наззомнинг шогирди ҳисобланади. Ўзи ҳам мўътазилийликнинг жоҳизия деган фирқасининг асосчисидир. Унинг илмининг кўплиги ва чуқурлигидан “Зуфунун” (“Фанлар эгаси”) деган фахрли лақаби ҳам бўлган. У уйидаги кутубхонасидаги бор китобларни ўқиб, ҳаммасини ёдлаб бўлганидан сўнг ўз шаҳрининг китоб бозоридаги бор китобларни ҳам дўконларда ўтириб ва ҳатто дўконларда ётиб қолиб бирма-бир ўқиб чиққан экан. Умрининг охирида фалаж бўлиб қолган, кутубхонасидаги китобларидан олишга урунаётганида, устига китоблар тушиб кетиб вафот қилган. Халифа Маъмун унинг китобларини ўқиб кўриб, қаттиқ таъсирланган экан. Шундан у мўътазилийликка мойил бўлиб қолган. Унинг намозларни чала ўқиши, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан ҳадис тўқиганлиги ҳам нақл қилинган.

Жоҳизнинг одоб-ахлоққа оид ва турли фанларга доир асарлари жуда кўп бўлган. Ҳатто “Басра тарихида Жоҳиздан кўп асар битган олим чиққан эмас!”, деган гап ҳам мавжуд. Ибн ан-Надим раҳимаҳуллоҳ “Феҳрист” китобида унинг 170 дан ортиқ асарларини санаб ўтган. Унинг асарлари ҳозиргача севиб ўқилади.

Жоҳиз “Зуфунун” (“Фанлар эгаси”) деган фахрли лақабга эга бўлишига, ҳозиргача машҳури жаҳон бўлмиш қанчадан-қанча асарлар муаллифи эканига қарамасдан мўътазилий эди!

4) Яъқуб ибн Исҳоқ ал-Киндий (ваф. 260 ҳ./873 м.). У “Араб файласуфи” деган фахрли унвонга сазовор бўлган энг таниқли ислом файласуфларидан биридир. Бағдодда халифа Маъмун даврида обрў-эътиборга сазовор бўлган. Бироқ, эътиқодда мўътазилий эди. У юнонлар фалсафасини, айниқса, Аристотель фалсафасини исломга олиб кирган олим эди. У ўзича Қуръонга ўхшаган бир китоб ёзишни қасд қилиб, уруниб кўрган. Унинг 300 дан ортиқ асарлари бўлган, “ат-Тавҳид” деган китоб ҳам ёзган. Ҳозирнинг ўзида 30 га яқин асарлари бизнинг давримизгача етиб келган.

Аллома ал-Киндий шунчалик буюк олим бўлишига қарамасдан эътиқоди бузуқ мўътазилий бўлган!

5) Қози Абдулжаббор ибн Аҳмад ал-Мўътазилий. Ўз даврида мўътазилийларнинг раиси бўлган. Рай шаҳрида қозикалон ҳам бўлиб фаолият юритган. У 414 ҳ./1023 м. йилда тўқсон ёшларидан ўтганда вафот қилган. Асарларининг эса сон-саноғи йўқ. Энг машҳур асари Қуръони каримга ёзган тафсири ҳисобланади. Шу билан бирга, у амалиётда шофеъий мазҳабида бўлган, шофеъийларнинг катта фақиҳларидан бири ҳисобланади. Демак, огоҳ бўлиш керак: кимдир шофеъий, яна кимдир ҳанафий бўлганини эълон қилиб, шунга амал қилиб юриши мумкин. Бироқ, эътиқодда бузуқ ақидада, аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифадан бўлиши мумкин. Қози Абдулжабборнинг мол-мулки ҳам кўп бўлган. Шогирдларига мояна белгилаб қўйган эди, айрим масалаларни ечган шогирдларини алоҳида жуда кўп тангалар билан сийлар эди. Демак, аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифалар ёшларни ўзларининг таълимотларига жалб қилиш учун мол-мулк ва бойликни сарф қилишни ўша даврлардан бери қилиб келаётган экан.

Қози Абдулжабборнинг Қуръони каримга ёзган тафсири 100 жилд бўлган, дейишади. Ақоидга оид “ал-Муғний” номли асарининг ўзи 17 жилд бўлган. Шундан айрим қисмлари топилиб, ҳозирда нашр ҳам қилинган. Унинг Абдуссалом ал-Қазвиний деган мўътазилийларнинг катта олими бўлиб етишган шогирди бўлган. Ана шу шогирд Абдуссалом ал-Қазвиний Қуръони каримга 300 жилддан ҳам кўп ҳажмдаги тафсир ёзган.

Қози Абдулжаббор ва унинг шогирди шунчалик илми ва асарлари билан бирга ашаддий мўътазилий бўлган!

6) Ибн Бобуя ал-Қумий. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Мусо ибн Бобуя ал-Қумий (306-381 ҳ./918-991 м.) имомий шиаларнинг энг катта олими ҳисобланади. Унинг 300 дан ортиқ асарлари бўлган. У шиалар орасида жуда машҳур. Унинг ҳам “ат-Тавҳид” деган асари бўлган.

Ибн Бобуя ал-Қумий шунчалик буюк ва машҳур олим бўлишига қарамасдан шиа-имомий эътиқодини тарғиб қилган!

7) Абу Убайдуллоҳ ал-Марзбоний. Муҳаммад ибн Имрон ибн Мусо ал-Марзбоний (297-384 ҳ./910-994 м.) ўз даврининг энг таниқли адибларидан бири бўлган. У Бағдодда туғилиб-ўсган бўлиб, эътиқодда мўътазилий эди, мўътазилийларнинг тарихини ҳам ёзган. Унинг “ал-Муфид” деб аталган шеър ва шоирлар тўғрисидаги асари 5000 (беш минг) варақ бўлган. “ал-Азмина” деган асари эса 2000 (икки минг), “ал-Муваннақ” номли асари эса 3000 (уч минг) варақдан иборат экан. Ўз давригача бўлган аёл шоираларнинг тазкирасини яратган бўлиб, шунинг ўзи 3 (уч) жилддан иборат бўлган. У олдига сиёҳдон ва шароб қўйиб қўяр, китоб ёзиб тўхтаган вақтларда шаробдан сипқорар экан.

 

8) Муҳаммад Боқир ал-Мажлисий. У шиаларнинг энг катта алломаларидан бири бўлиб, Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Тақий ибн Мақсудали ал-Мажлисий ал-Исфаҳоний (1038-1111 ҳ./1628-1700 м.) 105 (бир юз беш) жузли “Биҳор ал-анвор” номли энциклопедик асарнинг муаллифи сифатида шуҳрат қозонган. Асар катта-катта ҳажмда 25 жилд қилиб нашр қилинган. Аллома ал-Мажлисий йигирма ёшидан бошлаб фатво бериш даражасига эришган, кейинчалик шайхулислом бўлиб илмий фаолият юритган, шайхулисломлигидан биринчи иши юртидаги ҳиндларнинг бутларини шахсан ўзи бирма-бир синдириб чиққан экан. Унинг талабалари жуда кўп бўлган, бир вақтнинг ўзида мингта шогирдига маъруза ўқиган экан. Тамакининг ҳаромлиги ҳақида бир рисола ёзган. Умуман, у 150 дан ортиқ асарлар муаллифидир.

Муҳаммад Боқир ал-Мажлисий қанчалик аллома бўлишига қарамасдан шиаларнинг аҳли суннат ва жамоатдан айрилган имомий бир вакилидир!

Хулоса

Бизнинг давримизда ҳам аслида аҳли суннат ва жамоатдан оғишган, лекин илмда, обрўда, эътиборда дунёга машҳур бўлган олиму уламолар кўп. Масалан, ўзларини ҳанафий мазҳабида деб туриб, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан гапирадиган, аслида зимдан бемазҳаблик йўлини тутиб, мужтаҳидлик даъво қила бошлаган таниқли олимлар ҳам бор. Юқорида айтганимиздек, кимдир шофеъий ёки ҳанафий бўлганини эълон қилиб, шунга амал қилиб юриши мумкин. Бироқ, эътиқодда бузуқ ақидада, аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифадан бўлиши мумкин. Уларни замонавий хаворижлар бўладими, янги салафийлар бўладими, бошқалар бўладими, олиму аллома сифатида улуғлайверадилар. Уларни кўтар-кўтар қиладиганлар ҳам ўшалардан бўлганидан буни билиб олиш мумкин. Уларнинг бу хилдаги фаолиятларига жилд-жилд китобларда раддиялар битилмоқда, аҳли суннат ва жамоат уламолари у хилдаги олимларнинг тутган йўли ниҳоятда хатарли эканлигидан огоҳлантириб келмоқдалар.

Айрим кимсалар: “Ҳар қандай олимнинг ҳам хатоси бўлади. Беайб Парвардигор! Гуноҳдан фақатгина пайғамбарлар маъсумдирлар!”, деганга ўхшаш фикрлар билдириб, олимнинг хатоларини олмасдан, қолган тўғри фикрларини олиш ва ёзган китобларини ўқийвериш керак, деб ҳисоблайдилар. Бу фикр шайтон алайҳиллаънанинг иғволаридан бири бўлиши ҳам мумкин. Чунки, хато билан хатонинг, камчилик билан камчиликнинг фарқи бор. Илмий ишларнинг тақризларида: “жузъий камчиликлар китобнинг умумий савиясига таъсир қилмайди”, деган жумлалар айтилади. Бу китобдаги бир-икки хато-камчиликларга, асосан техник ва имловий-наҳвий аҳамиятга эга нуқсонларга нисбатан ишлатилади. Бироқ, китобнинг ҳар бир бетида бир қанча хато ва камчиликлар бўлаверса, айниқса, унда ақидавий янглишувлар учрайверса, бемазҳабликка тарғиб қилинса, аҳли суннат ва жамоатд аҳллари бидъат деб топган қарашлар илгари сурилаверса, умуммиллатнинг дунёқараши ҳамда диний ва илмий анъаналарига зид фикрлар бот-бот қайд қилинаверса, у ҳолда, бундай китоб залолат китоби ҳисобланади. Уни нашр қилиб, оммага чоп қилишга рухсат берилмайди, уни омма ўқишларига тавсия қилинмайди, унга холис фотиҳа берадиган тақриз ёзилмайди. Балки, уни ўқимаслик кераклигидан огоҳлантириш вожиб бўлади, ўша китобнинг муаллифи аслида илм одами эмас, балки бир адаштирувчи эканидан огоҳлантирилади, китоблари ўқилган тақдирда фақат ва фақат мутахасссисларгина жуда огоҳлик билан ўқишлари кераклиги айтилади. Бу асрлар давомида илм-маърифат тарихининг ҳозирда ҳам давом этаётган муқаддас анъанасидир!

Масалан, ўтмишдаги мадрасаларда охирги босқичларда аҳли суннат ва жамоатдан оғишганларнинг китоблари ҳам ўқитилган. Чунки, мутахассисларни мўътазилийлик ёки бошқа тоифаларнинг ғоялари билан таништириб қўйиш лозим, деган фикр мавжуд эди. Бироқ, шу вақтнинг ўзида аҳли суннат ва жамоатнинг энг машҳур ақидавий манбаси “ал-Ақоид ал-Азудийя” ва унинг Мулла Жалол Даввоний раҳимаҳуллоҳ томонидан битилган шарҳи ҳам ўқитилган. Яъни, ақидада чалғиш рўй бермасин, деган мақсад бўлган. Яқин-яқингача устозлар китоб ўқитаётиб, аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифаларнинг фикрлари чиқиб қолган ўринларда “Бўяш меояд!” (“Ҳиди келмоқда!”) деб қўяр эканлар. Жумладан, Бухоронинг мумтоз давридаги охирги мударрислардан Асвад махдум раҳимаҳуллоҳ ва Домла Икромча раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари шу хилда сабоқ берар эканлар. Яъни, аҳли суннат ва жамоат таълимотидан ўзга ақидага яширин тарзда, сездирмасдан ишора қилиб кетилган ўринларни “Бўяш меояд!” (“Ҳиди келмоқда!”) деб, талабаларга билдириб ўтилган.

Айрим кимсалар: “Китобда хато-камчиликлар бўлса, уларни олмасдан, хатосиз керакли ўринларидан фойдаланаверсак бўлмайдими? Ёзганга эмас, ёзилганга қара!”, дейишлари мумкин. Бироқ, бу бидъатчини ва ёмон китобларни эҳтиром қилиш ва оммалаштиришга сабаб бўлади. Бу эса хатарлидир:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

من وقّر صاحب بدعة فقد أعان على هدم الإسلام

“Кимки бирор бидъатчини улуғласа, дарҳақиқат, у исломни вайрон қилишга ёрдам берибди!” (Байҳақий, “Шуаб ал-имон”, 12/9018).

Таниқли саҳоба Муоз ибн Жабал разийаллоҳу анҳу бундай демишлар:

من مشى الى صاحب بدعة ليوقره فقد أعان على هدم الإسلام

“Кимки биъдъат эгасини ҳурмат-иззат қилиш учун борса, дарҳақиқат, у исломни вайрон қилишга ёрдам берибди!” (Табароний, 20/188).

Тобеъинлардан Яҳё ибн Абу Касир раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:

إذا لقيت صاحب بدعة فى طريق فخذ فى طريق آخر

“Қачон бидъат соҳибини бир йўлда учратиб қолсанг, бошқа йўлга ўтиб кет!” (Байҳақий, “Шуаб ал-имон”, 12/9017).

Фузайл ибн Иёз қуддиса сирруҳу бундай деганлар:

لا تجلس مع صاحب بدعة فإنى أخاف أن ينزل عليه اللعنة

“Бидъатчи билан бирга ўтирма! Чунки, мен унга лаънат ёғилишидан қўрқаман” (Байҳақий, “Шуаб ал-имон”, 12/9027).

Фузайл ибн Иёз қуддиса сирруҳу яна бундай деганлар:

من وقّر صاحب بدعة أورثه الله تبارك و تعالى العمى قبل موته

“Кимки бирор бидъатчини улуғласа, Аллоҳ таборака ва таоло унга ўлишидан олдин қалбини кўрликни мерос қилади” (“ал-Мужоласату ва жавоҳир ул-илм”, 1/113).

Муҳаммад ибн Назр ал-Ҳорисий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:

من أصغى بسمعه الى صاحب بدعة نزعت منه العصمة و وكل الى نفسه

“Кимки бидъатчига қулоқ солса, ундан исмат – софлик, бегуноҳликни тортиб олинади ва ўз нафсига ташлаб қўйилади” (“ал-Мужоласату ва жавоҳир ул-илм”, 2/335).

Айрим кимсалар: “Олимларни ғийбат қилмаслик керак. Уларнинг гўшти заҳарлидир!”, деб аҳли суннат ва жамоатдан оғишган бирор олимнинг ёнини олмоқчи бўладилар. Аслида, Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳнинг: لحوم العلماء مسمومة – “Уламолар гўшти заҳарлидир!”, деган гаплари аҳли суннат ва жамоатдаги уламоларга нисбатан айтилгандир (“Табйин кизб ал-муфтарий”, 1/5). Ҳолбуки, энг қизиқ томони, Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳ бу ҳикматларини Имом ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳни ҳимоя қилиб ёзган китобларида келтирганлар. Ҳозирда эса ушбу ҳикматни Имом ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳни ва ашъарийларни қоралайдиган тоифалар – аҳли суннат ва жамоатдан оғишган бирор олимнинг ёнини олаётганлар кўп такрорлашади.

Биламизки, инсонга зарарли бўлган заҳарли илон ва чаённи ҳатто намозда ҳам ўлдириш жоиз саналади. Шунинг учун, аввало уни ҳаққоний ва раббоний олимми ёки ўзи заҳарли илон-чаёнми эканини билмоқ керак! У ҳаққоний ва раббоний олим эмас, балки аслида заҳарли илон-чаён бўлиб чиқиши мумкин. Уларни ошкор қилиш, хато ва камчиликларини оммага тақдим қилиб бориш асло иттифоқни бузмайди, ихтилоф келтириб чиқармайди, бу ғийбат саналмайди, балки аҳли суннат ва жамоатдан оғишган олиму уламоларнинг номлари ва асарлари ҳамда улардаги фикрлар элу юртда тарқаб қолса, ана унда ҳақиқий иттифоққа путур етади, даҳшатли ихтилоф юзага келади. Аҳли суннат ва жамоатдан айро бўлган, оғишган олимларнинг кирдикор ва қилмишларини ошкор қилиш, мусулмонларни бундан огоҳлантириш аҳли суннат ва жамоатдаги олим ва мутахассисларга вожиб бўлади. Чунки, бундай ҳадиси шарифлар ҳам бор:

 أذكروا الفاجر (الفاسق) بما فيه كى يحذره الناس

“Фосиқни ундаги бор нарса билан эсланг. Токи одамлар ундан ҳазар қилсинлар” (“Наводир ал-усул”, 2/155).

حتى متى ترعوون عن ذكر الفاجر أهتكوه حتى يحذره الناس كى يعرفه الناس

“Қачонгача фожирни эслашдан ўзингизни тиясизлар! Уни фош қилиб ташланглар, токи одамлар ундан ҳазар қилсин, токи уни одамлар таниб олсин” (Байҳақий, “Шуаб ал-имон”, 7/9666; Табароний, “ал-Мўъжам ал-кабир”, 19/1010; “ал-Мўъжам ас-сағир”, 1/598).

“Мажмаъ аз-завоид”да мазкур ҳадиснинг ровийларини ишончли деб, ҳасан даражада дейилган. Бу эса ҳужжат қилишимизга яроқли деганидир.

Хулласи калом, бирор олимнинг машҳурлиги, унинг жуда кўп асар ёзганлиги, китобининг эса қўлма-қўл бўлиб ўқилаётгани, битиклари билан шуҳрат қозонганлиги унинг аҳли суннат ва жамоатда эканини, соф ва соғлом ақидадалигини ҳамма вақт ҳам билдиравермайди! Ундан ва китобларидан эҳтиёт бўлмоқ керак! Уни аҳли суннат ва жамоат уламолари тан олган бўлсагина, юрт ва ватандаги ҳамма тан олган олимлар эътироф қилган олиму уламолар ва фозилу фузалолар, аллома-ю валломатларгагина ихлос қўйиш, китобларини ўқиб-ўрганиш керак бўлади. Аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифаларнинг китобларини фақатгина мутахассисларгина оммани огоҳлантириш мақсадидагина ўқиб-ўрганишлари мумкин, холос. Ана шунда ҳақ йўлда барқарор бўлиб, аҳли суннат ва жамоатдан тойилмаслигимизга сабаб бўлади.  Ҳар кимнинг гапига кираверманг, кўп ва хўп гапларига алданиб қолманг. Кўп билиш эмас, кўп амал қилиш лозим! Билдим дединг, тутилдинг; билмадим дединг, қутилдинг!

Аллоҳ мўъмин-мусулмонларни ҳақ йўллардан адаштирмасин. Ҳаққоний аҳли суннат ва жамоатдан айирмасин, соф ва соғлом ақидада мустаҳкам қилсин!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *