Барлавийлар ҳақида фатво

Lotin alifbosida

Barlaviylar haqida fatvo

(Шайх Муҳаммад Тақий ал-Усмоний ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг фатволари).

1. Шайх Муҳаммад Тақий ал-Усмонийнинг фатвоси:

Савол:

Оламлар робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Расулуллоҳга, у зотнинг оилалари ва дами саҳобаларига дуруд ва саломлар бўлсин!
Мукаррам шайхим, аллома Муҳаммад Тақий ал-Усмоний ҳафизаҳуллоҳ!
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!
Йил бўйи Сизларга яхшиликлар бўлсин! Сизлардан Аллоҳ таоло тоатларни қабул айласин. Бу байрамни Сизларга ҳам, бизга ҳам, жами мусулмонларга ҳам Аллоҳ баракотли ва муборак қилиб такрор-такрор келтирсин. Мен Сизнинг ўзингизга, оилангизга ва жами дўстларингизга хайр ва офият тилайман. Мактубим кечиккани учун узр ҳам сўрайман. Мен дарс ва оилавий ишлар билан машғул бўлиб қолган эдим. Аллоҳ ёрдамчидир!
Мен Сизга рамазон ҳайитида мактуб йўллаган эдим. У Сизга етиб бордими?
Ишорангизни тушундим, тавфиқни умид қиламан. У Сизнинг китобингизни таржима қилиш шарафидир. Лекин, ҳозир мен муаллифлик ҳуқуқи мавзусидаги докторлик диссертациямга машғулман. Энг кўп “Замонавий фиқҳий ҳукмлар” номли китобингизга мурожаат қилмоқдаман. ИншаАллоҳ, айрим гапларингизни таржима қилишга ҳам киришганман. Таржима қилганларимни Сизга юбориб тураман.
Аллоҳ қувватласин, шайхимиз барлавийлар тариқатига нима дейди? Чунки, бу тариқат бизнинг юртларда топилмайди. Нажд уламоларидан бирининг ёзган арабча китобидан бошқа бирорта арабча китоб улар ҳақида топа олмадим. У барлавийлардан бошқалар ҳақида ҳам инсофсиз ёзилган экан. Шунинг учун, унинг ҳукми ва нақлига ишона олмадим. Уларнинг ҳолини баён қилиб беришингиздан умидворман! Одамлар ўта даражадаги муҳаббат ва нафрат орасидадирлар!
Аллоҳ таоло тўғри йўлга йўлловчидир!
Ассалому алайум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!

Муҳаммад Али Муҳаммад Аҳдош.

Жавоб:

Фазилатли ҳурматли биродарим, аллома Муҳаммад Али Муҳаммад Аҳдош ҳафизаҳуллоҳ таолога!

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Шундан сўнг:

Сизнинг карамли мактубингиз етиб келгани мени жуда қувонтирди. Сиз ҳаққингизда тавфиқ ва нажотни дуо қилиб қоламан. Амалингизни Аллоҳ таоло ўзи севган ва рози бўлган тариқада тамомлашни насиб қилсин. Мендан икки нарса ҳақида сўрагансиз (иккинчи савол, ижара битими тўғрисида бўлган).

Биринчиси, барлавийлар тариқатига мансублик. Улар мусулмонларнинг кўпчилигидан баъзи бир ақидалари ва бидъатона амаллари билан ажралиб турадилар. Уларнинг ақидалари жумласидан:

1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ғайбни билувчи дейиш;

2) У зотни бўлган ва энди бўладиган жами нарсалардан хабардор дейиш;

3) У зотнинг шарофатли руҳлари одамларга фойда ёки зарарни етказиш тасарруфини қила олади, дейиш кабилардир.

Уларнинг имоми Аҳмад Ризохон ал-Барилвий Девбанд уламоларининг зиддига такфир фатвосини (кофирга чиқаришни) нашр қилиб, тарқатгандир. Ҳатто, “Кимки уларни кофир демаса, ўзи ҳам кофирдир!”, деган. Мана шундай! Чунки, Девбанд уламолари уларни танқид қилганлар ва “Ғайб илми Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг сифатидир, унга ҳеч ким шерик бўла олмайди. Лекин, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ўз пайғамбарларини ўзи хоҳлаганча ғайб хабарларига хабардор қилади”, деганлар.

Барлавийларнинг бидъатона ишларидан баъзиси шуки, Қуръонда ва Суннатда собит бўлмаган байрамларни ўтказадилар. Шу билан бирга, ўшаларни мустаҳаб деб эътиқод қиладилар. Балки, ўзларига шерик бўлмаганларни жуда қаттиқ инкор қилиш даражасида уларга вожиб муомаласини қиладилар. Шунингдек, бировнинг ўлими муносабати билан ҳар хил маросимларни ихтиро қилиб олганлар. Бирор киши вафот этган вақтда маййит эгаларига одамларни уч, ўн, қирқ каби маросимларга чақиришларини буюрадилар. Уларга таом ҳозирлашга чақирадилар. Кимки бу ишни қилмаса, жуда қаттиқ маломат қилиб айблайдилар.

Шунга ўхшаш, уларнинг жуда кўп бидъат ишлари бор.

Бу тариқат ҳақида гапириш чўзилиб кетиши мумкин. Лекин, мен зикр қилганим уларнинг ақидалари ва амаллари тўғрисида қисқача тасаввур бера олади. Бу бошқаларга нисбатан мўътадил бўлган кишига улар орасида ҳаддан ошиш, ғулувга кетиш ва таассуб борлигини англатиб туради.

Валлоҳу субҳонаҳу аълам!

Муҳаммад Тақий ал-Усмоний, ъуфийа анҳу.

5/1/1426 ҳ.

(Мазкур фатво Муҳаммад Тақий ал-Усмонийнинг “Фатовойи Усмоний” асарининг 1-жилдида нашр қилинган. Қаранг: Муҳаммад Тақий ал-Усмоний. Фатовойи Усмоний. 1-жилд. – Карочи: Мактаба Маориф ал-Қуръон, 2010. – Б. 91-92).  

2. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари раҳимаҳуллоҳнинг фатвоси:

Савол: Ассаламу алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари! Дин йўлида қилаётган ишларингизга Роббимиз барака берсин. Ҳиндистонда Барлавийлар деган йўналиш бор экан. Уларнинг эътиқодлари исломга қанчалик тўғри келади? Ҳозирда бизнинг юртга ҳам уларнинг эътиқодлари ва китоблари кириб келаётган экан. Шу ҳолатга муносабатингизни билмоқчи эдим.

Жавоб: Аввало ушбу саволни йўллаганингиз учун ташаккур. Ҳамма ва ҳар доим шундай бўлиш керак. Ҳозирги кунда ҳамма нарса аралаш — қуралаш бўлиб кетди. Эҳтиёт бўлмаган одам адашиб қолиши ҳеч гап эмас.

Сиз сўраётган Барлавийлар тоифаси ҳақидаги қисқача маълумот қўйидагилардан иборат:

Барлавийлар тоифаси Ҳиндистонинг Абродеш вилоятининг Барилий шаҳарида пайдо бўлгани учун «Барлавийлар» номини олган. Бу тоифа Британия мустамлакаси даврида пайдо бўлган. Улар анбиёлар ва авлиёлар борасида ўта шиддатли ғулувга кетганлари билан машҳур бўлганлар.

Бу тоифанинг асосчиси Аҳмад Ризохон ибн Тақий Алихон деган кимса бўлиб, у 1272 — 1340 ҳижрий саналарда яшаб ўтган. У ўзини Абду Мустафо деб атаган. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бандаси деган маънони англатади ва мусулмонларда бу исмни инсонга қўйиш мумкин эмас.

Барлавийлар жумладан қуйидагилар ақийдаларга ишонишади:
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг мутлақ ноибидирлар. Оламнинг барчаси  У зотнинг тасарруфидадир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам  оламда нимани истасалар шуни қиладилар. Нимани, кимдан истасалар оладилар. У кишининг амрини рад қилувчи йўқ ва шунга ўхшаш нарсалар…
2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин борлиқни авлиёлар тасарруф қиладилар.
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни илоҳлик даражасига кўтарадилар.
4. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башарликларини инкор қиладилар. У киши ҳамма жойда, ҳамма вақтда ҳозиру нозир дейдилар.

Бунга ўхшаш бузуқ ақийдалари кўп. Уларнинг адашагани ҳақида кўплар китоблар, мақолалар ёзилган, фатволар чиқарилган. Улардан эҳтиёт бўлиш керак. Китобларини ўқимаслик керак. Сизга яна бир бор ташаккур!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.
(Манба: http://old.islom.uz/content/view/4002/137/)

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *