ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИГА!

Lotin alifbosida

2

Эй, Ватаним ҳимоячилари! Байрамингиз муборак бўлсин! Аллоҳ Сизларни Ўз ҳифзу ҳимоятида асрасин! Сизларнинг буюк хизматларингиздан Аллоҳ рози бўлсин, ҳамиша Ўзи рози бўладиган амалларни Сизларга насиб қилсин! Тан-у жонларингиз соғ-саломат, ният ва орзуларингиз ижобат, аъмолларингиз шарофат, умрларингиз барокат, оилаларингиз фароғат, душманларингиз ҳалокат бўлсин!

Эй, Ватаним ҳимоячилари! Сизнинг бу ишингизни Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюргандир. “Оли Имрон” сурасининг энг охирги оятида Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло: “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз, (Аллоҳ йўлида) тахт турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз. Зора, ютуққа эришсангиз”, деган. Жами муфассирлар фикрича, бу оятдаги Аллоҳ йўлида тахт турмоқ кўрсатмаси Ватан сарҳадларини қўриқлашга бел боғлаб турмоқ ҳисобланади. У шариат тилида “муробата” дейилади, Ватан ҳимоячисини эса “муробит” деб аталади.

Эй, Ватаним ҳимоячилари! Билингки, Сизларнинг ишингиз Аллоҳ йўлидаги ҳаққоний жиҳоддир, бу дунёда шарафдир, охиратда савобдир, қиёматда жаннатдир! Ниятингиз хайрли бўлсин! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Амаллар ниятга боғлиқдир!”, деб марҳамат қилганлар.

Эй, Ватаним ҳимоячилари! Билингки, Сизларнинг бу касб-корларингиз дунёдаги энг шарафли хизматдир. Унга тенг келадиган касб бормикин дунёда?! Имом Бухорий ва Имом Термизий бобокалонларимиз ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир кун Аллоҳ йўлида Ватан сарҳадларини қўриқлаб туриш дунёдан ва дунёдаги бор нарсалардан яхшироқдир!”, деб марҳамат қилганлар. Яна Имом Термизий бобомиз: “Бир кун Аллоҳ йўлида Ватан сарҳадларини қўриқлаб туриш бошқа минг кун уйда ўтиргандан яхшироқ!”, деган ҳадиси шарифни ривоят қилганлар.

Эй, Ватаним ҳимоячилари! Сизларга савоби қиёматгача давом этиб турадиган бу шарафли амалингиз муборак бўлсин! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир ўлган одамнинг амали тўхтайди. Ватан сарҳадларини қўриқловчининг амалигина то тирилгунча давом этиб тураверади!”, деб марҳамат қилганлар.

Эй, Ватаним ҳимоячилари! Душман билан қарама-қарши туриб жасорат кўрсатишингиз Сизга муборак бўлсин! Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким душманга йўлиқиб, унга ғолиб бўлса ҳам, мағлуб бўлса ҳам қабр азобини кўрмайди!”, деб марҳамат қилганлар.

Эй, Ватаним ҳимоячилари! Сизларнинг шарафли ишларингиз оилаларингизга ҳам муборак бўлсин! Сизларнинг шарафли ишларингизнинг шарофатидан Сизларга янгидан-янги уй-жойлар берилаётгани, Сизларни Ватан ичра мумтоз ва сарбаланд қилишаётганини кўриб-билиб турибмиз. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Ватан қўриқчилигини амалга оширса, у фитналардан омон бўлур, унга ризқу рўз жорий қилинур!”, деб марҳамат қилганлар.

Эй, Ватаним ҳимоячилари! Сизлар бу шарафли ишларингиз асносида вақти-вақти билан Аллоҳга сажда қилишни ҳам – намоз ўқишни, хайр-садақа қилиб туришни ҳам канда қилмангиз! Зотан, бу ишингиз ҳам бошқаларнинг худди ана шундай амалларидан хайрлироқдир. Унутманг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ватан сарҳадларини қўриқловчининг намози бошқанинг беш юз намозига тенг келади! Унинг бир динор садақаси бошқанинг тўққиз юз динор садақасидан афзалдир!”, деб марҳамат қилганлар.

Эй, Ватаним ҳимоячилари! Сизлар бу шарафли ишларингиз асносида ҳалол таомлардан ейишга жуда катта эътибор беринг! Зотан, “Аллоҳ йўлида Ватан қўриқчиси бўлиб турган жангчи ҳалол еб-ичар экан, у охиратда ҳисоб-китоб қилинмайди!”, деган ривоятни ўқиганман!

Эй, Ватаним ҳимоячилари! Шак-шубҳа йўқки, Сизлар тинчлик посбонларисиз! Менинг уйда ва ишда  ўтириб бемалол китоб ўқиб, китоб ёзишимда ҳам қайсидир маънода Сизнинг ҳиссангиз бор. Ҳатто Президентнинг ва Ҳукуматнинг давлат юритишида ҳам; шифокорнинг шифохонада бемалол даволашида ҳам; нонвойнинг ҳар куни эрталаб бир қоп ун қориб нон ёпишида ҳам; боласини боқчага олиб бориб, ўзи ишга кетаётган онанинг хавотирсизлигида ҳам; ёш боласининг битта ўзини дўкончага жўнатаётган аёлнинг пазандалигида ҳам; ҳар куни одамларни бу ёқдан у ёққа ташиб юрган автобус ва такси ҳайдовчисининг узлуксиз ҳаракатида  ҳам; илм-фан даргоҳларидаги таълим-тарбия жараёнларида ҳам; масжид-хонаҳоқлардаги ибодатларда ҳам Сизнинг ҳиссангиз бор!!! Ҳа, Сиз ана шундай буюк ва шарафли хизмат устидасиз!

Эй, Ватаним ҳимоячилари! Шак-шубҳа йўқки, Сизнинг бу ишингиз фарз амалдир, мўъмин-мусулмонликнинг бурчидир! Сиз шаръан фарз амални, инсоний бурчни адо қилмоқдасиз!

Эй, Ватаним ҳимоячилари! Бардам бўлинг, доим ҳушёр туринг, ҳамиша яхши ният ва тилаклар ҳамроҳингиз бўлсин! Аллоҳни ҳамма вақт зикр қилиб юринг!

 Эй, Ватаним ҳимоячилари! Байрамингиз муборак бўлсин!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *