ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ УЧУН

feead8ba-2472-4d28-99d7-9f7968e6b876

Мамлакатимизда 14 январь “Bатан ҳимоячилари куни” деб миллий байрам сифатида нишонланиши соҳа ходимларига нисбатан алоҳида эътибор нишонасидир. Дарҳақиқат кечани кеча, кундузни кундуз демасдан Ватан тинчлиги учун камарбаста бўлган мард ўғлонлар ҳар қанча юксак ҳурмат-эҳтиромга лойиқдирлар.

Муқаддас Ислом шариати ҳам Ватан ҳимоясига камарбаста бўлган мард ўғлонларни алоҳида қадрлайди. Уларнинг беқиёс хизматлари эвазига улкан ажр-савобларни ваъда қилади. Ҳанафий мазҳабимизнинг йирик олими имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳ қаламига мансуб “ас-Сияр ул-кабир” асарида шундай дейилган:

Макҳул раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинди:

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Форс еридаги қалъада чегарачилик қилиб турган Шураҳбил ибн Симат билан учрашганда унга деди:

— Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган бир ҳадисни айтиб берайми, у сени янада руҳлантиради деб умид қиламан?

— Шураҳбил: майли айтиб бера қолинг—деди.

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман. Ул зот айтар эдилар: “Бир кун чегарада пойлоқчилик қилиш бир ой кундузи рўза тутиб кечаси намоз ўқиб чиққандан яхшироқдир! Кимки чегарачилик жараёнида ҳалок бўлса, қабр азобидан омон бўлади! Унинг амали(га берилажак савоб) то қиёматга қадар кўпайиб туради!”.

Яна Макҳул раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинди:

Чегарачилардан бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига келиб деди:

— Мен тоғда бир ғорни кўрдим. Унга кириб тинимсиз ибодат билан машғул бўлсам, то ўлгунимча намоз ўқисам дейман, шунга нима дейсиз Эй Аллоҳнинг Расули?

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ йўлида бир кун пойлоқчилик қилишларинг ўз аҳли орасида олтмиш йил намоз ўқиганидан хайрлироқдир!”. (“ас-Сияр ул-Кабир”. 1-Ж. 6-Б).

Имом Муҳаммад Биргивий ҳазратларининг сўзига кўра, фуқаҳолар дин, миллат, Ватан ғамида мусулмонлар тинчлиги, хавфсизлиги йўлида масъулиятни бўйнига олганлар Аллоҳ йўлида душманга қарши жангга отланганлардан кўра афзалдир. Чунки жиҳод қачонки душманга бас келиш имкони бўлмаган ҳолатларда фарз бўлмайди. Муробитлик (Ватан ҳимоячилиги) эса ҳамиша лозим вазифадир. Ундан ташқари бу вазифага киришганлар ҳамиша жонини хатарга қўйиб ишлайдилар. Шу жиҳатдан уларнинг ажр савоби кўпдир.

Фурсатдан фойдаланиб бугунги байрам билан барча ҳарбийларимизни қолаверса, Ватан тинчлиги йўлида хизмат қилаётган барча катта-ю кичик юртдошларимизни чин дилдан муборакбод этамиз! Уларга келгуси ишларида омад, ўз вазифаларига садоқат, икки дунёда бахт-саодат тилаб қоламиз. Ўз халқи, Ватани, дини ва миллати учун оила аъзолари бағридан чиқиб чегара ҳудудларида кечани кеча, кундузни кундуз демай қўриқчилик қилаётган Ватанимиз ҳимоячиларига Аллоҳ таоло доимо мададкор бўлсин. Уларнинг беқиёс хизматларини Яратганнинг ўзи муносиб тақдирласин!

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имом хатиби

Ш. МУСАБОЕВ ва Ботиржон қори

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *