АЛЛОҲДАН ЎЗГАЛАР ҲАМ ҒАЙБНИ БИЛАДИМИ?
(Тўртинчи ва охирги мақола)
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Ғайб тўғрисидаги олдинги учта мақоламизда зикр этилганидек аҳли суннат ва жамоат таълимотининг ақидаси ушбудир: “Аллоҳ таоло ғайбни билади, ундан бошқаси ғайбни билмайди!”. Умумий соф исломий таълимот ушбудир. Зотан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ўзи буни эълон қилган:
قل لا يعلم من فى السماوات و الارض الغيب الا الله
“Осмонлару Ерда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғайбни билмас” деб айт!” (Намл, 65).
Лекин, айрим ояти карималар ва ҳадиси шарифларнинг мазмунига қараладиган бўлса, “Аллоҳ таоло ғайбни билади, ундан бошқаси ғайбни билмайди!”, деган қоиданинг истисноси ҳам борлиги маълум бўлади. Уни ана шу истисносиз қабул қилиш мумкин эмас! Буни ҳам Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ўзи билдирган:
و ما كان الله ليطلعكم على الغيب و لكنّ الله يجتبى من رسله من يشاء
“Аллоҳ сизларни ғайбдан хабардор қилиб қўймас. Лекин Аллоҳ Ўз расулларидан кимни хоҳласа, танлаб оладир” (Оли Имрон, 179).
عالم الغيب فلا يظهر على غيبه احدا الا من ارتضى من رسول
“(Аллоҳ) ғайбни билувчидир ва ҳеч кимни Ўз ғайбидан хабардор қилмас. Илло, Расуллардан Ўзи рози бўлган кимса (бундан мустасно)” (Жин, 26-27).
Бу оятларда Аллоҳ таоло ўз пайғамбарларига баъзи ҳолларда айрим бир ғайблардан билдириб туришининг хабарини берган. Демак, Аллоҳ таолонинг махсус ваҳийси ва билдириши билан пайғамбарлар ҳам айрим ғайб ишларни билар эканлар. Бу ҳақиқатни инкор қилиш оятни инкор қилиш демакдир. Пайғамбарлар ғайбни умуман ва мутлақо билмайди, дейиш, оятнинг ана шу истисно қисмига имон келтирмаслик бўлади!
Албатта, пайғамбарлар барча башарият сингари мустақил равишда, ўзларича ғайбни билмайдилар. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло айрим ғайбий ишларни пайғамбарларга махсус ваҳий орқали билдириб турган. Чунки, пайғамбарликни исботлаш, одамларни ишонтириш, нубувват ва рисолатнинг тарғиботи учун бу зарур ҳисобланади. Пайғамбарлар ғайбий ишлардан хабардор бўлганларини мўъжиза ўлароқ умматларига кўрсатиб, айтиб берганлар. Авлиёуллоҳлар пайғамбарларнинг ҳаққоний меросхўрлари бўлгани боис, улар ҳам илҳом ва фаросат орқали айрим ғайбий ишлардан хабардор бўлиб қолишлари мумкин. Зотан, Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари бундай деганлар:
إتقوا فراسة المؤمن فإنّه ينظر بنور الله
“Мўъминнинг фаросатидан қўрқинг! Чунки, у Аллоҳнинг нури ила назар солади” (Бухорий, “ат-Таърих ал-кабир”, 7/1529; Термизий, 5/3127; Табароний, 8/7497).
Набий сўзи “нубувват”дан олинган бўлиб, у “хабар бермоқ” деган маънони билдиради. Демак, набий – хабар берувчидир. У нимадан хабар беради? Албатта, ғайбий ишлардан башариятга Аллоҳ таолодан нақл қилиб хабар етказади. Шу маънода, пайғамбарларнинг ғайбдан хабардор бўлишлари бошқа жами инсонларнинг ғайбни билишларидан анча устундир. Зотан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай марҳамат кўрсатган:
و علّمك ما لم تكن تعلم و كان فضل الله عليك عظيما
“(Аллоҳ) билмаган нарсангни билдирди ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди” (Нисо, 113).
Бир куни Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдоддан то шомга қадар саҳобаларга маъруза қилганлар. Ушбу маърузаларда жуда кўп бўлиб ўтган ва энди бўладиган ғайбий ишлар хабари берилган. Бу ҳақида икки саҳиҳ ҳадислар тўпламида алоҳида ривоятлар мавжуд. Масалан, Ҳазрати Умар ал-Форуқ разийаллоҳу анҳунинг Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ томонларидан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шарифини келтириш мумкин:
قام فينا النبى صلى الله عليه و سلم مقاما فأخبرنا عن بدء الخلق حتى دخل أهل الجنّة منازلهم و اهل النار منازلهم حفظ ذلك من حفظه و نسيه من نسيه
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг орамизда бир жойда тик туриб, яратишнинг бошланиши ҳақида бизга хабар бердилар. Ҳатто жаннатийлар жаннатга, дўзахийлар дўзахга кириб кетди. Уни ёдлаган ёдлаб қолди, унутган унутиб юборди” (Бухорий, 4/3192).
Уларда: فأخبرنا بما كان و بما هو كائن فأعلمنا أحفظنا – “Бас, бизларга бўлган ва бўлувчи нарсаларнинг хабарини бериб, бизга ўргатдилар. Биз ёдлаб олдик!”, дейилган (Муслим, 4/2892).
Бошқа ривоятда бундай дейилган:
قام فينا رسول الله صلى الله عليه و سلم مقاما ما ترك شيئا يكون فى مقامه ذلك الى قيام الساعة الا حدث به
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг орамизда бир жойда турдилар. Ўша жойларида то қиёматгача бўлган нарсалардан бирортасини тарк қилмасдан гапириб бердилар” (Муслим, 4/2891; Ибн Ҳиббон, 15/6636).
Бошқа бир ривоятда Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бундай нақл келтирганлар:
عن الزهرى قال أخبرنى أنس بن مالك أنّ رسول الله صلى الله عليه و سلم خرج حين زاغت الشمس فصلى الظهر فقام على المنبر فذكر الساعة فذكر أنّ فيها أمورا عظاما ثمّ قال من أحبّ أن يسأل عن شئ فليسأل فلا تسألونى عن شئ إلا أخبرتكم ما دمت فى مقامى هذا فأكثر الناس فى البكاء و أكثر أن يقول سلونى فقام عبد الله بن حذافة السهمى فقال من أبى قال أبوك حذافة ثمّ أكثر أن يقول سلونى فبرك عمر على ركبتيه فقال رضينا بالله ربّا و بالإسلام دينا و بمحمّد نبيّا فسكت ثم قال عرضت علىّ الجنة و النار آنفا فى عرض هذا الحائط فلم أر كالخير و الشرّ
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни қуёш оғишган вақтда чиқиб келиб, пешин ўқиб бердилар. Сўнг, минбарга чиқиб қиёмат ҳақида эслай бошладилар. Ўша вақтдаги улуғ ишлар тўғрисида эсладилар. Сўнгра: “Кимки бирор нарса ҳақида сўрашни хоҳласа, сўрасин! Агар бирор нарса ҳақида сўрар экансиз, модомики мен ушбу мақомимда эканман, у ҳақида албатта хабар бераман!”, дедилар. Шунда, одамлар йиғи-сиғини кўпайтириб юборишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса “Мендан сўранглар!”, деган гапни кўп айта бошладилар. Абдуллоҳ ибн Ҳузофа ас-Саҳмий (р.а.) туриб, “Менинг отам ким?”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отанг Ҳузофа!” дедилар. Сўнг яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мендан сўранглар!”, дея кўп айтдилар. Ҳазрати Умар (р.а.) тиззасига чўкка тушиб ўтириб, “Аллоҳни раб деб, исломни дин деб, Муҳаммадни набий деб рози бўлдик!”, деганди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сукут қилиб турдилар. Сўнгра “Менга ҳозиргина ушбу девор каби жаннат ва дўзах намоён қилинди. Уларни (мана бундай қилиб) яхшилик ва ёмонлик каби (тасвирда бундан олдин) кўрмагандим” (Бухорий, 1/540).
Мазкур ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки бирор нарса ҳақида сўрашни хоҳласа, сўрасин!” дейишлари у зотга ғайбий ишлар ва гап-сўзлар хабари берилганини англатади. Бироқ, бу ўша вақтда вақтинчалик билдирилганини англатади, доимий равишда ғайбни билиб туришга бу далил бўла олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мутлақ ғайбни билувчи, ўтган ва энди бўладиган нарсаларни билганлар ҳамда ҳозир ҳам қабрда билиб турадилар, деб эътиқод қилувчилар мазкур ривоятни далил сифатида келтирадилар. Лекин, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳамма вақт ғайбни билишларини англатмайди. Чунки, у зотнинг ўзлари бу ерда: “Агар бирор нарса ҳақида сўрар экансиз, модомики мен ушбу мақомимда эканман, у ҳақида албатта хабар бераман!”, деганлари бу ғайбдан хабар беришлари ўша мақомдагина юз бериши мумкинлигини ҳам, вақтинчалик ҳолат эканини ҳам билдиради.
Бироқ, мазкур ривоятнинг бошқа вариантларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг саволлари кўпайиб кетганидан ғазабланиб, “Кимки бирор нарса ҳақида сўрашни хоҳласа, сўрасин!” деганлари қайд қилинган. Ғазаби келган кимсанинг бундай деб юбориши, табиий. Бундан Абу Мусо ал-Ашъарий разийаллоҳу анҳу хабар берганлар:
سئل رسول الله صلى الله عليه و سلم عن أشياء كرهها فلما أكثروا عليه المسألة غضب و قال سلونى
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёқтирмаган нарсалари борасида сўрала бошлади. Сўроқ-савол кўпайтириб юборишганди, ғазаблари келиб қолди ва “Мендан сўрайверинглар!”, дедилар…” (Бухорий, 9/7291).
Ўшанда саҳобаларнинг саволлар жуда кўпайганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аччиқлари шу даражада чиққандики, бир киши туриб, فقال أين مدخلى يا رسول الله قال النار – “Эй, Аллоҳнинг элчиси! Менинг кирадиган жойим қаерда?”, деди. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дўзахда!” деб юбордилар (Бухорий, 9/7294).
Бу ҳолат: فإذا كلّ رجل لافّ رأسه فى ثوبه يبكى – “Қарасам, ҳамма одамлар бошларини кийимига ўраб олиб, йиғлаётган эди”, деган рвиоятда айтилганидек, кўпчиликни бошини яшириб, ҳўнг-ҳўнг йиғлатгани ҳам табиий, албатта (Бухорий, 9/7089). Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу каби сезгир саҳобалар ана ўша кескин ҳолатда: “Разийнаа биллаҳи роббан, ва би-л-исломи дийнан, ва би-Муҳаммадин набиййан!”, деб юборгани ҳам аниқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг келажакда мусулмонлар томонидан Байтулмуқаддаснинг, Қустантиния (Истанбул) нинг фатҳ қилинишини башорат қилганлари ҳам ваҳий орқали у зотга ғайбий ишдан хабар берилганини англатади, албатта.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна қабр ҳаёти, қиёматдаги воқеа ва ҳодисалар, қиёматолди аломатлари, охирзамон нишоналари тўғрисида бирма-бир хабар берганларки, уларнинг барчаси ғайб ҳисобланади. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айрим ғайбларни билганларини англатади. Бироқ, бу ғайбларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларича айтган эмаслар, балки уларни Аллоҳ таолонинг махсус ваҳийси орқали билганлар ва умматларига билдириш вазифасини олганлар. Шунинг учун ҳам, қиёматга ишониш имоннинг асосий шартларига киритилган, қабр ҳаётига ишониш эса имон вожиботларидан ҳисобланади. Қабр ҳаётини инкор қилиш аҳли суннат ва жамоат таълимотидан узоқлашганликни билдиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистон подшоҳи Нажоший разийаллоҳу анҳу ва бошқа саҳобаларнинг вафот этганлигини узоқ-узоқларда бўлганликларига қарамасдан ўз атрофларидаги саҳобаларга хабар берганлар, ғоибона жаноза ўқиганлар. Бу хабар беришлари ҳам ғайбдан хабар бериш бўлиб, уларни ҳам ваҳий орқали билдирилганига шак-шубҳа йўқ, албатта.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу хилдаги ғайбдан хабар беришлари тўғрисидаги ривоятлар ва ҳолатлар мутавотир даражада шуҳрат қозонган. Уларнинг ўзини бир жойга тўплаш алоҳида китобни юзага келтирган бўларди… Ваҳҳобий ва салафийларга ўхшаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни умуман ва мутлақо ғайбни билмайди, ғайбни билмаган, дейиш ҳам ана шу хилдаги мутавотир ва саҳиҳ ҳадиси шарифларни ҳамда ояти карималарни инкор қилиш ва тан олмасликдир!
Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқорида ўтган каби ғайб ишлардан хабар берганларига асосланиб, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мутлақ маънода ғайбни билганлар, ғайбнинг барча қисмларини билганлар, коинотдаги барча икир-чикиргача бўлган ғайбларни билиб турганлар, ҳатто ҳозир ҳам билиб турадилар”, дейиш асло мумкин эмас. Чунки, бунга ҳеч қандай далил йўқ!
Умумий хулоса
Бизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда авлиёуллоҳларнинг ғайбни билиш-билмасликлари тўғрисидаги тўртта мақоламизда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ғайбни билувчи экани, ундан бошқа ҳеч ким ғайбни билмаслиги, истисно тариқасида пайғамбарлар ва авлиёлар айрим нарсаларни Аллоҳ таолонинг махсус мўъжизаси ёки каромати ила билишлари мумкинлиги аҳли суннат ва жамоат эътиқоди ҳамда ҳанафийлик мазҳаби манбаларига асосланган ҳолда ўз исботини топди. Ҳанафийликнинг энг машҳур фатво тўплами “Фатовойи Қозийхон”да қуйидаги фатво мавжуд:
رجل تزوج إمرأة بغير شهود فقال الرجل و المرأة خدايرا و پيغامبر مرا گواه كديم قالوا يكون كافرا لأنه إعتقد أنّ رسول الله صلى الله عليه و سلم يعلم الغيب و هو ما كان يعلم الغيب حين كان فى الإحياء فكيف بعد الموت
“Киши бирор хотинга гувоҳларсиз уйланса-ю, эр-хотин “Биз Худо ва Пайғамбарни гувоҳ қилдик!”, деса, уламолар уларни кофир бўлади, дейдилар. Чунки, улар (бу гаплари билан) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ғайбни билади, деб эътиқод қилган бўладилар. Ҳолбуки, у зот тириклик чоғларида ғайбни билган эмаслар, ўлганларидан кейин қандай биладилар?!” (Фахриддин Қозийхон. Фатовойи Қозийхон. 4-жилд. – Лакнау: Наволкишвар, 1907. – Б. 468).
Демак, “Фатовойи Қозийхон”да айтилишича, ҳар бир мўъмин-мусулмон одамнинг эътиқоди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тириклик чоғларида ғайбни билган эмаслар, ўлганларидан кейин қандай биладилар?!”, деган маънода бўлмоғи керак. Мана шу аҳли суннат ва жамоатнинг энг соф ақидаси бўлиб, “Аллоҳдан ўзга ҳеч ким ғайбни билмайди!” деган эътиқоддир. Мазкур мазмундаги ояти карималар ва ҳадиси шарифлар жуда кўп. Уларни биз тўрт мақоламиз давомида бирма-бир кўриб чиқдик.
Истисно тариқасида эса Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг махсус ваҳийси орқали барча расуллар, шу жумладан, бизнинг пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам айрим ғайбий ишларни билганларига шак-шубҳа йўқ. Зотан, бу Қуръони каримда ҳам таъкидланган. Пайғамбарларнинг айрим ғайбий ишлардан умматларни огоҳлантиришлари уларнинг пайғамбарликларини исботлаш, одамларни ишонтириш, нубувват ва рисолатнинг тарғиботи учун лозим бўлган. Пайғамбарлар ғайбий ишлардан хабардор бўлганларини мўъжиза ўлароқ умматларига кўрсатиб, айтиб берганлар.
Хуллас, бугунги кунда дунёнинг турли томонларида фаолият юритиб келаётган айрим тоифаларнинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда авлиёлар ғайбни мутлақо биладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдин бўлиб ўтган ва энди бўладиган барча ғайбларни билганлар. Ҳозир ҳам у зот ҳозиру нозир бўлиб, барча ғайбни билиб турадилар”, деган эътиқод аҳли суннат ва жамоатнинг соф ақидаси эмас!!! Худди шунингдек, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умуман ва мутлақо ғайбни билмайди ва билган эмас. Авлиёлар ҳам ғайбни мутлақо билмайди!”, дейиш ҳам тўғри эътиқод эмас!!! Бу хилда эътиқод қилишдан сақланмоқ керак!
Аллоҳдан ўзгаси ғайбни билмайди! Айрим истиснолар эса умумий қоидага кирмайди! Аллоҳнинг ўзи хоҳласа, ўзи хоҳлаган бандасига ғайбидан билдириши мумкин!
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизни аҳли суннат ва жамоат таълимотидан оғиштирмасин! Ҳанафия мазҳаби, мотуридия ақидаси, нақшбандия тариқатидан айирмасин! Аллоҳ ҳеч бир бандани адаштирмасин! Юртимизнинг мусулмон аҳолисини Аллоҳнинг ўзи рози бўладиган халқлардан қилсин! Ихтилоф ва фитналардан халқимизни узоқ тутсин!
Ҳамидуллоҳ Беруний.