ҚИЁМАТ КУНГИ ҚАСОС

259Дунё ҳаёти тугаб охират ҳаёти бошланар экан, жамики инсонлар бир-бирларидан дунёда қолиб кетган ҳақ-ҳуқуқлари юзасидан бир-бирлари билан ҳисоблашишади. Аллоҳ таоло мазлум бандалари учун қасос олиш имкинини яратиб беради. Дунёда бировдан жабр кўрган мазлумлар золимлардан қасос олади. Хусуматчиларнинг ўзаро ҳисоб-китоби тамом бўлгач, жаннатийлар жаннатга, дўзаҳийлар дўзаҳга равона бўлишади.

Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра, қиёмат кунги қасос савоблар воситасида амалга оширилади. Мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ “Ал-фиқҳ ал-акбар”да шундай дейдилар:

و القصاص فيما بين الخصوم بالحسنات يوم القيامة حق

Қиёмат куни хусуматчилар орасида ҳасаналар воситасида қасос олиш ҳақдир!

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўзаро қасос фақат мусулмонлар орасида бўлади. Кофирлар бир-биридан қасос олиб ўтиришмайди. Чунки уларда мазлумнинг золимга тўлаши учун ҳасананинг ўзи бўлмайди-да.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан сўрадилар:

أَتَدْرُونَ مَا الْمُفْلِسُ قَالُوا : الْمُفْلِسُ فِينَا مَنْ لا دِرْهَمَ لَهُ وَلا مَتَاعَ ، فَقَالَ : إِنَّ الْمُفْلِسَ مِنْ أُمَّتِي يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِصَلاةٍ وَصِيَامٍ وَزَكَاةٍ وَيَأْتِي قَدْ شَتَمَ هَذَا وَقَذَفَ هَذَا وَأَكَلَ مَالَ هَذَا وَسَفَكَ دَمَ هَذَا وَضَرَبَ هَذَا فَيُعْطَى هَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ وَهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ فَإِنْ فَنِيَتْ حَسَنَاتُهُ قَبْلَ أَنْ يُقْضَى مَا عَلَيْهِ أُخِذَ مِنْ خَطَايَاهُمْ فَطُرِحَتْ عَلَيْهِ ثُمَّ طُرِحَ فِي النَّار

— Қашшоқ ким, биласизларми? Саҳобалар:

— Пули ҳам моли ҳам йўқ одам қашшоқ бўлади—деб жавоб бердилар. Шунда Расулуллоҳ:

— Умматим орасидаги қашшоқлар шуки, қиёмат куни ҳисоб майдонига намоз, рўза, закотлари билан келади. Лекин кимнидир сўкинган, кимнидир ҳақоратлаган, яна кимнингдир молини еган, кимнидир қонини тўккан, кимнидир урган бўлади. Унинг ҳасанотларидан унга-бунга олиб берилади. Агар ораларида ҳукм тугагунча унинг ҳасанотлари тамом бўлиб қолса, мазлумнинг гуноҳларидан бунга олиб берилади ва кейин ўзини дўзаҳга улоқтирилади! — деб ўзлари баён қилиб бердилар. (Имом Муслим).

Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

من كانت عنده مظلمة لأخيه فليتحلله منها، فإنه ليس ثم دينار ولا درهم، من قبل أن يؤخذ لأخيه من حسناته، فإن لم يكن له حسنات، أخذ من سيئات أخيه فطرحت عليه

Кимки биродарига зулм қилган бўлса, ўша зулми учун ундан ҳалоллик сўраб олсин. Чунки у ёқда динор ва дирҳамлар йўқ. Унинг ҳасанотлари олиб қўйилмасдан олдин ҳалолланиб олсин. Агар ҳасанотлари бўлмаса, мазлум биродарининг гуноҳларидан олинади ва унинг устига ташланади. (Имом Бухорий).

Юқоридаги масалага шу саҳиҳ ҳадислар асос бўлади. (Назола Ола Рош. Ал-бадр ал – анвар шарҳу фиқҳ ал-акбар. 359-360 – Б).

Cирожиддин МУХИДДИНОВ

Сурхондарё вилояти олтинсой тумани  «Саййд Мухиддинхон»

жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *